Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Бахтли қарилик ҳар бир инсонга насб этсин! Бош сахифа

12 марта 2015

Бахтли қарилик ҳар бир инсонга насб этсин!

Муҳтарам юртбошимиз томонидан кириб келаётган 2015 йилни “Кексаларни эъзозлаш йили” деб ном берилиши бежиз эмас. Ҳар қандай жамиятнинг ёши улуғ одамларга бўлган эътибори ва ғамхўрлиги унинг маданий даражасини белгилайди. Бизнинг диёримизда кексаларга ғамхўрлик қилиш, уларга меҳр-оқибат, ҳурмат-эхтиром кўрсатиш хаётимизнинг ажралмас қисмига айланган.

Қайси хонодонда нуроний отахон ёки онахон бўлса бу оилада албатта файзу барака, фаровонлик, аҳиллик ҳукм суради. Ота-оналаримиз бизга дунёга келтирганликлари учунгина эмас, не-не машаққатларни кўриб, турмушнинг оғир-енгилликларига бардош бериб, тарбиялаб, баркамол авлод даражасига кўтаргани учун ҳам мўътабардир. Кексалар дардига фарзанднинг ширин сўзию, набиралари шўхлигидан ортиқроқ шифо йўқ. Ҳар бир инсон ёши улғайганда фарзандларидан кўпроқ меҳр-мурувват, шириш сўз кутиб яшайди.

Бугунги кунда республикамизда 60 ёшдан ошганлар сони 2 миллион 873 мингдан кўпроқ кишини ташкил этади. 80 ёшдан ошганлар эса 225 минг нафарни, 90 ёшдан ошганлар эса 44 минг нафарни, 100 ёшдан ошганлар эса 8 минг 700 нафар бўлиб, уларнинг соғлиғи, яшаш тарзи тегишли идоралар томонидан назоратга олинган. Юртимизда кишиларнинг ўртача ёши 67 ёшдан 73.5 ёшга, аёллар ўртасида эса 75.8 ёшга етгани мустақиллик йилларидаги қувонарли натижадир.

Кексалик қонуний тарзда рўй берадиган ёшга алоқадор ҳолда инсоннинг жисми жонида ҳар хил ўзгаришлар юз берадиган табиий биологик физиологик ҳолат ҳисобланади. Инсон улғайгани сари камолотга етади, ҳаётда тажрибаси ортади. “Қари билганини пари билмас” деган мақолда шу ҳолатга ишора бор. Бу борада Ўзбекистон олимлари геранталогия ва гериатрия соҳасида катта ишларни олиб бориб, қариш жараёнини бироз бўлсада секинлаштириш, умрини узайтириш муаммоларини чуқур ўрганмоқдалар. Ҳар биримиз кексаларга нисбатан меҳр-шафқатли, эътиборли бўлишимиз, қарилик уларнинг руҳий ҳолатига ижобий таъсир қилишини англаб етишимиз, қарияларга нисбатан меҳр ва эътибор кўрсатишнинг аҳамиятини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмаслигини ҳис қилишимиз керак.

Қарияларнинг узоқ йиллик меҳнат фаолиятидан, уларнинг ҳаётий тажрибаларидан унумли фойдаланишимиз лозим. Шунинг учун “устоз-шогирд” анъаналарини маҳаллаларида унумли йўлга қўйилса, бу биринчидан кексаларни иш билан банд қилиб, умрини узайтиришга имкон яратса, уларнинг касбий маҳоратларидан оқилона фойдаланган ёшлар малакали мутахассис бўлиб етишишига асло шубҳа йўқ.

Тиббиёт ходимлари қариялар саломатлигини сақлаш, уларга маънавий, руҳий, жисмоний, тиббий томондан оқилона ёндашишга ҳамиша масъул ҳисобланади. Улар психологлар, маҳалла фаолари, хотин-қизлар қўмиталари, турли марказ ва жамғармалар, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати билан ҳамкорликда кексаларнинг иззат-ҳурматини жойига қўйиш, ҳаётий

тажрибасини ўрганиш, рағбатлантириш бўйича кўплаб ишларни амалга оширишлари лозим. Фарзандлар, яқин кишилар, дўст-биродарлар, қўни-қўшнилар ҳар бир кексага мурувват кўрсатишса, эътибор беришса, панд-насиҳатларига қулоқ солиб, ҳурматини жойига қўйишса, ёши улуғ отахон ва онахонларнинг умрига умр, ёшига ёш қўшилади, саломатлигида муаммо туғилмайди. Кексаларнинг сиҳат-саломат, дардлардан фориғ бўлиб, тетик ва бардам юришлари жуда кўплаб омилларга боғлиқ эканлигидан ҳар биримиз хабардор бўлишимиз лозим. Табобат илмини султони Абу Али Ибн Сино қарияларга енгил ҳаракат қилиш, пиёда юриш, мавсумга хос тўғри овқатланиш, кайфиятни яхшилаш, меъёрида ухлашни тавсия этади.

Кексалар умрининг узайиши улар истеъмол қиладиган озиқ-овқат тури ва сифатига боғлиқ. Уларнинг овқатланиш рационини тўғри белгилашда калорияга бой, витаминларни етарли, сифатли тайёрланиши муҳим аҳамиятга эгадир. Улар ҳар куни бир вақтда 3-4 маҳал овқатланиши керак. Агар овқатланишлар ўртасида муддат 4-4,5 соат бўлса, меъда-ичаклар фаолияти равон, иштаҳа меъёрида бўлиб, овқат ҳазм қилиш жараёнида муаммо туғилмайди. Иложи борича қарияларга ёғсиз гўшт, тухум, балиқ, пишлоқ, творог, сут, қатиқ еб ичиб туриш керак. Чунки ушбу озиқ-овқат таркибидаги оқсил ва микроэлементлар кекса одам учун сув ва ҳаводек зарур ҳисобланади. Албатта, сабзавот-мевалар, кўкат, асал, ёнғоқ, полиз маҳсулотлари (қовун, тарвуз) еб туриш фойдадан ҳоли эмас. Имкони борича қариялар таомномасида дудланган, қовурилган, шўр, аччиқ таомлар бўлмагани маъқул. Соғлиқларида бироз ўзгариш сезган ота-она, буви-буваларимиз дарҳол шифокорга бориб, маслаҳат олиб турсалар ва бунга амал қилсалар, ҳеч қандай муаммога ўрин йўқ. Айрим касаллик турлари билан ҳисобда турувчи қариялар парҳез тутиб юриши узоқ умр кўриш гаровидир. Бир сҳз билан айтганда, қарилик инсон ҳаётининг интиҳоси эмас, балки ҳаёт гултожи бўлмоғи керак.

Мунис онахон ва отахонларимиз хонадон кўрки, оила шаъни, қадр-қимматини юксак тутиб келаётгани билан ҳам ҳурмат-эътиборга муносиб. Авлоддан-авлодга ўтиб келаётган қадриятларимизу анъаналаримиз, бебаҳо меросимизнинг донишманд эгалари бўлган кексаларни эъзозлайлик ва ардоқлайлик. Ана шундагина бизга ҳам бахтли кексалик насиб этади.

2015 йил – Кексаларни эъзозлаш йили бўйича қабул қилинадиган Давлат дастурида ёши улуғ инсонлар қадр-қимматини кўтариш билан боғлиқ кенг қамровли ишлар амалга оширилади.

Республика саломатлик ва
тиббий статистика институти директор
З.Д. Муталова

PDF форматида кўчириб олиш |