Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Буйруқ №282.Тиббиёт муассасалари типлари ва ихтисослик турлари бўйича тиббий фаолият ҳажмига талаблар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида Бош сахифа

03 ноября 2012

Буйруқ №282.Тиббиёт муассасалари типлари ва ихтисослик турлари бўйича тиббий фаолият ҳажмига талаблар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРИНИНГ

буйруғи

Тиббиёт муассасалари типлари ва ихтисослик турлари бўйича тиббий фаолият ҳажмига талаблар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 45-сон, 518-модда)

[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2012 йил 2 ноябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2399]

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 29 мартдаги 92-сон «Тиббий фаолиятни лицензиялаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 13-сон, 146-модда) мувофиқ буюраман:

1. Тиббиёт муассасалари типлари ва ихтисослик турлари бўйича тиббий фаолият ҳажмига талаблар тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн кун ўтгандан кейин кучга киради.

Вазир А.В. АЛИМОВ

Тошкент ш.,

2012 йил 3 октябрь,

282-сон

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2012 йил 3 октябрдаги 282-сон буйруғига
ИЛОВА

Тиббиёт муассасалари типлари ва ихтисослик турлари бўйича тиббий фаолият ҳажмига талаблар тўғрисидаги

НИЗОМ

Мазкур Низом Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 29 мартдаги 92-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 йил, 13-сон, 146-модда) билан тасдиқланган Тиббий фаолиятни лицензиялаш тўғрисидаги низомнинг 3-бандига мувофиқ тиббиёт муассасалари типлари ва ихтисослик турлари бўйича тиббий фаолият ҳажмига қўйиладиган талабларни белгилайди.

I боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом талаблари лицензия асосида тиббий фаолиятни амалга оширадиган тиббиёт муассасаларига (бундан буён матнда тиббиёт муассасалари деб юритилади) татбиқ этилади.

2. Тиббиёт муассасалари мазкур Низомда белгиланган тиббиёт муассасалари типларига ва ихтисослик турлари бўйича тиббий фаолият ҳажмига мувофиқ тиббий фаолиятни амалга оширади.

II боб. Тиббиёт муассасалари типларига қўйиладиган талаблар

3. Тиббиёт муассасалари қуйидаги типларда тиббий фаолиятни амалга оширади:

тез тиббий ёрдам муассасаси — беморларга кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдамни кўрсатадиган, шунингдек бемор (мурда)ларни транспортировка қиладиган тиббиёт муассасаси;

амбулатория муассасаси — беморларни тиббиёт муассасасига жойлаштирмасдан қатнов асосида ёки уларнинг уйларида (амбулатор шароитда) даволанишини таъминлайдиган тиббиёт муассасаси;

стационар муассаса — беморларни доимий равишда тиббиёт ходимлари назоратида бўлишига шароит яратиш мақсадида уларнинг ётиб даволанишини таъминлайдиган тиббиёт муассасаси;

дезинфекция (дезинфектология) муассасаси — дезинфекция, дезинсекция ва дератизация воситалари орқали инсон касалланишига сабаб бўлган омилларни, уларнинг ташувчисини ёки табиий резервуарлари ҳисобланган атроф-муҳитда мавжуд бўлган патоген биологик объектларни йўқ қилишга қаратилган фаолиятни амалга оширадиган тиббиёт муассасаси.

4. Стационар типда тиббий фаолиятни амалга оширадиган тиббиёт муассасаси амбулатор шароитида ҳам тиббий фаолиятни амалга ошириши мумкин.

5. Тиббиёт муассасалари типлари ўз ихтисосликларидан келиб чиқиб қуйидаги тиббий фаолиятлардан бири ёки бир нечтасини амалга оширади:

тез тиббий ёрдам – беморларга кечиктириб бўлмайдиган ҳолатларда кўрсатиладиган тиббий ёрдам, шунингдек бемор (мурда)ларни транспортировка қилиш;

профилактика — инсон саломатлигини мустаҳкамлаш, касалланишини олдини олиш ва уни келиб чиқиш сабабларини бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар;

маслаҳат бериш — касалликларни профилактика қилиш ва даволаш мақсадида мутахассис врач томонидан бериладиган кўрсатма;

диагностика — инсон саломатлиги ҳолатини тиббий текширувлар ўтказиш орқали аниқлашга қаратилган чора-тадбирлар;

даволаш — инсон саломатлигини яхшилаш ёки тиклашга қаратилган тиббий муолажа (аралашув). Бунда даволаш операциясиз (консерватив) йўл билан ёки операция (оператив) қилиш йўли билан амалга оширилади.

III боб. Тиббиёт муассасаларининг ихтисослик турлари бўйича тиббий фаолияти ҳажмига қўйиладиган талаблар

6. Тиббиёт муассасалари тез тиббий ёрдам, профилактика, маслаҳат бериш, диагностика ва операциясиз (консерватив) даволаш асосида, шунингдек мазкур Низом иловасида келтирилган Тиббиёт муассасаларида тиббий фаолиятнинг ихтисослик турлари бўйича амалга оширилиши мумкин бўлган операцияли (оператив) даволашлар рўйхати асосида ўз ихтисослик турлари бўйича тиббий фаолият ҳажмини амалга оширади, мазкур Низомнинг 7-банди бундан мустасно.

7. Тиббиёт муассасалари томонидан қуйидаги тиббий фаолиятларни амалга ошириш тақиқланади:

бактериологик текширувлар ўтказиш;

ўткир заҳарланишни даволаш;

келиб чиқиши криминал хусусиятга эга бўлган жароҳатларни даволаш;

таносил касалликни даволаш;

сил касаллигини даволаш;

ОИВ/ОИТС диагностикаси ва уни даволаш;

моховни даволаш;

шошилинч эпидемиологик чоралар кўришни талаб этадиган юқумлик касалликларни даволаш;

ўта хавфли ва карантин касалликларни даволаш;

аниқланган хавфли онкологик касалликларни даволаш;

қон донорлигини ташкил этиш, қонни, унинг компонентлари ва препаратларини тайёрлаш ва қайта ишлаш;

барча турдаги тиббий экспертизаларни ўтказиш, шу жумладан санитар-гигиеник, токсикологик, микробиологик, эпидемиологик, генетик ва меҳнатга вақтинча лаёқатсизлик экспертизаларини ўтказиш;

туғруқни қабул қилиш ва ҳомиладорлик кечишини тўхтатиш (аборт қилиш);

тўқима ва аъзолар трансплантацияси, шунингдек уларни тайёрлаш;

инфекция ўчоқларида барча турдаги дезинфекция чораларини олиб бориш.

8. Мазкур Низомнинг 7-банди учинчи ва тўртинчи хатбошиларида кўрсатиб ўтилган тиббий фаолиятларни тиббиёт муассасаларида амалга ошириш фақатгина инсон ҳаётига хавф туғдирувчи ҳолатларда беморга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида рухсат этилади. Бунда келиб чиқиши криминал хусусиятга эга бўлган жароҳатларни даволаш юзасидан мурожаат қилинганда тиббиёт муассасалари зудлик билан ички ишлар органларига хабар беришлари шарт.

IV боб. Якуний қоидалар

9. Мазкур Низом талабларини бузганликда айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

10. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан келишилган.

Савдо-саноат палатаси раиси А. ШАЙХОВ

2012 йил 3 октябрь,

Тиббиёт муассасалари типлари ва ихтисослик турлари бўйича тиббий фаолият ҳажмига талаблар тўғрисидаги низомга
ИЛОВА

Тиббиёт муассасаларида тиббий фаолиятнинг ихтисослик турлари бўйича амалга оширилиши мумкин бўлган операцияли (оператив) даволашлар

РЎЙХАТИ

1. Тиббий фаолиятнинг умумий хирургия (кичик амбулатор хирургия) ихтисослик тури бўйича:

юмшоқ тўқималардаги хавфсиз ўсмаларни олиб ташлаш;

плевра бўшлиғини пункцияси;

плевра бўшлиғини дренажлаш;

қорин бўшлиғини пункцияси;

лапароцентез;

оддий чурраларда чурраларни кесиш;

куйган яраларга хирургик ишлов бериш;

яраларга бирламчи хирургик ишлов бериш;

маститни кесиб очиш;

панариций ва паронихийларни кесиб очиш;

абсцессларни кесиб очиш;

юмшоқ тўқима флегмоналарини кесиб очиш;

турли жойдаги фурункул ва карбункулларни кесиб очиш;

циркумцизия;

эндоскопик аралашувлар;

геморройда, анал ёриқларида, ўткир парапроктитда, тўғри ичак оқмасида, анал йўли полипларида, перианал соҳаси кисталарида, эпителиал-думғаза йўлларида, перианал соҳаси ўткир учли кондиломаларида операцияли муолажалар (аралашувлар).

2. Тиббий фаолиятнинг колопроктология (кичик операцияли колопроктология) ихтисослик тури бўйича геморройда, анал ёриқларида, ўткир парапроктитда, тўғри ичак оқмасида, анал йўли полипларида, перианал соҳаси кисталарида, эпителиал-думғаза йўлларида, перианал соҳаси ўткир учли кондиломаларида операцияли аралашувлар.

3. Тиббий фаолиятнинг урология (кичик операцияли урология) ихтисослик тури бўйича:

мояк истисқоси операцияси;

варикоцеле операцияси;

циркумцизия;

мояк биопсияси;

крипторхизмни бартараф этиш операцияси;

мояк, мояк қўшимчаси ва тухумдон йўли кисталарини олиб ташлаш;

уретра ташқи тешигининг полипини кесиб олиш ёки куйдириш;

меатотомия;

цистостомик дренажни алмаштириш;

эндоурологик операцияли муолажалар (аралашувлар).

4. Тиббий фаолиятнинг оториноларингология (ЛОР органларнинг мураккаб туғма нуқсонларини бартараф этишга оид операциялардан ташқари) ихтисослик тури бўйича:

аденотомия;

тонзилэктомия;

гайморотомия;

фронтотомия;

этмоидотомия;

сфеноидотомия;

септопластика;

орториносептопластика;

ринопластика;

анитротомия;

қулоқдаги радикал операция;

тонзиллотомия;

тимпанопластика;

ЛОР органлари абцессларини очиш;

хоанал полипини олиб ташлаш;

қонаётган полипни олиб ташлаш;

полипни олиб ташлаш;

хиқилдоқ папилломасини олиб ташлаш;

ЛОР органлари аъзоларида эндоскопик операциялар.

5. Тиббий фаолиятнинг офтальмология ихтисослик тури бўйича:

интраокуляр линза (ИОЛ)ни имплантациялаш ва имплантацияламасдан катарактани экстракапсуляр экстракцияси;

ИОЛ имплантацияси билан катарактанинг факоэмульсификацияси (ФЭГ);

ИОЛ имплантацияси билан катарактанинг тоннель экстракцияси (ТЭК);

ИОЛни имплантациялаш ва имплантацияламасдан катарактани интракапсуляр экстракцияси;

ИОЛни иккиламчи имплантацияси;

антиглаукоматоз операциялар;

пластикали ва пластикасиз птеригиумэктомия;

керопротезлаш;

склеропластик операциялар;

ғилайликни тузатиш;

қовоқдаги операциялар (бурилиб қолганда, тескари бўлиб қолганда, птозда, блефарохалязда ва нуқсонларда);

қовоқдаги пластик операциялар;

витреоретинал хирургия;

тўр пардаси кўчишидаги операция (циркляж, склерани локал пломбалаш);

дакриоцисториностомия;

кўз ёши йўлларидаги операция;

конъюнктива ва қовоқдаги хавфсиз ўсмаларни олиб ташлаш (папилломалар, кистлар ва халязионалар);

вазореконструктив ва реваскуллизирловчи операциялар;

шох парда ва конъюктивада юзаки жойлашган ёт жисмларни олиб ташлаш;

орқа капсулотомияси;

тўр парданинг переферик, паравазал ва чекланган панретинал лазеркоагуляцияси;

иридотомия;

фоторефракцион кератотомия (ФРК);

лазик;

эпилазик;

чокни ечиш;

лимфотропли даволаш.

6. Тиббий фаолиятнинг пластик хирургия ихтисослик тури бўйича:

юзаки жойлашган ёт жисмларни олиб ташлаш;

жароҳатланган терини кесиб олиб ташлаш;

жароҳатни беркитиш учун тери пластикаси;

яраларни ёпиш учун тери пластикаси;

атеромани олиб ташлаш;

тери ва териости ёғ клетчаткасининг ҳавфсиз ўсмаларини олиб ташлаш;

чандиқларни кесиб олиб ташлаш;

бошдаги тук (соч)ларни трансплантацияси;

энгак, чакка, пешона, бўйин соҳасидаги пластик операциялар (маҳаллий анестизия орқали);

юқори лаб коррекцияси;

гинекомастия коррекцияси;

шалпангқулоқлик коррекцияси;

юқори қовоқ пластикаси;

пастки қовоқ пластикаси;

эпикантус коррекцияси;

сингапури коррекцияси (турғун бурма);

тарзопластика;

тери тўқимасининг лазерли деструкцияси;

телеангиоэктазиянинг лазерли коагуляцияси;

телеангиоэктазийнинг склеротерапияси;

тери чандиқларида механик тери ҳосил қилиш;

чандиқларда лазерли тери ҳосил қилиш;

илгари қилинган косметик операциялар коррекцияси;

тананинг алоҳида қисмларини маҳаллий анестизия орқали липосакция қилиш;

юмшоқ тўқималарга сунъий тўлдирувчиларни киритиш орқали шаклни коррекция қилиш;

гемиопластика (кичик ва катта жинсий лаблар коррекцияси);

юзни ёшартиришнинг кам инвазивли усуллари;

ажинлар коррекцияси;

«aptos» иплари операцияси;

ажин ва лаблар шаклини биополимерлар билан коррекция қилиш;

липофилинг;

ринопластика.

7. Тиббий фаолиятнинг хирургик стоматология ихтисослик тури бўйича:

сут ва доимий тишларни олиб ташлаш;

абсцессларни кесиб очиш;

периостотомия;

тиш илдизлари юқори қисмининг резекцияси;

олиб ташланган тиш ўрни кюретажи;

жароҳатларга бирламчи хирургик ишлов бериш; юз нерви невралгиясида блокада қилиш;

юз нерви невралгиясида блокада қилиш;

майда ўсмасимон шишларни олиб ташлаш;

имплантация;

тил ва лаб юганини кесиб олиш;

тиш олиб ташлангандан сўнг перфорацияда гаймор бўшлиғи тубидаги чуқурчани тикиш.


Ҳужжат тури:  Буйруқ
Ҳужжат рақами:  № 282
Қабул қилиниш санаси:  03.11.2012
Кўчириб олиш pdf |