Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

№282 Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Тошкент шаҳри ҳудудидаги каналларнинг санитария ҳолатини яхшилаш ва ободонлаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори Бош сахифа

16 октября 2013

№282 Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Тошкент шаҳри ҳудудидаги каналларнинг санитария ҳолатини яхшилаш ва ободонлаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори

Герб Республики Узбекистан

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

ТОШКЕНТ ШАҲРИ ҲУДУДИДАГИ КАНАЛЛАРНИНГ САНИТАРИЯ ҲОЛАТИНИ ЯХШИЛАШ ВА ОБОДОНЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

«16» октрябрь 2013 г. № 282
Ташкент ш.

Тошкент шаҳри ҳудудидаги каналларни сақлаш ҳамда улардан фойдаланиш ишларини ташкил этиш ва бошқаришни янада такомиллаштириш, шунингдек уларнинг ўзанларини ва каналларга туташ ҳудудларни ободонлаштиришни янада яхшилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси

ҚАРОР ҚИЛАДИ:

  1. Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Чирчиқ-Оҳангарон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Тошкент шаҳар сув хўжалиги бошқармасини тугатиш ҳамда унинг негизида Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармаси ҳузурида Каналларни сақлаш, улардан фойдаланиш ва уларни таъмирлаш ихтисослаштирилган бошқармасини (кейинги ўринларда Ихтисослаштирилган бошқармаси деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
  2. Қуйидагилар Ихтисослаштирилган бошқарманинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
    Тошкент шаҳри ҳудудида жойлашган магистрал каналларни ва улардаги иншоотларни сақлашга доир ягона техник сиёсатни амалга ошириш;
    Тошкент шаҳри ҳудудида жойлашган магистрал каналлар ва сув хўжалиги иншоотларининг зарур даражадаги санитария ҳолатини ва техник жиҳатдан ишончлилигини таъминлаш;
    каналлардан ишончли фойдаланиш ва уларни ишлаш ҳолатида сақлашга тайёрлаш;
    каналларни санитария жиҳатидан тозалаш ишларини комплекс ва тубдан яхшилаш, каналларга туташ ҳудудларни санитария, экология норма ва қоидаларига мувофиқ ободонлаштириш функцияларини амалга ошириш;
    каналларнинг шаҳардаги участкаларини уларнинг қуйилиш жойларини бетонлаш йўли билан реконструкция қилиш, қирғоқлар бўйида замонавий ландшафт архитектурасини қўллаган ҳолда рекреацион зона барпо этиш;
    сув ва энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш;
    ажратилган маблағлар, моддий-техника ресурслари, махсус техника ва асбоб-ускуналардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш.
  3. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги Тошкент шаҳри ҳудудида жойлашган магистрал каналлар ва иншоотлар тизимининг 1-иловага* мувофиқ рўйхат бўйича бир қисмини белгиланган тартибда Ихтисослаштирилган бошқарма тасарруфига берсинлар.
    * 1-илова рус тилидаги матнда берилган.
    Республика сув ресурсларини ҳавзали бошқариш тамойилидан келиб чиққан ҳолда, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмолининг белгиланган тартибига риоя этилишини таъминлаш, умуман берилаётган магистрал каналлар (тизимлар) ва иншоотлар бўйича сув олиш ва сув бериш тўғрисидаги ишончли ҳисоб ва ҳисоботларни юритиш вазифалари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигида қолдирилсин.
  4. Қуйидагилар:
    Ихтисослаштирилган бошқарма тузилмаси 2-иловага мувофиқ;
    Тошкент шаҳри ҳудудидаги каналларни хатловдан ўтказиш ҳамда қаровсиз каналларни ва Тошкент шаҳри ҳудудида жойлашган Чирчиқ-Оҳангарон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси магистрал каналлари ва иншоотлари тизимининг бир қисмини бериш бўйича Идоралараро ишчи комиссия таркиби 3-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
    * 3-илова рус тилидаги матнда берилган.
  5. Идоралараро ишчи комиссия (Б. Раҳмонов) 2013 йил 1 ноябргача бўлган муддатда Тошкент шаҳри ҳудудида жойлашган қаровсиз каналларни хатловдан ўтказсин ва уларни янгидан ташкил этилган Ихтисослаштирилган бошқарма балансига белгиланган тартибда ўтказсин.
  6. Тошкент шаҳар ҳокимлиги белгиланган тартибда:
    Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг тугатилаётган Тошкент шаҳар сув хўжалиги бошқармасининг асосий воситалари, механизмлари, автотранспорти, моддий-техника ресурслари лимитлари, штат бирликлари ва бюджет маблағларини бериш – қабул қилиб олишни;
    Ихтисослаштирилган бошқарманинг штатлар рўйхатини ва харажатлар сметасини рўйхатдан ўтказишни;
    Ихтисослаштирилган бошқармани 4-иловага* мувофиқ рўйхат бўйича зарур махсус техника ва асбоб-ускуналар билан жиҳозлашни таъминласин.
    * 4-илова рус тилидаги матнда берилган.
  7. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Тошкент шаҳар сув хўжалиги бошқармасининг ўтказилаётган харажатлар сметаси маблағлари, шунингдек Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари, шу жумладан маҳаллий бюджет даромадлар қисмининг ошириб бажарилишидан ва харажатларни мақбуллаштириш ҳисобига олинган маблағлар Ихтисослаштирилган бошқарманинг каналларни сақлаш, улардан фойдаланиш ва уларни таъмирлашга, 2013 йилда махсус техника ва асбоб-ускуналар сотиб олишга харажатларини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин.
  8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2014 йилдан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда каналларни сақлаш, улардан фойдаланиш ва уларни таъмирлаш ҳамда Ихтисослаштирилган бошқармани зарур махсус техника ва асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш учун зарур маблағлар ажратилишини назарда тутсин.
  9. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 5-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилсин.
  10. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
  11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.И.Закиров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ

Вазирлар Маҳкамасининг
2013 йил 16 октябрдаги
282-сон қарорига
2-ИЛОВА

 

 

 

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бош бошқармасининг Каналларни сақлаш, улардан фойдаланиш ва уларни таъмирлаш ихтисослаштирилган бошқармасининг
ТУЗИЛМАСИ

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бош бошқармасининг Каналларни сақлаш, улардан фойдаланиш ва уларни таъмирлаш ихтисослаштирилган бошқармасининг тузилмаси

 

 

Вазирлар Маҳкамасининг
2013 йил 16 октябрдаги
282-сон қарорига
5-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Сув хўжалигини бошқаришни такомиллаштириш тўғрисида» 2003 йил 21 июлдаги 320-сон қарорида (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2003 й., 7-сон, 65-модда):
а) 2-иловада: «1 та магистрал канал бошқармаси, 3 та ирригация тизимлари бошқармалари, 1 та шаҳар сув хўжалиги» блокидан «1 та шаҳар сув хўжалиги» сўзлари чиқариб ташлансин;
б) 3-иловада:
«V. Чирчиқ-Оҳангарон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси» бўлимида:
5-банд чиқариб ташлансин;
«Маъмурий-бошқарув ходимларининг чекланган сони» устунининг «Жами» қаторидаги «139» рақамлари «132» рақамлари билан алмаштирилсин;
«Маъмурий-бошқарув ходимларининг чекланган сони» устунидаги «Ўзбекистон Республикаси бўйича ҲАММАСИ» қаторидаги «1495» рақамлари «1488» рақамлари билан алмаштирисин.

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент шаҳрини ободонлаштириш ишларини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2010 йил 11 ноябрдаги 251-сон қарорига 3-илованинг матни қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

«Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бош бошқармасининг
ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛМАСИ

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бош бошқармасининг ташкилий тузилмаси

Изоҳ. * Молиялаштириш хўжалик фаолиятидан олинган маблағлар ҳисобига амалга оширилади.».


Ҳужжат тури:  Қарор
Ҳужжат рақами:  282
Қабул қилиниш санаси:  16.10.2013
Кўчириб олиш pdf |