Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Узбекистон педиатрларининг VII съезди Бош сахифа

13 ноября 2014

Узбекистон педиатрларининг VII съезди

Логотип

Давлат дастури — амалда

Соғлом авлодни тарбиялаш — энг улуғ мақсад

Ота-она бўлиш бахти насиб этган ҳар қайси инсон борки, кўзининг оқу-қораси ҳисобланган фарзандининг соғлом ва баркамол, маънан етук, билимли, ақл-заковатли бўлиб вояга етишини истайди. Унинг ҳаётда муносиб ўрин эгаллашини, фаровон келажагини кўришни ўзининг энг улуғ орзуси, деб билади. Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб юртимизда соғлом она — соғлом бола масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлангани, кенг кўламли умуммиллий дастурлар доирасида амалга оширилаётган улкан ишлар ана шундай беғубор ниятлар рўёбига қаратилганлиги билан алоҳида аҳамиятга эга.

Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, олдимизда турган энг эзгу мақсадларимиз — мамлакатимизнинг буюк келажаги ҳам, эртанги кунимиз, эркин ва фаровон ҳаётимиз ҳам, Ўзбекистоннинг XXI асрда жаҳон ҳамжамиятидан қандай ўрин эгаллаши ҳам — буларнинг барча-барчаси, авваламбор, янги авлод, униб-ўсиб келаётган фарзандларимиз қандай инсонлар бўлиб вояга етишига боғлиқдир.

Айтиш жоизки, юртимизда болалар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашнинг мустаҳкам асоси яратилган. Жумладан, бу соҳага оид бир қанча халқаро конвенция ратификация қилинган, ўндан ортиқ қонун қабул қилинган. Мамлакатимизда БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияси талаблари, Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунида назарда тутилган мақсад ва вазифалар ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Бу соҳадаги халқаро стандартларни миллий қонунчиликка жорий қилиш ва қонунчиликни такомиллаштириш борасидаги ишлар давом эттирилаяпти.

Ўтган йиллар мобайнида соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган чора-тадбирлар натижасида юртимизда сифат жиҳатдан янги, энг юксак талабларга жавоб берадиган даволаш муассасаларининг мукаммал тизими вужудга келди. “Соғлом она — соғлом бола” дастури асосида ҳудудларда замонавий тиббиёт муассасалари тармоғи, шу жумладан, республика ихтисослаштирилган педиатрия, акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт марказлари, перинатал ва скрининг марказлари, туғуруқхона мажмуалари, ҳудудий кўп тармоқли болалар тиббиёт

марказлари ташкил этилди. Бугунги кунда улар самарали фаолият кўрсатмоқда.

Мамлакатимизда Оила йили, Соғлом авлод йили, Она ва бола йили, Ёшлар йили, Баркамол авлод йили, Мустаҳкам оила йили номлари билан аталган йилларда кенг қамровли тадбирлар амалга оширилди. Ижтимоий йўналтирилган давлат сиёсатининг мантиқий давоми ҳисобланган жорий Соғлом бола йилида бу борадаги ишларни янги босқичга кўтариш мақсадида жуда катта куч ва маблағ сарф этилаяпти. Биргина тиббиёт соҳасининг ўзида ҳаётга татбиқ қилинаётган лойиҳалар кўлами буни яққол тасдиқлайди.

Кеча пойтахтимизда ўз ишини бошлаган “Ўзбекистонда болалар соғлиғини муҳофаза қилишнинг устувор йўналишлари ва модернизацияси” мавзусидаги республикамиз педиатрларининг VII съездида ҳам ана шулар хусусида сўз борди. Анжуман очилишида парламент аъзолари, вазирлик ва идоралар, жамоат бирлашмалари раҳбарлари, юртимиз тиббиёт муассасалари мутахассислари билан бирга, АҚШ, Германия, Россия, Жанубий Корея, Австрия, Словакия, Чехия, Польша, Ҳиндистон каби давлатларнинг соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари, бир қатор нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашди.

Тадбирда Ўзбекистон Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришиш борасида глобал жараённинг фаол иштирокчиси сифатида 2000 йилда БМТнинг Мингйиллик саммитида мамлакатлар олдига қўйилган вазифаларни изчил амалга ошираётгани, уларни бажаришда кўплаб кўрсаткичлар бўйича етакчи эканлиги яна бир бор таъкидланди. Қабул қилинган декларация саккизта эзгу мақсадни ўз ичига олади. Диққатга сазовор жиҳати шундаки, мамлакатимиз 2015 йилгача мўлжалланган ана шу декларация мажбуриятларининг аксарият қисмини аллақачон адо этди.

Юртимизда тиббиёт соҳасига қаратилаётган улкан эътибор ҳақида кенгроқ тасаввур қилиш учун айрим рақамларни келтириб ўтиш мақсадга мувофиқ бўларди. Авваламбор, бу — соҳани ривожлантиришга йўналтирилаётган маблағ ва инвестициялар мисолида кўзга яққол ташланади. Агар 2012 йилда ушбу мақсад учун республикамиз давлат бюджети ҳисобидан 2,8 триллион сўм маблағ ажратилган бўлса, 2013 йили бу кўрсаткич 3,4 триллион сўмга етди. 2014 йилда эса соғлиқни сақлаш тизимини янада яхшилаш мақсадида давлат бюджетидан 4,4 триллион сўм ажратилди.

Жорий йилда Инвестиция дастурига асосан, қарийб 407 миллиард сўмдан зиёд давлат бюджети маблағи ҳисобидан 137 та замонавий тиббиёт муассасасини фойдаланишга топшириш кўзда тутилган. Жумладан, Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд ва

Тошкент вилоятларида болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари, шунингдек, Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасида 60 ўринли болалар хирургия бўлими, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида даволаш корпуси каби ўнлаб шифохоналар тубдан реконструкция қилингани тизимда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг миқёси ва кўлами нақадар улкан эканидан далолат беради.

Соғлом бола йилида соғлиқни сақлаш соҳасида яна бир эзгу саъй-ҳаракатга қўл урилди. Яъни Тошкент шаҳрида замонавий кўп тармоқли болалар марказини (IV даражали) қуриш ва уни юқори технологик тиббий ускуналар билан жиҳозлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Корея Республикаси Иқтисодий ҳамкорлик жамғармаси ўртасида кредит шартномаси имзоланди. Ушбу марказни ишга тушириш 2017 йилга мўлжалланган бўлиб, бунинг учун жами 102,8 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланиши кўзда тутилган.

Шунингдек, тиббиёт муассасаларини замонавий диагностика ва даволаш ускуналари билан жиҳозлаш учун жорий йилда хорижий молия институтларининг 28,5 млн. АҚШ доллари қийматидаги кредит ва грант маблағлари ажратилди.

Гап соғлом болани дунёга келтиришнинг асосий омиллари хусусида борар экан, албатта, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ташкил этилган ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш ўринлидир. Уларнинг касалхоналардан фарқи шундаки, бундай марказларда ирсий хасталиклар билан туғилиш, ногиронлик ҳамда юқумли касалликларнинг олдини олиш, оналар ва болаларга юксак сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд. Хусусан, Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология марказида мамлакатимиз миқёсида биринчилардан бўлиб, бепуштликни даволашнинг ноёб усуллари қўлланила бошланди.

Перинатал марказларида эса ҳомиладор аёллар ва янги туғилган чақалоқлар саломатлигини асрашга катта эътибор қаратилиб, ҳомиладорлик даврида муайян бир хасталик билан оғриган, муддатидан аввал туғуруқ хавфи мавжуд бўлган оналар ҳамда эрта туғилган чақалоқлар парваришланмоқда. Айни чоғда бир килограммдан кам вазнда туғилган жажжи гўдаклар буткул соғломлаштирилаётгани бахтиёр оилалар сафини кенгайтирмоқда. Ваҳоланки, бундан 20-25 йил олдин тиббиётимиздаги шароитлар талаб даражасида бўлмагани туфайли ҳатто 1,5 килограмм атрофида туғилган болаларнинг ҳам яшаб кетишига ишончсизлик билан қараларди.

Жорий йилда ана шундай марказларда ҳомиладор аёлларда скрининг текширувлари ўтказилиши туфайли 4,6 мингга яқин ногирон болалар туғилишининг олдини олишга эришилди. Шу билан бирга, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларида ҳомиладорликнинг илк перинатал даврида ультратовуш текшируви жорий этилиши натижасида ҳомилада туғма нуқсони аниқланган 15,2 минг аёлда ҳомиладорлиги тўхтатилди. Қолаверса, бугун турли анамолияли туғма хасталиклар жарроҳлик йўли билан муваффақиятли даволанмоқда.

Мазкур йўналишлар ижросига қаратилган ишларнинг узвий ва тизимли равишда олиб борилаётгани, албатта, соҳа ривожида, пировардида миллат саломатлигини асрашда долзарб аҳамият касб этаётир. Чунончи, мамлакатимизда 2010 йилда қабул қилинган яна бир муҳим ҳужжат — “Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисида”ги Қонун аҳолининг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш, ҳомиладор аёлларни таркибида соғлиғи учун зарур бўлган микронутриентлар билан таъминлаш чора-тадбирларини изчил амалга оширишда дастуриламал бўлмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 22 июлдаги “Республиканинг қишлоқ туманларида оналар ва болаларнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори оналик ва болаликни муҳофаза қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлди.

Қарор ижроси доирасида қишлоқ жойларда яшовчи ҳомиладор аёлларни махсус поливитаминлар, хусусан, таркибида инсон ҳаёти учун зарур бўлган микроэлементлар комплекси билан таъминлаш йўлга қўйилди. Ушбу мақсадда ҳар йили Давлат бюджетидан миллиардлаб сўм маблағ йўналтирилмоқда.

— Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози давом этаётган ҳозирги шароитда дунёнинг жуда кўп давлатлари ижтимоий соҳага ажратилаётган маблағларни қисқартиришга мажбур бўлаяпти, — дейди анжуман иштирокчиси, германиялик мутахассис Мейнрад Биир. — Ўзбекистонда эса мана шундай мураккаб бир даврда ҳам аҳоли саломатлиги ва турмуш фаровонлигини оширишга катта эътибор қаратилаётгани эътирофга лойиқ. Масалан, мен тиббиёт соҳаси мутахассиси бўла туриб, жаҳоннинг бирорта ерида ҳомиладор аёлларга давлат томонидан бепул поливитаминлар тарқатилиши ҳақида эшитмагандим. Чунки бу жуда катта маблағ талаб қилади. Ўзбекистонда эса бу борада амалга оширилаётган лойиҳалардан ҳайратга тушдим. Буларнинг барчаси Президент Ислом Каримов бошчилигида ишлаб чиқилган “ўзбек модели”нинг нақар пухта ва ишончлиги эканлиги, юртингизнинг бугунги салоҳиятидан дарак беради.

Дарҳақиқат, эл саломатлиги йўлидаги ташаббусларнинг қамрови жуда кенг. Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, Соғлом бола йилида болаларни ўн битта хавфли касалликка қарши режали эмлаш янада изчиллик билан давом эттирилди. Эндиликда пневмококк, инсон папилломаси вируси каби хавфли инфекцияларга қарши икки хил янги вакцина билан босқичма-босқич эмлаш жорий қилиниши мўлжалланмоқда. Бу келажакда юқумли ва онкологик касалликларнинг олдини олишда муҳим ўрин тутади.

Болалар орасида юқумли касалликларнинг олдини олиш мақсадида миллий эмлаш календарига яна бир вакцина — ротавирус вакцинаси киритилди ва жорий йилда қарийб 300 минг бола эмланди, эмлаш қамрови 98,5 фоизни ташкил этди. Шунингдек, гепатит А ва В касалликларига қарши республикада 100 мингдан ортиқ бола эмланди.

Бундай тадбирлар натижасида полиомиелит, чақалоқлар қоқшоли, дифтерия, қизамиқ каби касалликларга чалиниш ҳолатларига бутунлай барҳам берилди ва қатор юқумли касалликлар билан оғриш ҳолатлари кескин камайди.

Махсус давлат дастури доирасида замонавий она ва бола скрининг марказлари тармоғи ташкил этилган 2000 йилдан буён мамлакатимизда ирсий ва туғма нуқсонли болалар туғилиши 1,8 баробардан зиёд камайди. Сўнгги ўн йилда вазни тиббиётда кўзда тутилган меъёрдан кам бўлган болалар сони икки баробардан зиёд (4 фоиздан 1,8 фоизга) қисқарди, уларнинг бўйи ўртача 3 сантиметрга ўсди. Шу билан бирга, бизнинг минтақамизга хос бўлган жиддий касаллик, яъни хотин-қизларда камқонлик даражаси 2,5 марта пасайди.

Комплекс чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида ўтган йиллар давомида юртимизда оналар ва гўдаклар ўлими 3 баробардан кўпроқ камайди. Аҳолининг ўртача умр кўриш даражаси 7,5 йилга узайди. Албатта, ушбу ҳаётий мисоллар биз танлаган соғлиқни сақлаш модели қанчалик тўғри ва самарадорлигини яққол тасдиқлаб турибди.

Шу йилнинг 1 августида Президентимизнинг “2014 — 2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори қабул қилиниши бу борадаги ишларнинг янги босқичини бошлаб берди. Ана шу ҳужжат асосида мамлакатимизда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасида тиббий ёрдам кўрсатаётган тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базаси ва кадрлар салоҳиятини кучайтириш, замонавий ташхис усулларини жорий

этиш, аёллар, болалар ва ўсмирлар касалликларининг олдини олиш борасида 5 йилга мўлжалланган қатор долзарб вазифалар белгилаб берилди.

Анжуман доирасида Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази қатор бўлинмаларининг очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди. Бу ердаги бино ва иншоотлар нафақат ташқи кўриниши, балки замонавий шароитлари билан ҳам киши эътиборини тортади. Марказ таркибига кирувчи маслаҳатлашув-диагностика поликлиникасида чуқур тиббий кўрикдан ўтиш имконияти мавжуд. Неонталогия, кичик ёшдаги болалар патологияси, болалар неврологияси, пульмонология, кардиоревматология, гастроэнтерология, гепатология, аллергология ва иммунопрофилактика, туғма ва орттирилган лор аъзолари касалликлари, болалар хирургияси каби бўлимларда эса энг илғор тиббий хизматлар кўрсатилади. Марказ моддий-техник базасининг мустаҳкамлангани тиббиётда ноёб саналган операциялар, мураккаб текширув усулларини жорий этишга шароит туғдирди.

Айтайлик, болалар орасида туғма ва орттирилган эшитиш заифлиги деган касаллик бўлиб, мурғак қалб эгалари ушбу нуқсон туфайли бу дунёнинг бебаҳо неъматларидан бири, эшитиш қобилиятидан маҳрум бўлиб қоладилар. Бундай хасталиклар бугунги кунда саноқли давлатлардагина даволанади. Фахрланарли томони, “Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида 2014 йилдан бошлаб, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида эшитиш заифлиги бўлган болаларда кохлеар имплантация операцияси йўлга қўйилди.

— Бу жуда ноёб ва мураккаб операциялардан бири бўлиб, аслида катта маблағ талаб қилади, — дейди марказ директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Дилором Аҳмедова. — Лекин давлатимизнинг болалар саломатлигига бўлган беқиёс ғамхўрлиги боис ана шундай хасталикка чалинган бемор ўғил-қизлар бепул шифо топаяпти. Масалан, ушбу мақсадларга давлат бюджетидан қарийб 7,0 млрд. сўм ажратилгани ва жорий йилнинг ўзида 112 та болада кохлеар имплантация операцияси амалга оширилгани бунинг яққол тасдиғир. Келгусида ҳам худди шу лойиҳа асосида ҳар йили 100 дан ортиқ бола реабилитация қилиниши кўзда тутилган. Буларнинг барчаси, албатта, Президентимизнинг оқилона сиёсати, мустақиллик шарофатидир.

Хорижий давлатлар ва нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида ташкил этилган “Ўзбекистонда болалар соғлиғини муҳофаза қилишнинг устувор йўналишлари ва модернизацияси” мавзусидаги анжуманинг расмий очилиш маросими “Туркистон” саройида бўлиб ўтди.

Тадбир қатнашчилари бу ерда мустақиллик йилларида мамлакатимизда соғлиқни сақлаш ҳамда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасида эришилган ютуқларга бағишлаб ташкил этилган кўргазма билан танишдилар.

Хорижлик иштирокчилар Ўзбекистонда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ҳар томонлама ривожланган ёш авлодни тарбиялаш асосида қўлланилаётган янгича ёндашув улкан натижалар бераётганини, бу дунёнинг бошқа кўплаб давлатлари учун намуна бўлиб хизмат қилиши ҳамда мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган кучли ижтимоий сиёсат юксак самаралар бераётганидан далолат эканини таъкидлашди.

Уч кунга мўлжалланган анжуман доирасида, шунингдек, етакчи олим ва мутахассислар иштирокида сателлит-конференциялар, маҳорат дарслари ва жарроҳлик амалиётлари ўтказиш режалаштирилган.

Анжуман очилишига бағишланган маросимда санъат усталари ҳамда ёш ижрочиларнинг концерт дастури намойиш қилинди.

Тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Икрамов иштирок этди.

Фурқат САНАЕВ.


Кўчириб олиш pdf |