О министерстве Документы Учреждения Новости Мероприятия Проекты ИКТ Оnline услуги

Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 3 июлдаги N 657-XII-сонли “Давлат санитария назорати тўғрисида”ги қонуни Главная

03 июля 1992

Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 3 июлдаги N 657-XII-сонли “Давлат санитария назорати тўғрисида”ги қонуни

ДАВЛАТ САНИТАРИЯ НАЗОРАТИ

ТЎҒРИСИДА

Мазкур Қонунга қуйидагиларга мувофиқ ўзгартиришлар киритилган

ЎзР 06.05.1995 й. 70-I-сон Қонуни,

ЎзР 15.04.1999 й. 772-I-сон Қонуни,

ЎзР 31.08.2000 й. 125-II-сон Қонуни,

ЎзР 10.10.2006 й. ЎРҚ-59-сон Қонуни,

ЎзР 06.09.2010 й. ЎРҚ-253-сон Қонуни

Муқаддима

I бўлим. Умумий қоидалар

II бўлим. Одамнинг қулай атроф муҳит шароитларига

эга бўлиш ҳуқуқи ва уни таъминлаш

III бўлим. Санитария-эпидемия масалаларида аҳолининг

хотиржамлигини, радиация хавфсизлигини таъминлаш

талаблари ва уларни бажариш мажбуриятлари

IV бўлим. Давлат санитария назорати ва текшируви

V бўлим. Санитария қонунларини бузганлик учун жавобгарлик

VI бўлим. Халқаро шартномалар

Ушбу Қонун санитария-эпидемия масалаларида аҳолининг хотиржамлигини ва радиация хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солади, одамнинг қулай атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини ҳамда у билан боғлиқ бошқа ҳуқуқларини ва уларни амалга ошириш кафолатларини мустаҳкамлайди.

Давлат санитария назорати бу санитария қонунларини бузилишини олдини олиш, аниқлаш ва уларга чек қўйишга қаратилган санитария-эпидемиология хизматининг фаолиятидир.

I БЎЛИМ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ўзбекистон Республикасининг давлат санитария

назорати тўғрисидаги қонунлари

2-модда. Санитария-эпидемия масалаларида аҳолининг

хотиржамлигини таъминлашнинг асосий принциплари

3-модда. Санитария нормалари, қоидалари ва

гигиена нормативлари

1-модда. Ўзбекистон Республикасининг

давлат санитария назорати тўғрисидаги қонунлари

Ўзбекистон Республикасининг санитария назорати тўғрисидаги қонунлари ушбу Қонундан ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви идораларининг ўз ваколат доирасида чиқарадиган бошқа ҳуқуқий ҳужжатлардан иборатдир.

2-модда. Санитария-эпидемия масалаларида аҳолининг

хотиржамлигини таъминлашнинг асосий принциплари

Санитария-эпидемия масалаларида аҳолининг хотиржамлигини таъминлашнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

атроф муҳитни соғломлаштириш, овқатланишни, меҳнат, турмуш, дам олиш, таълим-тарбия бериш шароитларини яхшилашга қаратилган қонунчилик, санитария ҳолатини яхшилаш ва эпидемияга қарши ташкилий тадбирлар мажмуини амалга ошириш асосида одамнинг саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш ҳуқуқларини кафолатлаш;

халқ хўжалик объектлари, технология ускуналарини ва асбобларини, транспорт воситаларини ривожлантириш, жойлаштириш, лойиҳалаш, қуриш ва ишга тушириш чоғида атроф муҳит омиллари аҳоли саломатлигига зарарли таъсир кўрсатишининг олдини олишга қаратилган фаолиятининг устуворлигини таъминлаш;

аҳолининг санитария маданияти даражасини ошириш;

санитария ҳолатини яхшилаш ва эпидемияга қарши тадбирларни

ишлаб чиқиш ва ижтимоий фаолиятнинг мажбурий қисми сифатида амалга ошириш;

мулкчиликнинг шаклидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалар ва алоҳида шахсларнинг санитария нормаларига, гигиена нормативларига риоя қилмаслик ҳамда санитарияга доир ва эпидемияга қарши тадбирларни амалга оширмаслик натижасида аҳолининг саломатлигига ва атроф муҳитга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш;

санитария нормалари, қоидаларига риоя этилиши ва санитария-гигиена тадбирлари амалга оширилиши устидан давлат санитария назоратини амалга ошириш.

3-модда. Санитария нормалари, қоидалари ва

гигиена нормативлари

Санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативлари илмий тадқиқот ва бошқа муассасалар томонидан ишлаб чиқилади, Ўзбекистон Республикасининг Бош давлат санитария врачи томонидан тасдиқланади ва шундан сўнг уч ой муддат ичида матбуотда босиб чиқарилиши керак.

II БЎЛИМ. ОДАМНИНГ ҚУЛАЙ АТРОФ МУҲИТ

ШАРОИТЛАРИГА ЭГА БЎЛИШ ҲУҚУҚИ ВА УНИ

ТАЪМИНЛАШ КАФОЛАТЛАРИ

4-модда. Одамнинг қулай атроф муҳит

шароитларига эга бўлиш ҳуқуқи

5-модда. Аҳоли саломатлиги ва атроф

муҳитнинг аҳволи ҳақида ахборот олиш ҳуқуқи

6-модда. Одамнинг саломатлигига етказилган

зарарнинг ўрнини тўлатиш ҳуқуқи

4-модда. Одамнинг қулай атроф муҳит

шароитларига эга бўлиш ҳуқуқи

Ҳар бир одам қулай атроф муҳит шароитларига эга бўлишга ҳақли.

5-модда. Аҳоли саломатлиги ва атроф муҳитнинг

аҳволи ҳақида ахборот олиш ҳуқуқи

Ҳар бир киши касалликлар, эпидемия ва радиация вазияти, атроф муҳитнинг ҳолати ҳамда уларнинг одамлар саломатлигига таъсири ҳақида, шунингдек гигиена соҳасидаги ва махсус ўтказилган бошқа экспертизалар ҳақида ҳаққоний маълумот олиш ҳуқуқига эга.

6-модда. Одамнинг саломатлигига етказилган

зарарнинг ўрнини тўлатиш ҳуқуқи

Ҳар бир одам атроф муҳитнинг зарарли кимёвий, физикавий, биологик ва бошқа омиллари, шунингдек сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотлари, халқ истеъмоли моллари ва бошқа саноат буюмлари таъсирида ўзига етказилган зарарнинг ўрнини тўлатиб олишга ҳақлидир.

III БЎЛИМ. САНИТАРИЯ-ЭПИДЕМИЯ МАСАЛАЛАРИДА

АҲОЛИНИНГ ХОТИРЖАМЛИГИНИ, РАДИАЦИЯ

ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ ТАЛАБЛАРИ

ВА УЛАРНИ БАЖАРИШ МАЖБУРИЯТЛАРИ

7-модда. Давлат идоралари, корхоналар, муассасалар,

ташкилотлар, бирлашмалар ва алоҳида шахсларнинг

санитария-эпидемия масалаларида аҳолининг

хотиржамлигини таъминлашга доир мажбуриятлари

8-модда. Норматив-техника ҳужжатларини ишлаб

чиқувчиларнинг мажбуриятлари

9-модда. Объектларни лойиҳалаш, қуриш ва фойдаланишга

топшириш чоғида санитария талабларига

риоя этишнинг шартлиги

10-модда. Майдонлар, иншоотлар, биноларни

сақлаб туриш, ускуналар ва транспорт воситаларидан

фойдаланишга қўйиладиган талаблар

11-модда. Кимёвий моддалар, биология воситалари ва

материалларини қўлланишга, зарарсизлантиришга,

қайта ишлашга, кўмиб ташлашга қўйиладиган талаблар

12-модда. Радиация хавфсизлигини таъминлаш

соҳасидаги талаблар

13-модда. Турар жой биноларига одам қўйиш ва

уларда яшаш тартиби

14-модда. Озиқ-овқат маҳсулотларига, уларни

ишлаб чиқаришга, ташишга, сақлаш ва сотишга

қўйиладиган санитария талаблари

15-модда. Хўжалик-ичимлик суви таъминотига

қўйиладиган санитария талаблари

16-модда. Чет эллардан сотиб олинадиган маҳсулотни

етказиб бериш ва сотишга қўйиладиган талаблар

17-модда. Таълим шароитларини тартибга солиб турувчи

санитария нормалари ва қоидаларига риоя этиш талаблари

18-модда. Тиббий кўрикдан ўтишнинг мажбурийлиги

19-модда. Касалликлар келиб чиқиши ва тарқалишининг

олдини олиш соҳасидаги мажбуриятлар

20-модда. Махсус экспертизаларни ўтказиш соҳасидаги талаблар

7-модда. Давлат идоралари, корхоналар, муассасалар,

ташкилотлар, бирлашмалар ва алоҳида шахсларнинг

санитария-эпидемия масалаларида аҳолининг

хотиржамлигини таъминлашга доир мажбуриятлари

Давлат идоралари, мулкчиликнинг шаклларидан қатъи назар корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалар ва алоҳида шахслар:

белгиланган тартибда тасдиқланган санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига риоя этишлари;

давлат санитария назоратини амалга ошираётган идоралар, муассасалар, мансабдор шахсларга рўй берган авариялар, санитария- эпидемия, радиация вазияти тўғрисида ҳаққоний ва тўла-тўкис ахборот беришлари шарт.

8-модда. Норматив-техника ҳужжатларини

ишлаб чиқувчиларнинг мажбуриятлари

Норматив-техника ҳужжатларини ишлаб чиқаётган давлат идоралари, мулкчиликнинг шаклларидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалар ва алоҳида шахслар аҳолининг саломатлигини сақлашни ва санитария-эпидемия масалаларида хотиржамлигини таъминлашга қаратилган санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига риоя қилишлари шарт.

Қайд этилган идоралар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалар ва алоҳида шахслар янги кимёвий ва биологик моддаларни, ион ҳосил қилувчи нурланиш манбаларини ҳамда мана шу манбаларга эга бўлган асбобларини, атир-упа ва пардоз маҳсулотларини, материаллар, технология жараёнлари, ускуналар ва бошқа халқ истеъмоли молларини жорий этишдан олдин аҳолининг санитария-эпидемия хавфсизлигини таъминлашга доир нормативлар бўйича илмий асосланган таклифларни, уларга риоя этилиши устидан назорат қилиш усулларини, зарарли маҳсулот ва чиқитларни зарарсизлантириш йўлларини ишлаб чиқишлари ҳамда тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикасининг Бош давлат санитария врачига тақдим этишлари шарт.

9-модда. Объектларни лойиҳалаш, қуриш ва фойдаланишга

топшириш чоғида санитария талабларига

риоя этишнинг шартлиги

Мулкчиликнинг шаклларидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг, бирлашмаларнинг раҳбарлари ва алоҳида шахслар объектларни лойиҳалаш, қуриш, қайта қуриш, янгилаш чоғида, корхоналарни техника билан қайта қуроллантириш ва уларни фойдаланишга топшириш чоғида санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига амал қилишлари шарт.

10-модда. Майдонлар, иншоотлар, биноларни сақлаб туриш,

ускуналар ва транспорт воситаларидан фойдаланишга

қўйиладиган талаблар

Мулкчиликнинг шаклларидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалар ва алоҳида шахслар технология ва бошқа ускуналардан фойдаланилишини, майдон, иншоотлар, ишлаб чиқариш бинолари ва санитария-маиший бинолар, иш жойлари, турар жой бинолари, болалар ва даволаш-профилактика муассасалари, ўқув юртлари, маданият, спорт ва бошқа муассасалар бинолари, шунингдек транспорт воситалари санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига мувофиқ сақлаб турилишини таъминлашлари шарт.

11-модда. Кимёвий моддалар, биология воситалари ва

материалларини қўлланишга, зарарсизлантиришга, қайта

ишлашга, кўмиб ташлашга қўйиладиган талаблар

Мулкчиликнинг шаклларидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалар ва алоҳида шахслар кимёвий моддаларни, биология воситалари ва материалларини сақлаш, қўлланиш, зарарсизлантириш, қайта ишлаш ва кўмиб ташлаш чоғида санитария-эпидемия масалаларида аҳолининг хотиржамлигини таъминлайдиган санитария нормалари, қоидалари ҳамда гигиена нормативларига риоя қилишлари шарт.

Янги кимёвий моддалар, биология воситалари ва материаллари, минерал ўғитлар, ўсимлик ва ҳайвонларнинг ўсишини тезлаштирадиган дори-дармонлар, ўсимликларни ҳимоя қилишнинг кимёвий ва биологик воситалари, полимер ва пластик массалар, атир-упа ва пардоз маҳсулотларини, бошқа кимёвий ва биологик воситаларни қўлланишга улар заҳарлилиги ва гигиенаси жиҳатидан баҳоланганидан, гигиена нормативлари белгиланганидан кейингина Ўзбекистон Республикасининг Бош давлат санитария врачининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рухсатномасига кўра йўл қўйилади.

12-модда. Радиация хавфсизлигини таъминлаш

соҳасидаги талаблар

Давлат бошқаруви идоралари, мулкчиликнинг шаклларидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалар, меҳнат жамоалари ва айрим шахслар радиоактив моддалар ва бошқа ион ҳосил қилувчи нурланиш манбалари билан ишлаганда радиация хавфсизлиги нормалари ва санитария қоидаларига, шунингдек радиоактив моддалар ва бошқа ион ҳосил қилувчи нурланиш манбаларини қазиб олиш, тайёрлаш, улардан фойдаланиш, уларни ташиш, сақлаш, қайта ишлаш ва кўмиб ташлаш чоғида стандартларга, техника шартларига ва бошқа норматив ҳужжатларнинг талабларига риоя қилишлари шарт.

13-модда. Турар жой биноларига одам қўйиш ва

уларда яшаш тартиби

Яшаш учун турар жой биноларини берадиган вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий ҳокимият ва бошқарув идоралари, бошқа мулкдорлар ана шу биноларга одам қўйиш чоғида амалдаги санитария нормаларини бажаришлари шарт.

Амалдаги гигиена нормативларига жавоб бермайдиган турар жой биноларига одам яшашига йўл қўйилмайди, уйларда яшовчилар турар жой биноларини сақлаш ва улардан фойдаланишнинг маҳаллий ҳокимият ва бошқарув идоралари томонидан тасдиқлаган қоидаларини бажаришлари шарт.

14-модда. Озиқ-овқат маҳсулотларига, уларни ишлаб чиқаришга,

ташишга, сақлаш ва сотишга қўйиладиган санитария талаблари

Мулкчилик шаклларидан қатъи назар, озиқ-овқат маҳсулотлари ва озиқ-овқат хом ашёси ишлаб чиқариш, уларни сақлаш, ташиш, сотиш билан шуғулланувчи корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалар ва алоҳида шахслар тиббиёт-биология талабларига, санитария нормаларига ва гигиена нормативларига риоя этишлари шарт.

Янги озуқа қўшимчаларини, махсус қўшиладиган биологик актив моддаларни, озиқ-овқат хом ашёси ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг янги технологияларини, шунингдек озиқ-овқат хом ашёси ва озиқ-овқат маҳсулотлари бевосита солиб қўйиладиган идишларнинг янги турларини қўлланишга улар заҳарлилиги ва гигиенаси жиҳатидан баҳоланганидан кейингина ва Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачининг рухсати билан йўл қўйилади.

15-модда. Хўжалик-ичимлик суви таъминотига

қўйиладиган санитария талаблари

Давлат идоралари, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалар хўжалик-ичимлик суви таъминотининг марказлаштирилган тизимлари етказиб берадиган сувнинг сифати гигиена талабларига ва давлат стандартларига мос бўлишини таъминлашлари шарт.

Марказлаштирилган тартибда хўжалик-ичимлик суви етказиб берадиган сув қувурлари ва уларнинг манбалари учун махсус тартиблар ўрнатилган санитария муҳофазаси майдони белгилаб қўйилади.

Сув қувурларининг, улар сув оладиган манбаларнинг санитария муҳофазаси майдонлари, уларнинг санитария тартиботи маҳаллий ҳокимият ва бошқарув идоралари томонидан тасдиқланади.

Давлат идоралари, мулкчиликнинг шаклларидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалар ва алоҳида шахслар рўзғорда ва маиший мақсадларда ишлатиладиган ҳавзалардаги сувнинг, шу жумладан марказлаштирилмаган тартибда таъминланадиган сувнинг сифати амалдаги санитария нормалари ва қоидаларига мос бўлишини таъминлашлари шарт.

16-модда. Чет эллардан сотиб олинадиган маҳсулотни

етказиб бериш ва сотишга қўйиладиган талаблар

Давлат идоралари, мулкчиликнинг шаклларидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалар ва алоҳида шахслар чет эллардан сотиб олинадиган технологиялар, материаллар, хом ашё ва маҳсулотларни етказиб бериш, сотиш ва улардан фойдаланишда Ўзбекистон Республикасининг Бош давлат санитария врачи томонидан тасдиқланган санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига риоя қилишлари шарт.

17-модда. Таълим шароитларини тартибга солиб

турувчи санитария нормалари ва қоидаларига

риоя этиш талаблари

Мулкчиликнинг шаклларидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалар, шунингдек якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи шахслар таълим муассасаларида ва корхоналарда санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига риоя этилишини таъминлашлари шарт.

18-модда. Тиббий кўрикдан ўтишнинг мажбурийлиги

Юқумли ва паразитар касалликлар келиб чиқиши ва тарқалишига йўл қўймаслик, касб касалликлари, заҳарланишлар ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида, мулкчиликнинг шаклларидан қатъи назар, корхоналар, муассаса, ташкилот ва бирлашмаларнинг ходимлари дастлабки ҳамда даврий тиббий кўрикдан ўтадилар. Тиббий кўрикларни ўтказиш тартиби Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари Федерациясининг Кенгаши билан келишган ҳолда белгиланади.

19-модда. Касалликлар келиб чиқиши ва тарқалишининг

олдини олиш соҳасидаги мажбуриятлар

Мулкчиликнинг шаклларидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмаларнинг раҳбарлари ва алоҳида шахслар юқумли, паразитар ва бошқа оммавий касалликлар, шу жумладан радиация омили билан боғлиқ бўлган касалликларнинг олдини олишга қаратилган тадбирларнинг, шунингдек улар келиб чиққан тақдирда бу касалликларни йўқотиш чораларини ўз вақтида амалга оширилишини таъминлашлари шарт.

Юқумли, паразитар, бошқа оммавий касалликлар келиб чиқиш ва тарқалиш хавфи туғилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий ҳокимият ва бошқарув идоралари бош давлат санитария врачларининг тақдимига мувофиқ белгиланган тартибда тегишли ҳудудларда ишлаш, ўқиш, ҳаракатланиш ва одам ва юк ташишнинг алоҳида шартлари ва тартибини жорий қилишлари мумкин.

Юқумли ва паразитар касалликлар ўчоқларида карантин-ташкилий ва профилактика тадбирларни ўтказиш, касалликка чалинган беморларни касалхоналарга ётқизиш тартиби ва муддатларини тегишли ҳудудлардаги ҳокимият ва бошқарувнинг маҳаллий идоралари ҳамда бош давлат санитария врачлари белгилайдилар.

20-модда. Махсус экспертизаларни ўтказиш

соҳасидаги талаблар

Аҳоли ва алоҳида шахслар саломатлиги ва касалланиш ҳолатини махсус экспертиза қилишнинг санитария-гигиена, санитария-экология, тиббий, биологик, техникавий, социологик ва бошқа турлари, шунингдек лойиҳа, техника ҳужжатларини ва бошқа ҳужжатларни, ускуналарни, асбобларни ва аппаратларни, кимёвий моддаларни, турли бирикмаларни, материалларни ва муҳитларни, озиқ-овқат хом ашёсини ва маҳсулотларини, саноат буюмларини, радиоактив материалларни, радиация техникасини экспертиза қилиш санитария назоратини амалга оширувчи органлар ва муассасалар, шунингдек илмий-тадқиқот муассасалари, олий ўқув юртлари, бошқа муассаса ва ташкилотлар томонидан буюртмачининг маблағлари ҳисобига Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачининг қарорига биноан ўтказилади.

Махсус экспертизаларни ўтказиш тартиби, буюртмачиларнинг, эксперт муассасалари ва экспертларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек белгиланган қоидаларни бузганлик учун жавобгарлик қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилади.

IV БЎЛИМ. ДАВЛАТ САНИТАРИЯ

НАЗОРАТИ ВА ТЕКШИРУВИ

21-модда. Санитария назорати ва текширувини

амалга оширувчи идоралар ва муассасалар

22-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида

давлат санитария назоратини амалга оширувчи

мансабдор шахслар

23-модда. Давлат санитария назоратини амалга

оширувчи мансабдор шахслар фаолиятининг

асосий кафолатлари

24-модда. Давлат санитария назоратини амалга

ошириш соҳасидаги фаолиятга аралашишга йўл

қўйиб бўлмаслиги

25-модда. Ўзбекистон Республикаси Бош давлат

санитария врачининг ваколатлари

26-модда. Вилоят ва Тошкент шаҳри бош давлат

санитария врачларининг ваколатлари

27-модда. Давлат санитария назоратини амалга

оширувчи мансабдор шахсларнинг ҳуқуқлари

28-модда. Бош давлат санитария врачлари ва

ўринбосарларининг қарорлари устидан шикоят қилиш

21-модда. Санитария назорати ва текширувини

амалга оширувчи идоралар ва муассасалар

Ўзбекистон Республикасининг давлат санитария-эпидемиология хизмати қайси идорага бўйсунишидан ва мулкчиликнинг шаклларидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган давлат идоралари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалар санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига риоя этишлари устидан давлат санитария назоратини амалга оширади.

Санитария-эпидемиология станцияси ушбу Қонунга ҳамда улар тўғрисидаги Низомга мувофиқ иш кўрувчи тиббий профилактик муассаса ҳисобланиб, санитарияга доир ва эпидемияга қарши кураш чора-тадбирларининг мажмуини уюштирилишини ва ўтказилишини таъминлайди ҳамда давлат санитария назоратини амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа, Ички ишлар вазирликларининг, Миллий хавфсизлик хизматининг ва Ўрта Осиё темир йўлининг ишлатилаётган ва қурилаётган объектларида идоравий санитария назоратини тегишли вазирликлар ва идораларнинг санитария-эпидемиология станциялари амалга оширадилар.

Санитария милицияси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқлаган Низомга мувофиқ санитария текширувини амалга оширади.

Давлат санитария-эпидемиология хизмати идоралари, муассасалари ва мансабдор шахслари қайси идорага бўйсунишидан қатъи назар, санитария-эпидемиология хизмати фаолиятига йўл-йўриқ кўрсатиб раҳбарлик қиладилар, уни уйғунлаштириб ва текшириб борадилар.

22-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлат санитария

назоратини амалга оширувчи мансабдор шахслар

Давлат санитария назоратини ташкил этиш ва амалга ошириш вазифаси Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи ва унинг ўринбосарлари, вилоятлар, шаҳарлар, ноҳиялар бош давлат санитария врачлари ва уларнинг ўринбосарлари зиммасига юклатилади.

23-модда. Давлат санитария назоратини амалга оширувчи

мансабдор шахслар фаолиятининг асосий кафолатлари

Ўзбекистон Республикаси Давлат санитария-эпидемиология хизматининг давлат санитария назоратини амалга оширувчи бош давлат санитария врачлари, бошқа мансабдор шахслари ва мутахассислари ҳокимият вакили ҳисобланадилар ва давлат ҳимоясида бўладилар.

24-модда. Давлат санитария назоратини амалга ошириш

соҳасидаги фаолиятга аралашишга йўл қўйиб бўлмаслиги

Бошқа ташкилотларнинг давлат санитария назорати идораларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш мақсадида уларнинг ишига аралашиши, давлат санитария назоратини амалга ошираётган мансабдор шахсларга бирон-бир йўл билан таъсир кўрсатиши тақиқланади ва Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

25-модда. Ўзбекистон Республикаси Бош давлат

санитария врачининг ваколатлари

Ўзбекистон Республикасининг Бош давлат санитария врачи:

давлат санитария эпидемиология хизмати идоралари ва муассасаларига раҳбарлик қилади, давлат санитария назоратини амалга оширишнинг асосий вазифаларини ва устувор йўналишларини белгилайди;

санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларини тасдиқлайди;

атроф-муҳит омилларининг инсон организмига таъсирини аниқлашга доир республика норматив-техника ҳужжатларини ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва нашр этади;

авария вазиятларини йўқотиш чоғида санитария ҳолатини яхшилаш ва эпидемияга қарши тадбирларни амалга ошириш юзасидан муваққат санитария нормалари ва қоидаларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

вилоятлар ва Тошкент шаҳри, бош давлат санитария врачларини тайинлайди;

санитария-эпидемиология хизмати муассасаси раҳбарларининг хатти-ҳаракатлари устидан тушган шикоятларни кўриб чиқади;

одамларнинг ҳаёти ва саломатлиги учун хавфли бўлган яшаш ва хўжалик фаолиятини юритиш тақиқланадиган ҳудудларни белгилайди;

ҳудудларни карантин инфекциялари олиб кириш ва тарқатишдан санитария муҳофазаси тадбирларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

санитария ҳолатини яхшилаш ва эпидемияга қарши тадбирларни амалга ошириш учун ажратиладиган республика ва маҳаллий эпидемияга қарши жамғармалардан ва моддий-техникавий ресурслардан мақсадга мувофиқ фойдаланаётганини назорат қилади.

Ўзбекистон Республикасининг Бош давлат санитария врачи Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади.

26-модда. Вилоят ва Тошкент шаҳри бош давлат

санитария врачларининг ваколатлари

Вилоят ва Тошкент шаҳрининг бош давлат санитария врачлари:

ўз бўйсунувидаги санитария-эпидемиология хизмати идоралари ва муассасаларига раҳбарлик қиладилар;

халқ хўжалиги объектларини қуриш ва қайта қуриш лойиҳалари юзасидан хулосалар берадилар;

санитария эпидемия жиҳатидан хотиржамлик масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент фармонлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари маҳаллий ҳокимият ва бошқарув идораларининг қарорлари асосида ва уларни бажариш юзасидан ҳужжатлар чиқарадилар;

одамларнинг ҳаёти ва саломатлигига хавфли бўлган, аҳолининг яшаши ва хўжалик фаолиятини юритиш тақиқланадиган ҳудудларни белгилайдилар;

вилоят ва шаҳар ҳудудларига карантин инфекциялари олиб кириш ва тарқатишдан санитария муҳофазаси тадбирларини амалга оширадилар;

авария вазиятларини йўқотиш чоғида санитария ҳолатини яхшилаш ва эпидемияга қарши тадбирларни ўтказадилар;

Ўзбекистон Республикасининг Бош санитария врачи билан келишган ҳолда шаҳарлар ва ноҳияларнинг бош давлат санитария врачларини тайинлайдилар.

27-модда. Давлат санитария назоратини амалга

оширувчи мансабдор шахсларнинг ҳуқуқлари

Давлат санитария назоратини амалга ошираётган мансабдор шахсларга уларнинг ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

а) давлат бошқаруви идораларида, мулкчиликнинг шаклларидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалардан, шунингдек алоҳида шахслардан йўл қўйилган санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативлари бузилишига барҳам беришни талаб қилиш;

б) халқ хўжалиги объектларини қуриш ва уларни қайта қуриш лойиҳаларида санитария нормаларига, қоидаларига ва гигиена нормативларига риоя этилишини назорат қилиш;

в) мулкчиликнинг шаклларидан қатъи назар вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмаларга ва алоҳида шахсларга белгиланган тартибда:

аҳоли пунктларини режалаштириш ва қуриш лойиҳалари, халқ хўжалиги объектларини жойлаштиришнинг истиқбол режалари бўйича, шунингдек корхоналар, бинолар ва иншоотларни қуриш, қайта қуриш лойиҳалари бўйича хулосалар бериш;

қурилиш учун ер участкалари бериш, рўзғорда ва маиший мақсадларда сувдан фойдаланадиган жойларни ва оқова сувлар тозаланганидан кейин уларни тушириб юбориш шартларини аниқлаш, заҳарли, кимёвий, радиоактив ва бошқа моддаларни қайта ишлаш ва кўмиб ташлаш масалалари бўйича хулосалар бериш;

г) турар жой бинолари ҳамда маданий-маиший бинолар, саноат, қишлоқ хўжалик ва бошқа корхоналар, шунингдек иншоотларнинг амалдаги санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига мувофиқлиги ҳақида хулосалар бериш;

д) болалар муассасаларида тарбияланаётган ҳамда ўқув юртларида таълим олаётган болаларнинг ўқув-меҳнат соатлари ва тахминий машғулот тартиби ҳақида тақдим этишган таклифлар юзасидан хулосалар бериш;

е) қайси идорага бўйсунишидан қатъи назар, илмий тадқиқот муассасалари, олий ўқув юртларини, бошқа муассасалар ва ташкилотларни махсус экспертизалар ўтказишга жалб этиш ва бунга буюртмачилар ҳисобидан ҳақ тўлаш;

ж) санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативлари бажарилишини назорат қилиш мақсадида қайси идорага қарашли бўлишдан ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмаларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кириш;

з) қайси идорага қарашли бўлишидан ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмаларнинг раҳбарларидан ва алоҳида шахслардан:

санитария нормаларини, қоидаларини, эпидемияга қарши тартиботни мунтазам суратда бажармаётган ва ишлаб чиқаришнинг ҳамда бажарилаётган ишларнинг хусусиятларини ҳисобга олиб, юқумли, паразитар касалликларни тарқатиш хавфини туғдирадиган шахсларни ишдан четлаштиришни;

атрофдагилар учун хавфли бўлган юқумли ва паразитар касаллик билан оғриган беморларни касалхонага ётқизишни;

профилактика ва эпидемияга қарши тадбирларни амалга оширишни;

объектларнинг санитария ҳолатини аниқлаш ҳамда аҳоли саломатлигининг ҳолатини эпидемиология жиҳатдан таҳлил қилиш учун

зарур бўлган маълумотлар ва тушунтиришларни беришни талаб қилиш ҳуқуқига эгадирлар;

и) гигиена экспертизалари, лаборатория тадқиқотлари ўтказиш учун озиқ-овқат маҳсулотларини, буюмларни, предметлар ва материалларни олиш, шунингдек бевосита объектларнинг ўзида, лабораторияда ва асбоблар ёрдамида зарур текширишлар ўтказиш;

к) санитария назоратини амалга оширишга бошқа идораларнинг мутахассисларини шартнома асосида, шунингдек жамоатчилик вакилларини жалб этиш.

Бош давлат санитария врачлари ва уларнинг ўринбосарлари санитария қонунлари бузилган тақдирда қуйидаги ҳуқуқларга эга бўладилар:

ер участкаси, уй-жой, жамоат, ишлаб чиқариш ва бошқа халқ хўжалиги объектлари қурилишига, уларни қайта қуриш, кенгайтиришга, ер ажратишга доир, санитария нормаларига ва қоидаларига жавоб бермайдиган лойиҳалаш ҳақидаги ҳужжатларни ва лойиҳаларни қайтариш;

санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативлари бузилишига барҳам берилгунга қадар амалдаги ишлаб чиқариш объектларида, маданий-маиший бинолардан фойдаланишни, умумий овқатланиш ва савдо корхоналарининг, таълим, даволаш-профилактика ҳамда санаторий-курорт муассасаларининг фаолиятини тўхтатиб қўйиш, ускуналар, асбоблар ва гидротехника иншоотларини ишлатишни тақиқлаб қўйиш;

санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативлари бузилган тақдирда аҳоли пунктлари, бинолар ва иншоотлар қурилишини, уларни қайта қуришни ҳамда мазкур объектларда айрим иш турларини амалга оширишни тўхтатиб қўйиш;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида рўйхатдан ўтказилмаган ёки одамлар ҳаёти ва саломатлиги учун хавфли деб топилган янги хом ашё турларини, кимёвий моддаларни, технология ускуналарини, жараёнларини ва асбобларини, озиқ-овқат маҳсулотлари ва озиқ-овқат хом ашёсини, саноат буюмларини, қурилиш материалларини, ион ҳосил қилувчи нурланиш манбаларини, биология воситаларини, озиқ-овқат хом ашёси, озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонларга ишлатиладиган идишлар, пластик, полимер ва бошқа материалларни, улардан тайёрланган буюмларни ва бошқа халқ истеъмоли молларини ишлаб чиқаришни, қўллашни ва сотишни тақиқлаб қўйиш;

хўжалик ва ичимлик суви билан таъминлашда, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларга ишлов бериш чоғида кимёвий моддаларни қўллашни, одамлар саломатлигига зарарли таъсир кўрсатиш хавфи туғилган тақдирда қишлоқ хўжалик экинлари ва ҳайвонларнинг ўсишини тезлаштирадиган ва тартибга соладиган дориларни, пестицидларни, атир-упа ва пардоз маҳсулотларини қўллашни бу моддалар ва материалларни ишлаб чиқувчи уларнинг хавфли эмаслиги ҳақида илмий асосланган маълумотларни тақдим этгунигача тақиқлаб қўйиш;

сув истеъмол учун яроқсиз деб топилганда ундан ичиш ва хўжалик мақсадларида ишлатишни тақиқлаб қўйиш;

санитария нормаларини, қоидаларини ва гигиена нормативларини бузаётган шахсларни вақтинча ишдан четлаштириш.

Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини тўхтатиб қўйиш суд тартибида амалга оширилади, фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва саломатлиги учун бошқа реал хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолда ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб қўйиш ҳоллари бундан мустасно. (ЎзР 10.10.2006 й. ЎРҚ-59-сон Қонуни таҳриридаги қисм)

28-модда. Бош давлат санитария врачлари ва

ўринбосарларининг қарорлари устидан шикоят қилиш

Маъмурий жарима белгилаш ҳақидаги қарорлар устидан Ўзбекистон Республикасининг қонунларида назарда тутилган тартибда шикоят берилади

V БЎЛИМ. САНИТАРИЯ ҚОНУНЛАРИНИ

БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК

29-модда. Санитария қонунларини бузганлик учун жавобгарлик

30-модда. Жавобгарлик чоралари

31-модда. Санитария нормалари, қоидалари ва гигиена

нормативларини бузиш натижасида келтирилган

зарарнинг ўрнини қоплаш

29-модда. Санитария қонунларини бузганлик учун жавобгарлик

Мулкчиликнинг шаклларидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалар, мансабдор ва бошқа шахслар қуйидаги ҳолларда Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқ интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортиладилар:

1) тупроқни, атмосфера ҳавосини, озиқ-овқат маҳсулотларини, иш олиб бориладиган жой ҳавосини, сув билан таъминлашнинг очиқ ва ер ости манбаларини, аҳоли томонидан маданий-маиший мақсадларда фойдаланиладиган сув ҳавзалари ҳамда сув омборларининг қирғоқларини кимёвий, физикавий биологик ва бошқача тарзда ифлослантирганлик учун;

2) санитария нормаларига, қоидаларига ва гигиена нормативларини ҳисобга олмаган ҳолда аҳолининг саломатлигини муҳофаза қилишни, санитария-эпидемия масалаларида аҳолининг хотиржамлигини ва радиация хавфсизлигини таъминлашга доир норматив-техникавий ҳужжатларни ишлаб чиққанлик учун;

3) янги хом ашё турларини, технология ускуналарини, жараёнлари ва асбобларини, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда озиқ-овқат хом ашёсини, саноат буюмларини, бинокорлик материалларини, ион ҳосил қилувчи нурланиш манбаларини, кимёвий моддалар ва маҳсулотларни, биология воситаларини, озиқ-овқат хом ашёси, озиқ-овқат моллари ва дори-дармонлар бевосита тегиб турадиган идишлар, бошқа материалларни, бу материаллардан тайёрланадиган буюмларни, атир-упа ва пардоз маҳсулотларини ҳамда бошқа халқ истеъмоли молларини, тиббиёт ва иммунобиология дори-дармонларини ишлаб чиқариш ва қўлланишга доир норматив-техника ҳужжатларини Ўзбекистон Республикасининг Бош давлат санитария врачи билан келишмаган ҳолда ишлаб чиққанлик учун;

4) корхоналар, бинолар ва иншоотларни, транспорт воситаларини, сув таъминоти, канализация ва оқова сувларни тозалаш тизимларини, гидротехника иншоотларини, бошқа объектларни санитария нормаларига, қоидалари ва гигиена нормативларига риоя этмаган ҳолда ва давлат санитария назорати идоралари билан келишмасдан туриб лойиҳалаганлик, қурганлик, қайта қурганлик учун;

5) ер участкасидан давлат санитария назорати идоралари билан келишмасдан туриб янги қурилиш, объектларни қайта қуриш, кенгайтириш учун фойдаланганлик учун;

6) давлат санитария назорати идораларининг рухсатисиз объектларни қабул қилиб олганлик ва фойдаланишга топширганлик учун;

7) озиқ-овқат хом ашёси ва маҳсулотлари сифатига қўйиладиган талабларга риоя этмаганлик, таркибида инсон ҳаёти ва саломатлиги учун хавфли бўлган радионуклидлар, заҳарли, биологик, кимёвий ва бошқа моддалар ва бирикмалар белгиланган гигиена нормативларидан юқори бўлган маҳсулотларни овқатга ишлатганлик учун;

8) озиқ-овқат хом ашёси ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ва сотиш чоғида санитария нормалари, қоидаларини ва гигиена нормативларини бузганлик учун;

9) қишлоқ хўжалик экинлари ва ҳайвонларининг ўсишини тезлаштирадиган моддаларни, ўсимликларни ҳимоя қилишнинг кимёвий ва биологик воситаларини, озиқ-овқат хом ашёсига, озиқ-овқат маҳсулотларига ва дори-дармонларга тегиб турадиган идишлар, бошқа материалларни, ем-хашакка қўшиб бериладиган озиқа моддаларни давлат санитария назорати идораларининг рухсатисиз қўлланганлик учун;

10) чет элдан олинадиган технологиялар, материаллар, хом ашё ва маҳсулотларни етказиб беришда, сотишда ва улардан фойдаланишда санитария нормаларини, қоидаларини ва гигиена нормативларини бузганлик учун;

11) хўжалик-ичимлик сув таъминоти марказлаштирилган тизимлари орқали берилаётган сувнинг сифати гигиена талабларига мос келмаслиги учун;

12) сув ҳавзаларидан рўзғорда ва маиший мақсадларда фойдаланганда, сувнинг сифати санитария нормалари ва талабларига мос келишини таъминламаганлик учун;

1З) аҳоли пунктлари ва ҳудудларини сақлашнинг, саноат, қишлоқ хўжалик ва хўжалик рўзғор-чиқитларини, шу жумладан радиоактив ва заҳарли моддаларни тўплаш, сақлаш, ташиш ва қайта ишлашнинг санитария қоидаларини бузганлик учун;

14) атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишнинг санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларини бузганлик учун;

15) барча типдаги таълим муассасаларида, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот муассасаларида ва бошқа муассасалар ҳамда корхоналарда санитария нормалари, қоидалари ва нормативларига риоя этмаганлик учун;

16) радиоактив моддалар, ион ҳосил қилувчи нурланиш манбалари билан ишлашда, шунингдек радиоактив чиқитларни кўмиб ташлаш чоғида радиация хавфсизлиги нормалари ва санитария қоидаларини бузганлик учун;

17) юқумли, паразитар касалликлар тарқалишининг олдини олиш ва уларни тугатиш чора-тадбирларини бажармаганлик учун;

18) давлат санитария-эпидемиология идоралари ва муассасаларининг йўлланмалари билан санитария-гигиена, тиббий, биологик, техникавий, социологик ва бошқа махсус экспертизалар ўтказишдан асоссиз бош тортганлик учун;

19) тиббий кўриклардан ўтмаган ёки саломатлиги туфайли меҳнатга яроқсиз деб топилган шахсларга ишлашга рухсат берганлик учун;

20) айрим тоифадаги фуқаролар мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаганлиги ёки кўрикдан ўтиш муддатларини бузганлиги учун;

21) давлат санитария назоратини амалга оширувчи идоралар ва муассасаларнинг кўрсатмаларини, хулосаларини ҳамда қарорларини бажармаганлик учун;

22) объектдаги санитария гигиена ҳолатини, эпидемия вазиятини ва радиация ҳолатини аниқлаш учун зарур бўлган материалларни беришдан бош тортганлик учун;

23) давлат санитария назоратини амалга оширувчи идоралар ва муассасалар томонидан ёпиб қўйилган объектларда муҳрларни узиб ташлаганлик ва ишни қайта бошлаганлик учун;

24) ишчи ва хизматчиларнинг айрим тоифалари, шунингдек якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи шахсларнинг мажбурий гигиена таълимидан ўтиш тўғрисидаги қонун талабларини бузганлиги учун.

30-модда. Жавобгарлик чоралари

Ушбу Қонун талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади. Маъмурий жарима пуллари Ўзбекистон Республикаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг эпидемияга қарши жамғармаларига тушади.

31-модда. Санитария нормалари, қоидалари ва гигиена

нормативларини бузиш натижасида келтирилган

зарарнинг ўрнини қоплаш

Мулкчиликнинг шаклларидан қатъи назар, санитария қонунларини бузишда айбдор бўлган корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалар ва алоҳида шахслар шикастланганларни даволаш ва уларнинг саломатлигини тиклаш, даволаш-профилактика тадбирларига, санитария ҳолатини яхшилаш ва эпидемияга қарши тадбирларни амалга оширишга сарфланган харажатларни Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқ тўлашлари шарт.

VI БЎЛИМ. ХАЛҚАРО ШАРТНОМАЛАР

32-модда. Халқаро шартномалар

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида ушбу Қонундагидан бошқача қоидалар белгилаб қўйилган бўлса, у ҳолда халқаро шартномалар қоидалари қўлланади.

Ўзбекистон Республикасининг
Президенти
И. КАРИМОВ

Тип документа:  қонун
Номер документа:  657-XII
Дата принятия:  03.07.1992
Сохранить в формате pdf |