Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Юридик хизмат ходимини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш масалаларини адлия органлари билан келишиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида Бош сахифа

06 марта 2017

Юридик хизмат ходимини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш масалаларини адлия органлари билан келишиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг

буйруғи

Юридик хизмат ходимини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш масалаларини адлия органлари билан келишиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 9-сон, 140-модда)

[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2017 йил 28 февралда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2864]

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 январдаги ПҚ-2733-сонли «Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:

1. Юридик хизмат ходимини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш масалаларини адлия органлари билан келишиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2014 йил 28 февралдаги 50-мҳ-сон «Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик хизмати ходими лавозимига тавсия этиладиган номзодларни адлия органлари билан келишиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғи (рўйхат рақами 2562, 2014 йил 28 февраль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 9-сон, 100-модда) ўз кучини йўқотган деб топилсин.

3. Мазкур буйруқ давлат рўйхатидан ўтказилсин ва бу ҳақда Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш бошқармаси (Б. Болиев) Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат реестрига тегишли ёзув киритсин.

4. Ҳуқуқий тарғибот ва ахборот бошқармаси (А. Очилов) мазкур идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами» — «Собрание законодательства Республики Узбекистан»да нашр этилишини таъминласин.

5. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

6. Мазкур буйруқнинг ижросини назорат қилиш вазир ўринбосари Н. Жўраев зиммасига юклансин.

Вазир М. ИКРАМОВ

Тошкент ш.,

2017 йил 28 февраль,

42-мҳ-сон

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2017 йил 28 февралдаги 42-мҳ-сон буйруғига
ИЛОВА

Юридик хизмат ходимини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш масалаларини адлия органлари билан келишиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 январдаги ПҚ-2733-сонли «Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш масалаларини мажбурий тартибда тегишлича Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари (бундан буён матнда адлия органлари деб юритилади) билан келишиш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом мақсадлари учун давлат органлари ва ташкилотлари деганда, давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари (бундан буён матнда давлат органлари ва ташкилотлари деб юритилади) тушунилади.

2. Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходими лавозимига тайинлаш ва ундан озод этишга тақдим этилган номзодларни (бундан буён матнда номзод деб юритилади) адлия органлари билан келишиш уларнинг тавсия этилган лавозимга лаёқатини ва касбига муносиблигини аниқлаш, шунингдек юридик хизмат ходимларини ноқонуний таъсир кўрсатишдан ҳимоялаш мақсадида амалга оширилади.

3. Республика даражасидаги давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари юридик хизмати ходимлари лавозимга Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари, шунингдек ҳудудий давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмати ходимлари лавозимга тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари билан келишилган ҳолда тайинланади ва озод қилинади.

2-боб. Юридик хизмат ходимларини лавозимга тайинлаш масалаларини келишиш

4. Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан юридик хизмат ходими лавозимига тайинлаш масаласини келишиш учун бир ёки ундан ортиқ номзодлар тавсия этилиши мумкин.

5. Давлат органлари ва ташкилотлари номзодни лавозимга тайинлаш масаласини келишиш учун тегишли адлия органига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

давлат органи ва ташкилоти раҳбарининг номзодни лавозимга тавсия этиш тўғрисидаги тақдимномаси;

номзоднинг ушбу Низомнинг 1 ва 2-иловаларига мувофиқ шаклдаги анкетаси ва яқин қариндошлари ҳақидаги маълумот;

номзоднинг олий юридик маълумот тўғрисидаги дипломининг нотариал тасдиқланган нусхаси ёки олий юридик маълумоти тўғрисидаги дипломдан кўчирма — Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларини давлат гранти бўйича ўқиб тугатганлар учун. Агар номзод хорижда таълим олган бўлса, хорижда ўқишни тамомлаганлик тўғрисидаги ҳужжат ва ушбу ҳужжатнинг Ўзбекистон Республикасидаги ҳужжатга эквивалент деб топилганлиги тўғрисида ваколатли давлат органи томонидан берилган гувоҳноманинг нусхалари;

номзод меҳнат дафтарчасининг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхаси ёхуд ундан кўчирма, агар мавжуд бўлса.

Юридик хизмат ходими лавозимига келишиш учун бир ёки ундан ортиқ номзодлар тавсия этилганда, мазкур ҳужжатлар ҳар бир номзод учун алоҳида тақдим этилади.

6. Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан тақдим этилган ҳужжатлар қайтариб берилмайди.

7. Юридик хизмат ходимини лавозимга тайинлашни келишиш масаласини кўриб чиқишда номзод билан суҳбат ўтказилади.

8. Суҳбат адлия органларида ташкил этиладиган комиссиялар томонидан ўтказилади. Комиссиялар таркиби тегишли адлия органи раҳбари томонидан камида беш кишидан, яъни раис, унинг ўринбосари ва аъзоларидан иборат таркибда тасдиқланади.

9. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида вазирнинг соҳа бўйича масъул ўринбосари, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларида эса, тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазири ва адлия бошқармаси бошлиғи комиссия раиси ҳисобланади.

10. Комиссиялар фаолиятини ташкил қилиш бўйича ташкилий масалалар ишчи органлар томонидан амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Юридик хизматларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва методик таъминлаш бошқармаси ва унинг шўъбалари тегишли комиссияларнинг ишчи органи ҳисобланади.

11. Келишиш ҳужжатлар тегишли адлия органига келиб тушган санадан бошлаб бир ой ичида амалга оширилади.

12. Ишчи орган томонидан ҳужжатларни кўриб чиқиш жараёнида камчиликлар аниқланмаса, номзодни тавсия этган давлат органи ва ташкилотига суҳбат ўтказилишидан камида уч кун олдин суҳбат ўтказиладиган кун, вақт ва жой ҳақида хабар берилади.

13. Ҳужжатларда камчиликлар мавжудлиги аниқланган тақдирда, улар тегишли адлия органига келиб тушган санадан бошлаб беш иш куни ичида ишчи орган томонидан камчиликлар кўрсатилган ҳолда номзодни тавсия этган давлат органи ва ташкилотига хабар юборилади.

14. Ҳужжатларни кўрсатилган камчиликларни бартараф қилган ҳолда такроран юборишда ушбу Низомнинг 5-бандида назарда тутилган ҳужжатлар такроран тақдим қилинади.

15. Комиссия ишида аъзоларнинг камида ярми иштирок этган тақдирда, ваколатли ҳисобланади.

16. Номзод билан унинг касб фаолиятига боғлиқ бўлган қонунчилик соҳалари, шу жумладан конституциявий ҳуқуқ, фуқаролик ҳуқуқи ва меҳнат ҳуқуқи соҳалари, шартномавий-ҳуқуқий фаолият ва суд ишларини юритиш асослари бўйича суҳбат ўтказилади.

17. Суҳбат натижалари мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ шаклдаги суҳбат ўтказиш варақасида акс эттирилади. Суҳбат ўтказиш варақасида комиссия аъзолари томонидан берилган саволларнинг жавоби «тўғри», «нотўғри», «тўлиқ эмас» ёки «жавоб берилмади» шаклида баҳоланади.

18. Комиссия аъзолари номзоднинг билими, шунингдек иш тажрибасини ҳисобга олиб, уни суҳбатдан ўтган ёки ўтмаган деб топиш ҳақида қарор қабул қилади. Мазкур қарор комиссия аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда, комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Узрсиз равишда суҳбатга келмаган номзодлар суҳбатдан ўтмаган деб топилади ва бу ҳақда ишчи орган томонидан номзодни тавсия этган давлат органи ва ташкилотига маълум қилинади.

19. Суҳбат натижаларига кўра номзоднинг суҳбатдан ўтганлиги ёки ўтмаганлиги ҳолати бўйича ишчи орган уч иш куни ичида номзодни тавсия этган давлат органи ва ташкилотини хабардор қилади.

20. Номзод суҳбатдан ўтмаган деб топилган тақдирда, давлат органи ва ташкилоти бир ой муддат ичида такроран бошқа номзодни тавсия этиши мумкин. Такроран тавсия этилган номзодлар ҳам суҳбатдан ўтмаган деб топилган тақдирда, тегишли адлия органи ўн кун муддатда кўриб чиқилиши мажбурий бўлган муқобил номзодларни давлат органи ва ташкилотига тақдим этишга ҳақли.

21. Суҳбатдан ўта олмаган номзодлар уч ойдан сўнг, умумий асосларда тегишли лавозимга қайта тавсия этилиши мумкин.

22. Юридик хизмат ходими лавозимига тайинлаш учун келишишга бир шахснинг номзоди айнан бир лавозимга икки мартадан ортиқ кўрсатилишига йўл қўйилмайди.

3-боб. Юридик хизмат ходимларини лавозимдан озод этиш масалаларини келишиш

23. Юридик хизмат ходимларини лавозимидан озод этишни келишиш учун давлат органи ва ташкилоти томонидан адлия органларига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

давлат органи ва ташкилоти раҳбарининг юридик хизмат ходимини лавозимидан озод этиш ҳақидаги тақдимномаси, ушбу тақдимномада ходимни лавозимидан озод этиш сабаблари, мотивлари ва бошқа маълумотлар кўрсатилади;

юридик хизмат ходими меҳнат дафтарчасининг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхаси ёхуд ундан кўчирма;

юридик хизмат ходимининг аризаси — меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббуси билан бекор қилишда;

юридик хизмат ходимини лавозимидан озод этиш сабабларини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар.

Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан тақдим этилган ҳужжатлар қайтариб берилмайди.

24. Юридик хизмат ходимларини лавозимдан озод этиш масалаларини келишиш мазкур Низомда белгиланган юридик хизмат ходимларини лавозимга тайинлаш масаласини келишиш тартибида амалга оширилади. Бунда ходим билан суҳбат ишчи орган томонидан зарур деб топилган ҳоллардагина ўтказилади.

Ходим ташаббуси билан меҳнат шартномаси бекор қилинаётган бўлса, мазкур масаланинг комиссия томонидан кўриб чиқилиши талаб этилмайди.

Юридик хизмат ходимини лавозимидан озод этишнинг келишилганлиги ёки келишилмаганлиги (сабаблари кўрсатилган ҳолда) ҳақида тегишли адлия органи томонидан давлат органи ва ташкилоти ёзма равишда хабардор қилинади.

25. Зарур ҳолларда, адлия органлари томонидан юридик хизмат ходимини лавозимидан озод этиш масаласига доир қўшимча ҳужжатлар талаб қилиниши ҳамда юридик хизмат ходими билан суҳбат ўтказилиши мумкин.

26. Қуйидагилар юридик хизмат ходимини лавозимидан озод этишни келишишни рад этиш учун асос бўлади:

юридик хизмат ходимини лавозимидан озод этиш учун сабаблар етарли эмас деб топилганда;

юридик хизмат ходимининг зиммасига юклатилган вазифалардан келиб чиқмайдиган ишларни бажармаганлиги ёки уни ўзига юклатилган мажбуриятларини бажарганлиги учун таъқиб қилинганлиги ҳолати аниқланганда.

27. Мазкур Низомнинг 26-банди учинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, давлат органи ва ташкилотида тегишли адлия органи томонидан хизмат текшируви ўтказилиши мумкин.

28. Хизмат текширувини ўтказиш учун асос бўлган ҳолат ўз исботини топганда, тегишли адлия органи давлат органи ва ташкилотининг айбдор мансабдор шахсларини белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш чораларини кўради.

4-боб. Якуний қоидалар

29. Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш масалаларини келишиш билан боғлиқ барча ҳужжатлар тегишли адлия органида сақланади.

30. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.

31. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги ва Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан келишилган.

Меҳнат вазири А. АБДУХАКИМОВ

2017 йил 28 февраль

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси Қ. РАФИКОВ

2017 йил 28 февраль

Юридик хизмат ходимини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш масалаларини

адлия органлари билан келишиш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА

http://www.lex.uz/Pages/GetPDF.aspx?file=3127536

Юридик хизмат ходимини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш масалаларини

адлия органлари билан келишиш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА

Адлия органларига келишиш учун тавсия этилган номзоднинг яқин қариндошлари ҳақида

МАЪЛУМОТ

 

Т

Ф.И.О.

Қариндошлиги

Туғилган йили ва жойи

Иш жойи ва лавозими

Яшаш жойи

           
           

Яқин қариндошларимнинг рўйхатини тўлиқ ва тўғрилигини тасдиқлайман

 

 

Номзод: _____________________________________________________

(Ф.И.О., имзо)

 

Юридик хизмат ходимини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш

масалаларини адлия органлари билан келишиш тартиби тўғрисидаги низомга
3-ИЛОВА


Манба:  Адлия вазирлиги
Ҳужжат тури:  Буйруқ
Ҳужжат рақами:  42-мҳ
Қабул қилиниш санаси:  28.02.2017
Кўчириб олиш pdf |