Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Замонавий ва сифатли тиббий хизмат тизимда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсадидир Бош сахифа

18 марта 2015

Замонавий ва сифатли тиббий хизмат тизимда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсадидир

Халқимиз саломатлигини янада мустаҳкамлаш, юртимизда маънан етук ва жисмонан соғлом авлодни камолга етишини таъминлаш масаласи давлат сиёсатининг устивор йўналишларидан биридир. Зеро, бугун мамлакатимиз тиббиёт муассасаларида энг мукаммал ва замонавий шарт-шароитлар яратиш ҳамда тиббий хизмат сифатини оширишга жиддий эътибор қаратилаётир. Бу борада, айниқса, Президентимиз фармонига мувофиқ қабул қилинган ва босқичма-босқич амалга оширилаётган соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга оид Давлат дастури алоҳида ўрин тутмоқда.

Мазкур ҳуқуқий ҳужжатга кўра, жойларда ихтисослаштирилган шифо масканлари фаолияти йўлга қўйилиб, ушбу муассасаларнинг жаҳон андозалари даражасидаги тиббий асбоб-ускуналари билан жиҳозланганлиги хасталикка аниқ ташхис қўйиб, самарали муолажа усулларини қўллаш имконини бераяпти. Хусусан, юртимизда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишнинг ўзига хос тизими шакллантирилганлиги ва аҳолига тезкор сифатли тиббий хизмат кўрсатилаётгани бунинг амалий тасдиғи бўла олади.

Бугунги кунда энг юқори талаб ва мезонларга мос ихтисослаштирилган вилоят шифохоналари ҳамда уларнинг шаҳар ва туман бўлимлари қошидаги тез тиббий ёрдам хизмати бўлимларида мутлақо янгича тизим шакллантирилди. Ушбу тизим асосида ҳозир Республика шошилинч тиббий ёрдам марказининг жойлардаги 13та минтақавий филиали, шунингдек, юртимизнинг барча туман ва шаҳарларида унинг бўлимлари фаолият кўрсатмоқда. Бундан ташқари, тез тиббий ёрдам кўламини кенгайтириш ҳамда ушбу йўналишдаги муасасаларнинг моддий техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида мазкур тизим махсус авто машина воситалари билан таъминланди ва олис худудларгача барча замонавий алоқа воситалари етказиб берилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2009 йил 21 майда қабул қилинган “Тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизими фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори соҳада амалга оширилаётган илмий-амалий ишларни мунтазам такомиллаштириб боришда муҳим дастуриламал вазифасини ўтамоқда. Жойлардаги тиббий муассасаларнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш ҳамда соҳа ходимлари малакасини ошириш юзасидан кенг қамровли чора-тадбирлар олиб борилаётганлиги бунинг яққол тасдиғидир.

Мана, беш йилдирки, соҳада фаолият юритаётган малакали мутахассисларнинг билим ва тажрибасини янада кенг тарғиб қилиш ҳамда намунали ходимларни муносиб рағбатлантириш мақсадида республикамиз миқёсида махсус кўрик-танлов ўтказиб келинмоқда. Ушбу нуфузли танлов бу гал ҳам қизғин беллашувларга бой бўлди. Наврўз айёми юртимизда кенг нишонланаётган шу кунларда эса унинг ғолиб ва совриндорларини тантанали тақдирлаш маросими ўтказилди.

Тадбирда алоҳида эътироф этилганидек, мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида соҳа ходимларининг меҳнати ва интилишини қўллаб-қувватлаш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Буни биргина тизимни ривожлантиришга йўналтирилган эзгу саъй-ҳаракатлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Жумладан, Юртбошимиз қарорига мувофиқ, 2009-2014 йилларда тез тиббий ёрдам бўлимларига қарийб 1000 тадан зиёд махсус автомашиналар берилди.

Жорий йилда сотиб олиниши режалаштирилаётган 100 дона “ДАМАС АМВ” ва 10 дона Самарқанд автомобиль заводида ишлаб чиқарилаётган “ISUZU” русумли реанимобилларни харид қилиш учун шартномалар имзоланди. Ҳайдовчиларни малакасини ошириш мақсадида эса жойларда 30 соатлик курсларда ўқитиш ишлари давом эттирилмоқда.

Ўтган йили эса жами 5 миллион нафарга яқин беморга стационар ва 30 миллион нафар беморга эса амбулатор ёрдами кўрсатилди. Тез тиббий ёрдам “103” ва санитар авиация хизмати томонидан жами 7 ярим миллион мурожаатлар қаноатлантирилганлиги ушбу хизматнинг юксак салоҳиятидан дарак беради.

Кўрик танловнинг якуний натижаларига кўра, Фарғона вилояти, Ўзбекистон тумани тез тиббий ёрдам бўлими “Энг намунали тез тиббий ёрдам станцияси” номинацияси бўйича ғолиб, деб топилди ва бош соврин - “Дамас” автоамбуланси билан тақдирланди. Хоразм вилоят, Урганч туман тез тиббий ёрдам станцияси шифокори Раъно Собирова “Тез тиббий ёрдам станциясининг энг малакали шифокори”, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Навоий вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси автохўжалиги ҳайдовчиси Алимат Латипов “Тез тиббий ёрдам станциясининг энг интизомли ҳайдовчиси“, деб топилди. Шунингдек, танловнинг ушбу номинациялари бўйича иккинч ва учинчи ўрин соҳиблари ҳам аниқланиб, уларга қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

- Юртимизда биз, тиббиёт соҳаси мутахассисларининг жаҳон андозалари даражасидаги шарт-шароитлар яратилган шифо масканларида самарали фаолият кўрсатишимиз учун барча имконият яратилмоқда, -дейди Ўзбекистон тумани тез тиббий ёрдам бўлими мудири Абдурахмон Мамадалиев. – Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан шишилинч тиббий ёрдам хизматига юзлаб “Хундай” русумли энг замонавий реанимамобиллар берилганлигининг ўзиёқ бунинг далилидир. Бизнинг вилоятимиздаги замонавий тиббиёт муассасаларимиз ҳам ана шундай автомобиллар билан тўлиқ таъминланган. Ушбу транспорт воситаларининг афзалиги шундаки, уларда сунъий нафас бериш, юрак, қон босими, томир уришини ўлчаш ва бошқа зарур усулларни йўл-йўлакай бажаришга мўлжалланган ташхис ҳамда муолажа ускуналари мавжуд.

Фахрланиб айтсак арзийдики, бундай қулай имкониятлар инсон ҳаёти ва саломатлиги ҳар нарсадан устун саналадиган юртимизнинг энг чекка қишлоқ жойлари, бориш қийин бўлган олис худудларда ҳам яратилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати.

PDF форматида кўчириб олиш |