О министерстве Документы Учреждения Новости Мероприятия Проекты ИКТ Оnline услуги

Положение журнала "Вестник врача общей практики" (на узбекском языке) Главная

16 апреля 2014

Положение журнала "Вестник врача общей практики" (на узбекском языке)

ТАСДИҚЛАЙМАН
Ўзбекистон врачлар
ассоциациясининг раиси профессор
______________А. М. Худайбергенов
16 ноябрь 2012 йил

«Ўзбекистон Умумий амалиёт врачлари ахборотномаси»

Илмий – амалий журнали таҳририятининг

НИЗОМИ

ТОШКЕНТ— 2012 йил

"Ўзбекистон умумий амалиёт врачлари ахборотномаси"
журнали таҳририятининг
НИЗОМИ

1-боб. Умумий қоидалар

2-боб. Таҳририятнинг асосий вазифалари

3-боб. Муассисларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

4-боб. Таҳририятнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

5-боб. Таҳририятнинг мол-мулки

6-боб. Таҳририятнинг бошқарув органларини шакллантириш тартиби

7-боб. Таҳририят ходимлари

8-боб. Таҳририятнинг чиқарилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш тартиби

9-боб. Таҳририят фаолиятини назорат қилиш

10-боб. Таҳририятни қайта ташкил этиш ёки тугатиш

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик, Меҳнат кодекслари, "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги, «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунлари, шунингдек бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ «Ўзбекистон умумий амалиёт врачлари ахборотномаси» журналининг (бундан буён матнда "Таҳририят" деб юритилади) ҳуқуқий мақомини, фаолияти хусусиятларини, Муассисларнинг, Таҳририятнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини, Таҳририят ва Муассислар ўртасидаги мулкий муносабатларни белгилайди.

2. Таҳририятнинг муассиси Ўзбекистон врачлар Ассоциацияси (бундан буён матнда "Муассис" деб юритилади) ҳисобланади.

3. Таҳририят ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, мазкур уставга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.

4. Таҳририят ўзига берилган мулкдан қонунга, ўз фаолиятининг мақсадлари ва вазифаларига, мулкдорнинг (ваколатли давлат органининг) топшириқларига мувофиқ фойдаланади ҳамда уни тасарруф этади.

5. Таҳририятнинг номи: ўзбек тилида - «Ўзбекистон умумий амалиёт врачлари ахборотномаси» журнали;

6. Таҳририят алоҳида юридик шахс ҳисобланмай, у “Ўзбекистон врачлар ассоциацияси” таркибидаги бўлинма ҳисобланади ҳамда барча молиявий ва бошқа ишлар муассис доирасида олиб борилади

7. Таҳририят қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўз зиммасига мулкий ҳамда шахсий номулкий ҳуқуқлар ва мажбуриятлар олишга ҳамда уларни амалга оширишга, судда даъвогар ва жавобгар бўлишга ҳақлидир.

8. Таҳририят давлатнинг бошқа корхонаси муассиси бўлишга ҳақли эмас.

9. Таҳририят манзили: 100001, Тошкент шахри, Паркент кўчаси 51.

10. «Ўзбекистон умумий амалиёт врачлари ахборотномаси» журнали тиббий, илмий-амалий нашр бўлиб, ўзбек тилида бир йилда тўрт марта (ҳар чоракда), 100 саҳифада, 1500 (минг) нусхадан чоп этилади.

2-БОБ. ТАҲРИРИЯТНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

13. Таҳририятнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

«Ўзбекистон умумий амалиёт врачлари ахборотномаси» журналида материаллар чоп этиш орқали Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган тиббиёт ислоҳотлари, хусусан умумий амалиёт врачлари фаолиятини кенг ёритиш, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини тарғиб қилиш;

Ўзбекистон Республикаси қонунлари матнларини, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларини, Муассислар ҳамда уларнинг органлари қарорлари ва фармойишларини, уларнинг мажлислари ва йиғилишларига доир материалларни чоп этиш;

14. Асосий вазифаларига мувофиқ Таҳририят:

мақолалар ва ахборот-маълумотларнинг юксак профессионал даражада тайёрланишини, уларнинг холислиги ва тўғрилигини таъминлайди;

юридик ва жисмоний шахсларнинг реклама ҳамда эълонларини белгиланган тартибда эълон қилади;

ижодий жамоада қулай иш шароитларини яратади, ходимларни ўз хизмат вазифаларини бажариши учун зарур бўлган техника воситалари ва бошқа жиҳозлар билан таъминлайди;

меҳнат ва ишлаб чиқариш интизомини мустаҳкамлайди;

ходимларнинг ижодий муваффақиятларини маънавий ва моддий жиҳатдан рағбатлантириб боради, уларнинг касбий маҳоратини оширишга кўмаклашади, турмуш шароитларини яхшилаш тўғрисида ғамхўрлик қилади.

3-БОБ. МУАССИСНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

15. Муассис қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Таҳририят фаолиятининг турлари, мақсади, предметини белгилаш;

Таҳририятнинг ташкилий-ҳуқуқий тузилмасини тасдиқлаш;

Таҳририят уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;

Таҳририят бош муҳаррири билан тузилган шартноманинг амал қилиш муддатини меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда муддатидан олдин тугатиш;

Таҳририятни қайта ташкил этиш ёки тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиш, тугатувчини тайинлаш ва тугатиш балансини тасдиқлаш;

Таҳририят мулки билан боғлиқ битимларни ҳақиқий эмас деб эътироф этиш тўғрисидаги даъво билан судга мурожаат қилиш;

Таҳририятнинг ортиқча ёки фойдаланилмаётган ёхуд белгиланган мақсадда фойдаланилмаётган мулкини олиб қўйиш ёки тасарруф этиш;

зарур ҳолларда Таҳририятни хусусийлаштириш ёки давлат мулкидан чиқариш;

Таҳририятга етказилган зарарларни ундириш тўғрисида Таҳририят раҳбарига нисбатан даъво тақдим этиш;

босма маҳсулотнинг қонун ҳужжатлари талаблари ва давлат стандартларига мослигини назорат қилиш;

Таҳририятнинг қонуний манфаатларини давлат муассасалари ва чет давлатлар олдида ҳимоя қилиш, унинг фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш;

Таҳририят томонидан бошқа шахсларга фойдаланишга берилган мол-мулкдан олинган фойданинг ҳаммасини ёки бир қисмини уставга мувофиқ олиш;

қонун ҳужжатларида, ушбу Уставда, шунингдек Муассислар билан Таҳририят ўртасида тузилган шартномада назарда тутилган ваколатлар доирасида Таҳририят фаолиятини бошқаришда иштирок этиш;

Таҳририятдан қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини холисона ёритишни, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Муассисларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари, журналда эълон қилиш учун мўлжалланган материаллар белгиланган муддатларда чоп этилишини талаб қилиш.

16. Муассис:

Таҳририят Уставини тасдиқлаши;

Таҳририят билан шартнома тузиши;

Таҳририят томонидан оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаши;

Таҳририят бош муҳарририни тайинлаши, меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ у билан меҳнат шартномаси тузиши;

бош муҳаррир ўринбосарини, масъул котибни тайинлаши;

мол-мулкни тасарруф этиш учун Таҳририятга рухсат бериши;

зарур ҳолларда Таҳририятга моддий-техникавий, молиявий ва бошқа ёрдам кўрсатиши;

Таҳририятнинг молия-хўжалик фаолияти устидан белгиланган тартибда текширишлар ва аудит ўтказилишини, назорат олиб борилишини таъминлаши;

Таҳририятга берилган давлат мулкидан мақсадли фойдаланилишини ва унинг лозим даражада сақланишини назорат қилиши шарт.

17. Муассислар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши, шунингдек уларнинг зиммасида ўзга мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

4-БОБ. ТАҲРИРИЯТНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

18. Таҳририят қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш;

ахборот олиш учун давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, бошқа ташкилотларга мурожаат қилиш;

эълон қилишга тайёрланган материалларни текшириш учун ваколатли ташкилотларга ва мутахассис-экспертларга мурожаат қилиш;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган ишлаб чиқариш-хўжалик фаолиятини амалга ошириш;

ахборот, реклама, дизайн, матбаа хизматлари кўрсатиш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда иловалар нашр этиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ мол-мулкни тасарруф этиш;

журналарни чиқариш режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

ўз фойдасининг бир қисмини Таҳририят фаолиятини ривожлантиришга ҳамда ходимларни моддий рағбатлантиришга белгиланган тартибда йўналтириш.

19. Таҳририят:

Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари талабларига риоя этиши;

журналдаги мақолаларнинг мазмунан юксак савияли ва маъноси тушунарли бўлишини, долзарблигини таъминлаши;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Муассис томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, улар фаолиятини ёритувчи бошқа материалларни бепул эълон қилиши;

Муассисга Таҳририятнинг молия-хўжалик фаолияти тўғрисида ҳисоботлар тақдим этиши;

тасарруфидаги мол-мулкдан белгиланган мақсадда фойдаланилишини ва унинг лозим даражада сақланишини таъминлаши шарт.

20. Таҳририят қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши, шунингдек унинг зиммасида ўзга мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

21. Таҳририят ўз мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли мол-мулк билан жавоб беради. Таҳририятнинг мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда Муассислар Таҳририят мажбуриятлари бўйича белгиланган тартибда субсидиар жавобгар бўладилар.

22. Таҳририят Муассиснинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.

5-БОБ. ТАҲРИРИЯТНИНГ МОЛ-МУЛКИ

23. Таҳририятнинг мол-мулки:

Таҳририятга тезкор бошқариш ҳуқуқи асосида берилган мол-мулк;

Таҳририятнинг ўз фаолиятидан олинган даромадлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига шакллантирилади.

24. Таҳририят мол-мулкининг қиймати Таҳририятнинг мустақил балансида акс эттирилади.

25. Таҳририят мол-мулки бўлинмас бўлиб, у киритилган ҳиссалар (улушлар, пайлар) бўйича, шу жумладан, Таҳририят ходимлари ўртасида ҳам тақсимланмайди.

26. Таҳририят мол-мулкини тасарруф этиш қуйидаги ҳолларда Муассис билан келишилган ҳолда Таҳририят раҳбари томонидан амалга оширилади:

асосий воситаларни сотиш, уларни ижарага ёки гаровга бериш;

хўжалик жамиятларининг акцияларини (улушларини) сотиб олиш;

хўжалик жамиятининг давлат корхонасига тегишли бўлган акцияларини (улушларини) сотиш;

мол-мулкни Таҳририят фаолиятининг уставида белгиланган мақсад ва вазифаларга номувофиқ бошқа мақсадларда тасарруф этиш.

27. Таҳририятнинг устав фонди қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда камайтирилиши ёки олинган фойда ёхуд Муассис томонидан унга берилган қўшимча мол-мулк ҳисобига кўпайтирилиши мумкин.

28. Бюджетга ва бюджетдан ташқари фондларга барча солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин қоладиган соф фойда Таҳририят тасарруфига ўтади.

29. Таҳририят тасарруфида қоладиган соф фойда белгиланган тартибда захира фонди ва бошқа фондларни ташкил этишга йўналтирилиши мумкин.

6-БОБ. ТАҲРИРИЯТНИНГ БОШҚАРУВ ОРГАНЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ТАРТИБИ

30. Жорий масалаларни ва истиқболга мўлжалланган вазифаларни ҳал этиш учун таҳрир ҳайъати ташкил этилади. Таҳрир ҳайъати Таҳририятнинг ижро этувчи органи бўлиб, унинг таркибига: бош муҳаррир, Муассис вакиллари, бош муҳаррир ўринбосари, масъул котиб ва бўлимларнинг муҳаррирлари, журналистлар, жамоатчилик вакиллари кирадилар. Таҳрир ҳайъатининг шахсий таркиби ва аъзолари сони бош муҳаррир тавсиясига биноан Муассис қарори билан тасдиқланади.

31. Таҳририятга бош муҳаррир бошчилик қилади. Бош муҳаррир Муассис қарори билан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Бош муҳаррир ўринбосари ва масъул котиб бош муҳаррирнинг тавсиясига биноан Муассис қарори билан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

32. Бош муҳаррир Муассис олдида Таҳририят фаолияти тўғрисида белгиланган тартибда ҳисобот беради.

33. Бош муҳаррир Муассис билан келишган ҳолда Таҳририятнинг штат жадвалини тасдиқлайди.

34. Бош муҳаррир ўз ваколатлари доирасида:

ўз ўринбосарини ҳамда масъул котибни лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш бўйича Муассисга таклифлар киритади;

Таҳририят олдига қўйилган вазифаларнинг бажарилишини ташкил этади, таҳрир ҳайъати ва Таҳририят меҳнат жамоаси ишига бошчилик қилади, Таҳририят номидан ишончномасиз фаолият кўрсатади, буйруқлар чиқаради, ишончномалар беради;

белгиланган тартибда меҳнат шартномаларини тузади ва бекор қилади;

Таҳририят ходимларининг лавозим маошларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда устамалар белгилайди;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа вазифаларни амалга оширади.

35. Бош муҳаррир ўз ваколатларини ва мансаб вазифаларини бажаришда Таҳририят манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилади, бюджетга ва бюджетдан ташқари фондларга тўловлар, солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар, ходимларнинг иш ҳақи ва иш ҳақига тенглаштирилган бошқа тўловлар ўз вақтида тўланишини, меҳнат ҳуқуқлари муносабатларидан келиб чиқадиган қонуний талабларнинг қаноатлантирилишини, ишлаб чиқариш фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган эҳтиёжлар учун пул маблағлари ўтказилишини таъминлайди.

36. Бош муҳаррир ўз ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

37. Бош муҳаррир вақтинча йўқлигида унинг вазифасини унинг ўринбосари бажариб туради.

7-БОБ. ТАҲРИРИЯТ ХОДИМЛАРИ

38. Таҳририят штатида турган, материалларни тўплаш, таҳрир, таҳлил қилиш, тайёрлаш билан шуғулланувчи шахслар, шунингдек техник ва хизмат кўрсатувчи персонал Таҳририят ходимларидир.

39. Таҳририят ходимлари таркибига кирувчи ижодий ходимларга: бош муҳаррир, унинг ўринбосари, масъул котиб, бўлим муҳаррирлари, мухбирлар, реклама бўлими ходимлари киради.

40. Таҳририят жамоасидаги меҳнатга оид муносабатлар қонун ҳужжатлари, ушбу Устав, жамоа шартномаси талаблари асосида, ички меҳнат тартиби қоидалари, мансаб йўриқномалари ҳамда Таҳририят қабул қилган бошқа норматив ҳужжатларга мувофиқ тартибга солинади. Таҳририят ходимларига ягона намунадаги гувоҳнома берилади.

41. Таҳририят ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш шакли, тизими, миқдори, шунингдек қалам ҳақи миқдори қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

8-БОБ. ЖУРНАЛНИНГ ЧИҚАРИЛИШИНИ ТЎХТАТИБ ТУРИШ ЁКИ ТУГАТИШ ТАРТИБИ

42. Журналнинг чиқарилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 24-моддасига мувофиқ амалга оширилади.

9-БОБ. ТАҲРИРИЯТ ФАОЛИЯТИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ

43. Таҳририят ҳисобот даври тугагач, ваколатли органларга молиявий ҳисоботни ва рўйхати қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳужжатларни тақдим этади. Таҳририят ҳужжатларнинг сақланишини ва уларнинг белгиланган тартибда давлат архивига сақлаш учун топширилишини таъминлайди.

44. Таҳририятнинг хўжалик юритувчи субъект сифатидаги фаолиятини назорат қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Муассис ва бошқа ваколатли органлар томонидан амалга оширилади.

10-БОБ. ТАҲРИРИЯТНИ ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ ЁКИ ТУГАТИШ

45. Таҳририят қонун ҳужжатларига мувофиқ Муассис қарорига кўра ёки суд қарори асосида қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши мумкин.

46. Таҳририят тугатилганда унинг пул маблағлари, мол-мулки ва бошқа активлари кредиторлар билан барча ҳисоб-китоблар қилинганидан сўнг белгиланган тартибда Муассис тасарруфига ўтказилади.