X
Логин
Пароль

Оддий куриниш

Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар
СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ СОҲАСИДА ДАВЛАТ-ХУСУСИЙ ШЕРИКЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

Бош сахифа

07 мая 2019

СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ СОҲАСИДА ДАВЛАТ-ХУСУСИЙ ШЕРИКЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Қарори

Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида

Соғлиқни сақлашда хусусий секторни қўллаб-қувватлаш бўйича қабул қилинган комплекс чора-тадбирлар натижасида нодавлат тиббиёт муассасалари сонини янада кўпайтириш ҳамда улар томонидан кўрсатилаётган тиббий хизматлар турларини кенгайтириш учун зарур шарт-шароитлар яратилди.

Шу билан бирга, хусусий тиббиёт муассасаларининг аҳоли соғлиғини муҳофаза қилишдаги ҳиссасини ошириш, соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шерикликни жорий этишнинг институционал ва ҳуқуқий механизмларини яратиш масаласи ҳали-ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда.

Хусусий соғлиқни сақлашни янада ривожлантириш, ушбу соҳада давлат-хусусий шерикликнинг ҳуқуқий асосларини яратиш, инвестицияларни, айниқса, чет эл инвестицияларини жалб этишни кенгайтириш, шунингдек, аҳолининг юқори технологик тиббий хизматлар ва ускуналардан фойдаланиш имкониятларини оширишда нодавлат сектори иштирокини рағбатлантириш мақсадида:

1. Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Белгилансинки:

а) соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳалари давлат ва хусусий шерик ўртасида қуйидаги бир ёки бир неча шаклларни бирлаштириш орқали амалга оширилади:

соғлиқни сақлаш соҳасида жамоат инфратузилмасини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, яратиш, жиҳозлаш, модернизация қилиш, молиялаштириш, фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш;

соғлиқни сақлаш соҳасида товарларни етказиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш;

б) Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган ҳоллардан ташқари хусусий шерикни танлаб олиш тендер асосида ёки тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш орқали амалга оширилади;

в) битимнинг амал қилиш муддати давлат ва хусусий шерик томонидан белгиланади. Бунда у уч йилдан кам бўлмаслиги ва 49 йилдан ошмаслиги керак;

г) давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга оширишда хусусий шерикка ажратилган ер участкалари, сотиб олинган тиббий ва бошқа ускуналар, шунингдек, улар томонидан қурилган объектлар битимнинг амал қилиш муддати тугагандан сўнг давлат шеригига топширилади.

3. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг (кейинги ўринларда — Жамғарма) давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш доирасида соғлиқни сақлаш соҳасига инвестиция киритадиган инвесторларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида жамғарма маблағлари ҳисобидан имтиёзли кредитлаш (кейинги ўринларда — имтиёзли кредитлаш) тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Жамғарма давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ташкил қилинадиган тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 6 январдаги «Озиқ-овқат, чарм-пойабзал ва фармацевтика саноатида инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш манбаларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2718-сон қарорига асосан очилган кредит линияларининг танланмаган маблағлари ҳисобидан ваколатли тижорат банкларига 10 йил муддатгача, шу жумладан 3 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган, йиллик фоиз ставкаси 6 ойлик ЛИБОР плюс 2 фоизга тенг, умумий миқдори 200 млн АҚШ долларигача бўлган кредит линияларини очсин.

4. Белгилаб қўйилсинки, соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш доирасида имтиёзли кредитлаш тижорат банклари томонидан:

фақатгина импорт қилинадиган замонавий тиббий ускуналар ва инвентарларни сотиб олиш учун — чет эл валютасида киритиладиган инвестиция умумий ҳажмининг 20 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда;

3 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда, 8 йилгача бўлган муддатга қайта молиялаштирувчи банкнинг маржаси билан бирга йиллик 1,0 фоиз миқдорида;

инвестор томонидан киритиладиган инвестициялар умумий ҳажмининг 80 фоизидан кам бўлмаган миқдорида хусусий, шу жумладан хорижий инвестиция киритиш шарти билан амалга оширилади.

5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги ва Адлия вазирлиги:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари билан биргаликда бир ой муддатда ва кейинчалик ҳар йили давлат-хусусий шериклик шартлари асосида лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида давлат тиббиёт муассасаларининг ер участкалари, бинолари ёки уларнинг қисмлари ва хоналари, шунингдек, самарасиз фаолият кўрсатаётган давлат тиббиёт муассасалари ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасида устувор йўналишга эга бўлган тиббий ва қўшимча хизматлар рўйхатини шакллантирсин ва улар тўғрисидаги маълумотларни тегишли ихтисослашган веб-сайтларга жойлаштирсин;

икки ой муддатда илғор халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда, соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик битимларининг намунавий шаклларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

уч ой муддатда соғлиқни сақлаш соҳасида, шу жумладан республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари иштирокида амалга ошириладиган бирламчи аҳамиятга эга бўлган давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг концепциясини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин;

2019 йил 15 августга қадар давлат-хусусий шериклик битимларини тузиш ҳуқуқини берувчи тендер эълон қилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги ва республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари билан биргаликда, шу жумладан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларининг бюджетдан ташқари маблағлари, техник кўмак маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан экспертлар ва консультантларни жалб этган ҳолда давлат-хусусий шериклик аниқ лойиҳаларининг концепциялари, битимлари ҳамда тендер ҳужжатларининг ишлаб чиқилишини таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда хорижий инвесторларга давлат-хусусий шериклик лойиҳалари тўғрисида маълумот етказилишини, шу жумладан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий веб-сайтида ва «Инвестиция портали»да эълон бериш орқали таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, бошқа таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан биргаликда бир ой муддатда Тошкент врачлар малакасини ошириш институти негизида давлат тиббиёт муассасалари раҳбарлари учун хорижий инвесторларни жалб этиш ва соғлиқни сақлаш соҳасида инвестицион фаолиятни бошқариш масалалари бўйича мазкур тиббиёт муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан шартнома асосида қисқа муддатли малака ошириш курсларини ташкил қилсин;

икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

7. Қуйидагиларга:

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдуҳакимовга — соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга ошириш доирасида вазирлик ва идоралар фаолиятини самарали мувофиқлаштириш, шунингдек, мазкур қарорнинг амалга оширилишини мунтазам муҳокама қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — молия вазири Ж.А. Қўчқоровга — соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш учун зарур бўладиган бюджет маблағларининг ҳажмини ўз вақтида аниқлаш;

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.К. Шодмоновга — соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини ўз вақтида ва сифатли тайёрлаш ҳамда уларни амалга ошириш, лойиҳалар ташаббускорларига зарур бўладиган молиявий-иқтисодий ҳисоб-китоблар, статистик ва бошқа маълумотларни олишда кўмаклашиш;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги директори Г.А. Холжигитовга — Соғлиқни сақлаш вазирлигига давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга оширишда, шу жумладан аниқ лойиҳаларнинг концепциялари, битимлари ҳамда тендер ҳужжатларини ишлаб чиқишда кўмаклашиш юзасидан шахсий жавобгарлик белгилансин.

8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари А.А. Абдуҳакимов, Э.М. Ғаниев ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2019 йил 16 апрель,

ПҚ-4290-сон

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 16 апрелдаги ПҚ-4290-сон қарорига
1-ИЛОВА

Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик тўғрисида

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом соғлиқни сақлаш соҳасидаги давлат-хусусий шерикликни амалга ошириш тартибини белгилайди.

Давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик мазкур Низом қўлланиладиган соҳага кирувчи муносабатларга татбиқ этилмайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:

соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик — ўзаро тузилган давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битими асосида хусусий инвестициялар ва (ёки) бошқарув тажрибасини жалб қилиш ҳамда хатарлар ва мажбуриятларни бўлишиш ва (ёки) тақсимлаш мақсадида, тиббий хизматлар сифатини яхшилашга, шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳасида ижтимоий ва инфратузилмавий муаммоларни ҳал этишга қаратилган давлат шериги ва хусусий шерик ўртасида муайян муддатга ҳуқуқий расмийлаштирилган ўзаро манфаатли ҳамкорлик;

давлат шериги — Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги;

имтиёзли тоифадаги шахслар — I ва II гуруҳ ногиронлари, болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар, 1941 — 1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек, уларга тенглаштирилган шахслар, Чернобиль АЭС фалокати оқибатларини тугатишда иштирок этган ногиронлиги бўлган шахслар, 1941 — 1945 йиллардаги уруш давридаги меҳнат фронти қатнашчилари, байналмилалчи-жангчилар, чин етимлар, ёлғиз пенсионерлар ва ваколатли органларда рўйхатда турувчи кам таъминланган оилалар, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган рўйхатга асосан патологияси мавжуд бўлган 18 ёшга тўлмаган болалар ҳамда ижтимоий аҳамиятга молик касалликларга чалинган шахслар;

жамоат инфратузилмаси — кўчар ва кўчмас мулк, интеллектуал фаолиятнинг муҳофаза қилинадиган натижалари, интеллектуал ҳуқуқлар ёки ушбу объектларнинг жамланмаси;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим объекти — соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш доирасида жамоат инфратузилмаси, лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, ташкил этиш, жиҳозлаш, модернизация қилиш, молиялаштириш, фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш давомида тақдим этиладиган товарлар, бажариладиган ишлар, кўрсатиладиган хизматлар, шунингдек, татбиқ этиладиган инновациялар;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим бўйича тўловлар — давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимига мувофиқ давлат шериги хусусий шерикка тўлайдиган ва (ёки) хусусий шерик давлат шеригига тўлайдиган тўловлар;

ғолиб — бошқа талабгорларнинг тендер таклифларига нисбатан энг яхши шартларни таклиф этган ва тендер комиссияси томонидан тендер ғолиби деб топилган талабгор;

аралашиш ҳуқуқи — давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим ва (ёки) аралашиш ҳуқуқи тўғрисидаги шартномада белгиланган муайян ҳолатлар юзага келганда, давлат шериги ва кредиторнинг хусусий шерик ҳуқуқини олиш ёки қабул қилиш, хусусий шерик ёки хусусий шерик раҳбариятини ўзгартириш ҳуқуқи;

талабгор — давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш бўйича қизиқиш билдирган ва (ёки) тендерда иштирок этиш учун ариза (тендер аризаси, тендер таклифи) тақдим этган хусусий тадбиркор ёки юридик шахс, шу жумладан чет эллик ёки шахслар гуруҳи, шу жумладан чет эллик шахслар гуруҳи;

захирадаги ғолиб — тендер комиссиясининг қарорига асосан тендер ғолибининг тендер таклифидан сўнг энг яхши тендер таклифини берган деб эътироф этилган талабгор;

давлат-хусусий шериклик лойиҳаси — соғлиқни сақлаш соҳасида давлат ва ижтимоий аҳамиятга эга масалаларни ечиш мақсадида, инвестициялар киритилишини, товарлар тақдим этилишини, ишлар бажарилишини ва хизматлар кўрсатилишини назарда тутувчи, давлат шериги ва хусусий шерик томонидан амалга оширилиши режалаштирилган ёки амалга оширилаётган лойиҳа;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим — давлат шериги ва хусусий шерик ўртасида тузилган, томонларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлигини, хавф-хатар тақсимланишини, шунингдек, давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишнинг бошқа шартларини белгиловчи ёзма шартнома;

аралашиш ҳуқуқи тўғрисидаги битим — маълум ҳолларда ва шартларда давлат шериги, хусусий шерик ва (ёки) кредитор (кредиторлар) аралашиш ҳуқуқини амалга ошириши мумкинлигини белгиловчи давлат шериги, хусусий шерик ва кредитор (кредиторлар) ўртасида тузилган битим;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим томонлари (кейинги ўринларда — томонлар) — давлат шериги ва хусусий шерик;

тендер комиссияси — соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги шартномани тузиш ҳуқуқи учун тендер ўтказиш мақсадида ташкил қилинган комиссия;

хусусий шерик — давлат шериги давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни имзолайдиган шахс ёки шахслар гуруҳи, шу жумладан чет эллик ҳамда ғолиб томонидан ташкил этилган махсус лойиҳа компанияси.

3. Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик қуйидаги принципларга асосланади:

жамоат манфаатларининг устуворлиги;

қонунийлик;

давлат-хусусий шериклик ҳақидаги маълумотларнинг очиқлиги ва ошкоралиги, давлат сири ва қонун билан муҳофаза қилинадиган бошқа сирларни ташкил этадиган маълумотлар бундан мустасно;

камситмаслик, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим томонларининг тенг ҳуқуқлилиги;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим бўйича мажбуриятларнинг томонлар томонидан виждонан бажарилиши;

хавф-хатар ва мажбуриятларнинг давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим томонлари ўртасида адолатли тақсимланиши;

давлат-хусусий шериклик томонлари ўзаро муносабатларининг тортишув ва шартномага асосланиши.

4. Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳалари давлат ва хусусий шерик ўртасида шартнома асосида қуйидаги шакллардан бирини ёки бир нечтасини танлаш орқали амалга оширилади:

соғлиқни сақлаш соҳасида жамоат инфратузилмасини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, ташкил этиш, жиҳозлаш, модернизациялаш, молиялаштириш, фойдаланиш ва унга хизмат кўрсатиш;

соғлиқни сақлаш соҳасида ишларни амалга ошириш, хизматлар кўрсатиш ва товарлар билан таъминлаш.

5. Давлат-хусусий шериклик шартларидаги тиббий фаолият хусусий шерик томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда берилган лицензия асосида амалга оширилади.

6. Хусусий шерикни танлаб олиш тендер асосида ёки тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш орқали амалга оширилади, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

7. Тендер ўтказиш учун давлат шериги томонидан танлов комиссияси тузилади, бунда танлов комиссияси таркибига Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг вакиллари киради.

8. Тендер комиссияси аъзолари сони тоқ бўлиши ва камида етти кишидан иборат бўлиши керак.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлигининг вакили тендер комиссияси таркибида маслаҳат овози билан қатнашади.

9. Тендер комиссияси, агар мажлисда тендер комиссия аъзолари умумий сонининг камида етмиш беш фоизи қатнашса, қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлади, бунда тендер комиссиясининг ҳар бир аъзоси фақат битта овозга эга бўлади.

Тендер комиссиясининг қарорлари тендер комиссиясининг овоз берган аъзолари умумий сонининг оддий кўпчилиги томонидан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда, тендер комиссияси раисининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади. Тендер комиссиясининг қарорлари баённомалар билан расмийлаштирилади ва уни тендер комиссиясининг барча аъзолари имзолайдилар.

10. Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири тендер комиссиясининг раиси ҳисобланади.

11. Тендер комиссиясини фаолиятини ташкил қилиш, унинг таркиби, тендер комиссияси аъзоларига қўйиладиган талаблар тендер комиссиясининг регламентига асосан белгиланади.

Тендер комиссиясининг регламенти Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади.

2-боб. Давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш тартиби

12. Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаси давлат шериги ва (ёки) хусусий ташаббускор ташаббуси асосида амалга оширилиши мумкин.

13. Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳасини тайёрлаш учун давлат шериги ва (ёки) хусусий ташаббускор томонидан давлат-хусусий шериклик лойиҳаси концепцияси ишлаб чиқилади.

14. Давлат-хусусий шериклик лойиҳаси концепциясида қуйидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши лозим:

лойиҳанинг номи;

мазкур Низомнинг 4-бандига мувофиқ лойиҳани амалга ошириш шакли;

лойиҳанинг якуний натижаларини эътиборга олган ҳолда асосланиши;

лойиҳанинг амалга ошириладиган манзили;

лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўлган, лойиҳа қамраб оладиган тиббий муассасалар, шунингдек ер участкалари, бино ва иншоотлар ёки уларнинг қисмлари, давлат тиббиёт муассасалари бинолари (хоналари) тўғрисидаги маълумотлар;

лойиҳани амалга оширишнинг тахминий режа-жадвали ва муддатлари;

жамоат инфратузилмасининг техник-иқтисодий кўрсаткичлари;

режалаштирилаётган инвестициялар ҳажми;

лойиҳанинг даромад манбалари;

лойиҳани амалга оширишнинг асосий хатарлари тақсимланиши.

15. Давлат-хусусий шериклик лойиҳаси концепциясини тасдиқлаш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

лойиҳа қиймати эквивалентда 1 миллион АҚШ долларигача бўлганда — давлат шериги томонидан;

лойиҳа қиймати эквивалентда 1 миллион АҚШ долларидан юқори ва 10 миллион АҚШ долларигача бўлганда — Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлигининг розилиги асосида давлат шериги томонидан;

лойиҳа қиймати эквивалентда 10 миллион АҚШ долларидан юқори бўлганда — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан.

16. Хусусий ташаббус давлат шеригига давлат-хусусий шериклик лойиҳаси концепцияси билан бирга тақдим этилади.

Хусусий ташаббусни олган давлат шериги, ўттиз кунда хусусий ташаббусни маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Хусусий ташаббусни амалга оширишни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:

хусусий ташаббускорнинг мазкур Низом билан белгиланган талабгорларга нисбатан қўйилган талабларга мос келмаслиги;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим объектига давлат шеригининг мулкка эгалик, хўжалик юритиш ёки оператив бошқарув ҳуқуқи бўлмаслиги;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим объектини лойиҳалаш, қуриш, реконструкция қилиш, яратиш, жиҳозлаш, модернизациялаш, молиялаштириш, фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш зарурияти бўлмаслиги.

17. Хусусий ташаббус маъқулланган тақдирда, давлат шериги давлат-хусусий шериклик лойиҳаси концепциясини беш кунда ўзининг расмий веб-сайтида ва бошқа махсус веб-сайтларда давлат-хусусий шериклик лойиҳаси концепциясини ва бошқа талабгорларга давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишга ўз қизиқишларини маълум қилишлари тўғрисида таклифини эълон қилади.

Агар:

қирқ беш кун давомида бирор-бир талабгор соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишга қизиқишини маълум қилмаган тақдирда, давлат шериги тендер ўтказмасдан тўғридан-тўғри ва якуний музокаралар ўтказади, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги билан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим лойиҳасини келишади ва хусусий ташаббускор билан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни тузади;

талабгор соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишга ўз қизиқишини билдирган тақдирда, давлат шериги тендер ўтказишга киришади.

Тендер ҳужжатларида хусусий ташаббускорга ғолиб ёки захирадаги ғолиб ҳисобидан соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бўйича ҳужжатларни тайёрлаш харажатларини қоплаш ҳуқуқи берилиши мумкин.

Хусусий ташаббускорнинг соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бўйича ҳужжатларни тайёрлаш харажатларини қоплаш, тендер ҳужжатларида кўрсатилган лойиҳа умумий қийматининг бир фоизидан ошмаган ҳолда, асосланган ва белгиланган тартибда ҳужжатлаштирилган харажатлари асосида амалга оширилади.

18. Давлат шериги ташаббуси асосида давлат-хусусий шериклик лойиҳаси концепцияси тасдиқланган ва белгиланган тартибда давлат-хусусий шериклик лойиҳалари реестрига киритилгандан сўнг, давлат шериги ўттиз кун давомида соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳасини тайёрлаш тўғрисида қарор қабул қилади.

Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳасини тайёрлаш тўғрисидаги қарорда қуйидаги маълумотлар бўлиши шарт:

лойиҳани давлат-хусусий шериклик шартларида амалга ошириш асоси;

соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг молиявий-иқтисодий самарадорлиги кўрсаткичлари;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ хусусий шерик томонидан лойиҳалаштирилаётган, яратилаётган, реконструкция қилинаётган, молиялаштирилаётган, фойдаланилаётган ёки хизмат кўрсатилаётган жамоат инфратузилмасининг таркиби ва параметрлари;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишилган (хусусий шерикка ер участкаси ажратилиши кўзда тутилган давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бўйича) ваколатли органлар ва ташкилотларнинг ер участкаси танлаш бўйича ҳужжатлари ва хулосалари, ер участкасининг майдони ва жойлашган жойи;

хусусий шерик томонидан киритилиши кутилаётган инвестициялар ҳажми ва Ўзбекистон Республикаси бюджет тизими бюджетидан тахминий молиялаштириш ҳажми;

давлат ва хусусий шериклар мажбуриятлари;

хусусий шерикка тақдим этиладиган давлат ёрдами;

якуний музокаралар ўтказиш муддатлари;

давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим объектидан фойдаланган ҳолда тақдим этиладиган хизматлардан якуний истеъмолчиларнинг фойдаланиш шартлари.

19. Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳалари тўғрисида маълумот, шу жумладан концепциялар, хусусий шерикларни танлаш мезонлари тўғрисида маълумот, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг асосий қоидалари, соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга ошириш жараёнлари тўғрисида маълумотлар давлат шериги ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлигининг веб-сайтларида эълон қилиниши шарт.

3-боб. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни тузиш ҳуқуқи учун тендер ўтказиш тартиби

20. Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш учун очиқ ва ёпиқ тендер ўтказилиши мумкин. Ёпиқ тендер, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим, давлат сири ҳисобланган, шунингдек, давлатнинг мудофаа қобилияти ва хавфсизлигини таъминлашда стратегик аҳамиятга эга бўлган объектга нисбатан тузиладиган ҳолатларда ўтказилади.

Ёпиқ тендер ўтказиладиган ҳолда, тендер эълон берилмасдан ўтказилади, тендер қатнашчиларига эса давлат шериги томонидан ёзма хабарнома юборилади. Давлат шериги ёзма хабарнома юборилмаган бошқа шахслардан таклифларни рад этади.

Ёпиқ тендер ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

21. Давлат шериги давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни тузиш ҳуқуқи учун тендерни ўтказиш регламентини белгиловчи тендер ҳужжатларини тайёрлайди, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги билан келишади ва тасдиқлайди.

22. Тендер ҳужжатларида қуйидагилар акс эттирилиши лозим:

талабгорларнинг малака талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатларга талаблар;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим объектининг жойлашган манзили;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан келишилган (хусусий шерикка ер участкаси ажратилиши кўзда тутилган давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бўйича) ваколатли органлар ва ташкилотларнинг ер участкаси танлаш бўйича ҳужжатлари ва хулосалари, ер участкасининг майдони ва жойлашган манзили;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим объектининг техник-иқтисодий кўрсаткичлари;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим объектини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, ташкил этиш, жиҳозлаш, модернизациялаш, молиялаштириш, фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш муддатлари;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим лойиҳаси;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим объекти ва хусусий шерик томонидан кўрсатиладиган хизматлар сифат кўрсаткичлари ва уларга қўйиладиган минимал талаблар;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим ижросини таъминлаш мақсадида, давлат шериги томонидан тақдим этиладиган молиялаштириш ҳажми, мулклар рўйхати ёки мулк ҳуқуқи;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим томонларининг ўз зиммаларига оладиган хавф-хатарлари;

давлат-хусусий шериклик лойиҳалари параметрлари акс этадиган валютани ва уларни таққослаш ва баҳолаш мақсадида ягона валютага келтириб, ҳисоб-китобларда фойдаланиладиган валюта курсини кўрсатиш;

тендер мезонлари баёни;

тендер сўровлари (таклифлари)ни тақдим этиш тилига талаб;

тендер сўровлари (таклифлари)нинг мазмуни, усули, манзили, тендер сўровлари (таклифлари)ни тақдим этиш ва амал қилиш муддатлари;

тендер сўровлари (таклифлари) бўйича таъминотни киритиш шартлари;

тендер сўровлари (таклифлари) бўлган конвертларни очиш жараёни, манзили, санаси ва вақти.

23. Давлат шериги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги билан келишган ҳолда, тендер ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқига эга. Давлат шериги тендер ҳужжатларига ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб, беш иш кунидан кечиктирмасдан барча талабгорларга тендер ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар матнини тақдим этади. Бунда тендер сўровлари (таклифлари)ни тақдим этишнинг сўнгги муддати давлат шериги томонидан талабгорлар тендер сўровлари ва тендер таклифларидаги ана шу ўзгартиш ва (ёки) қўшимчаларни ҳисобга олишлари учун камида ўттиз кунга чўзилади.

24. Тендер ҳужжатлари улар асосида хусусий шерик танлаб олинадиган тендер мезонларини, шу жумладан талабларни ўз ичига олади.

Тендер мезонлари турлича талқин этилмаслиги ва уларда камситувчи қоидалар бўлмаслиги, шунингдек давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим предмети билан боғланган бўлиши керак. Тендерда, дастлабки малакавий танлов босқичидаги тўғридан-тўғри музокараларда иштирок этиш учун, соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга оширишдаги қизиқишини маълум қилиши учун талабгор қуйидаги мезонларга мос келиши шарт:

ҳуқуқий лаёқатга эга бўлиш;

тўлов қобилиятига эга бўлиш;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим бўйича мажбуриятларни бажариш учун молиявий ва (ёки) моддий, техник ва (ёки) малакали меҳнат ресурсларига эга бўлиш;

давлат шериги билан манфаатлар тўқнашувига олиб келувчи бевосита ёки билвосита алоқаларда бўлмаслик.

25. Қайта ташкил этиш, тугатиш ва (ёки) банкротлик босқичида бўлган, шунингдек мулкига тақиқ қўйилган талабгорларни тендерда иштирок этишига йўл қўйилмайди.

26. Ғолибни танлаб олиш босқичида фойдаланиладиган мезонлар, шу жумладан:

хусусий шерик томонидан давлат шеригига тўланадиган тўлов ҳажми;

чекланган нархлар ва тарифлар;

давлат шериги, якуний истеъмолчи томонидан тўланадиган тўлов ҳажми;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни бажаришга жалб қилинадиган хусусий шерикнинг маблағ ҳажми;

давлат томонидан хусусий шерикка кўрсатиладиган ёрдам ҳажми;

жамоат инфратузилмасини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, ташкил этиш, жиҳозлаш, модернизациялаш, молиялаштириш, фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш муддатлари;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддатлари;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг техник ва технологик афзалликлари, функционал ва инновацион характеристикаси.

27. Тендер бир босқичли ёки икки босқичли бўлиши мумкин. Тендернинг босқичлари тендер ҳужжатларида белгиланади.

28. Умумий қиймати эквивалентда 1 млн. АҚШ долларигача бўлган давлат-хусусий шериклик лойиҳалари учун бир босқичли тендер ўтказилади.

Бир босқичли тендер жараёни ўз ичига қуйидагиларни олади:

тендер ўтказиш тўғрисида оммавий ахборот воситаларида ҳамда давлат шериги ва Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлигининг расмий веб-сайтларида эълон қилиш;

давлат шериги томонидан тендер таклифлари сўровини юбориш;

талабгорлар томонидан тендер таклифларини тақдим этиш;

талабгорларнинг тендер таклифлари бўйича конвертларини очиш;

тендер таклифларини баҳолаш;

ғолибни аниқлаш;

ғолиб билан якуний музокаралар ўтказиш;

хусусий шерик билан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни имзолаш.

29. Икки босқичли тендер жараёни ўз ичига қуйидагиларни олади:

1) дастлабки саралаш:

тендер ўтказиш тўғрисида оммавий ахборот воситаларида ҳамда давлат шериги ва Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлигининг расмий веб-сайтларида эълон қилиш;

давлат шериги томонидан дастлабки саралашда қатнашиш учун таклифнома юбориш;

тендер аризаларини йиғиш ва баҳолаш, шу жумладан, талабгорнинг малакасини тасдиқловчи ҳужжатларни йиғиш;

дастлабки саралашдан ўтган талабгорлар рўйхатини шакллантириш.

2) ғолибни танлаш:

давлат шериги томонидан тендер таклифлари сўровини юбориш;

талабгорлар томонидан тендер таклифларини тақдим этиш;

талабгорларнинг тендер таклифлари бўйича конвертларини очиш;

тендер таклифларини баҳолаш;

ғолибни аниқлаш;

ғолиб билан якуний музокаралар ўтказиш;

хусусий шерик билан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни имзолаш.

30. Дастлабки саралашда қатнашиш учун аризаларни йиғиш муддати эълон чоп этилган санадан сўнг ўттиз кундан кам бўлмаслиги керак.

31. Дастлабки саралашда талабгорлар сони иккитадан кам бўлмаслиги лозим.

32. Ғолибни аниқлаш босқичида давлат шериги дастлабки саралашдан ўтган талабгорларга тендер таклифлари ва давлат-шериклик тўғрисидаги битим лойиҳасини тақдим этиш бўйича сўровнома юборади.

Тендер таклифларини тақдим этишнинг сўнгги муддати сўровномада кўрсатилади ҳамда у дастлабки саралашдан ўтган талабгорларга тендер таклифлари ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим лойиҳасини тақдим этиш бўйича сўровнома юборилган санадан бошлаб камида қирқ беш кун бўлиши лозим.

33. Битта тендер таклифи мавжуд бўлганда ва тендер комиссияси тендер таклифини тендер таклифларини тақдим этиш тўғрисидаги сўровномага мос деб топганда тендер ўтказилган деб топилади.

34. Талабгор тендер таклифлари сўровида белгиланган шартларда тендер таклифининг кафолат таъминотини тақдим этиши лозим.

35. Талабгорлар томонидан тақдим этилган барча тендер таклифлари сўровнома талабларига мос келмаганда тендер комиссияси тендер ўтказилмаган деб топади ва қайтадан тендер эълон қилишга ҳақли.

36. Тендер комиссияси ғолиб тўғрисидаги маълумотни давлат шериги ва Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлигининг расмий веб-сайтларида эълон қилади.

37. Талабгорларнинг тендерда қатнашиш учун қилган харажатлари, тендер натижаларидан қатъи назар қопланмайди, мазкур Низомнинг 17-бандида кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно.

38. Агар тендер комиссияси ғолиб томонидан тақдим этилган маълумотларда номувофиқликни аниқласа, тендер комиссияси ғолибни тендердан четлатиш тўғрисида қарор қабул қилади. Ғолиб тендердан четлатилган тақдирда, тендер комиссияси тендер ғолиби сифатида захирадаги ғолибни тайинлайди.

39. Ҳеч бир талабгор биттадан ортиқ тендер таклифини бериш ҳуқуқига эга эмас. Талабгор тендер таклифларини тақдим этишнинг сўнгги муддатига қадар хоҳлаган вақтда тендер таклифини ўзгартириши ёки қайтариб олиши мумкин.

4-боб. Давлат-хусусий шериклик лойиҳаси тўғрисидаги битимни тузиш

40. Давлат шериги ғолиб билан тендер ҳужжатларида баён қилинган тартиб қоидаларда, шартларда ва муддатларда давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни тузади.

41. Агар танлов ҳужжатларида кўрсатилган муддат тугагандан сўнг, ғолиб давлат-хусусий шериклик тўғрисида битимни имзоламаса, тендер комиссияси уни тендердан четлатиш тўғрисида қарор қабул қилади. Захирадаги ғолибни ғолиб деб эълон қилади ва ғолибни тендердан четлатиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган кундан бошлаб 10 кун ичида уни тендердан четлатилган ғолибга қўйилган шартлар асосида давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузишга таклиф қилади. Агар тендер комиссияси давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузиш таклиф юборилган санадан бошлаб 30 кун ичида захирадаги ғолибдан ижобий жавоб олмаса, тендерни ўтказилмаган деб тан олади ва такрорий тендер эълон қилади.

42. Тендердан четлатилган ғолиб тендерда қатнашганлиги учун харажатлари қоплаб берилишини талаб қилишга ҳақли эмас.

43. Давлат шериги хусусий ташаббускор билан мазкур низомнинг 17-бандида кўрсатилган ҳолатда давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги билан келишилган санадан бошлаб олтмиш кун ичида тендер ўтказмасдан давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузади.

44. Томонлар тендер ўтказмасдан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш йўли билан давлат-хусусий шериклик тўғрисида битимни қуйидаги ҳолларда тузади:

давлатнинг мудофаа ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадларида;

давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишнинг зарурий шарти бўлган интеллектуал фаолият натижаларининг мутлоқ ҳуқуқлари ҳамда ер участкалари, бошқа кўчмас мулк ва мол-мулкларга бўлган мутлоқ ҳуқуқлар маълум бир шахсга тегишли бўлган тақдирда;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган бошқа ҳолларда.

45. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим қуйидаги асосий шартларни ўз ичига олиши лозим:

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг томонлари;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг предмети;

томонларнинг мажбуриятлари ва жавобгарлиги;

хатарларнинг давлат ва хусусий шерик ўртасида тақсимланиши;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ жамоат инфратузилмасининг техник-иқтисодий кўрсаткичлари, шу жумладан лойиҳалаштириш, қурилиш, реконструкция қилиш, ташкил этиш, жиҳозлаш, модернизация қилиш, молиялаштириш, фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш учун берилган ёки талаб этиладиган объектлар бўйича маълумотлар, улардан фойдаланиш мақсади ва муддатлари;

давлат-хусусий шериклик лойиҳаси билан боғлиқ бўлган ишлар (хизматлар кўрсатиш) тартиби ва муддатлари;

томонларнинг тегишли инфратузилма ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бўйича ҳуқуқлари, шунингдек, уларни ўтказиш тартиби;

давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун зарур бўлган ер участкаларини бериш тартиби, ер участкаларига тааллуқли бошқа шартлар;

тиббий фаолиятни лицензиялаш тартиби;

хусусий шерик томонидан тақдим этиладиган товарлар, ишлар, хизматлар учун тарифлар, нархлар белгилаш ва уларни ўзгартириш шартлари;

томонларнинг ўз мажбуриятларини бажариш усуллари, миқдори ва муддатлари;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг муддатлари ва уни белгилаш тартиби;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим бўйича тўлов шакллари, миқдорлари, муддатлари ва шартлари, шу жумладан давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш муносабати билан даромадларни тақсимлаш тартиби;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тартиби;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг бекор қилиниши бўйича асослар, тартиби ва шартлари, муддатидан аввал тўхтатилганда тўланадиган тўлов миқдорлари ва тартиби;

аралашиш ҳуқуқи;

давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг амалга ошириш жараёнини назорат ва мониторинг қилиш тартиби;

суғурта мажбуриятлари;

лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича мажбуриятлар;

тарафларнинг давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим бўйича мажбуриятларни бузганлик учун жавобгарлиги;

низоларни ҳал қилиш тартиби;

Ўзбекистон Республикасида ходимларни танлаш ва уларнинг меҳнатидан фойдаланишда қўлланиладиган шартлар;

кафиллик ва кафолатлар;

хусусий шерикнинг улушига эгалик ҳуқуқи ҳамда хусусий шерик ва унинг аффилланган шахслари мулкига нисбатан бошқа мулкий ҳуқуқлар бўйича талаблар;

махфийлик;

атамалар ва уларнинг талқини;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа шартлар.

46. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим, агар бошқа тартиб кўзда тутилмаган бўлса, имзоланган вақтдан бошлаб кучга киради.

47. Агар, қонун ҳужжатларида ёки давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда бошқа тартиб кўзда тутилмаган бўлса, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим тарафларнинг келишувига кўра ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.

48. Агар қуйидаги ҳолатлардан бири содир бўлса, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим бир тарафнинг талабига кўра суднинг қарори билан ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин:

томонлардан бирининг давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни сезиларли даражада бузиши ва ушбу ҳолатнинг давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда кўрсатилган шартларда ва муддатларда бартараф этилмаслиги;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим тузилаётган пайтда томонлар учун асос бўлган ҳолатлар сезиларли даражада ўзгарган тақдирда;

қонунчиликда ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда кўзда тутилган бошқа ҳолатларда.

49. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда бир томонлама судга мурожаат қилмасдан битимни бекор қилиш ҳолатлари кўзда тутилиши мумкин.

50. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим унинг амал қилиш муддати тугаганда тўхтатилади. Битимни муддатидан аввал бекор қилишга давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда кўзда тутилган ҳолларда рухсат этилади.

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда кўзда тутилган ҳолларда ва тартибда битим амал қилиш муддатидан илгари бекор қилинган тақдирда томонлар, кредитор(лар) иккинчи томондан компенсация пули олишга ҳақли.

5-боб. Давлат-хусусий шериклик лойиҳаси тўғрисидаги битим томонларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

51. Хусусий шерик қуйидаги ҳуқуқларга эга:

соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун керакли маълумотларни давлат шеригидан олиш;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим шартларини ўзгартириш тўғрисида таклифлар киритиш;

соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бўйича давлат шериги айби билан кўрилган зарарни қоплаб беришни талаб қилиш;

битим шартлари давлат шериги томонидан бузилган тақдирда битимни суд тартибида бекор қилишни талаб қилиш.

Хусусий шерик Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим шартларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

52. Хусусий шерик қуйидаги мажбуриятларни бажаради:

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим талабларига ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талабларига қатъий риоя қилиш;

қонун ҳужжатларида ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутилган жавобгарликни ўз зиммасига олиш.

Хусусий шерик унга давлат-хусусий шериклик шартларида берилган ер участкасини бошқа шахсларга ўтказиш ҳуқуқига эга эмас.

Хусусий шерик Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.

53. Давлат шериги қуйидаги ҳуқуқларга эга:

соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини тайёрлаш учун ташқи маслаҳатчиларни жалб этиш;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим шартлари бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботни хусусий шерикдан ҳар чоракда олиш;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим шартлари бажарилиши мониторингини олиб бориш ва соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш натижаларини баҳолаш;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим шартларига риоя этиш мониторингини олиб бориш доирасида аниқланган қоида бузишлар бартараф этилишини талаб қилиш;

хусусий шерикнинг айби билан юзага келган давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим объекти бўйича зарарлар қопланишини талаб қилиш;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим шартлари хусусий шерик томонидан бузилган тақдирда битимни суд тартибида бекор қилишни талаб қилиш.

Давлат шериги қонун ҳужжатларига ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

54. Давлат шериги қуйидаги мажбуриятларни бажаради:

танлов ўтказиш билан боғлиқ ҳужжатларни танлов иштирокчиларига тақдим этиш;

давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш мўлжалланаётган жой ва объект билан танишиш учун танлов иштирокчиларига зарур шарт-шароитларни таъминлаш;

агар давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутилган бўлса, фаолиятни амалга ошириш учун мўлжалланган мол-мулкни унга эгалик қилиш ва фойдаланиш учун хусусий шерикка бериш;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни амалга ошириши учун зарур бўлган лицензия ва рухсатномаларни олишда хусусий шерикка кўмаклашиш;

хусусий шерикни давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда кўзда тутилган ўз инвестициялари ва даромадларини эркин бошқариш ва тасарруф этиш ёки активларини ва амалга оширадиган фаолиятини бошқариш ва назорат қилиш ҳуқуқларини чегараламаслик;

хусусий шерикнинг хўжалик фаолиятига аралашмаслик.

Давлат шериги қонун ҳужжатларига ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.

55. Давлат шериги давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда кўрсатилган шартларда имтиёзли тоифадаги ва ижтимоий кўмакка муҳтож бўлган шахсларни имтиёзли тўлов шартлари ёки бепул асосда даволаниш учун хусусий шерикка юборади.

6-боб. Ер участкаларини тақдим этиш

56 Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутилган давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим объекти жойлашган ва (ёки) фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган ер участкаси, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимида белгиланадиган ҳамда битимнинг амал қилиш муддатидан ошмайдиган муддатларга хусусий шерикка вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланиш мақсадида тақдим этилади.

57. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим тузилган кундан бошлаб 1 кун муддатда давлат шериги хусусий шерикнинг аризасини, шунингдек, ваколатли орган ва ташкилотларнинг ер участкасини танлаш бўйича маълумот ва хулосаларини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари ёки туман (шаҳар) ҳокимликларига битимда кўрсатилган шартларда ер участкаси ажратиш тўғрисида қарор қабул қилиш учун юборади.

58. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари ёки туман (шаҳар) ҳокимликлари 3 кун муддатда хусусий шерикка ер участкасини ажратиш тўғрисида қарор қабул қилади ва қарорни Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ер ресурслари ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг тегишли туман (шаҳар) филиалига юборади ҳамда бу ҳақда давлат шеригини хабардор қилади.

59. Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ер ресурслари ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг тегишли туман (шаҳар) филиали ер участкаси ажратиш тўғрисида қарорни олгандан сўнг, 2 иш куни ичида тақдим этилган ҳужжатлар асосида ер участкасига эгалик ҳуқуқини рўйхатдан ўтказади ва хусусий шерикка Кўчмас мулк объектига эгалик ҳуқуқи тўғрисида давлат реестридан кўчирма беради.

60. Ер участкаларини танлаш ва тақдим этишга оид ҳужжатларни тайёрлаш ва келишиш билан боғлиқ харажатлар ер участкасига эгалик ҳуқуқи қайд қилинганидан сўнг хусусий шерик томонидан қопланади;

61. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддати тугаши билан ёки битим муддатидан олдин бекор қилинганда, хусусий шерик давлат шеригига давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим шартларига мувофиқ ер участкасини қайтариши шарт.

7-боб. Узоқ муддатга мақсадли фойдаланиш учун давлат тиббиёт ташкилотларининг бино ва иншоотларини ёки уларнинг қисмларини, хоналарини бериш

62. Давлат шериги узоқ муддатга мақсадли фойдаланиш учун давлат тиббиёт муассасаларининг бино ва иншоотларини ёки уларнинг қисмларини, хоналарини бериш назарда тутилган давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим тузилган кундан бошлаб 1 иш кунида, уни давлат рўйхатидан ўтказиш учун Давлат активларини бошқариш агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳудудий бошқармалари қошидаги Давлат мулкини ижарага бериш марказига, шунингдек, объектни балансида сақловчига юборади.

63. Давлат-хусусий шериклик тўғрисида тузилган битим шартларига мувофиқ, балансда сақловчи 10 кун муддатда давлат тиббиёт муассасаларининг бино ва иншоотларини ёки уларнинг қисмларини, хоналарини хусусий шерикка тақдим этади, хусусий шерик эса битимнинг амал қилиш муддати тугаши билан ёки битим муддатидан олдин бекор қилинганда, балансда сақловчига мазкур объектларни давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим шартларига мос ҳолда қайтариши шарт.

64. Давлат тиббиёт муассасаларининг бино ва иншоотлари ёки уларнинг қисмлари, хоналари давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим шартларига мувофиқ хусусий шерикка барча тегишли жиҳозлари, тиббий асбоб-ускуналари ва техникалари, шунингдек, техник ҳужжатлари билан берилади ҳамда қайтарилади.

8-боб. Давлат тиббиёт муассасаларини тиббий асбоб-ускуна ва техникалар билан жиҳозлаш

65. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда хусусий шерик томонидан давлат тиббиёт муассасаларини тиббий асбоб-ускуна ва техникалар билан жиҳозлаш назарда тутилиши мумкин.

Хусусий шерик томонидан харид қилинган тиббий асбоб-ускуна ва техникалар давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда белгиланган муддатларда давлат шеригига фойдаланиш учун тақдим этилади.

66. Давлат тиббиёт муассасаларини жиҳозлаш қуйидаги мақсадларга эришишни таъминлаши лозим:

давлат тиббиёт муассасасининг юқори технологияли тиббий хизматларни жорий этиши учун инвестицияларга бўлган эҳтиёжини камайтириш;

янги турдаги тиббий хизмат турларини йўлга қўйиш;

тиббий хизматлар сифатини ошириш.

67. Хусусий шерик харид қилинган тиббий асбоб-ускуна ва техникаларга техник хизмат кўрсатиш, уларни сарфлаш материаллари билан узлуксиз таъминлаш ҳамда уларнинг лозим даражада ишлаши учун бошқа вазифаларни бажариш бўйича давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда белгиланган мажбуриятларни олади.

68. Давлат шериги хусусий шерикка тиббий асбоб-ускуна ва техникалардан фойдаланганлик учун тўловни давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда белгиланган шартларда тўлаш мажбуриятини олади.

9-боб. Давлат тиббиёт ташкилотларини ишончли бошқарувга бериш

69. Давлат тиббиёт ташкилотлари жамоат инфратузилмаси сифатида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда кўзда тутилган муддатларда ишончли бошқарувга берилиши мумкин.

Бунда, давлат тиббиёт ташкилотининг мулки хусусий шерикка вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланишга давлат тиббиёт ташкилотининг мазкур мулкка нисбатан хўжалик юритиш ва оператив бошқарув ҳуқуқи бекор қилинган ҳолда берилади.

70. Хусусий шерик давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим асосида давлат тиббиёт муассасасининг ишончли бошқарувни амалга оширганлиги учун ҳақ олиш ва (ёки) харажатларини ундириш ҳуқуқига эга.

71. Хусусий шерик тиббиёт ходимларининг белгиланган штат бирликлари сонини амалдаги нормативларга мувофиқ миқдорда сақлаши ва ишончли бошқарувга берилган давлат тиббиёт ташкилотининг фаолият ўзгартирмаслиги шарт.

Давлат шериги давлат тиббиёт муассасасини, шу жумладан, тиббий ва техник ходимларини сақлаб туриш учун ҳар йили ажратиладиган маблағларни давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда белгиланган тартибда хусусий шерикка ўтказиб берилишини таъминлайди.

72. Давлат тиббиёт муассасаси давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим асосида ишончли бошқарувга берилганда, мулкка нисбатан ишончли бошқарув шартномасини тузиш талаб этилмайди.

10-боб. Жамоат инфратузилмасига эгалик ҳуқуқини бериш тартиби

73. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим давлат-хусусий шериклик лойиҳаси доирасида лойиҳалаштирилган, яратилган, реконструкция қилинган, молиялаштирилган, фойдаланилган ва хизмат кўрсатилган жамоат инфратузилмасига нисбатан мулк ҳуқуқини давлат шериги ёки Ўзбекистон Республикаси давлат активларини бошқариш органига ўтказиш тартибини белгилайди.

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда жамоат инфратузилмасига нисбатан мулк ҳуқуқи қайси вақтда ўтказилиши кўрсатилган бўлиши шарт:

фойдаланишга топширилгандан кейин;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддати якунида;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда кўрсатилган бошқа вақтда.

11-боб. Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш устидан мониторинг

74. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги ва давлат шериги давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим шартларини бажарилиши бўйича соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг амалга оширилиши устидан мониторингни амалга оширади. Хусусий шерик мониторинг олиб бориш мақсадида жамоат инфратузилмасига кириш ва тегишли ҳужжатларни кўриш учун имконият яратиб беришга мажбур.

75. Давлат шериги ҳар олти ойда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлигига давлат-хусусий шериклик, шу жумладан аралашиш ҳуқуқи тўғрисидаги битимнинг барча тарафлари томонидан имзоланган давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этади.

Давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги ҳисобот шакли ва тақдим этиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

12-боб. Якуний қоидалар

76. Давлат шериги зарур ҳолларда давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга хусусий шерик билан келишган ҳолда хусусий шерик томонидан имтиёзли нархларда (ёки бепул) даволаниши шарт бўлган имтиёзли қатлам ва ижтимоий ёрдамга муҳтож шахслар сонини ошириш бўйича ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқига эга.

77. Битимнинг амал қилиш даврида давлат шериги билан келишмасдан туриб хусусий шерикка ажратилган тиббиёт муассасаси фаолияти ихтисослигини ўзгартириш тақиқланади.

78. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим, агар унда бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тартибга солинади.

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида бошқача тартиб кўзда тутилмаган бўлса, хусусий шерик соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш билан боғлиқ бошқа битимларга, шу жумладан аралашиш ҳуқуқи тўғрисидаги битимга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқлар танловида эркин ҳисобланади.

79. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим, аралашиш тўғрисидаги битим ёки давлат-хусусий шериклик билан боғлиқ ҳар қандай бошқа битим ёки шартномадан келиб чиқадиган ҳар қандай келишмовчиликлар тегишли битим тарафлари келишган низоларни ҳал қилиш жараёни орқали ҳал этилади.

80. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг тарафлари қўлланиладиган ҳуқуққа мувофиқ низоларни ҳал қилиш механизмини, шунингдек, низони ҳал этиш учун тартиб-таомил қоидаларни эркин танлаши мумкин.

81. Ушбу низом талабларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 16 апрелдаги ПҚ-4290-сон қарорига
2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 24 февралдаги «Аҳолининг ҳожатманд қатламларига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-2499-сон қарорининг 1 ва 4-бандлари ҳамда 8-иловаси ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 апрелдаги «Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2863-сон қарорида:

а) 8-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«8. Қуйидагилар 2022 йил 1 январгача:

а) аҳолига пуллик тиббий хизматлар кўрсатадиган (стоматология ва косметология хизматларидан ташқари) хусусий тиббиёт муассасалари, жумладан, хорижий инвесторлар иштирокидаги хусусий тиббиёт муассасалари тиббий хизматлар қисмида, бўшайдиган маблағларни хусусий тиббиёт муассасаларини замонавий тиббий, муҳандислик-техник ускуналар билан жиҳозлаш ва уларга сервис-техник хизмат кўрсатиш, тиббиёт мақсадлари учун эҳтиёт қисмлар, сарфлаш материаллари, инвентарь ва бошқа буюмлар харид қилиш, тиббий хизматлар кўрсатиш учун янги бинолар қуриш, мавжуд бино ва иншоотларни реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизматлар кўрсатишга мақсадли йўналтирган ҳолда, барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан;

б) белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича юридик шахслар томонидан, шу жумладан лизинг шартномаси асосида олиб келинадиган янги тиббиёт асбоб-ускуналари, бутловчи буюмлар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари ҳамда сарфлаш материаллари (стоматология ва косметология асбоб-ускуналаридан ташқари) божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимлари бундан мустасно) озод этилсин.

Ушбу банднинг «а» кичик бандида кўрсатилган солиқ имтиёзларини қўллаш мақсадида, ҳисобот даври якунлари бўйича тиббий хизматлар (стоматология ва косметология хизматлари бундан мустасно) кўрсатиш асосий фаолият тури ҳисобланган юридик шахслар хусусий тиббиёт муассасаларига киради. Бунда тиббий хизматлар кўрсатиш асосий фаолият тури ҳисобланганда, юқорида кўрсатиб ўтилган имтиёзлар бошқа даромадларга ҳам жорий этилади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги, Ўзбекистон хусусий амалиёт врачлари уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда юқорида қайд этилган солиқ имтиёзлари тақдим этилиши натижасида бўшайдиган маблағлар ҳисобидан хусусий тиббиёт муассасалари томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизматлар кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин»;

б) 1-илованинг 5-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 июндаги ПҚ-3071-сон қарори билан тасдиқланган Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари — тиббий хизматлар кўрсатишнинг тегишли ихтисослаштирилган йўналишлари бўйича республиканинг бош тиббиёт ташкилотлари рўйхати қуйидаги мазмундаги 14 — 16 бандлар билан тўлдирилсин:

«14. Республика илмий-ихтисослаштирилган аллергология маркази.

15. Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт маркази.

16. Республика ихтисослаштирилган неврология ва инсульт илмий-амалий тиббиёт маркази».

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 17.04.2019 й., 07/19/4290/2959-сон)


Ҳужжат тури:  Қарор
Ҳужжат рақами:  ПҚ-4290
Қабул қилиниш санаси:  16.04.2019
Кўчириб олиш pdf |