Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Эзгу мақсадлар, юксак натижалар мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар мазмун-моҳиятида ҳам яққол акс этмоқда Бош сахифа

12 ноября 2014

Эзгу мақсадлар, юксак натижалар мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар мазмун-моҳиятида ҳам яққол акс этмоқда

Тиббиёт ходимлари куни олдидан

Эзгу мақсадлар, юксак натижалар

мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар мазмун-моҳиятида ҳам яққол акс этмоқда

“Соғлом халқ, соғлом миллатгина буюк ишларга қодир бўлади”. Президентимиз Ислом Каримов томонидан истиқлолимизнинг илк йилларида айтилган бу сўзлар мамлакатимизнинг истиқболдаги бош мақсадини, давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишини, жумладан, тиббиёт соҳасидаги янгиланишларнинг моҳиятини белгилаб берган эди.

Дарҳақиқат, юртимизда мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ эл соғлиғини мустаҳкамлаш, айниқса, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, жисмонан соғлом ва маънан етук авлодни тарбиялаш масаласига устувор вазифа сифатида эътибор қаратилмоқда. Юртбошимиз ташаббуси ва раҳнамолигида миллий тиббиётимиз тизимига асос бўлган соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш Давлат дастури қабул қилинди. Сўнгра унинг мантиқий давоми сифатида бир қанча умуммиллий дастур ва ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилди. Бошқача айтганда, Ўзбекистонда тиббий хизмат кўрсатишнинг ўзига хос миллий модели яратилди.

Халқимиз ва келажагимиз учун қилинаётган бу эзгу ишлар изчиллик билан давом эттирилиб, қамрови тобора кенгайиб бораётгани, юксак самаралар бераётгани қувонарлидир. Ҳозирги вақтда ижроси якунига етказилиб, деярли тўла хажмда амалга оширилган ана шу дастурлар асосида бажарилган ишларнинг аҳамияти ва кўламини ҳеч нарса билан ўлчаб, қиёслаб бўлмайди.

Хўш, бундан 20-25 йил аввал бундай ютуқларни тасаввур қилиш мумкинмиди? Ўрни келганда айтиш лозимки, ўша пайтларнинг жонли гувоҳлари бўлган кишилар расмий маълумотларда “ФАП”, “СВА”, “СУБ” тарзида қисқартма сўзлар билан ифодаланувчи тиббиёт пунктларининг аччиқ дори ҳиди анқиб ётган хоналари-ю, деворларининг сувоғи кўчиб тушай деб қолган харобаҳол, ночор муассасаларни оғир тушдек эсласалар, ажаб эмас. Қолаверса, олий маълумотли соҳа мутахассисларига зориқиб турган бу жойлардан кўп ҳолларда беморлар дардига шифо тополмасдан, азобни бошдан кечирганликлари ҳам ҳақиқат эди.

Бугун-чи? Бугун Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда сифат жиҳатдан янги, энг юксак талабларга жавоб берадиган бирламчи тиббиёт, республика ҳамда вилоятлар шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш ва хирургия, кардиология, урология, терапия, эндокринология, кўз микрохирургияси каби ўнлаб йўналишларга ихтисослаштирилган марказларни ўз ичига олган тиббиёт муассасаларининг мукаммал ва ишончли тармоғи вужудга келди.

Соғлиқни сақлаш соҳасида илғор шакл ва услублар амалиётга жорий қилинди. Жойларда беш поғонадан иборат самарасиз, кўп харажат талаб қиладиган эски тизим ўрнига бирламчи бўғиннинг янги, ихчам ва замонавий тизими — қишлоқ врачлик пунктлари, шунингдек, туман тиббиёт бирлашмалари, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларидан бошлаб, мураккаб юқори технологияли тиббий хизмат кўрсатувчи республика даволаш муассасаларигача — барча даражаларни қамраб олган аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг яхлит тизими вужудга келди.

— Биз мамлакатимиз тиббиётида қўлга киритилган, жаҳон миқёсида юксак даражада эътироф этилаётган ютуқ ва натижаларимиз ҳақида фикр билдирганда, уларга замин бўлган омил ҳамда мезонлар хусусида кўп гапиришимиз мумкин, — дейди Ўзбекистон Қаҳрамони, Республика ихтисослаштирилган хирургия маркази бўлим мудири Зайниддин Низамходжаев. – Бироқ, бунда, энг аввало, мазкур соҳада узоқни ўйлаб, ўз вақтида қабул қилинган ноёб дастурларнинг ижросига жуда катта куч, меҳнат ва маблағ сарфлангани ҳисобидан юртимиз тиббиётида туб бурилиш ва ўзгаришларга ҳам назарий, ҳам амалий пойдевор яратилганлигини алоҳида таъкидлашимиз лозим. Энг муҳими, ушбу кенг қамровли ислоҳотлар, моҳиятан, инсон ва унинг манфаатлари, турмушининг обод ва фаровон бўлишини таъминлаш учун хизмат қилишга қаратилганлиги билан янада қадрлидир.

Бугунги кунда эл саломатлиги йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг натижасини ҳар бир юртдошимиз ўз кундалик ҳаёти мисолида ҳис этаётгани, уларнинг саломатлиги янада мустаҳкамланиб, умр кўриш давомийлиги ошаётганлиги шундай хулоса қилишга асос бўлмоқда.

— Яширишнинг ҳожати йўқ, авваллари пана-пасқам аҳволдаги шифохоналарни кўравериб, кўзимиз ўрганиб кетган эди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бош акушер-гинекологи Дилбар Нажмиддинова. – Айниқса, аёллар шундай аҳволдаги шифохонага боришдан кўра, уйида туғишни афзал билиб, бунинг оқибати аянчли якун топган ҳолатлари ҳам кўп учрарди. Ҳатто эндигина дунёга келган чақалоқларни парваришлашда ҳам номақбул ёндошувлар мавжуд эди. Яъни, бола туғилган заҳотиёқ онасидан ажратилар, натижада гўдакларда ҳар жиҳатдан нуқсонлар пайдо бўларди. Истиқлолнинг илк йилларидан фарзанд тарбиялашда асрлар давомида ўтиб келаётган миллий қадрият — болани, аввало, она сути билан боқиш анъанаси ҳам қайта тикланди.

Чиндан ҳам, шундай. Бизнинг барча эзгу ниятларимиз, орзу-умидларимиз эртанги кун эгалари бўлмиш фарзандларимиз тақдирига дахлдор. Шу боис ҳам, юртимизда она ва бола соғлиғини муҳофаза этишга, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказишга устувор аҳамият берилмоқда. Хусусан, мамлакатимизда ҳаётга татбиқ этилаётган “Соғлом она – соғлом бола” дастури умуммиллий ҳаракатга айланди. Унинг ижросини таъминлаш мақсадида ҳудудларда

замонавий тиббиёт муассасалари тармоғи, шу жумладан, республика ихтисослаштирилган педиатрия, акушерлик ва гинекология илмий марказлари ташкил этилди.

Бундан ташқари, бугун мамлакатимизнинг барча вилоятларида она ва бола перинатал ҳамда скрининг марказлари фаолият кўрсатмоқда. Аҳолининг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳомиладор аёлларни таркибида соғлиқ учун зарур микронутрентлар мавжуд бўлган махсус поливитаминлар билан таъминлаш орқали соғлом фарзандларни дунёга келтириш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бундай тажриба жаҳоннинг ҳеч бир мамлакатида учрамаслиги ҳам бор гап.

Махсус давлат дастури доирасида замонавий она ва бола скрининг марказлари тармоғи ташкил этилган 2000 йилдан буён мамлакатимизда ирсий ва туғма нуқсонли болалар туғилиши 1,8 баробардан зиёдга камайди. Сўнгги ўн йилда вазни тиббиётда кўзда тутилган меъёрдан кам бўлган болалар сони икки баробардан зиёд (4 фоиздан 1,8 фоизга) қисқарди, уларнинг бўйи ўртача 3 сантиметрга ўсди, шу билан бирга, бизнинг минтақамизга хос бўлган жиддий касаллик, яъни хотин-қизларда камқонлик даражаси 2,5 марта пасайди.

Мамлакатимизда комплекс чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида ўтган йиллар давомида оналар ва гўдаклар ўлими 3 баробардан кўпроқ камайди. Аҳолининг ўртача умр кўриш даражаси 7,5 йилга узайди. Албатта, ушбу ҳаётий мисоллар биз танлаган соғлиқни сақлаш модели қанчалик тўғри ва самарадорлигини яққол тасдиқлаб турибди.

Қолаверса, шу йил 1 августда Президентимизнинг “2014 — 2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори қабул қилиниши бу борадаги ишларнинг янги босқичини бошлаб берди. Ана шу ҳужжат асосида мамлакатимизда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасида тиббий ёрдам кўрсатаётган тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базаси ва кадрлар салоҳиятини кучайтириш, замонавий ташхис усулларини жорий этиш, аёллар, болалар ва ўсмирлар касалликларининг олдини олиш борасида 5 йилга мўлжалланган қатор долзарб вазифалар белгилаб берилди.

Юртимизда тиббиёт соҳасига қаратилаётган улкан эътиборни янада теранроқ тасаввур қилиш учун баъзи бир рақамларни келтириб ўтсак мақсадга мувофиқ бўларди. Авваламбор, бу — соҳани ривожлантиришга йўналтирилаётган маблағ ва инвестициялар мисолида яққол кўзга ташланади. Агар 2012 йилда ушбу мақсад учун республикамиз давлат бюджети ҳисобидан 2,8 триллион сўм маблағ ажратилган бўлса, 2013 йили бу кўрсаткич 3,4 триллион сўмга етди. 2014 йилда эса соғлиқни сақлаш

тизимини янада яхшилаш мақсадида давлат бюджетидан 4,4 триллион сўм ажратилди.

Шу ўринда эътиборга молик яна бир далил. Юртимизда жорий йил мобайнида Инвестиция дастурига асосан 407 миллиард сўмдан зиёд давлат бюджети маблағи ҳисобидан 137 та замонавий тиббиёт муассасаси фойдаланишга топширилади.

Жумладан, Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд ва Тошкент вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари, шунингдек, Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасида 60 ўринли болалар хирургия бўлими, Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида даволаш корпуси каби ўнлаб шифохоналар тубдан реконструкция қилинганлиги тиббиёт тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг миқёси ва кўлами нақадар улкан эканидан далолат беради.

Албатта, соғлиқни сақлаш соҳасида рўй бераётган ўзгаришлар шулардангина иборат эмас. Ҳозирда бунёд этилаётган замонавий даволаш муассасаларида ноёб технологиялар орқали хизмат кўрсатишга қодир мутахассислар тайёрлашга ҳам эътибор қаратиляпти. Буларнинг барчаси мамлакатимиз тиббиёт тизимини янги, юксак босқичга кўтариш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлиши шубҳасиз.

Айни пайтда Тошкент тиббиёт академияси қаторида Самарқанд, Андижон, Бухоро, Урганч ва Нукус шаҳарларида тиббиёт олий ўқув юртлари фаолият кўрсатмоқда. Президентимизнинг шу йил 22 июлдаги “Тошкент давлат стоматология институтини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан яна битта олий таълим муассасаси фаолияти йўлга қўйилди. Бу мамлакатимизда етук мутахассислар тайёрлашнинг принципиал жиҳатдан янги тизимини бошлаб берди дейиш мумкин.

— Биз, шифокорлар беморлар дардига малҳам бўлиш учун бор маҳоратимизни ишга соламиз, — дейди Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази директори Равшанбек Қурбонов. – Лекин зарур шарт-шароит бўлмаса, бирор натижага эришиш қийин. Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан марказимизга энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар келтирилганлиги биз учун катта кўмак бўлди. Агар илгари жарроҳлик амалиёти 6-7 соатга чўзилган бўлса, ҳозир узоғи билан 2 соатда мураккаб операцияларни ҳам муваффақиятли тугатаяпмиз.

Дарвоқе, шифокорлар яхши билишади, бундай ўта нозик ва қийин амалиётлар фақат жаҳоннинг энг тараққий этган давлатларидагина бажарилиши мумкин. Масалан, биргина беморнинг кўкрак қафасини очмасдан туриб, уни тиғсиз йўл билан юрак аритмиясидан халос қилиш учун ўта юқори технология, қимматбаҳо ускуналар билан жиҳозланган махсус жарроҳлик хонаси ва юксак даражада билимга эга малакали мутахассислар талаб этилади. Бу каби мезонларга асосан ўтказиладиган амалиётлар ҳозирда нафақат пойтахтимиз, балки вилоятлардаги даволаш муассасаларида ҳам амалга оширилаётганлиги янада қувонарлидир.

Айни пайтда Наманган ва Урганч шаҳарларида юрак клапанларини алмаштириш, туғма ва орттирилган юрак касалликларини операция қилиш, электр кардиостимулятор имплантацияси, эхокардиография каби даволашнинг янги усуллари йўлга қўйилди. Нукус, Қарши, Фарғона, Самарқанд, Бухоро, Жиззах шаҳарларида эса юрак ҳолатини узлуксиз монитор қилиб бериш амалиёти кенг ўтказилмоқда.

Табиийки, бу мамлакатимиз тиббиёт тизимида амалга оширилаётган улкан ишларнинг бир қисми, холос. Бунга қўшимча қилиб, тиббиётнинг урология, офтольмология, хирургия, травматология ва ортопедия, онкология, стоматология, эндокринология каби кўплаб йўналишларида амалда татбиқ этилаётган диагностика ва даволашнинг мутлақо янги усул ҳамда услублари, энг замонавий технология ва техникани ҳаётимизга жорий этаётган мутахассисларимиз ҳам борки, очиғи улар эришаётган муваффақиятлар, чиндан-да, ҳайратланарли.

Масалан, яқинда Францияда бўлиб ўтган 22-халқаро Онкологлар конгрессида АҚШ, Германия, Италия, Япония, Австрия каби қатор ривожланган давлатлардан қатнашган энг нуфузли олим ва мутахассислар томонидан 450 та илмий иш тақдим этилди. Қувонарлиси, улар орасида ҳамюртимиз, ёш олим Дилшод Эгамбердиевнинг илмий изланишлари биринчи ўринга лойиқ, деб топилди. Бу Президентимизнинг “Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз, ҳеч кимдан кам бўлмаймиз ҳам” деган эзгу даъватларига яна бир ҳаётий мисолдир .

— Тиббиётчиларимиз изланишдан, тажриба ва маҳорат орттиришдан сира тўхтаб қолганлари йўқ, — дейди Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Анвар Алимов. — Зеро, мустақиллик йилларида шифокорлик юксак эҳтиромга сазовор касбга айланди. Бундай эъзоз ва қадр ҳеч бир замонда бўлган эмас. Шу маънода, бундан саккиз йил муқаддам давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси тиббиёт ходимлари байрами сифатида нишонланиши ҳам мамлакатимиз шифокорларининг меҳнатига билдирилган юксак ҳурмат ва эҳтиром ифодасидир. Бу йилги байрам Соғлом бола йилида, унинг юксак мақсад ва вазифаларига уйғун ҳамда ҳамоҳанг тарзда кенг нишонланаётгани бу аёмга ўзгача руҳ бағишламоқда.

Модомики шундай экан, инсон саломатлигини асраш устувор вазифа сифатида белгиланган мамлакатимизда бу борадаги саъй-ҳаракатлар ҳар бир тиббиёт ходимини янада фаолликка ундайверади. Қолаверса, Президентимиз таъкидлаганларидек, бизнинг тажрибамиз соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар доимий ва узлуксиз жараён эканидан далолат беради. Тиббиёт ҳам илм-фан, ҳам амалиёт сифатида мунтазам такомиллашиб бормоқда ва бу бизнинг миллий соғлиқни сақлаш моделимизда ўз ифодасини топмоқда.

Фурқат САНАЕВ.


PDF форматида кўчириб олиш |