Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Вабони даволаш баённомаси Бош сахифа

28 октября 2014

Вабони даволаш баённомаси

ВАБОНИ ДАВОЛАШ ПРОТОКОЛИ (А 00)

  1. Таърифи: Вабо — Vibrio cholerae бактериялари қўзғатадиган фекал-орал юқиш механизмига эга бўлган ва сувсимон диарея, қусиш, тез орада организмнинг турли даражада сувсизланиши билан кечадиган ўткир ичак инфекциясидир.
  2. Беморларни танлаш:
  3. Протокол бўйича даволаш жараёни ташхис қўйилгандан кейин дарҳол бошланади. Барча беморлар шифохонага ётқизилади.

    A00.001 вибриони, cholerae биовари қўзғатадиган вабо
    A00.101 вибриони, eltor биовари қўзғатадиган вабо
    A00.9Аниқланмаган вабо Сув ювиндиси кўринишидаги диарея. Эпидемик вабо
  4. Таснифи
  5. Клиник таснифи сувсизланиш даражасига асосан аниқланади.

    I-даража — сувсизланиш даражаси дастлабки тана вазнига нисбатан 3% дан ошмайди;

    II-даража — сувсизланиш даражаси дастлабки тана вазнига нисбатан 4-6% ни ташкил қилади;

    III-даража — сувсизланиш даражаси дастлабки тана вазнига нисбатан 7-9% ни ташкил қилади;

    IV-даража — сувсизланиш даражаси дастлабки тана вазнига нисбатан 9% дан ортиқ қисмини ташкил қилади.

    Организм кўп миқдорда сувсизланганда алгид (лотинча algidus совуқ) — симптомокомплекси ривожланади.

    Бунда организмнинг IV даражали сувсизланиши натижасида натрий ва калий хлоридлар ҳамда бикарбонатлар йўқотилиши туфайли вужудга келадиган гипотермия, гемодинамик ўзгаришлар; анурия; қўл-оёқлар, юз ва қорин мушакларининг тоник қисқариши; кескин нафас етишмаслиги; тери таранглигининг пасайиши, “кир ювувчилар қўли” симптомининг пайдо бўлиши; нажаснинг камайиши ва ҳатто умуман йўқолиши кузатилади.

    Болаларда вабонинг ўзига хос хусусиятлари:

    Оғир кечишии

    • Эрта ривожланади ва кучли дегидратация аниқланади
    • Кўпинча МНТ фаолиятининг бузилиши кузатилади: карахтлик, ступор ва кома тарзида эс-ҳушнинг бузилиши.
    • Кўпинча талваса кузатилади.
    • гипокалиемияга мойиллик ошади
    • Тана ҳароратининг кўтарилиши аниқланади.

    Болаларда сувсизланиш даражаси

    I-даража — сувсизланиш даражаси дастлабки тана вазнига нисбатан 2% дан ошмайди;

    II-даража — сувсизланиш даражаси дастлабки тана вазнига нисбатан 3-5% ни ташкил қилади;

    III-даража — сувсизланиш даражаси дастлабки тана вазнига нисбатан 6-8% ни ташкил қилади;

    IV-даража — сувсизланиш даражаси дастлабки тана вазнига нисбатан 8% дан ортиқ қисмини ташкил қилади.

  6. Оғирлик даражасини баҳолаш мезонлари
  7. Енгил даража

    Суюқ нажас ва қусиш бир марта кузатилиши ҳам мумкин. Сувсизланиш даражаси дастлабки тана вазнига нисбатан 1-3% дан ошмайди (1-даражали дегидратация). Бемор ўзини қониқарли ҳис қилсада, оғизнинг қуриши, кучли чанқаш, мушаклар ҳолсизлигидан шикоят қилади.

    Ўрта оғир даража

    15-20 мартагача ич кетиши билан ўткир бошланиб, нажас характерини йўқота боради ва унинг кўриниши гуруч қайнатмасини эслатади. Ич кетганда қоринда оғриқ ва тенезмлар кузатилмайди. Кўнгил айнимаган ҳолда қусиш кузатилади. Сувсизланиш даражаси дастлабки тана вазнига нисбатан 4-6% ни ташкил қилади (2-даражали дегидратация). Айрим гуруҳ мушакларининг тортишиб қисқариши аниқланади.

    Оғир даража

    7-9% сув йўқотиш ва гемодинамика бузилиши билан кечадиган юқори даражадаги сувсизланиш тури (3-даражали дегидратация). Ич кетиши кўп миқдорда, нажас характери сувсимон, тез-тез ич кетади, қусиш, мушакларнинг тортишиб қисқариши аниқланади. Артериал қон босими пасаяди, томир уриши тезлашади. Олигурия ёки анурия аниқланади.

  8. Ташхис қўйиш мезонлари
    • Анамнез маълумотлари: эндемик туман, маълум эпидемия.
    • Клиник манзараси.
    • Суюқ нажас (диарея), одатда у тўсатдан бошланади
    • қусиш
    • қоринда оғриқ
    • юз ва қўл-оёқлар мушакларининг тортишиб қисқариши
    • чанқоқлик
    • чарчоқлик
    • бош айланиши, бош оғриғи
    • нафас етишмаслиги
    • оёқ-қўллар терисининг кўкариши
  9. Минимал лаборатория текширувлари
    • Қон ва сийдикнинг умумий таҳлили;
    • Материални бактериологик экма қилиш (нажас, қусуқ массаси, сув)
    • Тоза культура ажратиш, идентификация қилиш
    • Ажратмаларнинг биокимёвий хусусиятларини текшириш
    • Специфик зардоблар билан агглютинация реакциясини қўйиш.
  10. Дифференциал (қиёсий) ташхиси
    • Сальмонеллёзлар
    • Зонне дизентерияси (ичбуруқ)
    • Ичак таёқчалари қўзғатадиган гастроэнтерит
    • Вирусли диарея (ротавируслар)
    • Заҳарли замбуруғлар билан заҳарланиш
    • Фосфорорганик пестицидлар билан заҳарланиш
    • Ботулизм
  11. Шифохонага ётқизиш
  12. Беморлар зудлик билан махсус бўлимга ётқизилади.

  13. Базис даволаш
  14. Циркуляциядаги қоннинг ҳажми ва тўқималарнинг электролит таркибини тиклаш ҳамда мувозанатни таъминлаб туриш

    Икки босқичда ўтказилади:

    Йўқотилган суюқлик ўрнини қоплаш — регидратация (тана вазни танқислигига мос келадиган суюқлик ҳажми) дейилади.

    Сув ва электролитларнинг давом этаётган танқислигини коррекция қилиш.

    Орал ва парентерал тарзда ўтказиш мумкин. Суюқликни организмга киритиш йўли касалликнинг кечишининг оғирлиги, организмнинг сувсизланиш даражаси, қусишлар сони ва миқдорига боғлиқ. Сувсизланишнинг III ва IV даражаси бўлган беморларга вена ичига эритмаларнинг оқим билан юбориш асосий кўрсатма ҳисобланади.

    Орал регидратация учун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эритмаси, вена ичига ўтказиладиган дастлабки регидратация учун Рингер эритмаси тавсия қилинади.

    Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан орал регидратация учун қуйидаги эритма тавсия қилинган

    Таркибий қисмиКонцентрация, mmol/L
    Натрий90
    Калий20
    Cl80
    Цитрат10
    Глюкоза110

    Кучли сувсизланиш кузатилган беморларда вена ичига дастлабки регидратация ўтказишда Рингер эритмаси (инглизча Ringer's lactat) ни қўллаш яхши самара беради. Гипокалиемия қўшимча равишда калий препаратларини киритиш орқали коррекция қилинади (ўрни тўлдирилади).

    Вабода нажас ва Рингер эритмаси электролит таркибининг қиёсий тавсифи (mml/L)

    Субстанция Натрий Калий Cl Асос
    Нажас
    Катталар 135 15 90 30
    Болалар 100 25 90 30
    Рингер эритмаси 130 4 109 28
  15. Этиотроп даволаш
  16. Асосий дори воситаси сифатида тетрациклин қўлланилади. Тетрациклин билан даволаш циркулятор ўзгаришлар бартараф қилингандан кейин бошланади ва ҳар 6 соатда 500 мг миқдорида тайинланади. Бир маҳал 300 мг миқдорида доксициклин қўлланилиши мумкин. Бу дори воситаларини қўллаш 8 ёшдан кичик болаларга тавсия қилинмайди. Эритромицин ва ципрофлоксацинлар ҳам самарали дорилар ҳисобланади.

  17. Патогенетик ва симптоматик даволаш қуйидаги асоратлар кузатилганда ўтказилади:
    • гиповолемик шок
    • ўткир буйрак етишмовчилиги: олигурия, анурия
    • МНТ фаолиятининг бузилиши: талваса, кома – протоколга мувофиқ даволаш
  18. Профилактикаси
    • Эндемик ўчоқлардан инфекциянинг кириб келишига йўл қўймаслик
    • Санитар-гигиеник тадбирларга риоя қилиш: сувни зарарсизлантириш, қўлни ювиш, овқатларни термик ишловдан ўтказиш, жамоа жойларида зарарсизлантириш тадбирларини ўтказиш ва бошқалар.
    • Беморлар ва вибрион ташувчиларни эрта аниқлаш, изоляция қилиш (ажратиш) ва даволаш.
    • Специфик (махсус) профилактика вабо вакцинаси ва холероген-анатоксин ёрдамида ўтказилади.
    • Бугунги кунда оғиз орқали (перорал) қабул қилинадиган вабога қарши қуйидаги вакциналар мавжуд.

Кўчириб олиш pdf |