О министерстве Документы Учреждения Новости Мероприятия Проекты ИКТ Оnline услуги

Соғлом она – соғлом бола Главная

10 июня 2009

Соғлом она – соғлом бола

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги

Республика репродуктив саломатлиги маркази Республика Саломатлик ва тиббий статистика институти

Соғломона – соғлом бола

Аҳоли билан ишловчи 1-бўғин шифокорлари учун оммабоп ўқув қўлланма


Оиланинг мустаҳкамлиги кўпгина омилларга, жумладан улардан асосийси – она ва боланинг саломатлигига боғлиқдир. Она соғлом бўлсагина, ундан жисмоний ва ақлий жиҳатдан соғлом фарзанд дунёга келади. Аёлнинг болалик, ўсмирлик давриданоқ репродуктив саломатлигига катта аҳамият бериш масъулиятли вазифа ҳисобланади.

Қуйидаги услубий қўлланмада репродуктив саломатлик тамойиллари кенг ёритилган бўлиб, соғлом никоҳлар, қизлар репродуктив гигиенаси, эрта турмуш қуриш хавфи, ҳомиладорлик даври, она сути моҳияти, исталмаган ҳомиладорликдан сақланиш усуллари ва репродуктив ёшда кўп учрайдиган экстрагенитал касалликлар ва уларни олдини олиш усулларига изоҳ берилган.

Тузувчилар:

1. А.И.Камилов – тиббиёт фанлари доктори, профессор, Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари

2. З.Ж.Муталова – тиббиёт фанлари номзоди, Республика саломатлик ва тиббий статистика институти директори

3. Р.И.Джубатова - тиббиёт фанлари доктори, Республика педиатрия илмий амалий маркази директори

4. Д.А.Хасанова – тиббиёт фанлари номзоди, Республика репродуктив саломатлик маркази директори

Тақризчилар:

У.Ю.Юсупов - Акушерлик ва гинекология илмий текшириш институтиҳомиладорлик патологияси бўлими раҳбари, т.ф.д.

Р.И.Чўлпанова - Республика Саломатлик ва тиббий статистика институтиОАБ мудири

Ўқув дастури Марказий Методик кенгашда кўриб чиқилди.

«_____»__________2009йил Мажлис баённомаси №______

ТошВМОИ Илмий кенгаши Ўқув дастурини тасдиқлаш учун тавсия этади.

«_____»__________2009йил Мажлис баённомаси №______

Репродуктив саломатлик нима?

Репродуктив саломатлик масалалари биринчи бор 1994 йил Коҳирада бўлиб ўтган Аҳолишунослик ва Тараққиёт Халқаро Конференциясида кўтарилган эди. Ушбу конференцияда репродуктив саломатлик иборасига тўлақонли тушунча берилди.

Репродуктив саломатлик - бу репродуктив тизим ва унинг фаолиятига боғлиқ барча масалалар борасида фақат касаллик ва камчиликлар йўқлиги бўлибгина қолмай, балки тўлиқ жисмоний, ақлий ва ижтимоий муваффақиятлар ҳолати ҳамдир.

Репродуктив ҳуқуқ – бу барча эр-хотин жуфтликлар ва алоҳида шахсларнинг болалар сони, улар орасидаги оралиқ ва уларнинг туғилиш вақти ҳақида эркин ҳамда тўлиқ маьсулият ҳиси билан қарор қабул қилиши ва бунинг учун шарт бўлган маьлумот ва воситаларга эга бўлиши борасидаги асосий ҳуқуқларни тан олиш.

Репродуктив саломатликни муҳофаза қилишдаги 12 та тамойил қуйидагилардан иборат:

- Хавфсиз ҳомиладорлик;

- Бехатар туғруқлар;

- Чилла давридаги малакали ёрдам;

- Исталмаган ҳомиладорлик ва уни олдини олиш;

- Туғруқлар оралиғини 3 йил ва ундан ортиқ муддатга сақлаш;

- Замонавий контрацептив воситалар ҳақида аҳолига кенг маьлумот бериш;

Репродуктив Соглик

- Жинсий йул орқали юқадиган касалликларни олдини олиш, ташҳислаш ва даволаш (ОИТС/ИИВни олдини олиш);

- Бепуштликни олдини олиш;

- Ўсма касалликлари ва ўсма олди касалликларини олдини олиш;

- Она сути билан боқиш тарғиботи;

- Оналик ва болаликни муҳофазаси;

- Ўсмирлар репродуктив саломатлиги ва жинсий тарбияси.

Cоғлом авлодни тарбиялаб вояга етказиш шифокорлар учун катта масъулият юклайди. Бу масалани тўғри ҳал этиш ёшларимиз олдига бир қатор талабларни кўяди.

· Оилавий турмуш қуришга тайёрланаётган йигит ва қизларимиз соғлом бўлишлари, жинсий ҳаёт гигиенаси бўйича етарли билимларга эга бўлишлари керак.

· Аёлларни фақатгина ҳомиладорлик даврида саломатлигини сақлабгина қолмай, балки қизларни ёшлик давридан бошлаб соғ–саломат ўсишларини таъминлаш лозим.

· Бола туғилгандан кейин эса, унинг соғлом бўлиб ўсиши ҳақида қайғуришимиз, она сутининг аҳамиятини кенг тарғиб қилишимиз зарур.

Соғлом онадан - соғлом фарзанд

Республикамизда ёшларнинг турмуш қуриши учун «Оила кодекси»га асосан эркаклар учун 18 ёш, аёллар учун 17 ёш белгиланган.

Далилларга асосланган тиббиёт хулосалари бўйича оила қуриш учун энг қулай давр қизлар учун 20-24 ёш, йигитлар учун 24-26 ёш ва уларнинг ёшлари орасидаги фарқ 3-6 ёшгача бўлгани маъқул. Аввало йигит ва қизларимиз турмуш қуришдан олдин тиббий кўрикдан ўтишлари лозим.

Бу ирсий касалликларининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга. Ирсий касалликларини келтириб чиқарувчи омилларга яқин қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳлар киради. Бундай оилаларда кўпинча ақлий ва жисмоний нуқсонларга эга бўлган болалар туғилиши мумкин. Шунингдек, спиртли ичимликлар истеъмол қиладиган, тамаки чекувчи ва гиёҳвандликка ружу қўйган оилаларда туғма нуқсонли ва ақли заиф фарзандлар дунёга келиши мумкин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги «Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш Низоми тўғрисидаги» 365-сонли Қарори асосида никоҳланувчи шахслар ФҲДЁ бўлимига ариза берганларидан сўнг қуйидаги касалликларни аниқлаш учун текширувлардан ўтадилар:

1. Руҳий касалликлар

2. Гиёҳвандлик

3. Сил касаллиги

4. Жинсий йўл орқали юқадиган касалликлар

5. ОИТС

Текширувлар яшаш жойидаги поликлиникалар томонидан икки ҳафта муддат ичида амалга оширилади. Тиббий текширувлар никоҳланувчи шахслар учун бепул ўтказилади.

Эрта ёшда ҳомиладор бўлиш, туғиш жараёнида она ва боланинг соғлигига хавф солиши мумкин. Маълумки, 16-17 ёшгача қизлар тўлишиб, бўйлари ўсиб қолади, аммо бу ҳали уларни она бўлиш учун етилганликларини билдирмайди. Қизлар 16-17 ёшга тўлгани билан уларда, ҳомилани тараққий этиши ва бола туғиш учун нормал шароит вужудга келмаган бўлади. Тос суяклари ривожланмаганлиги сабабли, туғиш жараёнида жарроҳлик усулидан фойдаланишга тўғри келиши мумкин. Қизлар 20 ёшдан кейин жисмонан ва руҳан она бўлишга тайёр бўладилар. Эрта турмуш қуриш кўпинча фарзандсизликка, боланинг ой куни етмай чала туғилишига, ҳомиладорлик асоратларига олиб келиши мумкин.

Аёллар учун фарзанд кўришнинг энг қулай даври 20-30 ёш оралиғи
ҳисобланади. Ёши ўтган яъни 35 ёш ва ундан юқори бўлган аёллардаги
ҳомиладорликлар нафақат аёлнинг саломатлиги балки, туғилажак фарзандлар учун ҳам хавфлидир, чунки ушбу ёшдаги аёлларда ички аъзоларнинг касалликлари (камқонлик, эндокрин. юрак-қон томир касалликлари, буйрак аъзолари ва ҳ.к) куп учрайди. Бу эса нафақат ҳомиладорлик даврини, балки туғруқ жараёнини ҳам асоратлайди. Ҳомиладорлик муддати тўққиз ой давом этади.

Ҳомиладорлик даврида тиббий кузатув олиб борилади. Тиббий кузатувлар аёл ва бўлажак фарзандини ҳомиладорлик ва ундан кейинги даврда соғ-саломат бўлишларини оила аъзолари жавобгарликни ҳис қилиши керак.

Ҳомиладорлик даврида аёллар қуйидаги озиқ-овқатларни истеъмол қилиши керак: балиқ, гуруч, нон, мева ва сабзавотлар, сут-қатиқ маҳсулотлари, пишлоқ, гўшт, дуккакли маҳсулотлар, тухум, ёнгоқ, дон ва макарон маҳсулотлари.

Фарзанд ота-онанинг эзгу орзуси, қувончи, бахти. Ҳар бир она фарзандининг соғлом, зуваласи пишиқ, бахтли-саодатли бўлиб ўсиб улғайиши учун қайғуради ва чақалоқ туғилмасидан туриб шунга тайёргарлик кўради. Она сути болани соғлом ва бақувват ривожланиши учун энг муҳим озуқадир. Она сути таркибида бола ўсиши ва ривожланиши учун керакли барча озуқалар мукаммалдир. Она сути суюқ, енгил хазм бўлувчи ва етарли калорияга эга бўлган, турли микроблардан ҳоли, пишириш ва иситиш талаб қилмайдиган тайёр озуқадир. Оғиз сути бу янги туққан аёл кўкрагидан 1-1,5 кун ичида ажралиб чиқаётган сарғиш ширали чўзилувчан суюқлик бўлиб, бола учун ўта фойдалидир. Оғиз сути болани ичакларини тозалайди, инфекциядан сақлайди ва бақувватлаштиради. Оғиз сутини биринчи эмлаш деб ҳам аталади.

Она сути турли касалликларни чақирувчи вирус ва микробларга қарши курашувчи моддаларга бой бўлади. Кўкрак сути эмган бола тетик ва касалликка кам чалинадиган бўлади. У барвақт онани таний бошлайди, онага интилади, бу болада илк меҳр куртакларини уйготади. Она ўз фарзандига табиатнинг мўжизаси - сут орқали бутун борлигини берар экан, она саломатлигига ҳам ижобий таъсири бордир. Эмизикли оналарда модда алмашинуви анча жадал кечади, бу эса она иштаҳасини яхши бўлишига, кайфиятини кўтарилишига олиб келади, руҳий енгиллик сезади, оила аъзоларига нисбатан аҳиллиги ортади. Кўкрак сути билан боқиш бола соғлиғи ва унинг баркамол инсон бўлиб ўсиши учун зарурдир.

Туғруқлар оралиғини сақлаш (камида 3 йил) онанинг саломатлигини яхшилайди ва соғлом фарзанд туғилишини таъминлайди.

Исталмаган ҳомиладорликни олдини олиш учун қуйидаги контрацепция воситалар мавжуд:

• Бачадон ичи воситалари;

• таблеткалар ва инъекция шаклларида

Соғлом никоҳлар учун қандай талаблар қўйилади?

Оила қуриш учун энг қулай давр қизлар учун 20-22 ёш, йигитлар учун 23-25 ёш. Аввало йигит ва қизларимиз турмуш қуришдан олдин тиббий кўрикдан ўтишлари лозим. Улар ўзлари яшайдиган поликлиникалар, тиббиёт марказларидан маслаҳат олишлари ва бўлажак зурриётнинг саломатлиги ҳақида қайғуришлари керак. Бу ирсий касалликларининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.

Ирсий касалликларини келтириб чиқарувчи омилларга яқин қариндош–уруғлар ўртасидаги никоҳлар киради. Бундай оилаларда кўпинча ақлий ва жисмоний нуқсонларга эга бўлган болалар туғилиши мумкин.

Шунингдек, спиртли ичимликлар истеъмол қиладиган, тамаки чекувчи ва гиёҳвандликка ружу қўйган оилаларда туғма нуқсонли ва ақли заиф фарзандлар дунёга келиши мумкин.

Ўсмирлар репродуктив саломатлиг

Репродуктив саломатлик ҳақидаги масалаларнинг кенг доираси тўғрисида ахборотларнинг мавжудлиги ёшларга ўз таналарини яхшироқ

англашга ёрдам беради, ўзаро алоқаларда тўғри йўл тутишга, бўлажак оилавий ҳаётга тайёрланишига, шунингдек, ўз туйғуларини аниқлашга ва ўз хатти-ҳаракатларини баҳолашга кўмаклашади.

Жинсий таълим қуйидаги асосий функцияларни ўз ичига олади, деб ҳисоблаймиз:

- Индивидумни (шахсни) жисмоний, физиологик ва руҳий ўзгаришларга тайёрлаш;

- қўрқув ҳиссини ва ўз танаси ҳақидаги нотўғри тасаввурларни енгмоқ;

- муносабатлар моҳиятини тушунишга, жинсий муносабатларга ишонч ва уларни баҳолашга ўрганиш;

- ўз-ўзига ижобий ҳурмат ҳиссини ривожлантириш;

- жинсий алоқаларнинг нохуш оқибатлари ва унинг олдини олиш тўғрисида маълумот;

- маъсулиятли ечимларни танлаш ва қабул қилишга ўргатиш;

- оналикка тайёргарлик.

Эътироф этиш керакки, баъзилар тана манзарасига илк бор дуч келганларида хижолат тортиш ёки киноя ҳиссини бошдан кечирадилар. Бу ўқувчилар ўз таналарини қандай идрок этишлари, турли маданият ва динларнинг яланғоч танага нисбатан бўлган муносабатлари қандай деган суҳбатларга сабабчи бўлади. Тана тузилишининг мутаносиб гўзаллигига қаратилганда, масалан, танадаги ёғлар тақсимоти, балоғат ёшидаги бўй ва гавда тузилиши. Жисмоний етилиш масалаларига эътибор қаратилиши ёшларни хижолат қилмаслиги лозим.

Қизлар тухумдонларида минглаб тухум ҳужайралар билан туғиладилар. Жинсий ривожланишда, одатда, ҳар ойда битта тухум ҳужайра ажралади. Бу овуляция деб аталади ва бу ҳодиса ҳайз бошланишидан тахминан14 кун олдин содир бўлади (агар ҳайз цикли 28 кун бўлса). Бачадон ҳар ойда бўлажак ҳомиладорликка тайёр туради, унинг ички девори қалин ва юмшоқ бўлиб қолади. Агар ҳомила пайдо бўлмаса, бачадоннинг ички қатлами ҳамда тухум ҳужайра танадан қин орқали чиқиб кетади. Мана шу ҳодиса ҳайз деб аталади. Ҳайз цикли ҳайзнинг биринчи кунидан бошланиб, навбатдаги ҳайз бошлангунча давом этади.

Ҳайз циклининг турли босқичларида гормонлар миқдори ўзгаради ва бу кайфиятингизга таъсир кўрсатиши мумкин. Овуляция (тухум ҳужайраларининг ажралиши) пайтида серғайрат ва қувноқ, ҳайз олдидан эса сержаҳл ва ғамгин бўлишигиз мумкин. Кўкракларингиз бир оз катталашиб, баъзида оғриқ сезасиз, юзингизда эса бироз доғ пайдо бўлиши мумкин. Айрим қизларда, айниқса, ҳайзнинг биринчи кунида, қориннинг пастки соҳасида кучли оғриқ сезилиши ёки бошқа муаммолар кузатилиши мумкин. Ҳаддан зиёд кучли оғриқ ёки 5 кундан ортиқ қон кетиши нормал ҳодиса ҳисобланмайди. Бундай ҳолларда шифокордан маслаҳат сўранг.

Эрта ёшда ҳомиладор бўлиш, туғиш жараёнида она ва боланинг соғлигига хавф солиши мумкин. Маълумки, 16-17 ёшгача қизлар тўлишиб, бўйлари ўсиб қолади, аммо бу ҳали уларни она бўлиш учун етилганликларини билдирмайди. Қизлар 16-17 ёшга тўлгани билан уларда, ҳомилани тараққий этиши ва бола туғиш учун нормал шароит вужудга келмаган бўлади. Тос суяклари ривожланмаганлиги сабабли, туғиш жараёнида жарроҳлик усулидан фойдаланишга тўғри келиши мумкин. Қизлар 20 ёшдан кейин жисмонан ва руҳан она бўлишга тайёр бўладилар. Эрта турмуш қуриш кўпинча фарзандсизликка, боланинг ой куни етмай чала туғилишига сабаб бўлиши мумкин. Аёллар учун фарзанд кўришнинг энг қулай даври 20-30 ёш оралиғи ҳисобланади.

Ҳомиладорлик даври

Ҳомиладорлик даврида нималарга эътибор қаратиш лозим? Ҳомила пайдо бўлиши учун аёл тухумдонидан ажралган тухум ҳужайра эркак уруғдонидан ажралган уруғ билан қўшилиши керак. Тухумдондан ажралган тухум ҳужайралари эркак уруғи билан бачадон найчасида учрашиб уруғлангач, бачадонга йўл олади. Ҳомила тўққиз ой давомида бачадонда ривожланиб боради. Ана шу муддат муваффақиятли якунлангач чақалоқ туғилади.

Ҳомиладорлик даврида қандай ўзгаришлар содир бўлади? Ҳомиладорлик муддати тўққиз ой давом этади. Дастлабки уч ойда ҳомиланинг асосий аъзолари ва тизимлари шаклланади. Бу даврда ҳомиладорлик гормонлари ўз ишини бошлайди. Кўкрагингиз катталашиб, оғриққа сезувчан бўлиб қолиши мумкин. Унинг учи атрофидаги тери тўқ тусга киради. Бачадон ўсиб, сийдик пуфагини эзганлиги сабабли пешоб ажралиши тезлашиши мумкин. Кейинги уч ой давомида ҳомиланинг ҳаётий зарур тизимлари ривожланиб такомиллашади. Бешинчи ойга келиб ҳомиланинг қимирлашини ҳис қилиш мумкин. Охирги уч ойда ҳомила ўсиб, унинг вазни ошади. Бу даврда оёқда томир тортишиши, шишлар пайдо бўлиши, томирларнинг варикоз кенгайиши сизни безовта қилиши мумкин.Ўз ҳис-туйғуларингиз, фикрларингиз ва истакларингизни даволовчи шифокорингиз, оила аъзоларингиз, айниқса, турмуш ўртоғингиз билан баҳам кўришингизни маслаҳат берамиз. Туғруққа тайёргарлик машғулотларида қатнашиш жуда кўп янгиликлардан бохабар бўлишга ёрдам беради.

· Спиртли ичимликлардан умуман воз кечинг. Алкогол истеъмол қилиш боланинг ақлан заифлигига олиб келиши мумкин.

· Чекиш ҳомиланинг тушиши, муддатидан олдин туғиш, кам вазнли бола туғилишига олиб келиши мумкин.

· Шифокорлар маслаҳатисиз дори-дармонларни қабул қилманг. Улар бола ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Ҳомиладорлик даврида тиббий кузатув олиб бориш. Тиббий кузатувлар Сиз ва бўлажак фарзандингизнинг ҳомиладорлик ва ундан кейинги даврда соғ-саломат бўлишларингизни таъминлайди. Қон текшируви шифокор маслаҳатига кўра қон гуруҳи, резус фактори, гемоглобин текширувлари учун керак бўлади. Сийдик таҳлили пешоб чиқариш йўлларидаги инфекция, кечки токсикоз ёки диабет аломатларини аниқлашга ёрдам бериши мумкин. Қин ва бачадон бўйнидаги ажралмалар текшируви инфекцияни аниқлашда жуда муҳим. Ультратовуш текшируви ҳомиланинг ўсиши ва ривожланиши ҳақида ахборот беради.

Ҳомиладорликнинг биринчи уч ойлигида қуйидаги ўзгаришлар рўй берса дарҳол шифокорга мурожаат этиш лозим: сўлак оқиши, кўп қайтариладиган ўқчиш (қусиш), нафас олишнинг қийинлашуви, тери қопламининг сарғиш тусга кириши, терининг қичиши.

Ҳомиладорликнинг иккинчи ва учинчи уч ойликларида шифокорга мурожаат қилишга сабаб бўладиган ҳолатлар: ҳомила ҳаракатининг кўпайиши, камайиши ёки умуман тўхташи, оёқлар ёки бутун тананинг ортиқча шишиб кетиши, бошнинг тез-тез ва қаттиқ оғриши, ошқозон соҳасида оғриқлар, кўнгил айниши, қусиш кузатилиши, сийдик миқдорининг камайиши, меъёридан ортиқ ланжлик ёки уйқусизлик кузатилиши.

Ҳомиладорлик даврида озишга ҳаракат қилманг. Вазнингиз 11-15 кг гача ошиши табиийдир. Сиз ҳар куни ушбу гypyҳлapгa кирувчи озиқ-овқатларни истеъмол қилишингиз керак: гуруч, нон, дон ва макарон маҳсулотлари, мева ва сабзавотлар, сут-қатиқ маҳсулотлари, пишлоқ, гўшт, балиқ, дуккакли маҳсулотлар, тухум, ёнғоқ ва ҳомиладор аёллар ва кўкрак билан эмизувчи аёллар учун мўлжалланган поливитамин комплекслар.

Ҳомиладорликнинг иккинчи уч ойлигида ҳомиладор аёлнинг вазни оғирлашуви ҳафтасига меъёрий 350 граммдан ошмаслиги керак. Ҳомиладорликнинг учинчи уч ойлигида вазн ошиши ҳафтасига меъёрий 350 граммдан ҳам зиёд бўлиши мумкин.

Ҳомиладорликнинг учинчи уч ойлигида истеъмол қилинадиган туз миқдорини чеклаш ва таркибида витаминлари бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш зарур.

Туғруқхонада ётишга керак бўладиган нарсаларни туғишга 3-4 ҳафта қолганда олдиндан тайёрлаб қўйиш мақсадга мувофиқдир. Қуйидаги нарсалар туғруқ комплексида Сизга керак бўлади: паспорт, атир совун ёки суюқ совун, қўл артиш учун қоғоз салфеткалар, тиш пастаси ва тароқ, чарм шиппак, пахта газламадан бўлган дуррача, гигиеник тагликлар. Шунингдек, туғруқ комплексига туғилажак фарзандингиз учун керакли кийим-кечаклар, тагликлар олиб боришингизга рухсат этилган.

Она сути моҳияти

Фарзанд ота-онанинг эзгу орзуси, қувончи, бахти. Ҳар бир она фарзандининг соғлом, зуваласи пишиқ бахтли–саодатли бўлиб ўсиб улғайиши учун қайғуради ва чақалоқ туғилмасидан туриб шунга тайёргарлик кўради. Маълумки она билан бола ўртасидаги ўзаро алоқа ҳомиладорликнинг дастлабки кунларидан бошланади. Буни тиббиётда “Она–йўлдош-ҳомила” мулоқот системаси шаклида тушунтирилади. Фарзанд дунёга келгач эса бу мулоқотлик “Она –кўкрак сути-бола” тариқасида давом этади.

Табобатнинг машҳур намоёндаси Абу Али Ибн Сино она сутининг қуёш нурларига қиёс қилган. Бежиз эмаски ер юзидаги барча тирик мавжудот билан ўсимликлар дунёси учун қуёш нури қанчалик зарур бўлса, ўсаётган бола учун она сути шунчалик зарур ҳисобланади.

Она сути болани соғлом ва бақувват ривожланиши учун энг муҳим озуқадир. Она сути таркибида бола ўсиши ва ривожланиши учун керакли барча озуқалар мукаммалдир, она сути суюқ, енгил ҳазм бўлувчи ва етарли калорияга эга бўлган, турли микроблардан ҳоли, пишириш ва иситиш талаб қилмайдиган тайёр озуқадир.

Она сутида 100 дан ортиқ керакли озиқ моддалар бўлиб, фақат миқдор жиҳатидан бола эҳтиёжини қопламай, сифат жиҳатидан ҳам боланинг ёшига, соғлиғига мос келади. Она сутида минерал моддалар ва витаминлар ўсаётган бола эҳтиёжига мос келади. Оғиз-сути бу янги туққан аёл кўкрагидан 1-1,5 кун ичида ажралиб чиқаётган сарғиш ширали чўзилувчан суюқлик бўлиб, бола учун ўта фойдалидир. Оғиз сути болани ичакларини тозалайди, инфекциядан сақлайди ва иммуноглобулинга бой бўлиб иммунитетини бақувватлаштиради. Оғиз сутини биринчи эмлаш деб ҳам аталади.

Она сути турли касалликларни чақирувчи вирус ва микробларга қарши курашувчи моддаларга бой бўлади. Яъни у болада иммунитет системасини шаклланишда қатнашади. Ундаги иммуноглобулинлар янги туғилган чақалоқни турли инфекциялардан ҳимоя қилади, онадан-болага иммунитет ўтишини таъминлайди. Чақалоқни кўкрак сути билан боқиш унинг руҳий ҳолатига яхши таъсир кўрсатади. Уларда харакатчанлик, сезувчанлик, сунъий боқилган болаларга қараганда барвақт бошланади. Кўкрак сути эмган бола тетик ва касалликка кам чалинадиган бўлади. У барвақт онани таний бошлайди, онага интилади, бу болада илк меҳр куртакларини уйғотади. Она ўз фарзандига табиатнинг мўжизаси - сут орқали бутун борлиғини берар экан, она саломатлигига ҳам ижобий таъсири бордир.

Бу эса унга жуда катта масъулият юклайди, ўз соғлиги устида қайғуришга мажбур этади. Она сутидаги гормонлар фақатгина сутни кўпайтирмасдан, онанинг физиологик жараёнларини нормал бўлишига жисмоний ва руҳан яхши ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади.

Аёлларга хос қадди-қомат, латофат, гўзалликни сақлашда асосий омил ҳисобланади. Эмизикли оналарда модда алмашинуви анча жадал кечади, бу эса она иштахасини яхши бўлишига, кайфиятини кўтарилишига олиб келади, руҳий енгиллик сезади, оила аъзоларига нисбатан аҳиллиги ортади. Кўкрак сути билан боқиш бола соғлиғи ва унинг баркамол инсон бўлиб ўсиши учун зарурдир. Болангизни кўкрак сути билан эмизиш ҳаётининг дастлабки икки йилларида жуда муҳим.

Бола учун она сутидан фойдали ва яхшироқ озуқа йўқ. Боланинг соғлом, яхши ўсиши ва ривожланиши учун энг яхши шароит яратгани боис эмизиш ҳамма жойда муҳим аҳамият касб этади. Она сути ўз сифати билан болага бериладиган бошқа барча маҳсулотлардан устун туради. Унинг таркибида, гўёки ҳар бир чақалоқ учун махсус буюртма бўйича тайёрлангандек, озиқ моддалар ҳамда инфекцияга қарши омиллар ғоят оқилона нисбатда мавжуд. Эмизиб боқиладиган чақалоқ ўзи учун мос бўлган одомзодга маълум энг тўйимли, энг яхши ва энг мақбул озиқ билан овқатланади. Кўкрак билан эмизиш она билан бола ўртасида нозик узвий муносабатни шакллантиради, бундан фарзандингиз чуқур хиссий қониқиш олади.

Туғруқдан кейин она ва боланинг дарҳол яқин мулоқотда бўлиши ўзаро муносабатларни шакллантиради. Турли инфекцияларга қаршилик кўрсата олиш болага она сути орқали ўтади.

Она сутининг таркибий қисмлари: оғиз сути – бу туғруқдан кейинги бир неча кун давомида аёлнинг кўкракларида ишлаб чиқиладиган сутдир. У қуюқ сарғиш рангда бўлади. Етилган сут бир неча кундан кейин ҳосил бўлиб, сутнинг миқдори ошади, кўкрак тўлади, шишади ва оғирлашади. Олдинги сут – бу эмизишнинг бошида ажраладиган сут. Олдинги сут кечки сутга нисбатан кўкимтир, у кўп миқдорда ажралиб чиқади ва болани етарли миқдорда оқсил, лактоза ва бошқа компонентлар билан таъминлайди. Бола олдинги сутни кўп истъмол қилганлиги сабабли у ўзига керакли миқдордаги сувни қабул қилади. Орқа сут – бу эмизиш жараёнининг охирида ҳосил бўладиган сут. Кечки сутлар ранги бўйича эртанги сутга нисбатан оқишроқ, чунки унинг таркибида ёғлар кўп. Бу ёғ кўкрак билан эмизишда асосий қувват манбаи ҳисобланади. Шу сабабли бола эмаётганда кўкракдан жуда тез ажратмаслик муҳим. Она сути таркибида оқсиллар, ёғлар ва витаминларга бой. Болага ҳаётининг биринчи 6 ойлигида ҳатто иссиқ ҳаво ҳам қўшимча ичимлик керак эмас. Чунки у чанқоғини она сути билан қондириши мумкин. Айрим текширишлар шуни кўрсатадики, кўкрак билан эмизиш болани ақлий ривожланишига ижобий таъсир қилади.

Эмизишнинг муҳим жиҳатлари: болани тез-тез кундузи ва кечаси эмизиш керак, 8-12 марта кунига, бир кўкракдан 30 дақиқа эмизиб, бошқа кўкракка ўтинг, болани эмиш вақтини чеклаб қўйманг. Онага ҳайрихоҳлик билан муносабатда бўлиш орқали унда ўзига ишончни мустаҳкамлаш ва унинг эмизиш истагини рағбатлантириш керак. Бола нотўғри эмизилса, она ноқулай ушласа, кўкракни нотўғри берса, юпатувчи бирор бир восита, хусусан, сурғич, суюқликлар берилганда бола эмизиш қобиляти бузилади ва бола безовталаниб эммай қўяди.

Аёл ҳар куни оддий ювиниш, тоза қулай кийим кийиши керак. Эмизишдан олдин қўлингизни совунлаб ювиб, озгина сутини соғиб кўкрак учларига суртиш мақсадга мувофиқдир. Бола нотўғри эмизилса яъни кўкрак қорачиғини кўпроқ қисмини олмай, оғзини кичкина очиб, фақат кўркак сутини эмса, бола оч қолади ва кўкрак учи қийилади. Бола кеч эмизишга берилса, соатга қараб ўлчаб эмизилганда сут ажралиб чиқиши ёмонлашади ва сутни туриб қолиши натижасида сут безлари шишиб оғриқ пайдо бўлади.

Чақалоқни имкон қадар бўш йўргаклаш фойдалидир. Қаттиқ йўргакланган болалар бўйни қийшайиб яхши эма олмайди. Кўкрак билан эмизиш она билан бола ўртасида нозик, узвий муносабатни шакллантиради, бундан она ва бола чуқур ҳиссий қониқиш олади.

Шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш саломатлигингиз гаровидир

Гигиена - ҳар бир инсоннинг жисми, устбоши, (турар жойлари, ошхоналари, сув манбалари, ҳаммомлари, ҳожатхоналари) ва бошқаларни тоза сақлашга қаратилган тадбирлар мажмуидир. Гигиена қоидаларига доимий риоя қилиб бориш оилангизни турли касалликлардан ҳимоя қилишнинг энг яхши воситасидир. Гўдаклар ва катта ёшдаги кишиларнинг кўплаб касалликларга ва ёмон оқибатларга тушиб қолишларига турли касаллик микроблари билан зарарланган овқатни ейиш ва ифлос сувни истеъмол қилишлари туфайли дуч келадилар.

Гигиена қоидаларига риоя қилмаслик натижасида ич терлама, гепатит, вабо, қичима, гижжа ва бошқа юқумли касалликларга дучор бўлиш мумкин.

Шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш ва хонадонни доимо озода тутиш керак. Авваламбор ҳар бир инсонда шахсий гигиена кўникмалари шаклланган бўлиши лозим.

Шахсий гигиена қоидаларига нималар киради? Булар кўл тозалиги, оғиз бўшлиғи гигиенаси, соч гигиенаси, тери гигиенаси, хонадон гигиенасидир.

Қўллар қуйидаги ҳолатларда топ-тоза қилиб совунлаб ювилиши лозим: овқат пишириш олдидан, ҳайвонларга қаралгандан сўнг, ҳожатхонадан чиққандан сўнг, кўчадан уйга қайтгандан сўнг, овқатланишдан олдин, ҳар қандай юмушни бажаргандан сўнг. Ундан ташқари тирноқларни ҳар доим калта қилиб олиб юриш лозим. Юқорида келтирилган қўл гигиенасини фарзандларингизга ҳам ўргатиб боринг.

Оғиз бўшлиғи гигиенаси: тишни тоза тутиш, уни доимо турли хил паста, порошоклар билан тиш чўткаси ёрдамида 2 марта ювиб туриш, яъни эрталабки нонуштадан ва кечқурунги овқатланишдан сўнг, бу хилдаги парвариш тиш томирлари ва милкларнинг мустаҳкамлашнинг муҳим воситасидир. Ҳар бир овқатланишдан сўнг тишларингизни сув билан чайқаб тиш ораларида қолган овқат қолдиқларини, албатта йўқотинг. Агар шундай қилмасангиз, овқат қолдиқлари чириб, оғзингиздан бадбўй ҳид кела бошлайди. Агар сиз милк ва танглайингизни тозалигига жиддий эътибор бермасангиз, турли хил тиш, милк касалликларига учрайсиз!

Сочни ҳафтада бир марта ювиб туриш зарур. Сочингизни ҳолатига қараб, соч терисини қуруқ, ёғли, нормал бўлишига мослаб сочга ишлатиладиган шампунлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Соч терисини озиқлантириш учун соч терисига кефир, қаймоқ суртиб 30 дақиқадан сўнг ювиб ташланади. Бу сочларингизга жило бериб соч терисини озиқлантиради.

Барчага маълумки, бизни вужудимиз ўпка орқали нафас олишдан ташқари, тери орқали ҳам нафас олади. Шунинг учун терини тозалиги катта аҳамиятга эга. Тери тоза бўлиши учун имконият даражасида ҳар куни душ қабул қилиш лозим. Имкони булса, хафтада бир марта ҳаммомда чўмилиш керак. Бу теридаги ҳар хил бактерия, микробларни тозалашга ёрдам беради. Гигиена қоидаларига фарзандларингизни ёшлигидан ўргатиб боринг. Одатда бу оилада болаликдан бошланади. Киши умрининг ярмисидан кўпроқ қисмини ўз уйида ўтказади.

Қуйидаги тавсиялар хонадон аҳллари учундир:

· Фарзандларингизни доимо озодаликка ўргатинг.

· Ҳар куни кечқурун уйқудан олдин, эрталаб уйқудан сўнг юзни, тишларни тозалаш.

· Овқатга ўтиришдан олдин ва ҳожатдан кейин қўлни совунлаб ювиш.

· Ҳафтада камида бир марта чўмилиш, бунда фақат шахсий мочалка ва сочиқлардан фойдаланиш одатий ҳолга айланиб бориши лозим.

· Тиш чўткаси, мочалка, сочиқ ва ич кийимлардан умумий фойдаланиш мумкин эмас.

· Алоҳида ўрин-кўрпа тутилиши.

· Ёстиқ ва адёллар жилдланган бўлиши, матрац ёки кўрпа-кўрпачалар устидан чойшаб солиниши керак.

· Чойшаб, ёстиқ ва адёл жилдларини ҳафтада бир марта алмаштириш. Уларни ювганда, агар хонадонингизда бемор бўлса, қўшимча зарартирлантириш тавсия этилади.

· Матрац, кўрпа ва кўрпачаларни қуёш тик тушадиган жойларга осиб қуритиш ва шамоллатиш мақсадга мувофиқдир.

Хоналарни доимо озода тутиш, бунинг учун:

- Ҳар куни пол, дераза токчалари, эшик тутқичлари, стол ва стулларни ҳўл латта билан артиб, гилам, полос ва юмшоқ мебелларни чанг сўрғич ёрдамида чангдан тозалаш;

- Камида ойида бир марта дераза ромлари, ойна, эшик, панелларни ювиш, гилам ва полосларни ташқарига олиб чиқиб қоқиш;

- Дераза пардаларини ҳар 3 ойда бир марта чангдан қоқиб, тозалаш лозим бўлади.

- Ошхона, ванна ва ҳожатхонани озода сақлашга ҳаракат қилинг.

- Ҳар куни раковина, газ плита, масаллиқ тайёрлаш столи, пол ювиб тозаланиши, қолган ошхона жиҳозлари, совутгич ҳафтада бир марта ювилиши керак. Идиш-товоқларнинг тоза ювилишига аҳамият беринг. Бунинг учун мумкин қадар махсус идиш-товоқ ювишга мўлжалланган воситалардан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

- Ҳеч қачон ишлатилган идиш-товоқларни, овқат қолдиқларини очиқ-чочиқ қолдирманг дераза ойначаларини тез-тез очиб шамоллатиб туринг.

- Ванна хонаси ишлатилгандан сўнг ванна тозалаб ювилиши ва зарарсизлантирилиши керак.

- Унитаз, пол, эшик тутқичларини ҳар куни ювиб, зарарсизлантирилиб борилиши лозим, агар қазилма ҳожатхона бўлса, у ҳар куни тозаланиши, ҳар 3-5 кунда дизенфекцияловчи воситалар сепилиб борилиши лозим. Шунда пашша личинкалари нобуд бўлади, кўпаймайди.

Овқат маҳсулотларини сақлаш, тайёрлаш ва истеъмол қилиш қоидаларига риоя қилинг:

- Тез бузиладиган озиқ-овқат маҳсулотларини совутгичларда сақланг.

- Сабзавотларни яхшилаб ювинг, қайнатилган сувда чайиб истеъмол қилишга, қайнатилмаган сувни ичмасликка одатланинг.

- Сувни қайнатиб сўнг истеъмол қилиш мумкин.

- Гўштни, озиқ-овқат маҳсулотларини етарли даражада термик ишловдан ўтишга аҳамият беринг.

Озиқ-овқат маҳсулотларини ҳар хил касаллик қўзғатувчи микроблар ва гижжаларнинг тухуми билан ҳашоратлар, айниқса пашша ва сувараклар зарарлайди. Пашшалар асосан ҳожатхона, алатхона, гўнгхона, молхона ва кир ўраларида кўпаяди ва етилади, учиб келиб очиқ қолган озиқ-овқат маҳсулотларига қўниб уларни ифлослантиради. Биргина ахлат солинадиган яшик ёки контейнерда 80 мингга яқин пашшалар ривожланиш даврлари бошдан кечирилиши, бир кунда эса 6 мингга яқин пашшалар етилиши мумкин экан. Биргина пашша меъдасида 28 млн., қорни, оёқларни ва қанотларида 6млн.га яқин ҳар хил касаллик қўзғатувчи микробларни, гижжаларнинг тухумларини ташийди. Бу микроорганизмлар одам танасида бир неча кунлаб яшаш қобилиятини сақлаб қолади. Пашшалар учиб юқумли касалликларни 1,5 км масофагача тарқатиш ҳусусиятига эга.

Ҳозирги вақтда ванна, унитаз, раковина, озиқ-овқат тайёрлайдиган столлар, газ плитаси, совутгич, дераза токчалари, эшик, ошхона идиш-товоқларни ювиш учун замонавий тозалаш воситаларидан фойдаланиш зарур.

Исталмаган ҳомиладорликдан сақланиш усуллари (контрацептив воситалар)

Контрацепция бу исталмаган ҳомиладорликдан сақланиш усулидир.

Контрацепция воситаларидан самарали фойдаланиш учун, ҳар бир усул билан танишиб, афзаллик, камчилик томонлари ҳақида маълумот олиб, керак бўлса – эътиборга лойиқ маълумот билан танишиб, ҳар бир аёл ёки жуфтлик, исталган, саломатлигига зиён келтирмайдиган (баъзи ҳолларда эса – фойда кўрсатадиган) усулни танлашига ҳуқуқи бор.

Контрацепция усуллари куйидагилар:

· Гормонал контрацепция: аралаш гормонал таблеткалар, тоза прогестин таблеткалар, пластир, инъекциялар (Депо-Провера - ДМПА)

· Шошилинч/тезкор контрацепция

· Бачадон ичи воситалари(БИВ)

· Лактацион аменорея усули

· Ҳимояловчи резина воситалар

· Фармацевтик воситалар

· Ихтиёрий жарроҳлик контрацепция/стерилизация

· Календар/тақвим усули

Гормонал контрацепция

(ОК таблеткалар, тоза прогестин таблеткалар).

Гормонал контрацептивларнинг таъсири куйидагилардан иборат:

· Тухумдонда тухум ҳужайрасини етилишини сусайтиради

· бачадон бўйни шиллиғини қуюқлаштиради, бу эса сперматозоидларнинг ҳаракатига тўсқинлик қилади

· уруғланган тухум бачадон деворига ўрнаша олмайди

Гормонал контрацептивларнинг аёл организмига ижобий таъсири:

· жинсий аъзо яллиғланишларини камайтиради

· ўсма касалликларнинг ривожланиш хавфини камайтиради

· ҳайз кўришни бир маромга келтиради

· ҳайз қонини камайтиради ва анемиянинг ривожланишини олдини олади.

Таблеткалар ҳар куни бир вақтнинг ўзида ичилса, самараси ўта юқори бўлади. Бироқ шуни унутмаслик керакки, ичилиши унутилган ҳар бир таблетка ҳомиладор бўлиш эҳтимолини юзага келтириши мумкин. Агар таблетка ичишни бир кун унутган бўлсангиз, иккинчи куни 2 та таблетка ичишингиз ва одатдагидек давом эттиринг. Шундай таблеткалар ҳам борки, уларнинг таркиби фақат битта гормон, яъни прогестерондан иборат. Бу таблеткалар жуда оз миқдорда гормон сақлайди ва одатда комбинацияланган (таркибида эстроген - прогестерон гормонларни тутувчи) таблеткаларни истеъмол қила олмайдиган аёлларга тавсия этилади. Улар эмизикли аёлларга ҳам тўғри келади, сабаби сут ишлаб чиқарилишига таъсир қилмайди. Бу таблеткалар ҳар куни бир вақтнинг ўзида ичилиши керак. Ичиш тартибининг бузилиши таблетканинг самарасини камайтиради ва қўшимча равишда ҳомиладорликдан сақланиш воситалардан (презерватив)дан фойдаланишни тақозо этади.

Афзаллиги:

· Самарадорлиги юқори - 99,9%

· Жинсий алоқага боғлиқ эмас

· Ҳайз вақтида йўқотиладиган қон миқдорини камайтиради.

· Камқонликни олдини олади ёки унинг даражасини пасайтиради.

· Тухумдон ва бачадон саратон касаллигини олдини олади.

Қарши кўрсатмалар:

· Жигар, буйрак ва юрак-қон тизимининг оғир касалликлари

· Қандли диабет

· Ҳомиладорлик

· Боласи 6 ойгача бўлган эмизикли аёллар

· 35 ёшдан юқори бўлган кўп чекувчи аёллар.

Эҳтимолий салбий таъсирлар:

· Қабул қилишнинг бошида кўнгил айниши ва бош оғриши (бир неча кундан сўнг ўтиб кетади)

· ЖЙОЮКдан сақламайди

· Таблеткаларни ҳар куни қабул қилишни эсда тутиши керак.

ДМПАинъекцияси:

Афзаллиги:

· Самарадорлиги юқори ва узоқ вақт давом этади

· Боласини эмизадиган аёллар учун яхши усул

· Жинсий алоқа билан боғлиқ эмас

· Баъзи касалликларни олдини олади: бачадондан ташқари ҳомиладорлик, эндометрий саратони, фибромиома. Қарши кўрсатмалар:

· Боласи 6 ойгача бўлган эмизикли оналар

· Ҳомиладорлик

· Юқори даражали қон босими

· Фаол кечиш давридаги жигар касалликлари

· Кам учрайдиган касалликларнинг баъзи бир турлари.

Эҳтимолий салбий таъсирлар:

· Баъзида қон кетиш ва аменорея

· Тана вазнини бирмунча ортиши

· Енгил бош оғриқлар

· Қўлланилиш тугагандан кейин, ҳомиладор бўлиш учун бир неча ой керак бўлади.

Тезкор/Шошилинч контрацепция

Ҳимоясиз жинсий алоқадан кейин ҳомиладорликдан сақланиш мақсадида 72 соат давомида ичилиши керак бўлган гормонал таблеткалар ёки 5 кун мобайнида БИВ қўлланилиш усулидир.

Ҳимоясиз жинсий алоқадан кейин қанчалик қисқа вақтда ичилса, шунчалик самарадорлиги юқори.

Афзаллиги:

· Кутилмаган ҳолларда ва бошқа усуллар қўлланилмаганда заҳира усул

Қарши кўрсатмалар:

· Анамнезида юрак оғриғи ҳуружи, инсульт, қон босимини ошиши, оёқларда ёки ўпкада тромблар ҳосил бўлишига юқори мойиллиги бор, сут безлари, жинсий аъзолар ёки жигарда саратон касаллиги бор аёллар таблеткалардан фойдаланиши мумкин эмас.

Эҳтимолий салбий таъсирлар:

· Таблеткаларни қабул қилган аёлларда кўнгил айниши, енгил бош оғриқлар, сут безларида оғриқ бўлиши мумкин.

Бачадон ичи воситаси

БИВ (спирал) бачадон ичига ўрнатиладиган махсус мослама бўлиб, у уруғ ҳужайраларнинг ҳаракатига тўсқинлик қилади ва тухум ҳужайрани уруғланишдан сақлайди. БИВ шифокор-гинеколог ёрдамида, ҳайзнинг охирги кунларида бачадон ичига ўрнатилади. Ҳомиладорликдан 5 ва ундан ортиқ йилгача сақлайди..

Афзаллиги:

· Репродуктив/туғиш фаолиятини сақлайди

· Жинсий алоқага ҳалақит бермайди

· У ҳақида доимо ўйлаш зарур эмас, баъзида ипларни текшириб туриш керак

· Ўзоқ вақт муддатида қўлланилиши мумкин (10 йилгача)

Қарши кўрсатмалар:

· ЖЙОЮК мавжуд ёки жинсий аъзоларнинг сурункали яллиғланиши

· Ҳомиладорлик

· Қиндан сабабсиз қон кетиши

· Жинсий аъзоларни туғма ёки ортирилган нуқсонлари

· Оғир даражали камқонлик.

БИВдан фойдаланиш коидалари:

· Аёлда ҳомиладорлик йўқлиги аниқ бўлса, ҳайз даврининг исталган вақтида

· Ҳайз даврининг 1-кунидан 7-кунигача

· Туғруқдан кейин дарҳол ёки дастлабки 48 соат давомида, 6 ҳафта ўтгач

· ЛАУдан фойдаланаёган бўлса, 6 ойдан кейин

· Абортдан кейин дарҳол (аборт асоратсиз бажарилган бўлса) ёки 7 кун давомида инфекция аломатлари бўлмаса

БИВ ўрнатиш мумкин бўлмаган ҳолатлар

· Туғруқдан кейин септик асоратлар

· Юрак клапанларинингсимптомли нуқсонлари

· Сабаби аниқланмаган қон кетиши

· Жинсий аъзоларнинг рак касалликлари (бачадон бўйни, эндометрий ва тухумдон)

· Бачадон миомаси ва бачадон ривожланишининг аномалиялари

· Трофобласт ўсмалари

· Камқонлик

· Сил (чаноқ сили ташҳиси билан)

Лактацион аменорея усули (ЛАУ)

ЛАУ алгоритми:

· Болани фақат кўкрак сути билан эмизиш (боланинг талабига қараб, тунда эмизиш, кўкрак сутини бошқа озуқа билан алмаштирмаслик)

· Туғруқдан кейин ҳайз бошланмаганлиги

· Туғруқдан кейин 6 ойдан кўп вақт ўтмаган бўлса

Ноконтрацептив хусусияти:

· Бола учун пассив иммунизация

· Озуқа манбаи

· Юқумли касалликлар манбаи бўлган озуқа ва жисмлардан йироқ бўлади

· Она учун: туғруқдан кейин қон кетиши камаяди

Ҳимояловчи резина восита

Эркаклик аъзосига кийдиришга мўлжалланган юпқа латекс резинали қопча ёки ғилоф. Бу эркак жинсий аъзосига жинсий алоқадан олдин кийдирилади. Бунда эркак уруғ суюқлиги (сперма) аёл қинига тушмайди. Бу восита тўғри фойдалангандагина самарали ҳисобланади, жинсий алоқа даврида юқиши мумкин бўлган тери-таносил касалликлари ва ОИТС (СПИД)дан сақлайди.

Афзаллиги:

· Топиш осон, арзон

· Айнан керак пайтда ҳомиладорликдан сақлайди

Эҳтимолий салбий таъсирлар:

· Кам одамларда учрайдиган, латексга аллергия бўлиши мумкин ва шунинг учун қўлланилмайди

· Нотўғри қўлланганда йиртилиши мумкин.

Фармацевтик восита

Кўпиксимон, крем, гель ёки шам кўринишида, жинсий алоқадан олдин қинга киритилади ва спермани кучсизлантиради ёки ўлдиради.

Афзаллиги:

· Ҳар бир жинсий алоқа вақтида тўғри қўлланилганда ЖЙОЮКни баъзи бир турларини ва ҳомиладорликни олдини олади

· Боласини эмизадиган аёллар учун қулай

· Лактация жараёнига таъсир қилмайди

· Айнан керак пайтда ҳомиладорликдан сақлайди.

Ихтиёрий жарроҳлик контрацепцияси

Ҳомиладорликни олдини олиш мақсадида операцияни аёлда ёки эркак кишида қилиш мумкин

· Эркаклар стерилизацияси (вазэктомия) – тухумлардан спермани олиб келадиган уруғ йўлларини кесилиши

· Аёлларда: тухум хужайраларини бачадонга олиб келувчи найларини боғланиши ёки кесилиши.

Афзаллиги:

· Юқори самарадорликка эга бўлган оилани режалаштириш усули.

Қарши кўрсатмалар:

· Бошқа бола кўришни хоҳламаслигига ишонч ҳосил қилмаган жуфтликлар ёки шахслар учун ишлатиб бўлмайдиган усул.

Эҳтимолий салбий таъсирлар:

· Операциядан кейин бир неча кун давомида ноқулайликлар бўлиши мумкин.

Календар/тақвим усули

· Исталмаган ҳомиладорликдан сақланишни табиий усули. Аёл ўз ҳайз циклини диққат билан кузатиб, ҳомиладорлик бўлиши мумкин бўлган пайтда жинсий ҳаётдан тийилади ёки резина ғилофдан фойдаланади.

· 80% самарадорликка эга.

Овуляция вақтини (тухум ҳужайра ажралиши) базал ҳароратни ўлчаш усулиорқали белгилаш мумкин. Бу усулнинг таъсири қуйидагичадир: овуляция содир бўлгандан кейин прогестерон гормони ишлаб чиқилади. Бу гормон тана ҳароратини 0,3-0,6 градусга кўтаради. Аёл ҳар куни эрталаб ўринда ётган ҳолатда қинга ёки тўғри ичакка термометр қўйиб базал ҳароратини ўлчайди (бунда фақат битта термометрдан фойдаланиш зарур). Махсус график тузилиб унга ҳар куни термометр кўрсатгичлари ёзиб борилади. Графикда ҳароратнинг 0,5-0,6 градусга бирдан кўтарилганлигини кўриш мумкин. Мана шу кўтарилишдан бир кун олдинги давр овуляция жараёнига тўғри келади. Ҳарорат кўтарилгандан кейинги 3 кунгача жинсий алоқадан сақланмоғи керак.

Қарши кўрсатмалар:

· Аёл ўз ҳайз циклини диққат билан кузатиб бориши лозим. Ҳомиладорлик бўлиши мумкин пайтда, жуфтлик жинсий ҳаётдан тийилишига ёки резина ғилофдан фойдаланишга тайёр бўлиши керак

· Бу усул ҳайз цикли норегуляр, эмизувчи, жуда ёш ва менопаузага яқинлашаётган аёллар учун қийинчилик туғдириши мумкин.

Она саломат бўлгандагина соғлом фарзанд дунёга келади. Туғишлар оралигидаги муддатнинг 3 йилдан кам бўлмаслиги аёл соғлиғини тикланишига, туғилган боланинг жисмоний ва маънавий ўсиши ҳамда кейинги ҳомиланинг соғлом ривожланишига имконият яратади. Туғруқлар орасидаги муддатни сақлашда ҳомиладорликнинг олдини олишнинг замонавий усуллари сизга ёрдам беради.

Замонавий контрацепция усулларидан фойдаланмоқчи бўлсангиз, албатта шифокор-гинеколог билан маслаҳатлашинг. Шифокор-гинеколог Сизга соғлиғингизга ва ёшингизга мос келадиган усулни танлашда ёрдам беради.

ОИВ инфекцияси ва келажак авлод

Одам иммунтанқислик вируси (ОИВ) касаллиги бутун дунёни қора булут сингари эгалламоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра 2008 йилнинг 1 январига қадар дунёда 33,2 миллион киши ОИВ касаллигининг вируси билан яшамоқда. Бу даҳшатли офатдан ҳар йили 3,0 миллионга яқин киши вафот этаяпти. Шундан, болалар 600-700 мингни ташкил этади.

Касалликнинг бунчалик тез кўпайиб кетишига сабаб нима, деган саволга қуйидагича жавоб бериш мумкин:

Биринчидан, касалликни келтириб чиқарувчи вирусга таъсир этиб, уни инсон организмидан тозалайдиган дори воситалари ҳанузгача топилгани йўқ. Демак, одам то умрининг охиригача касаллик манбаи бўлиб қолади.

Иккинчидан, касалликнинг олдини олишга қодир бўлган вакцина ишлаб чиқилмаган.

Учинчидан, вирусни юқиш хавфи юқори бўлган шарм-ҳаёни унутган шахслар, яъни гиёҳвандлар, бетартиб жинсий ҳаёт кечирувчи шахсларнинг жамиятда борлиги.

Тўртинчидан, аҳолининг, айниқса, ёшларнинг ОИВ инфекцияси бўйича билим савиясининг пастлиги.

ОИВ ва ОИТСнинг бир-биридан фарқи нимада? ОИВ инфекцияси–инсон организмида вируснинг борлиги, аммо касаллик аломатлари ҳали намоён бўлмаган давр. Бундай инсон вирус ташувчи ҳисобланади. ОИТС – касалликнинг сўнгги босқичи. Бу даврда инсон организми ҳар қандай касалликка бардош бериш хусусиятини йўқотади.

Касалликнинг бошланиш даври: вирус организмга тушгандан сўнг узоқ вақт 3 ойдан 10 йилгача ва ундан ҳам кўпроқ давргача яшагани сабабли инсон уни кўп кишиларга юқтириши мумкин. Касаллик ОИВ ҳолатидан ОИТС ҳолатига ўтиши муқаррар. Сабаби бу даврда иммун тизими фаолияти бузилиши натижасида организмнинг турли микробларга қарши курашиш хусусияти бутунлай камайиб, йўқолиб кетади. Натижада, дуч келган микроблар турли касалликларни пайдо қилиши мумкин. Беморнинг касалликдан тузалиши қийин бўлади ва охир оқибат ўлим билан якунланади.

Касаллик вируси одамга қондан, эркакларнинг шаҳватидан, аёллар жинсий ажралмаларидан, касалланган онадан болага ўтиш йўли билан юқади.

Касаллик асосан қуйидаги ҳолатларда юқади:

· вирус билан зарарланган қон ва қон таркибий қисмлари қуйилганда;

· гиёҳванд моддани қон томирларига юбораётганида умумий шприц ва игнадан фойдаланилганда;

· касалланган шахс билан жинсий алоқада бўлганда;

· касалланган онадан ҳомиладорлик даврида ҳомилага, туғруқ жараёнида ҳамда кўкрак сути билан эмизганда гўдакка юқиб қолиши мумкин.

Вирус қуйидаги ҳолатларда юқмайди:

· қўл бериб сўрашганда, ўпишганда, қучоқлашиб кўришганда;

· ҳаво томчи йўли билан (йўталганда, аксирганда);

· умумий-маиший буюмлардан фойдаланганда;

· касалхонага беморни кўргани борганда;

· қон сўрувчи ҳашаротлар чаққанида;

· умумий ҳожатхонадан фойдаланганда;

· озиқ-овқат ва умумий идиш-товоқдан фойдаланганда;

· сув ҳавзаси, ҳаммом, ванналардан биргаликда фойдаланилганда;

· ички ва устки кийим орқали.

Мабодо ўзингизга ОИВ юқиб қолди, деб ўйласангиз нима қилиш керак? Бундай ҳолларда энг аввало тушкунликка тушмасдан ОИТСга қарши кураш марказларига, даволаш профилактика муассасаларига, ишонч ва аноним хоналарига мурожаат қилинг. У ерда ОИВ инфекцияси бўйича ўзингизни қизиқтирган барча саволларга жавоб топасиз. У жойларда конфиденциал, ҳуфиёна ва шахсини сир сақлаган ҳолда хизмат кўрсатилади. Истасангиз тегишли лаборатория текширувидан ўтишингиз мумкин. Барча ҳизматлар бепул.

Темир танқислиги анемияси ва уни олдини олиш

Темир танқислиги анемияси бу камқонликнинг кенг тарқалган тури бўлиб, у кўп ҳолларда ҳаёт учун зарур бўлган элемент - темирнинг етарли миқдорда қабул қилинмаслиги натижасида юзага келади. Истеъмол қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотлари таркибида темир моддасининг етишмаслиги ҳамда тўғри овқатланиш асосларига риоя этмаслик организмда темир танқислигини юзага келтирувчи сабаблар ҳисобланади. Темир қизил қон таначалари-эритроцитларнинг асоси бўлган гемоглабиннинг ташкилий қисми ҳисобланади. Гемоглобин ҳаёт учун зарур бўлган кислородни ўпкадан олиб, организмнинг барча тўқима ва аъзоларга етказади, моддалар алмашувининг энг охирги маҳсулоти бўлган карбонад ангидрид газини ўзига бириктириб, ўпкага етказади ва уни ўпка орқали чиқиб кетишини таъминлайди.

Кичик ёшдаги болаларда, уларнинг жуда тез ўсиши ва ривожланиши, ҳомиладор аёлларда ҳомиланинг ривожланиши ва ўсиши, туғиш ёшидаги аёлларда ҳайз кўриш сабабли темирга бўлган эҳтиёж, бошқаларга нисбатан 3-6 марта юқори бўлади. Шунинг учун туғиш ёшидаги аёллар ва болаларда темир танқислигини ривожланиши эҳтимоли юқори бўлади.

Темир танқислиги анемиясининг асоратлари қуйидагилардан иборат:

· ҳомиладор аёлда боланинг нимжон, иммунитети паст ва анемия ҳолатида туғилиши;

· боланинг белгиланган муддатдан олдин, шунингдек боланинг кичик вазн билан туғилиши;

· ҳомила ривожланишининг сусайиши, бола ташлаш, боланинг ўлик туғилиши;

· туғиш ва туғишдан кейинги қон кетишлар оқибатида аёлнинг шахсий саломатлигининг оғирлашиши;

· болалар ва ўсмирларда - 2 ёшгача бўлган бола миясининг ривожланишига тиклаб бўлмас даражада салбий таъсир кўрсатиши;

· юқумли касалликларга берилувчанликнинг ортиши, касалликларнинг оғир кечиши ва уларни сурункали тус олиши;

· боланинг ақлий ва жисмоний ривожланишининг соғлом тенгдошларига қараганда ортда қолиши, маълумотларни қабул қилиш қобилиятининг сусайиши, мактабда ўзлаштиришнинг пастлиги.

Болаларда темир танқислиги анемияси ҳолатида кислород етишмаслигидан бош мия азият чекади, бу атроф-муҳитга қизиқишнинг сусайиши билан намоён бўлади. Бундай болалар уй вазифасини бажаришда диққат-эътиборли бўлишга кучи етмайди. Англаш жараёни ҳам сустлашади.

Қуйидаги белгилар кузатилса шифокорга мурожаат этиш зарур:

- кесак, лой, бор, кўмир, қоғоз, хом ҳамир, шама, хом макарон, хом гуруч ейиш каби истакларнинг пайдо бўлиши;

- керосин, бўёқ, ацетон, лак, мазут, зах кабиларнинг ҳидларини ёқтириши;

- тирноқнинг мўрт, ғадир-будир бўлиб қолиши ва қаватларга ажралиши ва тирноқ устида бўйлама ва кўндаланг чизиқларнинг пайдо бўлиши;

- қуйиқ луқмани юта олмаслик ҳолати, шунинг учун камқонликка чалинган беморлар ҳар луқмани суюқлик ёрдамида ютишлари;

- юзнинг оқариши, лаб ҳамда пастки қовоқнинг ички юзасини рангсизланиши;

- умумий беҳоллик, иш қобилиятининг пасайиши, уйқувчанлик;

- озгина жисмоний ҳаракат ҳам ҳансирашни юзага келтириши;

- хотира ва диққатнинг ёмонлашиши;

- меҳнат фаолиятининг сусайиши ва доимий қувватсизлик;

- бошнинг айланиши ва чарчаш.

Темир танқислиги анемиясини қандай олдини олиш мумкин?

Темир танқислиги анемиясини олдини олиш, уни даволашдан кўра енгилдир. Уни олдини олиш 3 йўналишда олиб борилади:

1. Саплементация. Профилактиканинг бу усулида шифокор назорати остида туғиш ёшидаги аёллар, ҳомиладор аёллар, 2 ёшгача бўлган болалар, ўсмир қизларга 2 йил давомида ҳафтасига 1 марта темир ва фолат кислотаси таблетка ва сироплари профилактик дозада берилади. Бу темир танқислиги анемияни олдини олишнинг тезкор усули ҳисобланади.

2. Фортификация. Темир танқислиги анемияси ва фолат кислотасининг етишмовчилигини кенг аҳоли қатлами орасида олдини олиш мақсадида 1 нав ун темир, цинк, фолат кислотаси ва «В» гуруҳ витаминларлар билан бойитилмоқда. Темир ва витаминлар билан бойитилган ундан тайёрланган маҳсулотлар - мунтазам истеъмол қилиш темир танқислиги анемиясининг олдини олишнинг энг арзон ва осон усулидир. Фақат бойитилган ундан тайёрланган таом ва маҳсулотларни ҳар куни истеъмол қилиш катта одамлар ва ўсмирларнинг темирга бўлган эҳтиёжини қондиришга ёрдам беради. Буғдой унини бойитиш маҳсулоти қилиб олинишига сабаб, унни аҳолининг барча қатлами истеъмол қилади ва уни барча ҳарид қилади. Бойитиш уннинг рангини, мазасини ва ҳидини ўзгартирмайди. Уннинг сифати таом тайёрлаш давомида одатдагидай қолади.

3. Соғлом овқатланиш - темир танқислиги анемиясини олдини олишда овқатланишни тўғри ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга.

Темирга бой озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш зарур. Буларга гўшт ва гўшт маҳсулотлари, балиқ ва парранда гўшти қимматли оқсил ва осон сўриладиган темирнинг манбаи ҳисобланади. Ловия, нўхат, мош каби дуккаклилар темир ва оқсил сақловчи ўсимлик маҳсулотлари ҳисобланади. Бу маҳсулотлар гўшт ўрнини босувчи маҳсулотлардир деса муболаға бўлмайди. Агар гўшт ва балиқ бўлмаса, ловия, мош ва нўхат каби дуккаклилардан тайёрланган таомларни истеъмол қилиш зарур. Мева шарбатлари, сабзовот ва кўкатлар ҳамда улардан тайёрланган салатлар ёки қатиқ, кефир, айрон билан бирга истеъмол қилиш улардаги темирнинг сўрилишини кучайтиради. Чой, кофе ва какаодаги танин моддаси эса, аксинча темирнинг сўрилишини 40-100%гача камайтиради. Шунинг учун овқатланиш жараёнида чой ичмаслик керак, чой ўрнига мева шарбатлари ёки қайнатилган сув истеъмол қилиш зарур бўлади. Болаларда темир танқислиги анемиясини олдини олишнинг энг самарали усули кўкрак билан эмизиш амалиётига риоя этиш, ҳамда6 ойликдан кейин болани аста-секин, кўкрак сутидан ажратмаган ҳолда қўшимча овқатлантиришга ўргатишдир. Болани 24 ойлик бўлгунга қадар кўкракдан ажратиш мумкин эмас. Бола 3 ёшга етгунга қадар, чой берманг, таомига шакар ёки туз қўшманг.

Йод танкислик касалликларни профилактикаси

Бутун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, йод танқислиги натижасида юзага келадиган касалликлар, энг кўп учрайдиган касалликлар қаторига киради. Бизнинг мамлакатимизда йод танқислиги кузатилмайдиган ҳудудлар деярли қолмади. 60 фоизга яқин аҳоли йод танқислигидан азият чекмоқда, 70 фоизга яқин болалар ўзларида йод танқислигини ҳис этмоқдалар.

Йод - инсон саломатлиги учун сув ва ҳаводек зарур микроэлемент ҳисобланади. У қалқонсимон без томонидан ишлаб чиқариладиган гармонларнинг асосини ташкил этади. Бу гормонлар организмнинг ўсиши, ривожланиши ҳамда танадаги барча аъзоларнинг фаолиятлари учун муҳимдир.

Йод танада ҳосил бўлмайди. У асосан озиқ-овқат маҳсулотлари орқали қабул қилинади. Лекин бизнинг тупроқ ва сувимизда, унда етиштирилаётган мева-сабзавот, дон ва гўшт маҳсулотларида йод миқдори жуда кам бўлиб, инсоннинг кундалик эҳтиёжини қондира олмайди. Уни етарли миқдорда қабул қилинмаслиги оқибатида йод танқислиги ҳолатлари юзага келади. Йод танқислиги қайси ёшда кузатилган бўлса, ўша ёшдаги ўсиш ва ривожланиш жараёнига ўз таъсирини кўрсатади. Шунинг учун одамнинг ёши қанча кичик бўлса, йод танқислиги шунчалик катта хавф солади. Одам учун йоднинг учта манбаи мавжуд: ер, ҳаво ва сув. Табиатда йод жуда ҳам нотекис тарқалган.

Одамга йод жуда кам миқдорда зарур. Кунига атиги 100-200 мкг. (1мкг бу граммнинг миллиондан бир улуши). Бироқ бу ҳаёт фаолияти учун сув ва ҳаводек зарур элементдир. Бутун ҳаёт давомида одам атиги 3-5 грамм йод қабул қилади.

Болаларнинг соғлом ривожланиши ва катталарнинг фаолияти учун олимлар томонидан йоднинг истеъмол қилиш меъёри қуйидагича:

120 мкг- 7 ёшдан 12 ёшгача бўлган ўқувчилар учун;

150 мкг- 12 ёшдан катталар учун;

200 мкг- ҳомиладор ва эмизикли аёллар учун.

Ўсиш ва ривожланиш ҳисобига ҳомиладор аёл, бола ва ўсмирларда, йодга бўлган эҳтиёж бошқаларга нисбатан анча юқори бўлади. Айнан уларга йод танқислиги ҳолатлари кўпроқ кузатилиши ва турли хил асоратлар қолдириши билан хавфлидир.

Йод танқислиги касалликлари ҳамма учун маълум бўлган буқоқдан тортиб, жисмоний ва ақлий ривожланишлардан орқада қолиш ва репродуктив

саломатликнинг бузилишигача бўлган кенг қамровли касалликларни ўз ичига олади. Ҳомиладор аёлларда йод танқислиги ҳомиланинг тушишига, болани ўлик ҳамда ақлан заиф ва бошқа нуқсонлар билан туғилишига олиб келади. Йод танқислиги мавжуд оналардан туғилган болаларда ақлий ва жисмоний ривожланишдан орқада қолиш ҳолатлари, қалқонсимон безнинг туғма етишмовчиликлари ва кретенизм касаллиги кузатилиши мумкин.

Кретинизм – йоднинг жуда оғир даражадаги сурункали етишмовчилиги билан боғлиқ бўлган туғма касаллик бўлиб, у паканалик, ғилайлик, карлик каби жисмоний нуқсонлар ва ақлий етишмовчилик билан намоён бўлади. Йод тақислиги ёш болаларда руҳий ва жисмоний ривожланишдан орқада қолиш, ўсишнинг секинлашиши, турли касалликларга мойиллик, ҳаракатнинг бузилиши, атрофга нисбатан лоқайдлик, инжиқлик, жаҳлдорлик, йиғлоқилик, йиғлаганда паст ва дағал товуш чиқариш, кўкрак сўриш жараёнининг сустлиги, юрак ҳасталиги, тана суякларининг мўртланиш ҳолатлари билан намоён бўлади. Йод танқислиги кузатилаётган болаларда, руҳий ва жисмоний ривожланишнинг ортда қолиши, бўйнинг секин ўсиши, маълумотлар қабул қилишнинг қийинлашиши, хотира ва фикрлаш жараёнининг ёмонлашиши билан намоён бўлади. Бундай бола ва ўсмирларнинг умумий англаш фаолияти, дарсларни ўзлаштиришга бўлган қарашлари ва интилишлари сусаяди.

Шу тарзда йод танқислиги ўсмирларда касб эгаллаш лаёқатига кучли салбий таъсир кўрсатади. Йод танқислиги оқибатида жинсий ривожланиш ҳам сусаяди. Йод танқислигини ўз вақтида олди олинмаса, кейинчалик фарзандлик бўлишда муаммолар келтириб чиқариш мумкин. Жиддий асоратларга олиб келувчи йод танқислиги ҳолатларининг олдини олиш мумкин. Бунинг учун, мунтазам йодланган ош тузини истеъмол қилиш зарур. Туз – бу доимий ва оммавий истеъмол қилинадиган маҳсулотдир. Йодни тузга қўшганда тузнинг мазаси, ранги, ҳиди ўзгармайди. Тиббий олимларнинг хулосаларига кўра бир сутка давомида 5 гр (бир чой қошиқ) туз, (бунга тайёр маҳсулотлар, нон, колбаса ва бошқа маҳсулотлардаги туз миқдори ҳам кириб кетади) катта ёшдаги одам учун етарлидир. Йодланган ош тузи кўп ҳолларда 1кг целлофан пакетларга қадоқланган ҳолда сотилади. Ҳарид қилинаётганда унинг чиқарилиш ва сақланиш муддатига аҳамият бериш лозим. Йод учувчи хусусиятга эга. Йодланган ош тузини йоди учиб кетмаслиги учун уни усти ёпиқ идишларда, иссиқлик манбаларидан узоқроқ жойда жойлаш лозим.

Сил касаллиги

Сил юқумли касаллик бўлиб, уни кўзга кўринмайдиган майда бактериялар - сил таёқчалари юзага келтиради. Кўп холларда сил таёқчалари ўпкани зарарлайди. Баъзи ҳолларда мия ва мия қобиғи, суяклар, бўғинлар, буйраклар, жинсий аъзолар, кўз, ичак ва бошқа аъзолар сили ҳам учраши мумкин.

ЖССТининг берган маълумотларига қараганда ҳар сонияда 1 одам сил билан зарарланади, ҳар 4 сонияда бир одам сил билан касалланади, ҳар 10 сонияда 1 одам сил касаллигидан ҳаётдан кўз юмади.

Давлатимиз томонидан сил касаллиги ва унинг тарқалишини олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Сил касаллигини тарқалишини олдини олиш ва камайтириш, эпидемиология вазиятларини яхшилаш мақсадида Ўзбекистонда 2001 йилда «Аҳолини силдан ҳимоя қилиш буйича» қонуни қабул қилинган.

2003 йилда Давлатнинг 2003-2008 йилга мўлжалланган стратегик Дастури тасдиқланган. ЎзССВ томонидан «Республикада силга қарши тадбирларни такомиллаштириш» буйича №160 сонли буйруғи чиқарилган.

Ҳозирги кунда фтизиатрия муасасалари жойлардаги бирламчи тиббий муассасалар билан ҳамкорликда фаолият олиб боради. Ҳар бир поликлиникада махсус хоналар ажратилган. Поликлиникага мурожаат этаётганларда сил касаллигига гумон бўлса, керакли анализларни топшириш имконияти бор - балғам сил таёкчаларига текшириш учун топширилади.

Агар ташҳис тасдиқланса, бемор туман силга қарши кураш диспансерига юборилади. У ерда бемор текширилиб, зарур даволаниш чоралари аниқланади. Бемор ихтисослаштирилган шифохонада 2-4 ой давомида даволанади. Кейин эса яшаш жойига қарашли поликлиникаларнинг ДОТС хоналарида тиббий ходим назоратида дори олиш ва ичишни давом эттиради.

Ер шарида 6,5 млрд. аҳоли яшаса, шундан 2 млрди, яъни 3 дан 1 қисми сил таёкчалари - Кох бацилласи билан зарарланган бўлиши мумкин.

Сил таёкчаси билан зарарланганларнинг барчасида ҳам касаллик ривожланавермайди. Зарарланганларнинг ҳар 10 тасидан 1 тасида касалликнинг фаол тури ривожланиши мумкин. Иммунитети пасайган одамларда касалликнинг ривожланиш хавфи юзага келади.

Қуйидаги ҳолатлар:

- ОИВ \ОИТСни юқтириш;

- Гиёҳвандлик;

- Кашандалик;

- Спиртли ичимликларга ружу қўйиш;

- Қандли диабет

- Чарчаш ва очлик инсоннинг касалликка қарши курашувчанлиги ҳусусиятларини сусайтиради ҳамда сил касаллигини ривожланишига замин яратади.

Айниқса Одам иммунитет танқислиги вируси (ОИВ), одам организмининг ҳимоя воситаси ҳисобланадиган иммунитет тизимини чуқур жароҳатлайди. Қонда касаллик қўзғатувчи микробларга қарши курашувчи ҳужайра - лимфоцитлар мавжуд. Одам Иммунитет танқислиги вируси айнан шу хужайраларни емиради. Натижада одамни турли хил юқумли ва юқумли бўлмаган касалликларга, жумладан сил касаллигига мойиллигини оширади. ОИВ\ОИТСга чалинганларда сил касаллигининг юзага келиш ва ривожланиш эҳтимоли юқори бўлади.

Касаллик қандай юқади?

Сил таёқчалари кўп ҳолларда организмга нафас йўли орқали ўтади ва ўпка тўқималарида ривожланади ва кўпаяди. Ўпка тўқимасида бўшлиқ (каверна)лар ҳосил бўлади. Бу бўшлиқларда миллионлаб сил микроблари бўлади. Микроблар бемор йўталганда, аксирганда, қаттиқ гаплашганда, тупурганда балғам зарралари билан атрофга отилиб чиқади ва сачрайди. Бу кўзга кўринмас балғам зарраларида минглаб сил таёқчалари бўлади. Сил бактериялари ҳавода бир неча соатгача сақланиши мумкин, айниқса хона ҳавосида узоқ вақт сақланиб қолади. Ўпка сили билан касалланган бемор хонада узоқ вақт қолса, ҳавода бактерияларнинг сони кўпайиб, бошқа кишиларнинг нафас йўлларига ўтади. Бу силни юқтиришнинг асосий йўли бўлиб, ҳаво-томчи усули деб юритилади. Бемор дуч келган жойга балғам ташласа, вақт ўтиб қуриб, сил таёқчалари ҳавога чанг билан кўтарилади ва нафас йўллари орқали соғлом кишиларга ўтади. Демак ҳеч ким сил таёқчаларнинг юқишидан ҳимояланган эмас, чунки ҳаво ҳамма учун умумийдир.

Сил маккор касаллик. Силнинг маккорлиги шундаки, у кўп ҳолларда грипп ёки нафас йўлларининг шамоллаши ниқоби остида кечади. Нафас йўлларини шамоллашида ишлатиладиган дорилар эса сил таёқчаларини ўлдиролмайди. Оқибатда одам касалликни ўтказиб юборади. Агар бемор вақтида даволанмаса, йўтал кучайиб, балғам ажаралиб чиқади, баъзан қон тупуради.

Касалликнинг дастлабки белгилари: йўтал 2 ҳавфтадан ортиқ давом этиши, ҳарорат кўтарилиши, дармон қуриши, тез чарчаш, озиб кетиш, иштаҳа бўлмаслиги ва кўкрак кафасда оғриқ пайдо бўлиши

Бу ҳолатларда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш зарур.

Шифокорга қанчалик эрта мурожаат қилинса, даволаниш шунчалик самарали бўлади. Сил билан оғриётган беморлар тавсия этилган дориларни ўз вақтида қабул қилишлари ҳамда даволаш курсларини тўхтатмасликлари лозим.

Эсингизда тутинг! Сил узоқ давом этадиган касаллик. Уни даволаш 6-8 ой муддатни талаб этади. Бу муддат давомида шифокор тавсия этган дориларни қабул қилишда танаффусга мутлақо йўл қўймаслик керак. Агар бемор даволаниш давомида ўзини яхши ҳис этиб, дорилар ичишни тўхтатиб қўйса ёки вақтида ичмаса, сил таёқчалари дориларга нисбатан чидамлийликни шакллантиради, оқибатда сил таёқчасининг бу дорига чидамли бўлган бошқа кучлироқ турлари пайдо бўлади. Силнинг бу турларига қарши курашиш анча қийин кечади, даволаниш узоққа чўзилади. Агар бемор даволанмаса, касаллик ўлимга олиб келади.

Эсингизда тутинг! Даволаниш давомида сил касаллигини юқимлилиги камайиб боради.

Эсингизда тутинг! Сил ирсий касаллик эмас, у наслдан наслга ўтмайди. Фақат бемор оила аъзолари билан яқин мулоқатда бўлганлиги сабабли, уларга касалликни юқтириши ва касаллик оилавий тус олиши мумкин.

Сил касаллигини аниқлаш ва даволаш хизматлари бепул кўрсатилади.

Ҳозирги вақтда силга қарши эмлаш (БЦЖ) туғруқхонада, чақалоқ ҳаётининг биринчи кунларида ўтказилади. Эмлашнинг таъсири 5-7 йилдан кейин камаяди. Шу муносабат билан қайта эмлашлар ўтказилади.

Сил юқмаслиги учун нима қилиш зарур?

Ҳар йили бир марта шифокор назоратидан ўтиб туринг.

Шахсий гигиенага риоя қилинг:

- Хоналарни тез-тез шамоллатиб туринг. Қишда форточкани ҳар куни 1-2 соатдан 3 маҳал очиқ ҳолда сақланг, илиқ ва иссиқ кунларда эса деразани кун бўйи очиб қўйинг.

- Хоналарга қуёш нури тушиб туришини таъминланг. Сил таёқчалари зах ва қоронғи жойларда узоқ вақт сақланиб қолади.

- Хоналар, жиҳозларнинг чангини нам ёки ҳўл латта билан артиш лозим.

- Ўрин-кўрпа ёстиқ каби ювилиши қийин бўлган буюмларни офтобга ёйиб туринг.

- Дуч келган жойга тупурманг. Эсингизда бўлсин, сил микроблари тупроқда, оқар сувда бир неча ойгача яшаш хусусиятини сақлаб қолади.

- Кашандалик, ичкиликбозлик ва гиёҳвандлик каби иллатларни шаклланишига йўл қўйманг.

- ОИТСдан сақланинг.

УНУТМАНГ! СИЛ КАСАЛЛИГИ БЕДАВО ЭМАС. ЎЗ ВАҚТИДА ТЎҒРИ ДАВОЛАНСА, БУ КАСАЛЛИКДАН БУТУНЛАЙ СОҒАЙИШ МУМКИН.

МУНДАРИЖА

Репродуктив саломатлик нима?

Соғлом онадан – соғлом бола

Соғлом никохлар учун қандай талаблар қўйилади? 

Ўсмирлар репродуктив саломатлиги

Ҳомиладорлик даври

Она сути мохияти

Шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш саломатлигингиз гаровидир

Исталмаган ҳомиладорликдан сакланиш усуллари (контрацепция усуллари)

ОИВ инфекцияси ва келажак авлод

Темир танқислиги анемияси ва уни олдини олиш

Йод танкислик касалликларни профилактикаси

Сил касаллиги


Тип документа:  Руководство
Сохранить в формате pdf |