Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Электрон ҳукумат: очиқ-ошкоралик ва ишончлилик Бош сахифа

25 сентября 2013

Электрон ҳукумат: очиқ-ошкоралик ва ишончлилик

Президентимиз Ислом Каримов 2012 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2013 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисида “электрон ҳукумат” тизимини шакллантириш, жумладан, бизнес соҳаси ва фуқароларга интерфаол давлат хизматлари кўрсатиш жараёнини такомиллаштириш муҳимлигини алоҳида таъкидлаган эди.

Ушбу муҳим вазифалар ҳисобга олинган ҳолда, давлат органлари, фуқаролар ва ташкилотларга ахборот жамияти шароитида фаолият кўрсатиш имконини берадиган меъёрий-ҳуқуқий ва услубий база ишлаб чиқилмоқда. Бу борада жорий этилаётган ахборот хизматлари бўйича ягона стандартлар ресурслар, маълумотлар базаси ва ахборот тизимлари хавфсизлигини таъминлайди.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 27 июнда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори билан тасдиқланган 2013-2020 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантиришнинг комплекс дастури «электрон ҳукумат» тизимини шакллантириш ва кенг қўллашга қаратилган муҳим меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардан бири бўлди. Дастур аҳолининг давлат ҳокимияти органлари билан ўзаро муносабатини электрон шаклда амалга оширишни таъминлаш, давлат бошқаруви тизимида «ягона ойна» принципини жорий этиш каби вазифаларни ҳал этишни ўз ичига олади. Шунингдек, ушбу ҳужжатда ахборот тизимлари комплекси ва «электрон ҳукумат» тизимининг маълумотлар базасини яратишга доир тадбирлар белгиланган.

Мазкур дастурни қабул қилишдан кўзланган мақсад замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантириш ва иқтисодиётимизнинг барча соҳаларига кенг татбиқ этиш, ахборот ресурслари, тизим ва тармоқларини жадал ривожлантириш, тадбиркорлик субъектлари ҳамда аҳолига кўрсатилаётган интерфаол давлат хизмати турларини кенгайтириш ва яхшилашни рағбатлантиришдан иборат.

Дастурда кўзда тутилган лойиҳаларнинг амалга оширилиши кўрсатилаётган хизматларнинг керакли сифат даражасини таъминлаш ва интерфаол хизматларни ривожлантириш йўлида қулай шароит яратиш учун ахборот-коммуникация ҳамда телекоммуникация технологияларининг замонавий юқори технологияли инфратузилмасини яратиш имконини беради.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йил сентябрь ойида Корея Республикасига давлат ташрифи давомида ахборотлаштириш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида ўзаро англашув меморандуми имзоланган эди. Ушбу меморандум айни пайтда тўлиқ амалга оширилмоқда.

Корея Республикаси «электрон ҳукумат»ни жорий этиш соҳасида БМТ томонидан ҳар икки йилда тузиладиган жаҳон рейтингида етакчилардан биридир. Қирқ йил муқаддам ушбу мамлакат тегишли лойиҳалар билан бир қаторда маъмурий ислоҳотларни амалга оширган ва давлат бошқарувини модернизация қилган. Бу «электрон ҳукумат» тизимининг самарали ишлаши кафолатига айланди. Айни пайтда Корея Республикасида «ақлли ҳукумат» стратегияси амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси раисининг ўринбосари, АКТ бўйича маслаҳатчи Ким Нам Сокнинг қайд этишича, Ўзбекистон ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришда салмоқли натижаларга эришмоқда. Барча давлат органлари «электрон ҳукумат»ни жорий этиш муҳимлигини эътироф этаётгани катта ютуқдир. Давлат хизматларини онлайн режимига ўтказиш фуқароларнинг ушбу хизматдан фойдаланишини енгиллаштириш билан бирга, вақт ва маблағни тежаш имконини беради. Маъмурий нуқтаи назардан эса «электрон ҳукумат» қарор қабул қилиш жараёнини тезлаштириб, давлат аппарати фаолияти самарадорлигини оширади.

Айни пайтда давлат ҳокимияти органларига веб-сайтлар ва Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат портали (www.gov.uz) орқали тўрт юздан зиёд интерфаол давлат хизмати кўрсатилаётир. Интернет тармоғида www.my.gov.uz манзили бўйича «ягона ойна» режимида Ягона интерфаол давлат хизматлари порталининг ишга туширилиши бу борадаги ишларнинг мантиқий давоми бўлди. Портал давлатимиз раҳбарининг шу йил 14 февралдаги қарори билан тасдиқланган «Обод турмуш йили» Давлат дастури ва Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 30 декабрда қабул қилинган «Интерактив давлат хизматлари кўрсатишни ҳисобга олган ҳолда Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат портали фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ташкил қилинган.

Ҳозирча ягона портал орқали қарийб олтмиш хизматдан фойдаланиш мумкин. Улар орасида автоматик режимда кўрсатиладиган хизматлар ҳам бор. Масалан, «Юридик ва жисмоний шахсларнинг стационар телефон алоқаси ва интернет хизматларига уланиш учун ариза қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш ва кўриб чиқиш», «Давлат солиқ хизмати органидан солиқ бўйича қарздорлик йўқлиги тўғрисида маълумотнома олиш учун ариза қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш ва кўриб чиқиш», «Телекоммуникациялар соҳасида лицензия олиш учун ариза қабул қилиш» ва бошқалар шулар жумласидандир. Бундан ташқари, тадбиркорлар учун турли соҳаларга оид рухсат берувчи ҳужжат олиш учун ариза жўнатиш имконини берадиган хизматлар ҳам ишлаб чиқилди.

Порталда мурожаатларни кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратилган. Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари портал орқали давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда жойлардаги давлат ҳокимияти органларига мурожаат қилиши мумкин. Шу билан бирга, бу ерда ярим автомат режимида кўрсатиладиган ахборот-маълумотнома хизматидан фойдаланиш имконияти ҳам мавжуд. Давлат органларининг фойдаланувчилар томонидан жўнатилган ариза ва мурожаатларни кўриб чиқиш ҳолати тўғрисидаги ахборот билан танишиш имконини берадиган «Статистика» модули алоҳида қизиқиш уйғотмоқда.

Яқинда порталга барча вилоятлар туман ва шаҳарлари, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ҳокимликлари уланди. Энди фуқаролар ўзи яшаб турган жойдаги давлат органларига мурожаат қилиши мумкин ва бу бевосита жойларда маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни тез ва самарали ҳал этишга ёрдам беради. Бунга вилоят ҳокимликлари ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан компьютерлаштириш марказлари билан ҳамкорликда туман раҳбарларини «электрон ҳукумат» тизимига жалб этиш бўйича ўтказилаётган ташкилий тадбирлар туфайли эришилди.

Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасидан маълум қилишларича, www.my.gov.uz ягона портали интернет тармоғида икки ойдан буён фаолият кўрсатмоқда. Мана шу қисқа вақт ичида сайт орқали давлат органларига жўнатилган мурожаатлар сони 900 дан ошди ва уларнинг 70 фоизи кўриб чиқилиб, фуқаролар тегишли жавоб олди. Порталдан жисмоний шахслар фаол фойдаланмоқда. Негаки, мурожаатларнинг 98 фоизи айнан жисмоний шахслардан келиб тушган. Ўтган давр мобайнида фуқароларнинг аксарият мурожаатлари Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси каби ташкилотларга юборилган.

Ягона портал мунтазам такомиллаштирилмоқда: унга янги ташкилотлар уланмоқда, қўшимча имконият ва сервислар ишлаб чиқилаётир, портал орқали ишлаш сифати ва даражаси ошмоқда. Давлат органларининг масъул шахслари билан портал модулларидан самарали фойдаланишга доир ишлар мунтазам амалга оширилмоқда, ўқув-машғулотлари ва семинарлар ўтказилмоқда.

Масалан, самарали алоқани йўлга қўйиш ва давлат органларининг мурожаатлар билан ишлаши ҳақида фуқаролар фикрини ҳисобга олиш мақсадида порталда «Баҳолаш» хизмати ёрдамида қайтарилган жавобга шарҳ бериш имконияти мавжуд. Бу тизим давлат органларининг фуқаролар мурожаатлари билан мукаммал ишлаш сифатини оширишга кўмаклашади.

Бугунги кунда Ягона интерфаол давлат хизматлари портали «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси томонидан тақдим этиладиган телекоммуникация хизматлари учун тўловларни онлайн пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда сўмда онлайн режимида тўлаш имконини беради. Яқинда «Ўзбекэнерго» давлат акциядорлик компанияси хизматлари учун тўловларни ҳам реал вақт режимида тўлаш хизмати пайдо бўлади. Бундан ташқари, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси мутахассислари Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, бошқа вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда давлат божлари ҳамда бошқа йиғимларни онлайн-тўлов режимида амалга ошириш масаласини кўриб чиқмоқда.

Мухтасар айтганда, мамлакатимизда АКТ соҳасида узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган режалар кўп. «Электрон ҳукумат» тизимига тўлиқ ўтиш ҳам шулар жумласидандир. Бу борада кўрилаётган чоралар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқ-ошкоралиги ва ишончлилигини таъминлаш, уларнинг аҳоли билан ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини оширишга кўмаклашади.

Манба: www.uza.uz