Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Опиоидларга тобеликни даволаш баённомаси Бош сахифа

22 ноября 2014

Опиоидларга тобеликни даволаш баённомаси

Опиоидларга тобеликни даволаш баённомаси 

 Касалликлар Халқаро таснифи бўйича коди (КХТ -10) – F11.2.




Тошкент – 2014

ОПИОИДЛАРГА ТОБЕЛИКНИ (ОПИЙ НАРКОМАНИЯСИНИ) ДАВОЛАШ БАЁННОМАСИ

1. Таърифи:

Опиоидларга тобелик (опий наркоманияси) - сурункали ривожланувчи касаллик бўлиб, опий ёки унинг синтетик бирикмалари истеъмоли миқдори кўпайиб борадиган патологик мойиллик, наркотикни қабул қилиниши тўхтатилганида ёки специфик антагонистлар юборилганида - абстинент синдроми, суиистеъмолдаги соматоневрологик ва ижтимоий оқибатлари билан тавсифланади.

2. Беморларни танлаб олиш:

Баённома дастурига асосан беморларга ташҳис қўйилган вақтдан бошлаб кечиктириб бўлмайдиган ёрдам кўрсатилади. Психопатологик преморбид ва қўшимча соматик касалликлар аниқланган беморларга алоҳида эътибор бериш керак.

3. Опиоидлар турлари:

Келиб чиқиши бўйича:

- табиий (опий-ханашё, омнопон, тозаланган опий алкалоидлари – морфин, кодеин, тебаин ва б.);

- ярим синтетик (героин, гидрокодон, оксикодон, бупренорфин);

- синтетик (метадон, промедол, LAAM, фентанил, буторфанол, налбуфин).

Рецепторларга таъсири бўйича:

- опиоид рецепторлари агонистлари (морфин, кодеин, промедол, метадон, LAAM, фентанил, гидрокодон, оксикодон);

- опиоид рецепторларига қисман таъсир этувчи агонистлар (бупренорфин);

- опиоид рецепторлари агонист-антагонистлари, ёки аралаш таъсир этувчи моддалар (буторфанол, налбуфин).

4. Опиоидларга тобелик ҳолатининг (опий наркоманияси) таснифи:

Клиник кўринишининг оғирлик даражаси бўйича:

I – биринчи (бошланғич) босқич;

II – иккинчи (ўрта) босқич;

III – учинчи (охирги) босқич.

Наркоманиянинг ижтимоий оқибатлари

- енгил;

- ўрта оғир;

- оғир.

Наркоманиянинг соматоневрологик оқибатлари.

Ремиссия, рецидив.

5. Ташҳислаш мезонлари:

Касалликнинг анамнез маълумотлари (субъектив ва объектив анамнез) ва клиник кўринишини таҳлил қилиш. Ташҳис қўйишида яна вена қон томирларига наркотик модда юборилиш оқибатида қон томирлар йўли бекилиб қолиши “игна йўллари”ни аниқлаш аҳамиятлидир.

Опиоидларга тобеликнинг биринчи босқичини ташҳислаш мезонлари: опиоидларга патологик мойиллик (“руҳий тобелик”), наркотик мунтазам равишда истеъмол қилиниши, “чидамлилик” кўпайиб бориши, наркотикнинг физиологик таъсирлари сақланиши, касалликдан олдинги шахс хусусиятлар ўткирлашуви.

Опиоидларга тобеликнинг иккинчи босқичини ташҳислаш мезонлари: абстиненция синдроми шаклланиши, опиоидларни ҳар кунги истеъмолига ўтиш, энг “юқори чидамлилик”, чидамлилик “яссилиги”, наркотикнинг физиологик таъсирлари йўқолиши ва опиоидларнинг фаоллаштирувчи таъсири устунлиги, “наркоманияга хос” шахс ўзгаришлар шаклланиши.

Опиоидларга тобеликнинг учинчи босқичини ташҳислаш мезонлари: “чидамлилик” пасайиши, наркотикнинг фаоллаштирувчи таъсири ҳаётий активлиги таъсирига алмашиши, наркотикларга доимий патологик мойиллик, оғир даражадаги абстиненция синдроми, турғун астения ҳолати, одоб-ахлоқий шахс инқирози.

6. Дифференциал диагностика:

Бошқа психоактив моддалар суиистеъмолида учрайдиган руҳий ва хулқ-атвор ўзгаришлари билан таққослаш керак.

7. Опий абстиненция синдромининг оғирлик даражасини баҳолаш:

Енгил: мидриаз, бурун оқиши, йўтал, аксириш, кўз ёши, “ғоз териси”, астения, уйқусизлик. Аффектив бузилишлар – дискомфорт ҳисси, қониқарсизлик, ички зўрайиш, ваҳима, безовталаниш, тушкун кайфият, жахлдорлик.

Ўрта: мидриаз, қалтираш, анорексия, гиперсаливация, тахикардия, гипертензия, нафас олиш тезлашиши. Аффектив бузилишлар – ғамгинлик, ваҳима, бедаволик ҳисси ёки кучли жаҳлдорлик, атрофдаги ҳодисаларга норозилик билан кечувчи ғамгин-ғазабли кайфият. Мушак ва йирик бўғимларда қаттиқ қийнайдиган оғриқлар, мушаклар тонуси ошиши, ҳаракат безовталаниши. Наркотикларга енгиб бўлмайдиган мойиллик, бошқариб бўлмайдиган агрессив хулқ-атвор.

Оғир: кучли даражадаги вегетатив ва оғриқ бузилишлар билан бирга диспептик ўзгаришлар (қоринда тутиб қолувчи оғриқлар, ачишиш, кўнгил айниш, қайт қилиш, диарея) кузатилиши. Аффектив бузилишлар – апатик депрессия ёки психопатсимон хулқ-атвор, дағаллик, эксплозив реакциялар, ҳаракат қўзғалиши, наркотикларга енгиб бўлмайдиган мойиллик билан кечувчи дисфория ҳолати.

8. Госпитализация (стационарга ётқизиш):

Ўрта оғир ва оғир даражадаги абстиненция синдроми, енгиб бўлмайдиган патологик мойиллик, стационар шароитида даволанишга хоҳиш бўлган ҳолатларда беморлар наркологик стационарга ётқизилиши керак.


Ҳужжат тури:  Протокол
Ҳужжат:  Download
Кўчириб олиш pdf |