Вазирлик ҳақида Ҳужжатлар Муассасалар Янгиликлар Тадбирлар Лойиҳалар АКТ Оnline хизматлар

Вазирлик фаолияти Бош сахифа

24 июня 2016

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт муассасаларида ўтказилган ижтимоий сўров натижалари тўғрисида

Мамлакатимизда 2016-2017 йилларда коррупцияга қарши тадбирларни амалга ошириш бўйича амалий ҳаракатлар Комплекс режасига асосан Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қабул қилинган чора-тадбирлар режаси ижросини таъминлаш мақсадида Назорат инспекциясининг ҳудудий бўлимлари томонидан жорий йилнинг апрель ойида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва барча вилоятларда аноним анкета асосида ижтимоий сўров ўтказилди.

Ижтимоий сўров бюджетдан молиялаштириладиган ва давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизмат кўрсатиши белгиланган жами 70 та стационар муассасада, жумладан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар тасарруфидаги 5 та стационар муассасада - РШТЕИМ ҳудудий филиалида, вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказида, вилоят перинатал марказида, вилоят юқумли касалликлар шифохонасида, вилоят сил касалликлар шифохонасида, Тошкент шаҳрида эса шаҳар тез ва кечиктирилмайдиган тиббий ёрдам клиник касалхонасида, шаҳар перинатал марказида, шаҳар 1-сон сил касалликлари шифохонасида, шаҳар нефрология марказида, шаҳар 1-сон юқумли касалликлар шифохонасида ўтказилди.

Ижтимоий сўров билан республика бўйича жами 7085 нафар бемор (респондент) қамраб олинди ва сўровда хар бир тиббиёт муассасасидан ўртача 100 нафардан респондент иштирок этди.

Ижтимоий сўров беморлар орасида уларнинг розилиги билан тиббиёт муассасасининг барча бўлимларида танлов асосида махсус тайёрланган анкетага асосан ўтказилди.

Анкета икки қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисмида респондентларнинг жинси, ёши, ижтимоий аҳволи каби бандлар киритилган. Анкетанинг иккинчи асосий қисмида 11 та савол киритилган бўлиб, унда респондентларнинг тиббий хизмат олишида муассаса ғазинасига ёки тиббиёт ходимларига пул тўлаган ёки тўламаганлиги, даволаш жараёнида уларга нисбатан тиббиёт ходимлари қўпол муносабатда бўлганлиги ёки бўлмаганлиги, респондент ўзи даволанган муассасасини яқинларига тавсия этиш ёки этмаслиги ва бошқа бир қатор саволлар ўз аксини топган.

Анкетанинг биринчи, яъни паспорт қисми таҳлилига асосан ижтимоий сўров ўтказилган 7085 нафар респондентларнинг 5206 нафарини ёки 73,5 фоизини аёллар, 1879 нафарини ёки 26,5 фоизини эркаклар ташкил этди. Сўров ўтказилганларнинг ёшига доир таҳлилига кўра 18 ёшгача бўлганлар 669 нафарни ёки 9,4 фоизни, 18 ёшдан 25 ёшгача бўлганлар 1591 нафарни ёки 22,5 фоизни, 25-35 ёшдагилар 2120 нафарни ёки 29,9 фоизни, 35-45 ёшдагилар 1041 нафарни ёки 14,7 фоизни, 45-60 ёшдагилар 1031 нафарни ёки 14,6 фоизни ва 60 ёшдан катталар 633 нафарни ёки 8,9 фоизни ташкил этди.

Респондентларнинг энг катта қатламини 2650 нафари ёки 37,4 фоизини уй бекалари ташкил этган бўлса, вақтинча ишламайдиганлар 1338 нафарни ёки 19,0 фоизни, ишловчилар 1184 нафарни ёки 16,7 фоизни, ўқувчи ва талабалар 624 нафарни ёки 8,8 фоизни, ёшга доир пенсионерлар 619 нафарни ёки 8,7 фоизни, ишловчи пенсионерлар 239 нафарни ёки 3,4 фоизни, ногиронлар 238 нафарни ёки 3,3 фоизни ва бошқа тоифадаги фуқаролар 193 нафарни ёки 2,7 фоизни ташкил этди.

Анкетанинг 11 та саволдан иборат асосий қисми таҳлили натижасида қуйидаги маълумотларга эга бўлинди.

Ижтимоий сўров ўтказилган тиббиёт муассасалари томонидан аҳолининг имтиёзли қатламларига бепул тиббий хизмат кўрсатилиши белгиланган бўлсада, респондентларнинг 69 нафари ёки деярли 1,0 фоизи муассасага қабул қилинганда пул тўлаганлигини қайд этди. Ушбу ҳолатлар энг кўп Жиззах вилоятида (32 та ҳолат), Қорақалпоғистон Республикасида (12 та ҳолат), Тошкент (9 та ҳолат), Қашқадарё (6 та ҳолат) вилоятларида, 1-3 тадан Андижон, Хоразм, Сирдарё, Самарқанд, Навоий вилоятлари ва Тошкент шаҳрида қайд этилди, Бухоро, Наманган, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида ушбу ҳолатлар қайд этилмади.

Респондентларнинг 113 нафари ёки 1,6 фоизи даволаниш жараёнида даволовчи врачга ўз ҳоҳиши билан пул ёки совға берганлиги қайд этилди. Ушбу ҳолатлар энг кўп Тошкент (26 та ҳолат), Жиззах (24 та ҳолат), Хоразм (18 та ҳолат) вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси (12 та ҳолат), Қашқадарё (9 та ҳолат), Наманган (10 та ҳолат) вилоятларида, 1-5 тадан Андижон, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Сирдарё вилоятларида қайд этилган бўлса, Сурхондарё, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ушбу ҳолатлар кузатилмади.

Сўров ўтказилганларнинг 232 нафари ёки 3,3 фоизи даволаниш жараёнида тиббий текширишлар учун пул тўлаганлиги аниқланди. Жумладан, Жиззах вилоятида 74 та шундай ҳолат, Тошкент шаҳрида 32 та, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида 21 тадан, Андижон вилоятида 14 та, Қорақалпоғистон Республикасида, Навоий ва Фарғона вилоятларида 13 тадан, Бухоро вилоятида 9 та,  Наманган вилоятида 7 та, Сурхондарё вилоятида 6 та, Хоразм вилоятида 5 та, Самарқанд вилоятида 4 та ҳолат рўй берган, фақат Сирдарё вилоятида мазкур ҳолатлар қайд этилмаган.

Шу билан бирга, респондентларнинг 46 нафари ёки 0,6 фоизи ҳамшираларга, 66 нафари ёки 0,9 фоизи кичик тиббиёт ходимларига (фаррошларга) миннатдорчилик сифатида пул берганлиги маълум бўлди.

Анкетада тиббиёт муассасаларини дори-дармон ва тиббиёт буюмлари билан таъминоти масаласида респондентлар олдига бир қатор саволлар ҳам қўйилган эди. Жумладан, 7085 нафар респондентларнинг 3212 нафари ёки 45,3 фоизи муассасадан бепул берилган дори-дармон воситалари билан тўлиқ таъминланган бўлсада, 3873 нафари ёки 54,7 фоизи қўшимча равишда ўз маблағлари ҳисобига дори-дармон харид қилганликларини қайд этиш лозим. Ўз маблағидан дори сотиб олганлар улуши Тошкент вилоятида 88,5 фоизни, Жиззах вилоятида 84,0 фоизни, Наманган вилоятида 67,6 фоизни, Сирдарё вилоятида 66,0 фоизни, Қашқадарё вилоятида 65,6 фоизни, Навоий вилоятида 62,0 фоизни, Андижон вилоятида 60,8 фоизни, Фарғона вилоятида 42,4 фоизни, Бухоро вилоятида 41,2 фоизни, Қорақалпоғистон Республикасида 40,2 фоизни, Тошкент шаҳрида 39,8 фоизни, Сурхондарё вилоятида 36,8 фоизни, Хоразм вилоятида 36,2 фоизни ва Самарқанд вилоятида республика бўйича энг паст 31,2 фоизни ташкил этди.

Умумий сўров ўтказилганларнинг 2858 нафари ёки 40,0 фоизи тиббий воситалар, яъни шприц, система, пахта, бинт, перчаткани ўз ҳисобидан харид қилганини анкета таҳлилига асосан таъкидлаш мумкин. Жумладан, ушбу кўрсаткич Тошкент вилоятида 73,1 фоизни, Сирдарё вилоятида 64,6 фоизни, Тошкент шаҳрида 56,8 фоизни, Қашқадарё вилоятида 51,4 фоизни, Навоий вилоятида 50,0 фоизни, Андижон вилоятида 49,0 фоизни, Наманган вилоятида 45,0 фоизни, Жиззах вилоятида 42,4 фоизни, Хоразм вилоятида 33,6 фоизни, Қорақалпоғистон Республикасида 32.8 фоизни, Фарғона вилоятида 20,4 фоизни, Бухоро вилоятида 18,2 фоизни, Сурхондарё вилоятида 16,3 фоизни ва Самарқанд вилоятида 6,8 фоизни ташкил этди.

Яна бир муҳим масала, беморлар томонидан дори воситасини дорихоналардан харид қилиши учун шифокорлар томонидан ўрнатилган тартибда махсус рецепт ёзиб берилиши бўлиб, бу борада жами ёзиб берилган дори воситаларининг 66,4 фоизига шифокорлар рецепт берган, 33,6 фоизига эса оддий қоғозда харид қилинадиган дорилар рўйхати ёзиб берилган. Рецепт ёзиб берилмаганларнинг улуши Сурхондарё вилоятида 59,4 фоизни, Самарқанд вилоятида 55,0 фоизни, Қорақалпоғистон Республикасида 54,6 фоизни, Фарғона вилоятида 48,6 фоизни, Бухоро вилоятида 46,8 фоизни, Тошкент шаҳрида 38,6 фоизни, Сирдарё вилоятида 33,6 фоизни, Навоий вилоятида 30,2 фоизни, Хоразм вилоятида 27,2 фоизни, Андижон вилоятида 26,0 фоизни, Жиззах вилоятида 14,4 фоизни, Наманган вилоятида 14,2 фоизни, Қашқадарё вилоятида 12,4 фоизни ва Тошкент вилоятида 10,5 фоизни ташкил этди.

Анкетадаги охирги 3 та савол респондентларнинг тиббий муассаса хизматидан қониқганлиги бўйича фикрларини билишга қаратилган бўлиб, респондентларнинг 6428 нафари ёки 90,7 фоизи тиббиёт муассасаси хизматидан қониқганлиги, 657 нафари ёки 9,3 фоизи қониқмаганлиги аниқланди. Жумладан, тиббий хизмат сифатидан Самарқанд вилоятида 28,6 фоиз, Наманган вилоятида 11,4 фоиз, Андижон вилоятида 11,2 фоиз, Хоразм вилоятида 9,8 фоиз, Тошкент шаҳрида 9,6 фоиз, Қорақалпоғистон Республикасида 9,4 фоиз, Жиззах вилоятида 8,6 фоиз, Бухоро вилоятида 7,4 фоиз, Навоий вилоятида 7,0 фоиз, Тошкент вилоятида 6,9 фоиз, Фарғона вилоятида 6,0 фоиз, Қашқадарё вилоятида 5,2 фоиз, Сурхондарё вилоятида 4,7 фоиз ва Сирдарё вилоятида 4,6 фоиз респондентлар қониқмаган.

Шу билан бирга, даволанаётган беморларнинг 6925 нафари ёки 97,8 фоизи уларга нисбатан тиббиёт ходимлари яхши муносабатда бўлганликларини, фақатгина 160 нафари ёки 2,2 фоизи эса ходимлар уларга нисбатан қўпол муомалада бўлганлигини таъкидлашган. Жумладан, Фарғона вилоятида 29 та ҳолатда, Андижон вилоятида 19 та, Жиззах вилоятида 16 та, Навоий вилоятида 15 та, Наманган вилоятида 13 та, Тошкент вилоятида 11 та, Қорақалпоғистон Республикасида, Тошкент ва Хоразм вилоятларида 10 тадан, Сурхондарё вилоятида 9 та, Қашқадарё вилоятида 7 та, Самарқанд вилоятида 5 та, Бухоро вилоятида 4 та ва Сирдарё вилоятида 2 та ҳолатда тиббиёт ходимлари қўпол муомала қилган.

Ва ниҳоят анкетанинг охирги “Ўз яқинларингизга ушбу муассасани тавсия этган бўлардингизми?” саволига 6375 нафар ёки 90,0 фоиз респондентлар “Ҳа” жавобини берган бўлса, 710 нафар ёки 10,0 фоиз респондентлар “Йўқ” деган жавобни бердилар. Жумладан, Самарқанд вилоятида 29,0 фоиз, Навоий вилоятида 15,3 фоиз, Андижон вилоятида 14,4 фоиз, Сирдарё вилоятида 10,6 фоиз, Бухоро ва Хоразм вилоятларида 10,2 фоиз, Наманган вилоятида 8,6 фоиз, Қорақалпоғистон Республикасида 7,6 фоиз, Тошкент вилоятида 7,2 фоиз, Фарғона вилоятида 6,2 фоиз, Жиззах вилоятида 5,8 фоиз, Сурхондарё вилоятида 5,2 фоиз, Қашқадарё вилоятида 4,6 фоиз ва Тошкент шаҳрида 3,0 фоиз респондентлар яқинларига даволанган муассасаларини тавсия этмаган бўлишларини билдиришди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Назорат инспекцияси бошлиғи

А.А.Агзамов


PDF форматида кўчириб олиш |