Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Замонавий аёл – ҳар соҳада фаол Бош сахифа

04 марта 2015

Замонавий аёл – ҳар соҳада фаол

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини, жисмоний, маънавий-интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, бандлигини таъминлаш, саломатлигини мустаҳкамлаш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш мақсадида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ўзининг юксак самараларини бермоқда.

– Яқинда кредитга кир ювиш машинаси харид қилдик, – дейди Миробод тумани Бирлик маҳалласида яшовчи Райҳона Алиева. – Ўтган йили духовкали электр печни, сал олдинроқ телевизоримизни янгилагандик. Эътиборлиси, энди уй юмушларидан ортиб, маҳалламиз аёлларига ҳунар ўргатмоқдаман. Ҳозир ўнга яқин шогирдим бор. Биз тиккан зардўз либослар харидоргир.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда хотин-қизларнинг ўз имкониятларини тўлиқ намоён этиши учун яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланаётган опа-сингилларимиз барча соҳада фаол меҳнат қилиб, истеъдод, билим ва тажрибасини намоён қилмоқда. Билимли, изланувчан қизлар турли кўрик-танловлар, спорт мусобақаларида совринли ўринларни қўлга киритмоқда.

Хотин-қизларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка жалб этиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар самарасида тадбиркор аёлларимиз сафи ҳам тобора кенгайиб бормоқда. 2014 йилда мамлакатимизда хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун қарийб 1 триллион сўм миқдорида кредитлар ажратилди. Ишлаб чиқаришни ташкил этиш мақсадида сарфланган ушбу маблағлар бизнес лойиҳаларини амалга ошириш ва 250 мингдан зиёд янги иш ўрни яратишга хизмат қилди. “2014 йилнинг энг яхши тадбиркор аёли” танловида энг яхши лойиҳа эгаларига 3,5 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди.

Юнусобод туманидаги “Jasmin Fito Pharma” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Райҳона Нормаматова хотин-қизлар учун яратилган кенг имкониятлардан руҳланиб, янги иш ўринлари очиш, уйда ўтирган аёлларни иш билан таъминлаш борасида изланмоқда.

Ушбу корхонада юртимизда ўсадиган доривор гиёҳлар, табиий маҳсулотлардан шифобахш мойлар, туз ва турли косметика воситалари ишлаб чиқарилмоқда.

Мамлакатимиз таълим тизимида жорий қилинган уч босқичли узлуксиз спорт тизими – “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада спорт мусобақалари барча ўқувчи-талабаларни ўзлари қизиққан спорт турлари билан мунтазам шуғулланиши, ҳар томонлама соғлом ва баркамол бўлиб улғайиши учун хизмат қилмоқда.

Ана шу уч босқичли спорт тизимида камол топган ёшлардан бири Нафиса Мўминовадир. У ўзбек қизлари ўртасида биринчи бўлиб халқаро гроссмейстер унвонига сазовор бўлди.

Нафиса 2008 йили 18 ёшгача қизлар ўртасидаги Осиё чемпионатининг кумуш медалини қўлга киритди. 2010 йили Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида ўтган ёзги Осиё ўйинларининг жамоавий баҳсларида терма жамоамиз сафида кумуш медаль соҳиби бўлди. Президентимизнинг 2013 йил 3 декабрда қабул қилинган фармонига биноан мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва нуфузини оширишга қўшган салмоқли ҳиссаси, профессионал маҳорати ва ёрқин истеъдоди билан спорт соҳасида юқори натижаларга эришгани учун “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони билан тақдирланди.

– Эришган ютуқларим мамлакатимизда ёшлар учун яратилган кенг имкониятлар самараси, – дейди Нафиса. – Ўз салоҳиятимизни намойиш этишимиз учун қаратилаётган улкан эътибор ва ғамхўрлик бизга янада куч-ғайрат бағишлайди. Айни пайтда ўз орзу-мақсадларимизни тўла рўёбга чиқариш, юртимизда барча жабҳаларда бўлаётган улкан ўзгаришларда фаол иштирок этишда зиммамизга алоҳида масъулият юклайди.