Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Ўзбекистонда маҳаллий хомашёдан дори-дармонлар ишлаб чиқариш кенгаяди Бош сахифа

12 января 2017

Ўзбекистонда маҳаллий хомашёдан дори-дармонлар ишлаб чиқариш кенгаяди

Мамлакатимиздаги 132 фармацевтика корхонаси томонидан бугунги кунда 2 минг турдан ортиқ дори воситалари ишлаб чиқарилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 31 октябрдаги «Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар кўламини кенгайтиришда муҳим омил бўлаётир.

Мазкур ҳужжатда маҳаллий хомашё, жумладан, доривор ўтлар асосида дори-дармон воситалари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳисобидан фармацевтика маҳсулотларини маҳаллийлаштиришни кенгайтириш, аҳолига сифатли ва арзон дори-дармон воситаларини етказиб беришга доир муҳим йўналишлар белгиланган. Қарорда кўзда тутилган устувор вазифалар ижросини таъминлашда Тошкент фармацевтика институти томонидан ҳам муайян ишлар амалга оширилаётир.

– Мамлакатимизда фармацевтика соҳасида олиб борилган илмий изланишлар, соҳа мутахассисларининг тўплаган бой тажрибаси самарасида юртимизда ишлаб чиқарилган дори-дармонлар соғлиқни сақлаш тизими амалиётига кенг жорий этилмоқда, – дейди Тошкент фармацевтика институти сектор мудири Нодира Фармонова. – Институтимизда дорилар технологияси ва фармация ишини ташкил қилиш, фармацевтик кимё ва фармакогнозия, фармакология ва клиник фармакология ихтисосликлари бўйича олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрланмоқда. Cоҳада фан ва ишлаб чиқариш уйғунлигини изчил давом эттириш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш, уларнинг тажрибасини оширишда назария ва амалиёт ҳамоҳанглигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Талабаларнинг амалиёт ўташи учун корхоналар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Олий таълим муассасасининг профессор-ўқитувчилари корхоналар билан ўзаро тузилган шартномалар асосида дори воситаларини cтандартлаш устида иш олиб боради. Бундан ташқари, институт қатор илмий-тадқиқот марказлари, етакчи олий таълим муассасалари ва маҳаллий фармацевтика ишлаб чиқарувчилари билан илмий-техникавий ҳамкорлик қилмоқда.

Ўтган йили институт олимлари юртимизда етиштирилаётган тиканли артишок хомашёси асосида гепатопротектор ва ўт ҳайдовчи таъсирга эга бўлган фитовосита – аллтромбосепин янги дори препаратини яратиш технологиясини ишлаб чиқди. Бундан ташқари, институтда маҳаллий хомашёлардан яллиғланишга, аллергияга, диабетга қарши ва регенератив хусусиятга эга аппликацион фитодерматологик дори турлари, антитромбоген юмшоқ дори шакллари, гериатрия амалиётида қўлланиладиган гиполипидемик восита – пирацин дори шаклини ишлаб чиқиш ва стандартлаш каби лойиҳалар амалга оширилди.

IX Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар Республика ярмаркасида институт ходимлари тозаланган олтингугурт капсулалари, қаттиқ сочилувчан наноўлчамли йоднинг β-циклодекстринли комплексини олиш технологиясини, «Кобальт-30» таблетка препаратининг янги дори шакли, "Стифлос” пешоб хайдовчи йиғмани, яллиғланиш ва гижжа инвазиясига қарши «Мэкритин» дори воситасини ишлаб чиқиш ва тиббиёт амалиётида жорий этиш каби қатор илмий ишланмалар билан иштирок этди. Ярмаркада фармацевтика соҳасида фаолият юритаётган корхона ва ташкилотлар билан 535 миллион 500 минг сўмлик шартномалар тузилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 23 апрелдаги “Доривор ўсимликлар асосидаги дори воситаларини ва биологик фаол қўшимчаларни (БФҚ) маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқаришни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги баёнида кўзда тутилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ўтган йили институт олимлари томонидан яратилган ва тиббиётда қўллаш учун рухсат олинган 65 препаратнинг меъёрий-техник ҳужжатлари ишлаб чиқариш учун “Ўзфармсаноат” акциядорлик концернига берилди.

Мазкур олий таълим муассасаси илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш ва илмий изланишлар олиб бориш бўйича Буюк Британия, Польша, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Украина каби давлатларнинг бир қатор олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Маҳаллий хомашёлар асосида тайёрланадиган, юқори самарадорликка эга, импорт ўрнини босувчи дори воситалари технологияларини яратиш борасида ёш олимлар ҳам кўплаб ютуқларга эришмоқда. Аваз Шарипов ана шундай изланувчан ёш олимлардан. Унинг таъкидлашича, юрак-қон томир тизими хасталикларида антикоагулянт ва антиагрегант дори воситалари жуда зарур. Ушбу хасталикларни даволашда қўлланиладиган кўплаб дори воситалари хориждан келтирилади. Ёш олимнинг илмий ишида ана шундай препаратларнинг ўрнини босувчи, ошпиёздан янги, юқори самарали аллтромбосепин дори воситаси ишлаб чиқишнинг илмий ва техникавий жиҳатлари очиб берилган. Ҳозирги вақтда ёш олим маҳаллий хомашёларни қўллаб, антитромбоген юмшоқ дори шаклларининг технологиясини ишлаб чиқиш устида изланмоқда.

Мамлакатимизда фармацевтика соҳасида олиб борилаётган бу каби саъй-ҳаракатлар халқимизни сифатли ва арзон дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашга хизмат қилмоқда.

Манба: uza.uz