Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Доривор ўсимликлар Бош сахифа

07 июня 2014

Доривор ўсимликлар

Соғлом халқ, соғлом миллатгина буюк ишларга қодир бўлади.
И.А.Каримов

Давлатимиз раҳбарияти томонидан аҳоли ва даволаш-профилактика муассасаларини дори воситаларига бўлган эҳтиёжини тўлақонли таъминлашни амалга ошириш масаласига мунтазам равишда алоҳида эътибор бериб келинмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 19 сентябрдаги “Соғлиқни сақлаш тизимини илоҳ қилишни янада чуқурлаштириш ва уни ривожлантириш давлат дастурини амалга оширишнинг асосий йўналишлари тўғрисида”ги ПФ-3923-сонли фармонига асосан мамлакатимизда тиббий хизмат кўрсатишнинг бирламчи бўғинини яратиш, хусусан мамлакатимизнинг чекка ҳудудлари ва қишлоқ жойларида яшовчи аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишниянада яхшилаш борасида қатор долзарб муаммолар ўз ечимини топди.

Бугунги кунда республикамизда 2958 та қишлоқ врачлик пунктлари фаолият кўрсатаётган бўлиб, уларнинг қошида ёки уларга яқин бўлган масофаларда 1258 та дорихона шаҳобчалари ташкил этилган ва улар томонидан аҳолининг дори воситаларига бўлган эҳтиёжи қондириб келинмоқда.

Мамлакатимиз турли хил касалликларни доривор ўсимликлар асосида даволаш бўйича ўзининг кўп асрлик анъаналарига эгадир. Буюк юртдошларимиз Ал-Беруний, Ал-Хоразмий, Абу Али ибн Синодек мутафаккир олимларимиз томонидан қадимда тиббиёт амалиётида қўллашга тавсия этилган бой меросимиз асосида бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Биоорганик кимё институти, Ўсимлик моддалари кимёси институти, Тошкент фармацевтика институти ва бошқа бир қатор олийгоҳлар томонидан илмий асосланган ва клиник синовлар натижасида ўз тасдиғини топган республикамиз бой ўсимликлар дунёсининг намуналари бугунги кунда тиббиёт амалиётида ўз ўрнини топди.

Тошкент фармацевтика институти олимлари (Ш.Ф.Искандарова - ффн, доцент, Х.М.Комилов - ффд, Х.У.Алиев - тфд, профессор) томонидан “Фитоичимликлар рецептураси” услубий қўлланмаси тайёрланиб, умумтаълим мактаблари, коллеж ва лицейлар, олий таълим ҳамда тиббиёт муассасалари фитобарларида фитоичимлик дамламаларини тайерлаш, сақлаш ва қўллаш бўйича амалда фойдаланиш ва риоя қилиш учун тавсия этилган. Юқоридагиларга асосан дорихоналарда фитобарлар ташкил этиш йўли билан аҳолига доривор ўсимлик дамламаларини етказиб бериш алоҳида долзарблик касб этади.

Маълумки доривор ўсимликлар асосида тайёрланадиган дори воситалари, шу жумладан доривор дамламалар қатор афзалликларга эга бўлиб, улар қуйидагиларда ифодаланади:

- дори воситасининг тегишли самарадорлигига эга бўлган ҳолда, безарарлиги (кам заҳарлилиги);

- уларнинг “майин” доимий таъсири;

- тез ва осон тайёрлаш имкониятлари мавжудлиги;

- алоҳида мураккаб технологик ускуналар талаб этилмаслиги;

- арзонлиги ва бошқалар.

Юқоридагиларга асосан маҳаллий корхоналар томонидан 100 дан ортиқ ўсимлик хом ашёлари тиббиёт амалиётида қўллашга рухсат этилган бўлиб, улар 28 фармакотерапевтик гуруҳларга оиддирлар. Тиббиёт амалиётида ўсимлик хом ашёларидан оддий (бир турдаги ўсимлик хом ашёларидан) ва мураккаб (икки ва ундан кўп турдаги ўсимлик хом ашёсидан) рецептлар асосида ўсимлик дамламаларини тайёрлаш ва тиббиёт амалиётида қўллаш йўлга қўйилган.

Аҳолини салқин, доривор, витаминларга бой фитоичимликлар билан таъминлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги 3200 га яқин даволаш-профилактика муассасаларида, шу жумладан 2541 та қишлоқ врачлик пунктларида фитобарлар ташкил этилган ва самарали фаолият кўрсатмоқда.

Умумий маълумотлар.

Сувли ажратмалар (дамлама ва қайнатмалар) - суюқ дори турларига кириб, доривор ўсимликлардан олинади. Дамлама ва қайнатмалар тайёрлашда тегишли меъёрий-таҳлил ҳужжатлари талабларига жавоб берадиган доривор ўсимликлар ишлатилади. Доривор ўсимлик ва сувни нисбати кўрсатилмаган бўлса, 1:10 га нисбатда тайёрланади. Демак 100 мл сувли ажратма олиш учун 10 гр доривор ўсимликка 100 мл қайнатилган сув қуйилади.

Маълумки доривор ўсимлик сувли ажратма тайёрлангандан сўнг ўзида бир қанча миқдордаги сувни ушлаб қолади. Ҳар қанча сиқилса ҳам бу сувни сиқиб олиш имконияти бўлмайди. Шу сабабли тайёрланган сувли ажратма, ўсимлик шимиб қолган суюқлик сабабли, белгиланган миқдордан кам бўлади. Сувли ажратма сифатли ва ҳажми белгиланган миқдорда бўлишини таъминлаш учун сувли ажратмага солинадиган сув белгилангандан кўпроқ олинади. Бу миқдор хом ашёни гистологик тузилишига қараб белгиланади. Масалан, илдиз ва илдизпоялар учун 1,5 мл/гр бўлиб, 10 гр. илдиз ва илдизпоядан тайёрланадиган сувли ажратма учун 115 мл сув олинади. Уруғлар учун 3,0мл/гр бўлиб, 10 гр. уруғдан тайёрланадиган сувли ажратма учун 130 мл сув олиш керак. Агар хом ашё пўстлоқ, доривор ўсимликни ер устки қисми (ўт) ёки гуллар бўлса, унда 2,0мл/гр бўлиб, 10 гр. хом ашёдан тайёрланадиган сувли ажратма учун 120 мл сув олинади.

Фитоичимликларни тайёрлаш.

Фитоичимлик тайёрлаш учун майдаланган ва керакли миқдорда тортиб олинган хом ашё ёки керакли миқдордаги фильтр-пакетлар олиниб, хом ашё миқдорига мос, қопқоғи жипс беркитиладиган сирли идишга солинади ва устига хона ҳароратидаги қайнатилган сув қуйилади. Сув қайнаб чиқгач (доривор ўсимликни ер устки қисми, ўтлари, барглари, гуллари ва ш.к.) яна 15 дақиқа қайнатилиб, 45 дақиқа совутилади. Қайнатиш ва совутиш муддатларини қисқартириш мумкин эмас, чунки совутиш жараёнида ҳам экстрация кетади.

Илдиз ва илдизпоялар, пўстлоқлар, уруғлар ва шунга ўхшашлар 30 дақиқа қайнатилиб, сўнг 10 дақиқа совутилади. Сувли ажратмани совутиш муддати ўтгандан сўнг икки қават докадан сузилади ва сиқилади.

Агар сувли ажратма 1-3 литр миқдорида тайёрланса, унда қайнатиш вақти 10 дақиқага узайтирилади ва барглар, гуллар, доривор ўсимликни ер устки қисмлари учун 25 дақиқа, илдиз ва илдизпоя, пўстлоқ ва шу кабилар учун 40 дақиқа деб белгиланади.

Сувли ажратмаларни дамлаш усули билан ҳам тайёрлаш мумкин. Бунинг учун тегишли миқдордаги хом ашё (фильтр пакет) чинни идишга (катта чойнак) солинади ва устига керакли миқдордаги қайнаб турган сув қуйилади ҳамда маълум вақтга устини сочиқ ёки бирор бошқа нарса билан ўраган ҳолда қолдирилади. Сўнгра икки қават дока орқали сузиб, сиқиб истеъмол учун тайёрланади. Бу усулда термосдан ҳам фойдаланиш мумкин. Термосга керакли хом ашё (фильтр-пакет) ва қайнаб турган сув қуйилиб, бир соатга қолдирилади, сўнг икки қаватли докадан сузиб сиқилади.

Фитоичимликларни сақлаш шартлари ва қўллаш муддатлари.

Тайёр сувли ажратмаларни 2-5 С ҳароратда совутгичларда оғзи жипс беркитилган идишларда сақланди. Сувли ажратмалар сақлаш жараёнида чўкма тушиши мумкин. Бу чўкмалар доривор ўсимлик таркибидаги иссиқликда эриб совутилганда чўкмага тушиши мумкин бўлган тури таркиб ва хусусиятга эга бўлган моддалар бўлиб, улар мутлақо безарар. Шу сабабли сувли ажратмалар истеъмолга беришдан олдин чайқатилиши лозим.

Сувли ажратмаларни 1 кунлик эҳтиёж учун тайёрлаш мақсадга мувофиқ. Уларни таркибида турли табиатли моддалар бўлганлиги ва микроорганизмлар ўсиши учун қулай мҳхит эканлиги сабабли, совутгичда сақлаганда яроқлилик муддати 2 кун. Сақлаш муддати ўтган сувли ажратмалар истеъмолга яроқсиз ҳисобланади.

I. “Кийик ўти” доривор ўсимлиги
Кийик ўти ер устки қисми – Herba Ziziphorae pedicellatae
(Трава зизифоры)

Зизифора цветоножечная
Кийик ўти, Ziziphora pedicellatа

Herbal Ясноткадошлар - Lamiaceae оиласига мансуб. Кўп йиллик ёввойи ўсувчи ўт ўсимлик. Ўзбекистоннинг барча тоғли худудларида кенг тарқалган. Таркибида эфир мойи, флавоноидлар, ошловчи моддалар сақлайди. Тиббиётда гипотензив, спазмолитик, пешоб ҳайдовчи восита сифатида ишлатилади.

II. “Наъматак мевалари”
Наъматак меваси – Fructus rosae (Плоды шиповника)

Раъногулдошлар – Rosaceae оиласига киради.

Herbal Наъматак турлари бўйи 2 м га етадиган тиканли бута. Май ойидан бошлаб, июлгача гуллайди, меваси август–сентябрда пишади. Наъматак турлари ўрмонларда, ариқ бўйларида, буталар орасида, тоғларнинг қуруқ тошлоқ ён бағирларида ва бошқа ерларда ўсади. Наъматакнинг айрим турлари бир-биридан мевасининг, новда пўстлоғидаги тиканнинг ранги, шакли, катта-кичиклиги ҳамда новдадаги тиканлар сони ва жойлашишига қараб фарқ қилади. Ўсимликнинг меваси август ойи охиридан бошлаб (қизил рангга кирган вақтда), кеч кузгача йиғилади. Мевани йиғаётган вақтда қўлга тикан кирмаслиги учун брезент қўлқоп кийиб олинади.

Маҳсулот таркибида витамин С, В2, К1, Р, 12-18 мг% каротин, 18% атрофида қандлар, 4-5% ошловчи моддалар, 2% атрофида лимон ва олма кислоталари, 3,7% пектин ва бошқа моддалар бўлади.

Наъматак ўсимлигининг меваси таркибида бир неча хил витаминлар аралашмаси бор, шу сабабли препаратлари авитаминоз касалликларини даволашда ва олдини олишда ишлатилади. Бундан ташқари наъматак меваси қандолатчилик саноатида маҳсулотларни витаминлаштириш учун қўлланилади.

Наъматак турларининг мевасидан каротолин препарати ва наъматак мойи тайёрланади. Каротолин меванинг юмшоқ-этли қисмининг мойли экстракти (таркибида асосан каротиноидлар ҳамда токофероллар, тўйинмаган ёғ кислоталар ва бошқа моддалар сақланади) бўлиб, тропик яралар, экзема, эритродермитнинг баъзи турлари ва яраланган шиллиқ пардаларни даволаш учун суртилади ёки докага шимдирилиб, шикастланган жойга қўйилади.

III. “Қалампир ялпиз” барги
Қалампир ялпиз барги– Folia Menthae Piperitae
(Листья мяты перечной)
Қалампир ялпиз – Mentha piperitа L,
яснотқадошлар – Lamiaceae
(лабгулдошлар - Labiatae) оиласига қиради.

Herbal Кўп йиллик, бўйи 30-100 см га етадиган ўт ўсимлик. Қалампир ялпиз ёввойи ҳолда учрамайди. Доривор маҳсулот сифатида асосан қора қалампир ялпиз тури ўстирилади. Ўсимлик баргида 2,4-2,75%, гул тўпламида 4-6%, поясида 0,3% эфир мойи бўлади. Қалампир ялпиз таркибидаги эфир мойидан ташқари, 40мг% каротин, гесперидин, эвпаторин ва бошқа флавоноидлар, бетаин, 0,3% урсол ва 0,12% олеанол кислоталар бор. Қалампир ялпиз барги препаратлари, эфир мойидан тайёрланган ялпиз суви, настойкаси кўнгил айнишига ва қусишга қарши ҳамда овқат ҳазм қилиш жараёнини яхшилашда ишлатилади. Бундан ташқари, ялпиз суви оғиз чайқаш ва микстуралар таъмини яхшилаш учун қўлланилади. Эфир мойидан ажратиб олинган ментол қулоқ, бурун, нафас йўллари касалликларида ҳамда тиш оғриғини қолдириш учун ишлатилади. Ментолдан бош оғриғини қолдирадиган мигрен қалами тайёрланади. Ментол препаратлари – валидол, кўкрак қисиш (стенокардия) касаллигида ишлатилади.

Қалампир ялпиз барги тинчлантирувчи, ўт ҳайдовчи, меъда касалликларида ишлатиладиган йиғмалар – чойлар таркибига киради. Спазмолитик ва ўт ҳайдовчи восита сифатида қўллашга тавсия этилади.

IV. “Мойчечак” доривор ўсимлиги
Мойчечак Гули – Flores Chamomillae (Цветки ромашки)

Herbal Мойчечак гули – астрадошлар – Asteraceae (мураккабгулдошлар - Compositae) оиласига киради. Доривор мойчечак бўйи 15-40 см га етадиган бир йиллик ўт ўсимлик. Май ойидан бошлаб кузгача гуллайди. Доривор мойчечак кенг тарқалган бўлиб, у асосан ўтлоқларда, экинзорларда (бегона ўт сифатида), йўл ёқаларида ўсади. Маҳсулот ўсимлик қийғос гуллаганда тайёрланади. Саватчага тўпланган гуллар таркибида 0,2-0,8% эфир мойи, флавоноидлар, кумаринлар, диоксикумарин, каротин, витамин С, шиллиқ, аччиқ ва бошқа моддалар бўлади.
Мойчечак ичакларнинг ёпишиб қолишига (ичаклар спазми), микробларга, аллергия ва яллиғланишга қарши ҳамда яраларни даволовчи таъсирга эга. Шунинг учун унинг доривор препаратлари меъда-ичак (ичак ёпишиб қолганда ич кетганда) ва гинекологик касалликларни даволашда ҳамда тер ва ел ҳайдовчи дори сифатида ишлатилади. Булардан ташқари, мойчечак гули юмшатувчи, антисептик ва яллиғланишга қарши (оғиз, томоқни чайқашда, шифобахш ванна ҳамда клизма қилишда) қўлланилади.

Мойчечак гули таркибидаги кимёвий бирикмалар комплекси таъсир этувчи ҳисобланади. Хамазулен тинчлантирувчи хоссага ҳамда ичакларнинг ёпишиб қолиши, аллергияга ва ялиғланишга қарши таъсирга эга. Апигенин, апиин ва герниаринлар ҳамда ичакларнинг ёпишиб қолишига қарши таъсир қилади. Мойчечак гулидан (саватчалардан) дамлама тайёрланади. Саватчалар меъда касалликларида, томоқ чайишда ишлатиладиган ва юмшатувчи йиғмалар – чойлар таркибига ҳам қиради. Яллиғланишга қарши ва спазмолитик восита сифатида қўллашга тавсия этилади.

V. “Қирқбўғим” доривор ўсимлиги
Дала қирқбўғимининг ер устки қисми – Herba equiseti arvensis
(Трава хвоща полевого)

Herbal Дала қирқбўғими – Equisetum arvense L.; қирқбўғимдошлар - Equisetaceae оиласига киради. Дала қирқбўғими кўп йиллик, спорали ўсимлик. Ўсимлик кенг тарқалган бўлиб, чўл ва ярим чўл туманлардан ташқари ҳамма ерда учрайди. Қирқбўғим ўсимлиги асосан, ариқ бўйларида, қумли ўтлоқларда, буталар орасида, ўрмонларда ва экинзорларда ўсади. Ёз ойларининг ўрталарида ўсимликнинг ер устки қисми, ёзги спора ҳосил қилмайдиган пояси ердан 5 см баландликда ўриб олинади. Маҳсулот таркибида 5% гача эквизетонин сапонини ҳамда никотин, эквизетин алкалоидлари, флавоноидлар, 0,03- 0,19% витамин С, 4,7 мг% каротин, олма, оксалат ва 25% гача силикат кислоталар бўлади. Булардан ташқари, маҳсулот таркибида ошловчи, аччиқ моддалар ва смолалар учрайди.
Қирқбўғим препаратлари қон айланиши етишмовчилигида, сийдик пуфаги яллиғланишида ва сийдик йўллари касаллигида сийдик ҳайдовчи восита сифатида ишлатилади. Булардан ташқари, дала қирқбўғими ўпка сили касаллигининг силикат кислота алмашинувининг бузилишига боғлиқ баъзи формаларини даволашда, шунингдек, бачадондан қон оққанда ва бавосил касаллигида қон тўхтатувчи модда сифатида ишлатилади. Дала қирқбўғими ўсимлиги буйракнинг баъзи касалликларида (нефрит, нефроз ва нефрозо-нефрит) истеъмол қилинмайди. Суюқ экстракт, қайнатма, дамлама. Маҳсулот яна сийдик ҳайдовчи чой – йиғмалар таркибига қиради. Пешоб ҳайдовчи восита сифатида қўллашга тавсия этилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат килиш Бош бошқармаси


Кўчириб олиш pdf |