Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Одам савдосидан эҳтиёт бўлинг Бош сахифа

11 марта 2015

Одам савдосидан эҳтиёт бўлинг

XXI аср умумбашариятга техника асри бўлиб келди. Ҳақиқатан ҳам турмушимизнинг қайси жабҳасига назар ташламайлик, техник имкониятлардан кенг фойдаланмоқдамиз. Техниген ривожланиш асрида вужудга келган кўплаб муаммолар одамзотни ташвишга солаётгани ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, инсоният ҳаётини хавф остига қўяётган одам савдоси бугунги куннинг долзарб масаласидир.

Таъкидлаш муҳимки, одам савдоси билан боғлиқ муаммолар Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Унга барҳам бериш мақсадида юртимизда бир қанча ҳуқуқий-меъёрий хужжатлар қабул қилиниб, ижроси таъминланмоқда. Мамлакатимизда 2008 йилнинг 17 апрелида Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни, шунингдек, 2008 йилни 8 июлида эса Президентнинг “Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 911-сонли Қарори қабул қилинди. Бунга кўра, Одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика Идоралараро комиссия ташкил этилиб, унинг аъзолари томонидан 2014 йилда “Одам савдоси-давр муаммоси” тарғибот концепциясини ишлаб чиқилди. Концепция давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид Давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорида илгари сурилган ғояларга ҳамоҳанг бўлиб, ёшларнинг мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланишлари учун шарт-шароит яратади. Бинобарин, мамлакатимизда жисмонан бақувват, руҳан тетик, интеллектуал салоҳияти баланд, ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳар қандай вазиятда тўғри йўл топа оладиган авлодни тарбиялаш учун оила-маҳалла, таълим муассасаси ҳамкорлиги тизими яратилиб, бу жараёнга кенг жамоатчилик жалб этилган. Турли коллежларни битирувчи ёшларни тадбиркорликка жалб этиш мақсадида имтиёзли кредитлар ажратилиб, бундан унумли фойдаланиб келмоқдалар. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йилдаги “Камолот” ёшлар ижтимоий харакатини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш тўғрисидаги фармонида айтилганидек: “Ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, ёшларимизни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш масаласи давлат сиёсатининг устивор вазифаларидан биридир”. Бугун ёшларимиз интернет ва оммавий ахборот воситалари орқали ҳар куни дунё миқёсидаги ранг-баранг ахборотларни қабул қилмоқда.

Биз эркин демократик жамият қуриш ниятида эканмиз, ёшларимизга ниманидир кўришни ёки эшитишни таъқиқлай олмаймиз. Лекин, айни пайтда, фарзандларимизни “Оммавий маданият” ниқоби остида тарқатилаётган уларнинг маънавиятига салбий таъсир кўрсатаётган аҳлоқсизлик, зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғоялари таъсиридан асраб авайлашимиз зарур. Агар уларни ана шу иллатлар таъсиридан ҳимоя қила олмас эканмиз, ўсиб келаётган авлод “одам савдосидек” иллатнинг домига тушиб қолиши ҳеч гап эмас. Бу муаммо инсоннинг нафақат жисмоний кучини, балки унинг руҳияти, дунёқарашини пасайтириб, ҳаттоки маънавий қадриятлардан узоқлаштиради. Айрим шахслар содда юртдошларимизни бойлик орттириш, мўмай даромод

тўланадиган ишларга жойлаб қўйишни ваъда қилиб, Россия, Туркия, Қозоғистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Тайланд, Сингапур давлатларига ноқонуний йўллар билан олиб чиқиб кетиб, сотиб юбормоқдалар. Бу миллатимиз учун катта фожиадир. Айниқса, бу ачинарли воқеаларга ёшлар ва аёлларнинг аралашганини асло кечириб бўлмайди. Мамлакатимизнинг ўзида ишлаб, пул топиш, фаровон яшаш имконияти бўлатуриб, ёшларнинг тадбиркорлик билан шуғулланишга кенг имкониятлар яратилаётган бир пайтда уларнинг хорижга йўл олиши, хўрланиши, қул қилиб сотилиши ҳеч биримизнинг ғуруримизга, миллатимизнинг маънавий қадриятларига тўғри келмайди.

Ҳўш, нима учун юртдошларими “одам савдоси” домига тушиб қолмоқдалар? Олиб борилган кузатишлар шуни кўрсатадики, фуқароларимизнинг ушбу жиноят қурбонига айланишининг бир неча сабаблари бор:

  • одамларимизнинг содда ва ишонувчан;
  • тез вақт ичида моддий муаммолаларни ҳал этиш илинжи;
  • енгил иш топиш орзуси;
  • ҳуқуқий билимларга эга бўлмаслик;
  • айрим нопок ҳамюртларимизнинг ғайриинсоний ва ғайриқонуний ҳаракатлар орқали даромад топиши;
  • жиноятдан жабрланганларнинг оддий дунёқарашининг торлиги, саёзлиги;
  • аҳоли ўртасида етарли даражада тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бормаслик.

Республика саломатлик ва тиббий статистика институти, унинг худудий филиаллари, туман ва шаҳарлардаги Саломатлик марказлари, даволаш-профилактика муассасалари тиббий ходимлари ҳамкорлигида 2014 йилда «Одам савдоси ва унинг салбий оқибатлари» мавзусида аҳоли ўртасида кенг қамровли тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бордилар. Жумладан, 2014 йилда 74 мингдан зиёд тадбир ўтказилиб, бунда 782 мингдан ортиқ аҳоли қатнашди. Телевидение орқали 100дан ортиқ кўрсатув ва радиоэшиттиришлар эфирга узатилган бўлса, марказий ва худудий нашрларда мутахассисларнинг 150 дан ортиқ мақолалари чоп этилди. Вояга етмаганлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва “Огоҳ бўлинг одам савдоси” мавзуларида ҳам 54 миндан зиёд тадбирлар ўтказилиб, ушбу тадбирларда 698 мингдан зиёд ёшлар иштирок этди. 400га яқин радиосуҳбат эфирга узатилди, 30 га яқин рўзномаларда мақолалар чоп этилди. Жорий йилда ҳам одам савдосига қарши кураш бўйича кўплаб ишларни режалаштирганмиз.

Аҳоли турар жойларида, маҳаллаларда, жамоат ташкилотлари, таълим муассасаларида одам савдоси ва унинг асоратлари ҳамда унинг олдини олишда хуқуқий ва тиббий билимларининг аҳамияти мавзуларига қаратилган маъруза, давра суҳбатлари ҳамда семинарлар ташкил этиб келинмоқда.

Ишонч телефонлари орқали аҳоли ўзи учун керакли бўлган маълумотлардан хабардор бўлмоқда. Булардан ташқари, «Фирибгарнинг

тузоғига илинманг», «Боши берк кўчага кириб қолманг», “Одам савдосидан эҳтиё бўлинг” каби мавзуларда буклет ва плакатлар, тарқатма материаллар тайёрланиб, аҳолига тарқатилиб келинмоқда.

Хорижий давлатларга бориб, оғир мусибатларни бошидан ўтказиб қайтаётган инсонларга ғамҳўрлик кўрсатиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил ноябр ойидаги қарори билан Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги қошида Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича Республика реабилитация маркази очилди. Марказда одам савдосидан жабр кўрганларни соғлом ҳаёт тарзига қайтариш борасида психологик, ҳуқуқий ва тиббий ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Бу ерда уларнинг соғлиғи ва руҳий ҳолати тўла текширувдан ўтказилиб, зарур ёрдам кўрсатилади. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли кўрсатмасига асосан, марказга юборилаётганлар бирламчи тиббий кўрикдан ўтказилади. Шундан кейин яшаш жойи бўйича диспансер назорати йўлга қўйилади.

Ҳаёти барбод бўлган, соғлиғидан айрилган, қадр-қиммати поймол этилган жабрдийдаларни ўз бағрига олиб, уларга ғамхўрлик кўрсатувчи марказнинг ташкил этилгани бу муаммога мамлакатимизда нечоғли эътибор қаратилганидан далолатдир.

Ҳурматли ҳамюртларимиз, чет элда ишлашни ҳоҳлаганлар учун қонуний тартиб-қоидалар мавжуд, фақат шундан фойдаланган фуқароларгина ўз ҳаётини хавф остига қўймайди, буни унутманг.

Чет элда ишлаш истагида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари диққатига!

Чет элда меҳнат фаолиятини амалга оширишнинг амалдаги тартиб-қоидалари, ишга жойлашиш имкониятлари тўғрисида маълумотлар олиш, Корея Республикаси, Россия Федерацияси ва бошқа чет давлатларда меҳнат қилишнинг тартиблари тўғрисида маслаҳатлар олиш, шунингдек, турли шубҳали жисмоний ёки юридик шахслар томонидан билдирилаётган таклифларга аниқлик киритиш, ноқонуний миграциянинг олдини олиш ва одам савдосига йўл қўймаслик мақсадида фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигига учрашишлари лозим.

Директор ўринбосари Гулбахор Абдуллаева

PDF форматида кўчириб олиш |