Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Республика ихтисослаштирилган тиббиёт маркази Кенгаши тўғрисидаги низом Бош сахифа

13 мая 2013

Республика ихтисослаштирилган тиббиёт маркази Кенгаши тўғрисидаги низом

Ўзбекистон Республикаси
Соғлиқни сақлаш вазирлиги,
Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни
ривожлантириш давлат қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги,
Молия вазирлигининг
2013 йил «13» майдаги
15, 01/09-26/03, 32, 44-сон қарорига илова

Республика ихтисослаштирилган тиббиёт маркази Кенгаши тўғрисидаги низом

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 28 ноябрдаги ПҚ-1652-сон “Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2011 йил, 11-сон, 341-модда) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 29 мартдаги 91-сон “Тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш ва фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 14-сон, 152-модда) мувофиқ давлат муассасаси шаклидаги Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари Кенгаши (бундан буён матнда Марказ Кенгаши деб юритилади) фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

I боб. Умумий қоидалар

1. Марказ Кенгаши Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказининг (бундан буён матнда “Марказ” деб юритилади) юқори бошқарув органи ҳисобланади.

2. Марказ Кенгаши ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига амал қилади.

II боб. Марказ Кенгашини ташкил этиш

3. Марказ Кенгаши таркибида Марказ директори, Марказнинг етакчи тиббий ва илмий ходимлари, ҳамда Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари бўлган 7 кишидан иборат бўлади.

Марказ Кенгашининг шахсий таркиби Марказ меҳнат жамоаси умумий йиғилишининг қарори билан тасдиқланади.

4. Марказ директори бир вақтнинг ўзида Марказ Кенгашининг раиси ҳам ҳисобланади.

Марказ Кенгаши раиси бўлмаган даврда унинг вазифасини Марказ Кенгаши раиси ўринбосари бажаради.

Марказ Кенгаши раиси ўринбосари Кенгаш таркибидан Марказ Кенгаши аъзолари томонидан кўпчилик овоз билан Марказ Кенгаши ваколати муддатига сайланади.

5. Марказ Кенгаши ваколат муддати бир молиявий йилдан иборат ва ҳар бир молиявий йил тугагандан сўнг 30 кундан кечиктирилмаган ҳолда кейинги муддат учун Марказ Кенгашининг янги таркиби сайланади.

Марказ Кенгаши аъзоси йил давомида бошқа ишга ўтган ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Марказ касаба уюшмаси қўмитаси томонидан тавсия этилган номзод Марказ Кенгаши таркибига Марказ Кенгаши қарори билан сайланади.

III боб. Марказ Кенгаши ваколатлари

6. Марказ Кенгаши ваколатлари қуйидагилардан иборат:

Марказ фаолиятининг устувор йўналишларини белгилаш;

Марказ фаолиятини ривожлантириш стратегиясини шакллантириш ва асосий йўналишларини белгилаш;

Марказнинг йиллик даромадлари ва ҳаражатлар сметасини маъқуллаш ҳамда уларни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига тасдиқлаш учун тақдим этиш;

Марказнинг йиллик даромадлари ва ҳаражатлар сметаси ижроси устидан назоратни ташкил этиш;

бюджет ҳамда бюджетдан ташқари маблағлардан фойдаланилиши устидан мониторингни амалга ошириш;

Марказ фаолияти самарадорлигини оширишга йўналтирилган тавсиялар ишлаб чиқиш;

Марказ тузилмасини ҳамда Марказ ичидаги, шунингдек унинг филиаллари ва ваколатхоналари муносабатларини тартибга солувчи норматив ҳужжатларни тасдиқлаш.

аҳолига кўрсатилаётган пулли хизматлар турлари бўйича тарифларни тасдиқлаш;

лавозимлар рўйхати ва лавозим иш ҳақи миқдор(оклад)ларини тасдиқлаш, Марказ ходимлари ва Марказ Кенгаши аъзоларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида Низомни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

Марказнинг молиявий-ҳўжалик фаолияти, йиллик даромад ва ҳаражатлар сметаси ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни ҳар чоракда муҳокама қилиш;

Марказ директорининг ўринбосарлари, филиал ва ваколатхоналарининг раҳбарларини Марказ директорининг тақдимномасига биноан лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш;

тиббиёт ходимлари этикаси тамойилларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

Марказ Устави ва мазкур Низомга асосан Марказ Кенгаши ваколатига киритилган бошқа вазифаларни амалга ошириш.

7. Марказ Кенгаши котиби Марказ ходимларидан Марказ Кенгаши қарори билан тайинланади ва Марказ Кенгашининг ишчи органи хисобланади.

8. Марказ Кенгаши котиби:

Марказ Кенгаши ҳужжатларини сифатли юритиш ва сақлашни таъминлайди;

Марказ Кенгашининг навбатдаги мажлисига барча зарур материалларни ўз вақтида тайёрлашни таъминлайди;

Марказ Кенгаши мажлиси кун тартибидаги масалалар бўйича тахлилий ва бошқа материалларни тайёрлашни ташкил этади;

Марказ Кенгаши қарорлари ижроси мониторингини амалга оширади.

IV боб. Марказ Кенгаши мажлисини ташкил этиш

9. Марказ Кенгаши зарурат нуқтаи назаридан, аммо чоракда камида бир маротаба, ўз мажлисларини ташкил этади. Марказ Кенгаши мажлисларини Марказ Кенгаши раиси олиб боради, у бўлмаган даврда Марказ Кенгаши раиси ўринбосари олиб боради.

Марказ Кенгаши мажлисида иштирок этаётган Марказ Кенгаши аъзоларининг сони Марказ Кенгаши аъзоларининг умумий сонининг 2/3 қисмидан кам бўлмаган ҳолларда Марказ Кенгаши мажлиси ваколатли (кворум мавжуд) ҳисобланади.

10. Марказ Кенгаши қарорлари мажлисда иштирок этаётган Марказ Кенгаши аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган холларда Марказ Кенгаши раиси овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.

Марказ Кенгашининг ҳар бир аъзоси қабул қилинаётган қарорлар бўйича ўз фикрини ёзма шаклда тақдим этиш ҳуқуқига эга.

11. Марказ Кенгаши қарорлари, мажлис ўтказилган санадан бошлаб уч кундан кечиктирилмай, баённома шаклида расмийлаштирилади ва Марказ Кенгашининг барча аъзолари томонидан имзоланади.

Марказ Кенгаши раиси айрим масалалар бўйича тезкор қарор қабул қилиш мақсадида бошқа Марказ Кенгаши аъзолари билан сўров йўли орқали келишилган ҳолда Марказ Кенгаши қарорини тасдиқлаши мумкин.

12. Марказ Кенгаши котиби Марказ Кенгаши қарорлари ижросини мунтазам равишда ўрганиб боради ва зарурат туғилган холатларда Марказ Кенгаши раиси ва аъзоларига тегишли таклифлар киритади.

13. Марказ Кенгаши аъзоларидан бирининг ташаббуси билан Марказ Кенгашининг навбатдан ташқари мажлиси ўтказилиши мумкин. Марказ Кенгашининг навбатдан ташқари мажлисини чақириш тўғрисидаги асосли талабнома ёзма шаклда Марказ Кенгаши раисига юборилади.

14. Марказ Кенгашининг навбатдаги мажлиси кун тартибига киритилган масалалар Марказ Кенгаши котиби томонидан Марказ Кенгаши мажлиси ўтказиладиган санадан камида беш кун аввал ҳар бир Марказ Кенгаши аъзосига юборилади.

15. Марказ Кенгаши кун тартибидаги масалалар ўзгартирилган холларда Марказ Кенгаши котиби ҳар бир Марказ Кенгаши аъзосини бундай ўзгартиришлар тўғрисида Марказ Кенгаши мажлиси ўтказиладиган санадан камида икки кун аввал хабардор қилиши лозим.

16. Марказ Кенгаши мажлиси Марказ Кенгаши раисининг шахсий ташаббуси, Марказ Кенгаши аъзосининг ва Марказ ижро этувчи органининг талаби асосида Марказ Кенгаши раиси томонидан чақирилади.

V боб. Марказ Кенгаши аъзоларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги

17. Марказ Кенгаши аъзоларининг ҳуқуқлари:

Марказ Кенгаши мажлисларида шахсан иштирок этиш, муҳокама қилинаётган масалалар бўйича ўз фикрини билдириш, таклифлар киритиш;

Марказнинг тиббий ва молиявий ҳўжалик фаолиятининг жорий ҳолати, ҳамда уни ривожлантириш режалари тўғрисида аниқ ва тўлиқ ахборот олиш;

Марказ Кенгаши аъзоси ваколатларини бажараётган даврда ўз вазифаларини бажарганлигига яраша бадал олиш.

18. Марказ Кенгаши аъзолари Марказнинг имкониятларидан (мулкий ва номулкий ҳуқуқларидан, ҳўжалик фаолияти доирасидаги имкониятларидан, Марказ фаолияти ва режалари тўғрисидаги ахборотдан) ўзларининг шахсий манфаатлари йўлида фойдаланишлари ҳамда Марказнинг жорий молиявий ҳўжалик фаолиятига аралашишлари мумкин эмас.

19. Марказ Кенгаши аъзолари ўз манфаатдорлиги мавжуд бўлган масалалар бўйича овоз беришда иштирок этиш ҳуқуқига эга эмас.

20. Марказ Кенгаши аъзолари ўз лавозим мажбуриятларини Марказ манфаатларини кўзлаб қонунчиликка асосан амалга оширишга мажбурдирлар.

21. Марказ Кенгаши аъзолари қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгардирлар.


Ҳужжат тури:  Низом
Ҳужжат рақами:  15
Қабул қилиниш санаси:  13.05.2013
Кўчириб олиш pdf |