Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

14 июнь — Халқаро донорлар куни Бош сахифа

14 июня 2014

14 июнь — Халқаро донорлар куни

14 июнь — Халқаро донорлар куни

Саховатга йўғрилган эзгулик

Қалбида эзгуликлар билан яшайдиган инсон доимо яхшиликлар қилишга интилиб яшайди. Айниқса, қилаётган бу хайрли амалларимиз кимнингдир соғлиғини сақлашга, ҳаётини узайтиришга кўмак берса-чи? Ўйлаймизки, киши учун бундан ортиқ бахт топилмаса керак. Донорларни ана шундай беғараз ёрдам кўрсатувчи эзгу-ниятли инсонлар дейиш мумкин.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизда беғараз донорлик ва уни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ўтган йиллар давомида “Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, қон хизмати муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш, қон ва унинг таркибий қисмлари хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, кенг жамоатчилик орасида беғараз донорликни ривожлантиришга қаратилган қатор дастурлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилаётир. Бинобарин, меҳнат жамоалари, олий ўқув юртларида қон ва қон маҳсулотларининг қандай хасталикларда қўлланилиши, донорликнинг организм учун фойдали жиҳатлари, ўз навбатида донорнинг саломатлиги билан боғлиқ маълумотлар билан таништирилмоқда.

Тиббиётда маълумки, қон, унинг компонентлари ва препаратлари (плазма, эритроцитлар, тромбоцитлар, альбумин ва иммуноглобулинлар) инсон ҳаёти хавф остида қолганда қуйилади. Шунингдек, қон тизими касалликларида (оғир даражали камқонликларда, лейкоз, яъни “оққон” хасталигида, қон ивиш тизими бузилишин касалликлари, яъни, гемофилия касаллиги, коагулопатиялар), саратон касалликларида, патологияли оғир кечадиган туғруқларда, операцияларда, оғир даражали куйишларда ва турли хил фавқулоддаги ҳолатларда асқотади. Бундай ҳолатда керакли миқдордаги қонни топиш учун соғлом инсонларни доимий, беғараз қон донорлигига жалб этиш лозим. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиясига кўра, ҳар бир мамлакатнинг қонга бўлган эҳтиёжини қоплаш учун ҳар минг нафар аҳолининг камида қирқ нафари донор бўлиши талаб этилади. Ана шундан келиб, чиқиб юртимизда аҳолини донорликка жалб этишда зарур тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Агар рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2011 йилда 99 минг 530 нафар донор қон топширган бўлса, бу кўрсаткич 2012 йилда 103 минг 500 нафарни, ўтган йили эса 120 минг 900 нафарни ташкил этди. Биламизки, қон беғараз, ўз хоҳиш-иродаси билан келган донордангина олинади. Бундай саховатпеша кишилар ўзининг саломатлиги ҳамда турмуш тарзи ҳақида аниқ маълумот бера олади. Бу эса қоннинг хавфсизлигини таъминлашда ғоятда муҳимдир. Негаки, донор бўлишга аҳд қилган инсон маъсулиятни ўз бўйнига олади. Кечагина у фақат ўз соғлиғи учун жавоб берган бўлса, бугун у бошқаларнинг саломатлиги учун ҳам масъулдир.

Маълумки, донорлар 18 дан 60 ёшгача бўлган соғлом инсонлар бўлиб, улар Республика Қон марказида тўрт босқичли тиббий текширувдан ўтказилиб, шифокор тавсиясига биноан, донорлик қилиши мумкин. Соғлом киши учун қон топшириш, албатта, хавфсиз ҳисобланади. Чунки одам организмида 4,5, 5 литр қон бўлиб, ундан 200 ёки 400 мл олинади ва организм 36 соат ичида топширилган қон миқдорини тиклаб олиш хусусиятига эга. Асосийси, артериал гипертония хасталигининг олдини олиш ва бартараф этиш, моддалар алмашинувини яхшилаш, шунингдек, иммун тизимини мустаҳкамлашда қон топширишнинг аҳамияти беқиёсдир. Эътиборлиси, мамлакатимизда “Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, ушбу йўналишда қатор хайрли юмушлар амалга оширилмоқда. Донорлар билан ишловчи тиббий муассасалар фаолиятини янада такомиллаштириш, қон ва унинг таркибий қисмлари хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, кенг жамоатчилик орасида беғараз донорликни ривожлантиришга қаратилган қатор дастурлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилаётганлиги бунинг ёрқин тасдиғидир. Хусусан, 2008 йилда ҳукуматимиз томонидан “Ўзбекистон Республикасида беғараз донорликни ривожлантириш дастури” қабул қилинди. Айни пайтда мазкур ҳуқуқий ҳужжатга мувофиқ, кенг жамоатчилик орасида тиббий тарғибот тадбирларини кучайтиришга алоҳида аҳамият қаратилиб, маҳаллалар, олий ўқув юртлари, корхона ва ташкилотларда беғараз донорликнинг мазмун-моҳияти ҳақидаги тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Соҳада амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида тизим муассасалари фаолияти такомиллаштирилиб, энг замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланди. Айни пайтда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида қон қуйиш станциялари фаолияти йўлга қўйилган. Бу эса бир қатор қулайликларни келтириб чиқараётир. Пойтахтимизда бизнинг муассасамиздан ташқари ҳам бир қатор шифо масканлари, жумладан, Республика шошилинч тиббий илмий маркази, Республика ихтисослаштирилган жаррроҳлик маркази, Тошкент тиббиёт академиясининг 2-клиникаси, шунингдек, Тошкент шаҳар қон қуйиш станциясида қон тайёрланади ва улар пойтахтимиз шифохоналарида даволанаётган беморларни қонга бўлган эҳтиёжини таъминламоқда.

Мамлакатимизда бу йилги Халқаро донорлар куни “Хавфсиз қон — оналарни сақлаб қолиш йўлида” шиори остида ўтказилмоқда. Бу инсониятга ҳаёт бахшида этаётган оналарнинг соғлиги борасида олиб борилаётган ғамхўрликнинг яна бир ифодасидир. Шунингдек, сана муносабати билан кўп йиллар давомида беғараз қон топширган донорлар эътироф этилиб, уларга эсдалик совғалари топширилиши ҳам режалаштирилган.

Қон топшириш инсоннинг инсонга ҳадя этган энг олий даражадаги совғасидир. Ҳаёт ҳадя этиш – савоб ишнинг энг олий ифодаси ҳам саналади. Шундай экан савоб ишни амалга оширишга кечикмайлик.

Аълонур САИДОВ,

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Гематология ва қон қуйиш илмий

текшириш институти директори,

тиббиёт фанлари доктори.


Кўчириб олиш pdf |