Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Тиббий кўрик – саломатлик омили Бош сахифа

18 марта 2015

Тиббий кўрик – саломатлик омили

Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси, шаҳар онкология диспансери ҳамкорлигида аҳоли ўртасида ўсма касалликларининг олдини олиш, профилактика ишларини такомиллаштириш мақсадида тиббий кўрик ва тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда.

Онкологик касалликларнинг олдини олиш, диагностика ва даволашнинг илғор усулларини жорий этиш жаҳон тиббиётининг долзарб муаммоларидан биридир. Мутахассислар таъкидлашича, чекиш, ичиш каби салбий омиллар, ўз вақтида тиббий-профилактика кўригидан ўтмаслик бундай касалликларга сабаб бўлаётир.

Мамлакатимизда тиббий-ижтимоий йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида замонавий тиббий ёрдамни аҳолига яқинлаштириш, тиббиётнинг барча йўналишлари, жумладан, онкология соҳасида кўрсатилаётган хизматни такомиллаштиришга қаратилаётган доимий эътибор инсон манфаатларини муҳофазалашда муҳим омил бўлаётир.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 29 мартдаги «Тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш ва фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори доирасида бу йўналишдаги ишлар кўлами янада кенгайди.

Давлат бюджети маблағлари ва инвестиция дастурлари доирасида юртимиздаги онкологик ёрдам кўрсатишга ихтисослашган тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, янги, замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир.

Ўсма касалликларининг олдини олишда ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтиш муҳим аҳамиятга эга.

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги 27-оилавий поликлиникада ташкил этилган ана шундай тадбирда туман марказий поликлиникаси ва оилавий поликлиника тор мутахассислари билан бир қаторда Тошкент шаҳар онкология диспансерининг малакали онколог, маммолог ва жарроҳлари иштирок этди. Улар иштирокида олтмиш нафарга яқин аҳоли, диспансер назоратидагилар чуқур тиббий текширувдан ўтказилди.

– Оилавий поликлиникамиз йигирма тўққиз мингга яқин аҳолига тиббий хизмат кўрсатади, – дейди 27-оилавий поликлиника бош шифокори ўринбосари Диёра Нортоева. – Турли касалликларнинг олдини олиш ва оилаларда тиббий маданиятни ошириш фаолиятимизнинг устувор йўналишини ташкил этади. Бу вазифаларни бажаришда анъанавий тарзда ташкил этилаётган тиббий-профилактика кўриклари ва скрининг текширувларининг аҳамияти катта. Бундай тадбирлар касалликларни барвақт аниқлаш ва вақтида даволаш, аҳолининг ўз саломатлиги учун масъулиятини оширишга хизмат қилади.

Манба: www.uza.uz