Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин Бош сахифа

16 февраля 2015

Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин

ушбу шиор остида бутун мамлакатимиз бўйлаб саломатлик хафталиги бошланди

Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан мамлакатимизда “Кексаларни эъзозлаш йили” муносабати билан шу йилнинг 16 февралидан бутун мамлакатимиз бўйлаб ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, илмий-текшириш институтлари ва тиббиёт олий таълим муассасаларининг етакчи олимлари ва юқори малакали шифокорлари иштирокида “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” шиори остида аҳоли,шу билан бирга, уруш ва меҳнат фахрийлари хамда кексаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш ҳафталиги ўтказилмоқда.

Ушбу йирик ижтимоий тадбир давомида аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш билан бир қаторда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ёшларда соғлом оила қуришга интилишни кучайтириш, турли хасталикларни олдини олиш бўйича тушунтириш ишлари ҳам олиб борилади.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида халқимизнинг муносиб ҳаёт кечиришини таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ҳар томонлама соғлом авлодни тарбиялаш учун барча зарур шароитлар яратилмоқда. Шулар қаторида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2014 – 2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида” қабул қилинган қарори моҳият эътибори билан болаларимизнинг жисмоний ва маънавий жиҳатдан камол топтириш ва аҳоли соғлиғини янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Юртимизда Президентимиз томонидан 2015 йилга “Кексаларни эъзозлаш йили” деб ном берилгани замирида ҳам, аввало, ана шундай амалий ишларимизнинг янги, юксак босқичга кўтаришдек эзгу мақсад мужассамдир.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилаётган Саломатлик ҳафталиклари мамлакатимизда аҳоли саломатлигини сақлашга қаратилаётган эътиборнинг амалдаги яна бир ифодаси бўлмоқда.

Шу йилнинг 16-21 февраль кунлари бутун мамлакатимиз бўйлаб бўлиб ўтадиган навбатдаги ижтимоий акцияда республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, илмий-текшириш институтлари ва тиббиёт олий таълим муассасаларининг 300 нафарга яқин етакчи олим ва юқори малакали шифокорлари иштирок этишади. Улар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлиб, аҳолини чуқурлаштириган тиббий кўрикдан ўтказадилар.

Мамлакатимиз тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида бугун барча вилоятлардаги соғлиқни сақлаш муассасалари, чекка туманлар шифохоналари ҳам замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланаётгани тиббий кўрикларни самарали ўтказишда қўл келаётир. Юқори малакали шифокорлар ҳар бир туман тиббиёт бирлашмалари, кўп тармоқли ва оилавий поликлиникалар ҳамда қишлоқ врачлик пунктининг ўзидаги замонавий тиббий технологиялар ёрдамида беморга аниқ ташхис қўйишмоқда. Қишлоқлар аҳолиси, диспансер ҳисобида турадиган беморлар, ногиронлар, ёшлар ва хотин-қизларга зарур ёрдам ва тавсиялар берилади.

Саломатлик ҳафталиги шарофати билан кўпчиликнинг узоғи яқин бўлмоқда. Табиийки, мамлакатимиз пойтахтидан юқори малакали мутахассисларнинг чекка худудларга бориб, аҳолини тиббий кўрикдан ўтказаётгани ва яратиб берилаётган қулайликлари учун барча мамнун бўлмоқда.

Бу галги Саломатлик ҳафталиги қамрови янада кенгайди. Унда хирург, акушер-гинеколог, терапевт, педиатр, невропатолог, кардиолог, эндокринолог, офтальмолог, оториноларинголог, уролог, ортопед-травматолог, стоматолог, дермато-венеролог каби ўнлаб мутахассислар турли ёшдаги аҳолини малакали тиббий текширувдан ўтказади.

Шу ўринда айтиш жоизки, ўтган йилда республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Соғлом она – соғлом бола” лойиҳаси доирасида жами 13 миллион 600 мингдан зиёд аёллар ва болалар тиббий кўрикдан ўтказилди. Бунинг натижасида 2 миллион 800 минг аёл ва 2 миллион 500 минг бола соғломлаштирилгани бу йўлдаги катта қадам бўлди. Фарзандларимиз ўртасида юқумли касалликларнинг олдини олиш мақсадида бу йил миллий эмлаш календарига ротавирус вакцинаси киритилиб, қарийб 300 минг бола ушбу вакцина билан эмланди.

Бугунги кунда мамлакатимиздаги скрининг марказлари соғлом бола туғилишида катта ўрин тутмоқда. Биргина ўтган йилнинг ўзида ушбу марказлар томонидан 20 мингдан ортиқ нуқсонли бола туғилишининг олди олинганини ҳеч нарса билан ўлчаб-қиёслаб бўлмайди. “Она ва бола скрининги” дастурининг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида ривожланишида нуқсони бор болаларнинг туғилиши 2000 йилдагига нисбатан 1,8 марта камайди.

Дарҳақиқат, соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ этиш доирасида юқори самарадорлиги бутун дунёда эътироф этилган она ва бола соғлиғини муҳофаза қилишнинг миллий модели шакллантирилди. Ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинлари, шу жумладан, қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникаларнинг кенг тармоғи яратилгани натижасида аҳоли, авваламбор, қишлоқ жойлардаги оналар ва болаларнинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятлари кенгайди.

Аҳолининг репродуктив саломатлигини асраш борасида қабул қилинган дастурларда белгиланган вазифалар босқичма-босқич бажарилиши натижасида фертиль ёшдаги аёлларни мукаммал тиббий кўрикдан ўтказиш йўлга қўйилган.

Юртимизда аҳоли саломатлиги мустаҳкамланиб, оналар ўлими 3,2 баробар, болалар ўлими 3,4 баробар камайди. Бугунги кунда мамлакатимизда 60 ёшдан ошганлар сони 2 миллион 873 мингдан кўпроқ кишини ташкил этади. Мустақиллик йилларида халқимизнинг ўртача ёши 1990 йилдаги 67 ёшдан 73,5 ёшга, аёллар ўртасида эса 75,8 ёшга етди.

Айни пайтда юртимизда 225 минг нафар 80 ёшдан, 44 минг нафар 90 ёшдан, 8 минг 700 нафар – 100 ёшдан ошган табаррук қариялар яшамоқда. Улар орасида 3 минг 109 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 69 минг 994 нафар фронт ортида меҳнат қилган инсонлар борлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Бу ниманинг исботи? Бу аввало, истиқлол даврида халқимизнинг турмуш даражаси,тиббий хизмат сифати тобора ортиб бораётганидан, қолаверса, ёши улуғ одамларимиз яхши ният, эртанги кунимизга катта умид билан яшаётганидан, уларнинг қалби софлигидан далолат беради.

Мамлакатимизда замонавий шифо масканларини бунёд этиш, уларнинг моддий-техник, илмий ва амалий базасини мустаҳкамлаш орқали аҳоли саломатлигини янада яхшилашга эришилмоқда. Биргина,ўтган йили давомида ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш борасида 137 та тиббиёт муассасасида, жумладан, Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд, Тошкент вилоятлари кўп тармоқли болалар тиббиёт марказлари, Андижон шаҳридаги туғуруқ комплекси, Тошкент шаҳридаги болалар санаторийси, Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг болалар хирургияси бўлими ва бошқа соғлиқни сақлаш масканларида қарийб 410 миллиард сўмлик қурилиш, реконструкция ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилганини таъкидлаш зарур. Энди асосий эътибор касалликларнинг олдини олиш, аҳолининг тиббий маданиятини янада юксалтиришга қаратилмоқда. Мамлакатимиз бўйлаб “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остида бошланадиган навбатдаги Саломатлик ҳафталигидан кўзланган асосий мақсадлардан бири ҳам ана шундан иборат.

Ҳафталик доирасида аҳоли ўртасида тиббий маданиятни юксалтириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ёшларда соғлом оила қуришга интилишни кучайтириш, юқумли касалликларни олдини олиш бўйича тушунтириш ишлари ҳам олиб борилади. “Соғлом бола йили” Давлат дастурининг мақсад ва вазифалари, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасидаги ишлар, қариндошлар ўртасидаги ҳамда эрта никоҳнинг салбий оқибатлари каби мавзуларда мулоқотлар ўтказилади.

Кўрикларда вилоят ва туман соғлиқни сақлаш бошқармалари ходимлари пойтахтдан ташриф буюрган фан докторлари, профессор ва доцентлар билан ёнма-ён иштирок этгани уларнинг тажриба ортириши, соҳадаги янгиликлардан хабардор бўлиши, ўзаро фикр алмашиши учун яхши имконият яратиб бериши шубҳасиздир.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Ахборот хизмати.


PDF форматида кўчириб олиш |