Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Касалликдан сақланинг Бош сахифа

26 августа 2010

Касалликдан сақланинг

Куйдирги – одамлар ва ҳайвонлар учун ўта хавфли ҳисобланган юқумли касалликлар гуруҳига киради. Касалликни қўзғатувчи бациллалар икки хил: вегетатив ва спора шаклида учрайди. Вегетатив шаклдаги бациллалар ташқи муҳит, юқори ҳарорат ва дезинфекцияловчи моддалар таъсирига чидамсизлиги боис тезда нобуд бўлади, спора шаклидаги бациллалар эса аксинча, ўта чидамли бўлиб, сувда ўн йил, тупроқда эса бир неча ўн йиллаб сақланиши ва унда кўпайиши, тўпланиши ҳам мумкин. Спора шаклидаги бациллалар 60 дақиқа давомида қайнатилгандагина нобуд бўлади.

Куйдирги касаллигининг манбаи асосан уй ҳайвонлари – қорамол, от, қўй, туя, эчки ва шу каби қон сўрувчи ҳашаротлар ҳисобланади. Куйдирги таёқчаси касал ҳайвонларнинг барча органларига тар¬қалиб, уларнинг пешоби ва нажаси билан ажралиб, тупроқ, ем-хашак, яйлов, сув ҳавзаси ва бошқа ерларни ифлослантиради. Касаллик соғлом одамга ветеринария хизмати ходимлари кўригидан ўтмаган ҳайвонларни сўйиб, терисини шилганда, гўштини нимталаб, яхши термик ишлов бермасдан истеъмол қилганда юқиши мумкин.
Ушбу хасталик асосан катта ёшдаги аҳоли орасида кузатилади. Бемор тузалгандан сўнг унинг қонида касаллик чақирувчи бациллаларга қарши иммунитет ҳосил бўлади. Шунинг учун ҳам куйдирги билан иккинчи марта касалланиш ҳолати жуда кам учрайди.
Касаллик касбга алоқадор бўлганлиги боис, асосан ёз-куз ойларида учрайди. Чунки, бу даврда ҳайвонлар ўртасида куйдирги касаллиги кўпайиши билан бирга, қон сўрувчи майда ҳашаротларнинг ҳам фаоллиги ортади. Соғлом одамга касаллик қўзғатувчи бациллалар терининг очиқ қисми, нафас олиш ва овқат ҳазм қилиш аъзоларининг шиллиқ қавати орқали ўтади.
Касаллик бир неча соатдан 14 кунгача яширин давом этиб, бунда беморлар шикоят қилмайдилар. Куйдиргининг қайси йўл билан юқишига қараб, тери, ўпка, ичак ва септик (қонда) турлари тавсифланади.
Куйдиргининг тери шаклида қизғиш доғ пайдо бўлиб, кейин бу доғ шишиб, ўша жойда суюқлик тўпланади, сўнгра ёрилиб, яра пайдо бўлади. Яра оғриқсиз ҳолда усти қора парда билан қопланиб, қаттиқ қичишиши туфайли бемор уни кўпинча ёриб ташлайди. Натижада у қуриб кўмир рангини эслатувчи тўқ қизил рангли вал билан ўралган инфильтратга айланади. Унинг атрофида иккиламчи пустуллалар пайдо бўлади. Яра шишади, унинг марказида оғриқ бўлмайди. Бу даврда лимфа бези ҳам катталашади.
Касалликнинг бошланиш даврида бош оғриши, бутун тана зирқираши, нафас олиш тезлашиши, касалликнинг 2-3 кунлари эса тана ҳарорати 39-40 даражагача кўтарилиши ва заҳарланиш белгиларининг куча¬йиши кузатилади. Бошнинг оғриши кучаяди, бемор ҳолсизланади, қон босими пасаяди. Жигар ва буйрак катталашади. 5-8 кундан сўнг беморнинг аҳволи яхшилана бошлайди.
Куйдиргининг тери шаклида бациллалар қонга ўтиб кетиши билан хатарли ҳисобланади. Унда беморнинг аҳволи оғирлашади. Йўталганда қон аралаш балғам ажралади, қайт қилади, ич кетади ва нажасида қон пайдо бўлади.
Куйдиргининг ўпка шакли анча оғир кечади, бунда касалликнинг яширин даври қисқа бўлиб, ҳарорат тезда кўтарилади, йўтал, нафас қисиши, мушаклар тиришиши, қон аралаш балғам чиқиши кузатилади. Хас¬талик 2-3 кун давом этиши мумкин.
Касалликнинг ичак шаклида қорин қаттиқ оғриб, ичакдан қон кетиши, тана ҳароратининг жуда юқори бўлиши каби аломатлар кузатилади. Септик шаклида эса, юқорида айтиб ўтилган клиник белгилар намоён бўлиб, кейинчалик касаллик қўзғатувчи таёқчалар қонга ўтади ва қон орқали бутун организмга тарқалади. Касалликнинг фақат тери шаклида тиббий муолажалар ёрдам бериши мумкин.
Куйдирги касаллигининг олдини олишда касаллик манбаи бўлган куйдирги билан касалланган қишлоқ ҳўжалик ва уй ҳайвонларини ўз вақтида аниқлаш ва бошқалардан ажратиш ҳамда уларни чивин ва пашшалар чақишидан муҳофаза қилиш муҳим аҳамиятга эга. Куйдирги касаллигининг ўчоқларини аниқлаш ва уларни тезкорлик билан тугатиш ветеринария хизмати томонидан амалга оширилади. Хасталикка чалиниш эҳтимоли бўлган ҳайвонларни аниқлаб, уларни куйдиргига қарши эмлаш зарур.
Бундан ташқари, аҳолининг декретив гуруҳи (қассоблар, чорвадорлар, ҳайвон маҳсулотларини қайта ишловчилар, чўпонлар ва бошқалар)га оид қисмини куйдиргига қарши эмлатиш муҳим.
Куйдирги билан оғриган беморлар юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилади ва бунинг учун алоҳида хона ва идиш-товоқлар ажратилади, дезинфекция тадбирлари кучайтирилади.
Касаллик ўчоғида бемор ҳайвонни сўйиш учун ишлатилган барча буюмлар (пичоқ, болта, тахтакач ва бошқалар) куйдирилиши лозим. Бемор ҳайвоннинг гўшти ва унинг барча маҳсулотлари хавфсизлик чоралари ва дезинфекция қоидаларига амал қилинган ҳолда кўмилади ва бу жой бетонланиб, панжара билан ўраб қўйилади.
Аҳоли орасида куйдирги касаллигининг олдини олиш бўйича санитария-тарғибот ишларини кенг кўламда олиб бориш мақсадга мувофиқдир.
Б. МАТКАРИМОВ,
тиббиёт фанлари доктори, профессор,
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария-эпидемиология назорати Бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари.