Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун қўлланиладиган фискал хотирали назорат-касса машиналарига қўйиладиган ягона техник талабларни тасдиқлаш тўғрисида Бош сахифа

28 июня 2014

Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун қўлланиладиган фискал хотирали назорат-касса машиналарига қўйиладиган ягона техник талабларни тасдиқлаш тўғрисида

Герб Республики Узбекистан

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ СОЛИҚ ҚЎМИТАСИ
ЎЗБЕКИСТОН СТАНДАРТЛАШТИРИШ, МЕТРОЛОГИЯ ВА СЕРТИФИКАТЛАШТИРИШ АГЕНТЛИГИНИНГ
Қарори

Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун қўлланиладиган фискал хотирали назорат-касса машиналарига қўйиладиган ягона техник талабларни тасдиқлаш тўғрисида

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 28-сон, 354-модда)

[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2014 йил 11 июлда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2601]

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 7 июндаги 147-сон «Вазирлар Маҳкамасининг «Фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарининг қўлланишини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2011 йил 17 ноябрдаги 306-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги қарор қилади:

1. Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун қўлланиладиган фискал хотирали назорат-касса машиналарига қўйиладиган ягона техник талаблар иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Давлат солиқ қўмитаси раиси Б. ПАРПИЕВ

28 июнь 2014 йил № 27
г. Тошкент

Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги бош директори А. КУРБАНОВ

28 июнь 2014 йил № 2
г. Тошкент
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Ўзбекистон
стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлигининг
2014 йил 28 июндаги 2014-27, 2-к-сонли қарорига
ИЛОВА

Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун қўлланиладиган фискал хотирали назорат- касса машиналарига қўйиладиган

ЯГОНА ТЕХНИК ТАЛАБЛАР

Мазкур Ягона техник талаблар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 7 июндаги 147-сон «Вазирлар Маҳкамасининг «Фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарининг қўлланишини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2011 йил 17 ноябрдаги 306-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қарорига мувофиқ, фискал хотирали назорат-касса машиналари (бундан буён матнда НКМ деб юритилади) жавоб бериши шарт бўлган асосий техник ва функционал тавсифлар, шунингдек ахборотни ҳимоя қилиш бўйича мажбурий талабларни белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Ягона техник талаблар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўлланиши рухсат этилган фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарининг Давлат реестрига киритиладиган ҳамда амалда фойдаланишда бўлган НКМларни техник талабларга мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказишга нисбатан татбиқ этилади.

2. Мазкур Ягона техник талабларда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

НКМ — кассир-операциячилар иш жойини (ишини) автоматлаштириш учун мўлжалланган ҳамда аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни тўлиқ фискал қайд қилишни таъминловчи аппарат-дастурий қурилма;

фискал хотира — НКМнинг таркибий қисми бўлган ва фискал маълумотларни қайд қилиш учун мўлжалланган, уларни ўзгартириш имкониятини истисно қилувчи энергияга боғлиқ бўлмаган ҳолда ахборотни узоқ вақт хотирада сақлашга мўлжалланган қурилма;

фискал маълумотлар — давлат солиқ хизмати органлари томонидан назорат қилиш учун зарур бўлган тезкор ва молиявий ахборот ёзувлари;

ёзув — НКМнинг завод рақамини киритишда, уни фискаллаштириш ва қайта рўйхатдан ўтказишда ёки смена ёпилишида (Z-ҳисобот амалга оширилганда) бир ҳаракат билан фискал хотирага ёзиладиган тезкор ёки молиявий ахборот;

тезкор ахборот — НКМни фискаллаштириш ёки қайта рўйхатга олиш вақтида фискал хотирага киритиладиган ва НКМ фискал хотирасини идентификация қилиш учун зарур бўлган ахборот;

молиявий ахборот — ҳар суткада (сменада) смена ёпилиши йўли билан фискал хотирага (Z-ҳисобот амалга оширилганда) киритиладиган, НКМга қайд қилинган пул муомаласи бўйича бутун ахборотни ўз ичига оладиган ва пулли операцияларнинг ҳисобини тўғри юритиш учун хизмат қиладиган ахборот;

НКМни фискаллаштириш — фискал хотирани активлаштириш, тезкор ахборотни киритиш ва фискал режимни ёқиш;

НКМни қайта рўйхатдан ўтказиш — НКМ эгаси бўйича тезкор ахборот орқали НКМ фискал хотирасига янги ёзувни киритиш;

фискал режим белгиси — НКМ чекларида босиб чиқарилиши шарт бўлган ва НКМни фискаллаштиришдан кейин ҳосил бўлувчи ажралиб турадиган белги.

2-боб. Фискал хотира

3. Ҳар бир НКМнинг фискал хотирасига завод томонидан 7 разряддан кам бўлмаган уникал рақам киритилади.

4. НКМни фискаллаштиришдан олдин у ўқув режимида (фискалсиз) ишлаш имкониятига эга бўлиши лозим. НКМ фискаллаштирилгандан кейин уни ўқув режимига (фискалсиз) қайтариш имкони бўлмаслиги керак.

5. Ўқув режими давомида босиб чиқарилган НКМ чеклари ва ҳисоботлар фискал режим белгисига эга бўлмайди. Фискал хотира олдинги ёзувлар сақланган ҳолда НКМни фискаллаштириш ҳамда НКМни тўрт марта қайта рўйхатдан ўтказиш имконига эга бўлиши лозим.

6. Ҳар бир ёзув қуйидаги тезкор ахборот параметрларига эга бўлиши лозим:

6 разряддан кам бўлмаган НКМни рўйхатдан ўтказиш карточкаси тартиб рақами;

12 разряддан кам бўлмаган НКМ эгасининг — солиқ тўловчининг идентификация рақами (бундан буён матнда СТИР деб юритилади);

6 разряддан кам бўлмаган НКМни фискаллаштириш ёки уни қайта рўйхатдан ўтказиш санаси;

5 разряддан кам бўлмаган фискал хотирага кириш пароли;

НКМни фискаллаштириш (НКМни қайта рўйхатдан ўтказиш) рақами;

4 разряддан кам бўлмаган илгари НКМни фискаллаштиришдаги (НКМни қайта рўйхатдан ўтказишдаги) Z-ҳисоботлар сони.

Ҳар бир ёзув мазкур бандда назарда тутилмаган бошқа ахборотларга ҳам эга бўлиши мумкин.

7. Z-ҳисобот амалга оширилганда, суткалик (сменалик) фискал хотирадаги ёзув қуйидаги молиявий ахборот параметрларига эга бўлиши лозим:

6 разряддан кам бўлмаган смена ёпилган сана;

4 разряддан кам бўлмаган ёзувнинг тартиб рақами (Z-ҳисобот рақами);

НКМнинг тегишли гуруҳи учун назарда тутилган разряддан кам бўлмаган суткалик (сменалик) жами пул тушуми.

Суткалик (сменалик) фискал хотирадаги ёзув мазкур бандда назарда тутилмаган бошқа ахборотларга ҳам эга бўлиши мумкин.

8. Мазкур Ягона техник талабларнинг 7-бандида кўрсатилган суткалик (сменалик) фискал хотирадаги ёзувлар сони 2000 тадан кам бўлмаслиги лозим.

9. Фискал хотирадаги ҳар бир ёзув унинг ахборотларини ташкил қиладиган назорат суммасига (CRC) эга бўлиши лозим.

10. Z-ҳисоботни амалга ошириш вақтида сутка (смена) давомида қабул қилинган барча тўловлар фискал хотирага киритилади.

11. Фискал хотирадаги фискал маълумотлардан фойдаланиш (фискал ҳисоботни босиб чиқариш) фискал хотирага кириш пароли билан ҳимояланган бўлиши лозим.

12. НКМнинг фискал хотирасидаги суткалик (сменалик) ёзувлар учун бўш жойлар сони 30 тадан кам қолганда, Z-ҳисоботда ушбу бўш жойлар сони тўғрисида маълумотлар босиб чиқарилиши керак.

13. Фискал хотира ҳажми тўлганда, носоз ҳолга келиб қолганда, узиб қўйилганда, фискал хотирага рухсат этилмаган тартибда киришга ҳаракат қилинганда НКМ автоматик равишда блокировка қилиниши лозим.

14. НКМ талаб этилган оралиқ давр учун фискал хотирадаги қуйидаги фискал маълумотлар босиб чиқарилишини таъминлаши лозим:

барча молиявий ахборотлар;

талаб этилган оралиқ давр учун жами сумма;

НКМнинг завод рақами;

НКМни рўйхатдан ўтказиш карточкаси тартиб рақами;

НКМ эгасининг СТИРи;

НКМни фискаллаштириш ва қайта рўйхатдан ўтказиш санаси.

15. Фискал хотирага киритилган фискал маълумотлар, ташқи ва ички таъминот манбалари мавжуд бўлмаганда ҳам, НКМ фискаллаштирилган ёки НКМ охирги марта қайта рўйхатдан ўтказилган вақтдан бошлаб камида 5 календарь йил сақланиши лозим.

16. Фискал хотира блоки мустақил функционал модул кўринишида конструктив бажарилган бўлиши лозим.

17. Фискал хотира НКМ корпусининг ичида алоҳида жойлаштирилиши ҳамда рухсат этилмаган тартибда киришдан ҳимояланган бўлиши керак.

18. Фискал хотира блокининг конструктив бажарилиши блок элементларини ечишдан ва уларнинг уланиш контактларига (махсус ҳимояланган қопламага) киришдан ҳимояга эга бўлиши лозим.

19. Фискал хотира конструкцияси ва унинг махсус ҳимояланган қопламаси НКМ ишлаб турганда, техник хизмат кўрсатилаётганда ва таъмирланаётганда унда сақланаётган фискал маълумотлар рухсат этилмаган тартибда киришдан ҳамда механик, электромагнит ва бошқа турдаги таъсирлардан ҳимоя қилинган бўлиши лозим.

3-боб. НКМнинг барча гуруҳлари учун қўйиладиган умумий талаблар

20. Ҳар бир НКМ мувофиқлик сертификатига эга бўлиши лозим.

21. НКМда етказиб бериш комплектига киритилган (4 разряддан кам бўлмаган) дастурий пароль ёки (99 вариантлардан кам бўлмаган) рақамланган калит (калитларнинг сони тегишли модель билан белгиланади) бўлиши зарур.

22. НКМнинг корпуси завод, ундан фойдаланишда эса, хизмат кўрсатувчи ташкилот ва давлат солиқ хизмати органлари томонидан тамғаланган бўлиши ва уни назоратсиз очилишига йўл қўйилмаслик керак.

23. Барча гуруҳдаги НКМлар касса операцияларни амалга оширишда ягона иш циклида расмийлаштириладиган касса чеклари ва назорат ленталарига эга бўлиши лозим. Бунда ўз-ўзидан нусха кўчирувчи чек лентасидан фойдаланишга йўл қўйилади.

24. Тўлов қабул қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжатга НКМ белгиси босиб чиқарилганда назорат лентаси расмийлаштирилиши лозим.

25. Бир принтерли НКМ моделларида касса чеки ягона иш циклида босиб чиқарилиши ва назорат лентасидаги фискал маълумотлар алоҳида НКМдаги электрон журналга қайд қилиниши лозим.

Бунда қуйидагилар бажарилиши:

электрон журнал оралиқ ташувининг ижро этилиши фискал маълумотлар энергияга боғлиқ бўлмаган ҳолда 720 соатдан кам бўлмаган вақтда сақлашни таъминловчи хотирада сақлайдиган қурилмага таяниши;

электрон журнал бир вақтнинг ўзида НКМларнинг 3-гуруҳи учун 1000 дан, 2-гуруҳи учун 500 дан ва 1-гуруҳи учун 250 дан кам бўлмаган ўртача узунликдаги (касса чекида тўртта харид бўйича) касса чеклари сақланиши;

барча назорат ленталари босиб чиқарилишига ва смена ёпилишига (Z-ҳисобот амалга оширилгунга) қадар бўлган даврда электрон журналдаги фискал маълумотларни ўзгартириш имкони бўлмаслиги;

электрон журналдаги фискал маълумотларни босиб чиқариш смена ёпилаётганда (Z-ҳисобот амалга оширилганда), электрон журнал тўлиб кетганда, шунингдек буйруқ бўйича амалга оширилиши;

электрон журнални тозалаш бутун назорат лентасини босиб чиқариш муваффақиятли (қоғознинг узилишисиз ва бузилишисиз) тугатилгандан сўнг, смена ёпилишида (Z-ҳисобот амалга оширилганда) амалга оширилиши;

техник хизмат кўрсатиш жараёнида рухсат этилмаган тартибда электрон журналдаги фискал маълумотларни ўчириб ташлаш ва ўзгартириш имкони мавжуд бўлмаслиги;

бир смена (сутка) давомида зарур ҳолларда босиб чиқариладиган назорат ленталарининг тартиб рақами 1 дан бошлаб ўсиб бориш тартибида қуйилиши керак. Смена (сутка) давомида назорат ленталарининг босиб чиқарилган миқдори смена ёпилишида (Z-ҳисобот амалга оширилганда) чиқарилади.

26. Сотиб олинган товарлар (бажарилган ишлар) ва кўрсатилган хизматлар учун харидорларга бериладиган касса чекларида қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

солиқ тўловчининг — хўжалик юритувчи субъектнинг номи ва СТИРи;

тўлов суммаси;

товарлар ва хизматлар номи;

тўлов санаси ва вақти;

НКМ завод рақами;

касса чекининг тартиб рақами;

фискал режим белгиси.

Касса чекларида бошқа реквизитлар ҳам бўлиши мумкин.

27. Назорат ленталарида қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

солиқ тўловчининг — хўжалик юритувчи субъектнинг номи ва СТИРи;

тўлов суммаси;

тўлов санаси ва вақти;

НКМ завод рақами;

касса чекининг тартиб рақами;

Назорат ленталарида бошқа реквизитлар ҳам бўлиши мумкин.

28. Тўлов қабул қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжатга НКМ белгиси босиб чиқарилганда, у қуйидаги маълумотларга эга бўлиши керак:

солиқ тўловчининг — хўжалик юритувчи субъектнинг номи ва СТИРи;

тўлов суммаси;

товарлар ва хизматлар номи;

тўлов санаси ва вақти;

НКМ завод рақами;

касса чекининг тартиб рақами;

фискал режим белгиси.

Тўлов қабул қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжатга НКМ белгиси босиб чиқарилганда, унда бошқа реквизитлар ҳам бўлиши мумкин.

29. Бажариладиган касса операциялари таркибига қуйидаги маълумотлар киради:

пул суммаларини ҳисобга олиш;

касса чекидаги умумий суммани ҳисоблаш;

қайтим суммасини ҳисоблаш;

умумий молиявий ахборотларни ҳисоблаш;

молиявий ва операцион регистрларнинг кўрсаткичларини босиб чиқариш;

молиявий регистрларни босиб чиқариш учун автоматик узатиш билан ўчириш ва бир вақтнинг ўзида молиявий ахборотларни фискал хотирага ёзиб олиш;

операцион регистрларни босиб чиқариш учун автоматик узатиш билан ўчириш;

нақд пулдаги тўлов;

баҳони миқдорга кўпайтириш;

касса чеки босиб чиқарилгунга ёки алоқа каналига узатилгунга қадар кассир-операциячининг хатоларини тўғрилаш.

30. НКМ фискал хотирага киритилиши лозим бўлган суммаларни ҳисобга олишнинг тўлиқлигига таъсир қилмайдиган бошқа касса операцияларини ҳам бажариши мумкин.

НКМнинг электрон журнали ва фискал хотирасида молиявий ахборотлар миқдорини камайтирувчи операцияларни амалга ошириш имкони мавжуд бўлмаслиги лозим.

31. 3-гуруҳдаги НКМлар учун босиб чиқариладиган касса чеклари ва назорат ленталари ҳамда фискал ҳисобот, Х-ҳисобот, Z-ҳисобот фақатгина НКМнинг ички дастурий маҳсулоти билан, бошқа ҳисоботлар эса, компьютер тизимининг амалий дастурлари билан шакллантирилиши, компьютер тизимидаги хотира қурилмасида сақланиши ёки алоқа канали орқали узатиб берилиши мумкин. Бунда компьютер тизимининг амалий дастурлари билан шакллантирилган ҳисоботлар ўзгартиришдан ҳимояланган бўлиши лозим.

32. НКМ қуйидаги ҳолларда блокировка қилинади:

чек ёки назорат лентаси мавжуд бўлмаганда;

кассир-операциячи томонидан операциялар нотўғри бажарилганда;

босиб чиқариладиган ҳужжатнинг бузилишига сабаб бўладиган авариявий ҳолатлар юзага келганда;

фискал хотиранинг ҳажми тўлганда, носоз ҳолга келганда, узиб қўйилганда, фискал хотирага рухсат этилмаган тартибда киришга ҳаракат қилинганда.

33. Бериладиган касса чеклари, босиб чиқариладиган X-ҳисоботлар ва Z-ҳисоботлар разряди 4 тадан кам бўлмаган тартиб рақамига эга бўлиши зарур.

34. Молиявий ва операцион регистрларнинг кўрсаткичлари ҳамда хизмат маълумотларининг энергияга боғлиқ хотирада сақланиш муддати энергия тармоқдан узилгандан кейин 720 соатдан кам бўлмаслиги керак.

35. Тўлов қабул қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжат НКМ белгисини босиб чиқариш режимида босиб чиқарилиши таъминланиши, агар тўлов қабул қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлмаган тақдирда эса, НКМ мажбурий блокировка қилиниши лозим.

36. НКМнинг ички дастурий маҳсулоти ва НКМ билан компьютер тизимининг алоқа баёнида исталган ахборотни касса чеклари, назорат ленталари, ҳисоботлар ва бошқа фискал маълумотлар кўринишида босиб чиқариш имкони мавжуд бўлмаслиги керак.

37. НКМнинг ички дастурий маҳсулоти таркибида НКМнинг энергия тармоғи ёқилганда (автоматик тарзда) ва бошқа ҳолларда ҳам ишлашини текширишни таъминлайдиган назорат тест-дастури бўлиши керак. Бунда назорат тест-дастурлари НКМнинг функционал қисмларининг ишга лаёқатлилигини аниқлашда қўлланилади.

38. НКМга ўрнатилган ички дастурий маҳсулотнинг ҳақиқийлигини текшириш учун унинг тегишли эталон версияси билан ҳар бир бит бўйича таққослаш имконияти бўлиши лозим.

39. НКМнинг клавиатура белгилари, босиб чиқариладиган ва индикация ахборотлари давлат ёки рус тилида бўлиши керак.

40. НКМнинг қуйидаги иш режимлари дастурий пароллар ёки рақамли калитлар билан ҳимояланган бўлиши лозим:

тўлов режими — мазкур режимда ҳар бир кассир-операциячи алоҳида паролга эга бўлади;

созлаш режими;

ноллаштиришсиз ҳисобот (Х-ҳисобот);

ноллаштириш билан ҳисобот (Z-ҳисобот);

НКМни фискаллаштириш, НКМни қайта рўйхатдан ўтказиш ва фискал ҳисоботни босиб чиқариш (солиқ инспектори режими).

НКМнинг бошқа иш режимларини ҳимоя қилишни таъминлайдиган қўшимча пароллардан фойдаланиш мумкин ва бу НКМ моделларидан фойдаланиш бўйича қўлланмаларда белгиланган бўлиши керак. Агар мазкур бандда назарда тутилган иш режимларидан бири бошқа режимнинг ичида бўлса, улар битта парол билан ҳимояланиши мумкин, солиқ инспектори режими бундан мустасно.

41. Сотиладиган битта товар (бажариладиган иш ёки кўрсатиладиган хизмат) учун икки ёки ундан кўпроқ касса чеклари берилиши тақиқланади.

42. НКМлардан босиб чиқариладиган барча ҳужжатлардаги сонлар, ҳарфлар ва символлар аниқ кўринишда бўлиши ва бир хил маънода ўқилиши лозим.

4-боб. НКМнинг алоҳида гуруҳлари учун қўйиладиган талаблар

43. НКМнинг алоҳида гуруҳлари мазкур Ягона техник талабларнинг иловасига мувофиқ тегишли параметрлар ва меъёрларга эга бўлади.

44. НКМнинг алоҳида гуруҳлари параметрларининг расшифровкаси:

1-гуруҳ — «OFF-LINE» режимда операцион регистрларнинг кўрсаткичлари ҳамда хизмат маълумотларини дастурлаш имконияти назарда тутилган «ON-LINE» режими мавжуд бўлмаган портатив НКМлар. Ушбу НКМлар ассортиментда 100 тадан кўп бўлмаган товарлар (ишлар, хизматлар) номлари мавжудлигида қўлланилади.

2-гуруҳ — «OFF-LINE» режимида компьютер тизимида молиявий регистрларни ўқиш ва операцион регистрларнинг кўрсаткичлари ҳамда хизмат маълумотларини дастурлаш имконияти бўлган автоном ишлатиш учун мўлжалланган «ON-LINE» режими мавжуд бўлмаган НКМ. Ушбу НКМлар ассортиментда 2000 тадан кўп бўлмаган товарлар (ишлар, хизматлар) номлари мавжудлигида қўлланилади. Мазкур НКМ гуруҳи 1-гуруҳдаги НКМлардан фойдаланувчи хўжалик юритувчи субъектлар томонидан уларнинг истагига қараб қўлланилиши мумкин.

3-гуруҳ (O’zDSt 1903:2010 синфлаштириш бўйича 3 ва 4-гуруҳлардан иборат) — «ON-LINE» режимида ишлаш имконияти мавжуд бўлган компьютер тизимида ҳисобни юритиш мўлжалланган НКМ. 3 та ёки ундан кўп бўлимли (кассали) савдо ва хизмат кўрсатиш жойларида ҳамда НКМни таксометр, тарози ва бошқа ўлчаш ускуналари билан улаш (ёки интеграция) ҳолатларида ҳамда ассортиментда 2000 тадан кўп товарлар (ишлар, хизматлар) номлари мавжудлигида қўлланилади. Мазкур НКМ гуруҳи 1 ва 2-гуруҳлардаги НКМлардан фойдаланувчи хўжалик юритувчи субъектлар томонидан уларнинг истагига қараб қўлланилиши мумкин.

Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун
қўлланиладиган фискал хотирали назорат-касса машиналарига
қўйиладиган ягона техник талабларга
ИЛОВА

НКМнинг алоҳида гуруҳлари учун параметрлар ва меъёрлар

Параметрлар НКМнинг алоҳида гуруҳлари учун меъёрлар
1 2 3
1. НКМга киритиладиган ва индикаторда кўринадиган (ёниб турадиган) сонлар разряди, камида 7 9 10
2. Чекнинг ёпилишида касса чекидаги умумий сумма разряди, камида 8 10 12
3. Суткалик (сменалик) умумий молиявий ахборотлар разряди, камида 9 12 14
4. Секциялар миқдори, камида 1 4 4
5. Аккумулятордан озиқланиш имконияти + o o
6. Қўшимча воситаларни улаш имконияти:
(кредит) тўлов карта ўқиш воситаси - - o,x
штрих кодини ўқиш воситаси o,x o,x o,x
тўлов қабул қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжатга НКМ белгиси босиб чиқариш воситаси - - o,x
электрон тарози - - o,x
таксометр - - o,x
компьютер тармоғи o,x +,x +.x
7. Дастурлаштириладиган товар (хизмат, ишлар)нинг номлари миқдори, камида 100 2000 10000

Изоҳ:
Шартли белгилар:
«+» — мажбурий параметр;
«–» — ман этилган параметр;
«о» — мажбурий бўлмаган параметр;
«х» — НКМдан ўтаётган пул тушуми ҳисоби тўлиқлигига таъсир кўрсатмаслиги, энергияга боғлиқ ва фискал хотирага, электрон журналга ва НКМнинг дастурий маҳсулотига тўғрилаш ва ўзгартиришлар киритишга йўл қўймадиган ёки ушбу НКМ гуруҳи учун назарда тутилмаган функционал имкониятларига эга бўлмайдиган параметрдир.


Ҳужжат тури:  Қарори
Ҳужжат рақами:  27
Қабул қилиниш санаси:  28.06.2014
Кўчириб олиш pdf |