Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Буйруқ № 62 "Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида ташкил этилган ахборот хизматини Республика миқёсида жорий этиш ҳақида" Бош сахифа

05 марта 2012

Буйруқ № 62 "Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида ташкил этилган ахборот хизматини Республика миқёсида жорий этиш ҳақида"

Герб Республики Узбекистан

O”ZBEKISTON RESPUBLIKASI SOGLIQNI SAQLASH VAZIRLIGI
BUYRUQ

5 март 2012 ийл № 62
Тошкент ш.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида ташкил этилган ахборот хизматини Республика миқёсида жорий этиш ҳақида

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида беморларга тиббий хизмат олишларида қулайликлар яратиш, уларнинг соғлиқни сақлаш тизими тўғрисида хабардорлигини ошириш мақсадида

Б У Ю Р А М А Н:

1. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги рўйхати мазкур буйруқнинг 1-иловаси билан тасдиқланган республика тасарруфидаги ва Тошкент шахар соғлиқни сақлаш Бош бошқармасига қарашли даволаш-профилактика муассасаларида 2012 йилда эксперимент тарзида беморларнинг тиббий хизматлар тўғрисидаги хабардорлигини оширишга қаратилган ахборот хизмати ташкил этилсин.

2. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида ташкил этиладиган ахборот хизмати тўғрисида вақтинчалик Низом 2-иловага биноан тасдиқлансин.

3. Даволаш-профилактика муассасаларидаги ахборот хизмати фаолиятини мониторинг қилиш бўйича ишчи гуруҳ таркиби 3-иловага биноан тасдиқлансин.

4. Тошкент врачлар малакасини ошириш институти (Д.М.Сабиров) га бир ой муддатда рўйхати 1-иловада келтирилган 11 та республика тасарруфидаги даволаш-профилактика муассасаларида ташкил этиладиган ахборот хизмати мутахассисларини ТошВМОИ инновацион технологиялар ва молиявий менежмент кафедрасида малака ошириш курсларида хўжалик ҳисобида ўқитилишини жадвал асосида ташкил этсин.

Худди шу аснода жорий йилнинг сентябрь ойида 1-иловада келтирилган қолган 7 та Тошкент шаҳар ССББ тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида ташкил этиладиган ахборот хизмати мутахассисларини ўқитилишини ташкил этсин.

5. Мазкур буйруқнинг 1-иловаси билан тасдиқланган республика тасарруфидаги даволаш-профилактика муассасалари раҳбарларига:

бир ҳафта муддатда ахборот хизматига малакали олий тиббий маълумотга эга бўлган ва камида 3 йил мазкур муассасада иш стажига эга бўлган 3 тадан мутахассис танлаб олинсин ва ТошВМОИ билан шартнома асосида ТошВМОИ инновацион технологиялар ва молиявий менежмент кафедрасида шартнома асосида мавзуий малака ошириш курсларида ўқитилсин;

1 апрелгача ахборот хизмати учун муассасанинг кириш қисмида (қабул бўлими, регистратура) алоҳида жой ажратилсин, алоқа воситаси, компьютер техникаси ва кўргазмали жиҳозлар билан таъминлансин ва 1 апрелдан фаолиятини бошласин.

Худди шундай мазкур буйруқнинг 1-иловаси билан тасдиқланган Тошкент шаҳар ССББ тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари бош шифокорлари 1 сентябргача ахборот хизматига 3 тадан мутахассис танлаб олиб ТошВМОИ инновацион технологиялар ва молиявий менежмент кафедрасида ўқитилишини ташкил этсин ҳамда 1 октябрдан ахборот хизмати фаолияти бошланишини таъминласин.

6. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Хусусийлаштириш ва пуллик хизматни ташкил этиш Маркази (А.А.Агзамов) ва ТошВМОИ инновацион технологиялар ва молиявий менежмент кафедраси (Б.Д.Дурманов) га:

- ахборот хизмати фаолияти бўйича даволаш-профилактика муассасаларига доимий услубий ва амалий ёрдам кўрсатиб борилсин;

- 2012 йил давомида эксперимент бориши хар чоракда мониторинг қилиб борилсин ва 2013 йил 20 январгача Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбариятига мониторинг натижалари бўйича таҳлилий маълумотнома ва экспериментни республиканинг бошқа даволаш-профилактика муассасаларига ёйишнинг мақсадга мувофиқлиги бўйича хулоса тақдим этилсин;

- ахборот хизмати мутахассисларини доимий равишда ҳар 2 йилда камида 1 марта қисқа муддатли малака ошириш мавзуий курсларида ўқитилиши таъминлансин.

7. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Хусусийлаштириш ва пуллик хизматни ташкил этиш Маркази (А.А.Агзамов) га:

- бир ҳафта муддатда ишчи гуруҳ аъзолари билан биргаликда даволаш-профилактика муассасалари бош шифокорлари (бош шифокор ўринбосарлари) учун ахборот хизмати ишини ташкиллаштириш бўйича ориентацион йиғилиш ўтказсин;

- бир ой муддатда Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида бепул ва пуллик тиббий хизматлар тўғрисидаги маълумотларни ўзида жамлаган ахборот қўлланмасини ишлаб чиқсин ва эксперимент ўтказилиши режалаштирилган даволаш-профилактика муассасаларига етказсин.

8. Ушбу буйруқнинг ижросини назорат қилиш вазирнинг биринчи ўринбосари А.В.Алимов зиммасига юклатилсин.

Вазир : А.И.Икрамов

Ўзбекистон Республикаси
Соғлиқни сақлаш вазирининг
2012 йил 5 мартдаги
62-сонли буйруғига 1-илова

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги ахборот хизмати ташкил этиладиган даволаш-профилактика муассасалари
Рўйхати

Даволаш-профилактика муассасаси номи Ташкил этиш муддати
1 Академик В.Вохидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия маркази 2012 йил II чорак
2 Республика ихтисослаштирилган урология маркази 2012 йил II чорак
3 Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургия маркази 2012 йил II чорак
4 Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази 2012 йил II чорак
5 Республика ихтисослаштирилган дерматология ва венерология илмий-амалий тиббиёт маркази 2012 йил II чорак
6 Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази 2012 йил II чорак
7 Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази 2012 йил II чорак
8 Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази 2012 йил II чорак
9 1-сонли Республика клиник касалхонаси 2012 йил II чорак
10 Травматология ва ортопедия илмий-текшириш институти 2012 йил II чорак
11 Республика офтальмология шифохонаси 2012 йил II чорак
12 Шаҳар 1-сон клиник шифохонаси 2012 йил IV чорак
13 Шаҳар 2-сон клиник шифохонаси 2012 йил IV чорак
14 Шаҳар 3-сон клиник шифохонаси 2012 йил IV чорак
15 И.Эргашев номли шаҳар 4-сон клиник шифохонаси 2012 йил IV чорак
16 Шаҳар 5-сон клиник шифохонаси 2012 йил IV чорак
17 Шаҳар 7-сон клиник шифохонаси 2012 йил IV чорак
18 Тошкент шаҳар диагностика маркази 2012 йил IV чорак
Ўзбекистон Республикаси
Соғлиқни сақлаш вазирининг
2012 йил 5 мартдаги
62-сонли буйруғига 2-илова

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида ташкил этиладиган ахборот хизмати тўғрисида
Вақтинчалик Низом

1. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида ахборот хизмати тиббий хизмат сифатини яхшилаш, беморларнинг соғлиқни сақлаш соҳасига оид амалдаги қонунчилик, соғлиқни сақлаш муассасаларида ва хусусан ушбу тиббиёт муассасасида беморларни бепул дори-дармон билан таъминоти, овқатланиш тартиби, муассасада мавжуд тиббий ва диагностик ёрдам ҳажми, клиник хизматлар, шу жумладан бепул тиббий ёрдам ҳажми ва турлари, пуллик тиббий ёрдам кўрсатиш тартиб-қоидалари ва пуллик хизматлар прейскуранти (нархлари) бўйича хабардорлигини ошириш мақсадида ташкил этилади.

2. Ахборот хизмати ходимлари даволаш-профилактика муассасасининг масъул ходимлари тоифасига кириб, беморларни тиббий ёрдам олишнинг барча жиҳатлари бўйича бирламчи хабардор қилиш ва маслаҳат бериш ҳамда уларга кўрсатилаётган тиббий хизматларни яхшилаш бўйича тезкор қарорларни қабул қилиш ваколатларига эгадир. Ахборот хизматининг масъул ходими лавозими бўйича бош шифокорнинг ўринбосари лавозимига тенглаштирилади.

3. Ахборот хизмати даволаш-профилактика муассасаси кириш ёки кўринарли қисмида (қабул бўлими, регистратура) алоҳида ажратилган жойда ёки хонада жойлаштирилади. Ахборот-менежмент хизмати барча тегишли ахборот материаллари, кўргазмали қуроллар, алоқа воситаси, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ва тегишли ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармасининг электрон тармоғига уланган компьютер билан жиҳозланади.

4. Ахборот хизматига олий тиббий маълумотга эга бўлган ва камида 3 йил мазкур муассасада иш стажига эга бўлган малакали мутахассис тайинланади ва ойлик маоши алоҳида бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан белгиланади. Ахборот-менежмент хизматига иш ҳажмига қараб қўшимча врач-мутахассис ва олий малакали ҳамшира меҳнат келишуви асосида пуллик хизмат маблағлари ҳисобидан жалб этилиши мумкин.

5. Ахборот хизматининг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

- беморларнинг қонун билан белгиланган ҳуқуқлари, даволаш-профилактика муассасаларида овқатланиш, бепул дори-дармон билан таъминланиш, бепул тиббий хизмат кўрсатиш ва пуллик тиббий хизмат масалаларини ҳисобга олган ҳолда тиббий хизмат кўрсатишнинг турли аспектлари бўйича хабардорлигини ошириш;

- муассасага мурожаат этган беморлар ва уларнинг яқин қариндошларининг соғлиқни сақлаш тизимида ва жумладан мазкур муассасада бепул ва пуллик тиббий хизмат олиш билан боғлиқ барча саволларига жавоб бериш;

- беморларга тиббий хизмат кўрсатишнинг рационал ҳажмлари ва тиббий хизмат кўрсатиш тартиби ва улар томонидан тиббий хизмат олишга ихтиёрий равишда қарор қабул қилиш учун клиник маршрутни (йўлни) рационал танлаб олиш юзасидан хабардорлигини ошириш мақсадида бирламчи маслаҳатлар ва тушунтириш ишларини олиб бориш;

- ахборот хизмати маълумотларидан қониқмаган ҳолларда беморларни бош шифокор ёки бош шифокор ўринбосари қабулига киришини ташкил этиш;

- беморлар ва уларнинг ишончли вакиллари билан шикоят ва таклифлар бўйича дастлабки ишларни олиб бориш;

- беморларнинг клиник маршрутлари (йўллари), уларнинг шикоят ва таклифлари, даволаш-профилактика муассасаларида тиббий хизмат сифатининг бошқа аспектлари таҳлилини олиб бориш ва раҳбариятга ахборот хизматини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш.

Ўзбекистон Республикаси
Соғлиқни сақлаш вазирининг
2012 йил 5 мартдаги
62-сонли буйруғига 3-илова

Даволаш-профилактика муассасаларидаги ахборот хизмати фаолиятини мониторинг қилиш бўйича
Ишчи гуруҳ таркиби

Ф.И.Ш. Лавозими
1 А.В.Алимов Вазирнинг биринчи ўринбосари, гуруҳ раҳбари
2 Б.О.Хошимов ИМваИАББ бошлиғи
3 Ш.Э.Атаханов ФваЎЮББ бошлиғи
4 Д.Б.Миразимов ДПЁББ бошлиғи
5 Д.И.Ахмедова ОваБМҚББ бошлиғи
6 Л.Н.Туйчиев СЭНББ бошлиғи
7 А.А.Агзамов ХваПХТЭМ директори
8 Ф.А.Акилов РИУМ директори
9 З.У.Сиддиков РИКММ директори
10 Ш.Х.Хошимов РИХМ бош шифокори
11 Б.Д.Дурманов ТошВМОИ кафедра мудири

Киритилди:

ХваПХТЭМ директори - А.А.Агзамов

ИМваИАББ бошлиғи - Б.О.Хошимов

Келишилди:

Вазирнинг биринчи ўринбосари - А.В.Алимов

Вазир ўринбосари - А.И.Камилов

Вазир ўринбосари - С.С.Сайдалиев

Назорат инспекцияси бошлиғи - У.С.Исмаилов

ФваЎЮББ бошлиғи - Ш.Э.Атаханов

ДПЕББ бошлиғи - Д.Б.Миразимов

ОваБМҚББ бошлиғи - Д.И.Ахмедова

СЭНББ бошлиғи - Л.Н.Туйчиев

Бош адлия маслахатчи - Б.Г.Хажиханов


Ҳужжат тури:  Буйруқ
Ҳужжат рақами:  № 62
Қабул қилиниш санаси:  05.03.2012
Кўчириб олиш pdf |